Халқимизда «Остонада ўтириш мумкин эмас», «Остонада қўл бериб, сўрашиб бўлмайди» қабилидаги ирим-сиримлар кўп. Бу ҳолатларни, ҳатто, исломий қадриятлар билан боғламоқчи бўлганлар ҳам учрайди. Аслида, бу удумнинг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Исломий нуқтаи назардан бу амал хурофот саналади. Мазкур одатдан шумланиш, унга ишониш ва амал қилиш ножоиз ҳисоб­ланади. Унда бу одат қаердан сақланиб қолган?

Ҳақиқат синиқлари

Болалигимда раҳматли бувимдан жуда кўп эртак эшитганман. Афсуски, уларнинг кўпларини ёзиб олмаганим учун эсимдан ҳам чиқиб кетган, баъзилари узуқ-юлуқ ёдимда қолган. Бир эртакда айтилишича, қадим замонда бир савдогар бўлган экан. Унинг бир қизи ва бир ўғли бўлган экан. Тақдир тақозоси билан ўтинчининг аёли қазо қилибди ва бошқа бир аёлга уйланибди. Бу аёл ҳақиқий ялмоғиз экан. У ўгай болаларига умуман кун бермас экан. Қандай бўлмасин, шу икки гўдакни йўқотиш пайида экан.

Кунларнинг бирида савдогар олис мамлакатларга савдо иши билан кетганида, ялмоғиз ўгай қизини иш билан узоқроққа жўнатибди. У келгунча, қизчанинг укасини қозонга солиб қайнатибди. Гўштларини еб битирибди. Қизча қайтиб келиб, укасидан айрилиб қолганини англабди. Юм-юм йиғлабди ва укасининг суяк­ларини тўплаб, уйининг остонасига кўмиб қўйибди. Остонада ўтириб бўлмайди, деган гап ўшандан қолган экан. Бу даҳшатли эртакнинг охири нима билан тугарди — эсимда қолмаган. Аммо шу эртакнинг ичида остона билан боғлиқ ирим-сиримларнинг «ип учи» яширингандек.

Остона нима дегани?

Келинг, аввал шу сўзнинг этимологияси билан танишиб кўрайлик. Бу сўз тилимизга форсийдан кирган бўлиб, эшик кесакисининг пастги қисми, бўсаға маъносида ишлатиб келинган. Кейинчалик бу сўз турли тилларда турфа маъноларни англата бошлаган. Масалан, шимолда яшовчи мусулмон халқлари азиз-авлиёлар дафн қилинган қабрларни остона деб аташган. Ўзбекистон, Туркманистон, Шарқий Туркистон (Хитой) ҳудудларида «Остона-бобо» номи билан аталадиган зиёратгоҳлар бор.

Қозоғистон пойтахти — Нурсултон шаҳри ҳам яқингача Остона деб аталганини биламиз. Қозоқ тилида бу сўз пойтахт, зиёратгоҳ сингари маъноларни беради. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятида яшовчи айрим халқларда эса, остона сўзи қаб­ристон маъносини билдирар экан.

Зардўштийлардан қолган сўз

Тадқиқотлар бу сўзнинг замири зардўштийлик удумларига бориб тақалишини кўрсатади. Маълумки, зардўштийлар ақидасига кўра, вафот этган одамлар жасадини кўмиш, сувга чўктириш ёки оловда ёқиш тақиқланган. Чунки  инсон ўлганидан сўнг унинг танаси нопок бўлиб қолган. Сув, ҳаво, тупроқ ва оловни ифлослаш эса оғир гуноҳ ҳисобланган. Шу боис, ўликлар маълум муддат махсус тепаликларга ташлаб келинган. Қузғунлар, итлар жасадларнинг этини еб битиришганидан кейин унинг фақат устухонлари қолган.

Зардўштийлар суякларни лойдан ясалган махсус идишларда сақлашган. Бу идишлар остадон деб аталган. Остадон сўзи қадимги эроний тилларда суяк сақланадиган идиш маъносини беради. Бугунги форс-тожик тилидаги устухон сўзи ҳам қадимги эроний тиллардан «ост» (суяк) сўзидан келиб чиққани тахмин қилинади (таққос учун: славян тилларида кость, кост, роман тилларида os, курд тилида hasti.)

Остонами, остхона?

Бир қарашда биз учун уйнинг бир қисми, ҳатто Ватаннинг ибтидоси саналган остона ва қабристон ўртасидаги боғлиқлик йўқдек туюлади. Аммо аслида, исломиятдан аввал, аждодларимиз зардўштийлик анъаналарига амал қилиб юрган кезларда марҳумларнинг суяклари остадонларга, уйларнинг бўсағасига кўмилган. Суяк солинган идиш «остадон» бўлса, суяк кўмилган хонани остхона деб аташган. Кейинчалик бу сўз остонага айланиб кетган (худди турк тилидаги хастахона сўзи қисқариб ҳастане шаклини олгандек).

Шу боис, қадимда марҳумлар хокига ҳурмат нуқтаи назаридан остонада ўтириш, ётиш, сўрашиш жоиз саналмаган. Табиийки, ислом дини кенг тарқалгач, остоналарнинг «вазифаси» ҳам ўзгарди. Марҳумларни ювиб, кафанлаб дафн қилиш одат тусини олди. Аммо остона билан боғлиқ ирим-сиримлар ҳозир ҳам айрим жойларда яшаб келмоқда.

Рустам ЖАББОРОВ