Яратган инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Уларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири – тил (сўзлаш, нутқ) неъматидир. Ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ лозим, бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган.

 Дунё тилларининг орасида биз учун энг қадрлиси бўлган ўзбек тилининг ибтидоси эрамизнинг илк асрларига бориб тақалади. Тилимизнинг келиб чиқиши шунчалар муҳташам экан, унинг умри ҳам боқийдир. Аммо уни глобаллашувнинг нодуруст таъсирларидан сақламоқ, бегона ва нописанд муомалалардан асрамоқ ҳар биримизнинг тил олдидаги ҳам ақлан, ҳам қалбан бажаришимиз лозим бўлган қарзимиздир.

Маърифатпарвар шоир Аваз Ўтарнинг «Ҳар тилни билув энди бани одама жондур, тил воситаи робитаи оламиёндур» деб бошланувчи машҳур сатрлари бор. Тилнинг дунёни билишдаги энг асосий воситалигини англаган юртдошларимиз, ёшидан қатъий назар, хорижий тилларни астойдил ўрганмоқда. Бунинг учун юртимизда имкониятлар кенг. Ҳусусан, таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактабларда ўқувчилар ўз она тили билан биргаликда иккинчи тил сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганиб келмоқда.

Бизнинг мактабда ҳам тожикзабон ўқувчилар таҳсил олади. Ўқувчиларнинг ўзбек тилида равон ва ифодали сўзлаши, мулоқот жараёнида фаол иштироки таҳсинга лойиқ. Фан олимпиадалари, билимлар беллашувидаги иштироки билан нафақат вилоят, балки республика босқичида ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.  Ёшларнинг келажакда бирор касб-ҳунар эгаси бўлиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиши учун давлат тилининг ўрни беқиёс. Ўйлайманки, бу жабҳада бизнинг ўқувчилар ҳар томонлама таълим стандартларига жавоб бера олади.

Тил чиндан ҳам олам алломалари уқтирганидек, дунё­ни билиш, эшитиш, идрок этиш тарзидир. Ер юзидаги тилларнинг ҳар хиллиги улардаги товушларнинг ҳар хил ёки бир-биридан фарқлилиги эмас, балки ана шу тарзнинг бир-биридан фарқлилигидир. Биттадан ортиқ тилни билиш қобилияти кишига бир нарсани бир неча томондан кўриш имкониятини беради. Шунинг учун ҳам француз адиби Анатол Франц «Кўп тилни билиш бир қулфга тушадиган бир неча калитга эга бўлиш билан баробардир», деган ҳикматни айтган. Дунё тилсимотини эгаллашда, давлатлар маданияти, урф-одатлари билан танишишда кўп тилни билиш муҳим.

Тарихдан маълум, аждодларимиз ҳам кўп тилларни билишга интилган. Ҳатто, тарихий китобларда Форобийнинг 72 тилни билгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Аммо ўз она тилини унутиб ўрганилган тил нафақат шахснинг, жамиятнинг ҳам фалокатидир. Маънавияти, миллий шууридан ҳам мосуво бўлиши тайин. Бундай шахс ўз-ўзидан миллат инқирозига йўл очувчи ҳисобланади.

Ўзбек тилининг қўлланиш доираси қонунан кенгайтириб қўйилган. Лоқайдлик ва беписандлик қилиб, бу дои­ранинг торайишига сабаб бўлмайлик. Ҳар бир соҳа вакили ўзининг ваколати доирасида давлат тилининг умрбоқийлиги учун ҳисса қўшса, мақсадга мувофиқ ва унга янада эртароқ эришамиз.

 

Муножат МУРАДОВА,

Тошкент вилояти

Ангрен шаҳар

17-умумий ўрта таълим

мактаби ўзбек тили фани

ўқитувчиси