21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун 

Тарих ғилдираги учун кўз юмиб очгунчалик ҳам бўлмайдиган ўта қисқа фурсат олдин “ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши керакми-йўқми?” деган масала кенг муҳокама қилинган ва “ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши шарт эмас”, “зуллисонайн (икки тилли) бўлайлик”, “кўптилли бўлсак, ундан ҳам яхши” қабилидаги қатор “доно” фикрлар беллашувидан, айтиш мумкинки, виждони уйғоқ зиёлиларимизнинг (асосан шоир-ёзувчилар, журналистлар) ошкора ва матонатли курашидан кейингина тилимизга Давлат тили мақоми бериш ҳақида қонун қабул қилинган эди.

Орадан қарийб ўттиз йил ўтса-да, ўша ҳолатларни қўмсовчилар, афсуски, ҳали ҳам бор экан. Йўқса, шу йил ёзда собиқ шўролар давлатининг “беминнат” тузини еб катта бўлган бир гуруҳ “зиёлилар” ижтимоий тармоқларда “Давлат тили ҳақида”ги қонунга ўзгартиш киритиш, рус тилини ҳам Давлат тили мақоми даражасига кўтариш ҳақидаги таклифни илгари сурармиди? Улар бундай “доно” фикрга ўз-ўзидан келиб қолган эмас, албатта. 

Маълумки, ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий тафаккур тарзи мавжуд бўлиб, бу бевосита тил билан боғлиқ. Ҳар бир халқ дунёни ўзича кўради, эшитади, завқланади. Улуғ донишманд шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий бу ҳақда шундай ёзади: Инсонни танимоқчи бўлсанг, уни гапга сол: сўзидан унинг ким эканлигини билиб оласан.

Бу жумладаги “инсонни” сўзининг ўрнига “миллатни” сўзини қўйиб ўқиш ҳам мумкин. Чунки миллатни миллат қилиб турадиган халқдир. Халқнинг тийнати (қалби, табиати) – миллатнинг қалби, табиати, тийнатидир. Бу фикрлар куни кеча Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам алоҳида таъкидланиб, жумладан, шундай дейилди: “...ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир...”

Демак, тил мавқеининг пасайиши миллат вакиллари миллий ўзлиги, миллий ғурур, ор-номусининг ҳам пасайишига олиб келади. Мабодо ташаббускорлар фикри амалга ошганида, тил сиёсатида орқага қайтиш бўлар ва бу мутлақо мумкин эмас эди.

Тўғри, ўзбек халқи азалдан бағрикенг, меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Аммо бу бағрикенглик унинг андишали экани билангина боғлиқ, холос. Уни асло қўрқоқлик билан адаштириб қўймаслик керак.

Ташаббускорларнинг “доно” таклифларидан хабар топган кунларимда XI асрнинг ноёб ёдгорлиги “Қобуснома” асарида келтирилган қуйидаги ҳикоят хаёлимда бот-бот айланди: “Шундоқ эшитибманки, шайх Шиблий бир кун бир мачитга борди ва икки ракат намоз ўқиб, бир вақт осойиш топди. Ул мачитда ёш ўғлонлар жам бўлиб, китоб ўқир эрдилар. Ўғлонларнинг таом ейдиғон вақтлари бўлиб қолди. Буларнинг орасида бир бойнинг ўғли ҳам бор эрди ва бир фақирнинг ҳам ўғли бор эрди. Бойнинг ўғли олдида ҳалво, фақирнинг ўғли олдида қуруқ нон эрди. Бойнинг ўғли унга деди: “Агар ҳалво емак тиласанг, менинг итим бўл, шундан сўнг ҳалво берарман”. Фақирнинг ўғли деди: “Мен сенинг итингман”. Бойнинг ўғли деди: “Шундоқ бўлса, итдек хурғил”. У бечора ит янглиғ хурди, шундан кейин бойнинг ўғли бир бўлак ҳалво берди. У ҳар вақт итдек хурарди ва бир бўлак ҳалво оларди. Шайх Шиблий ҳар вақт уларга қараб йиғлар эрди. Бир куни муридлари ундин сўрадилар: “Эй шайх, не важдин йиғларсан?”. Шайх деди: “Кўрдингларки, беқаноатлик ва таъмагирлик одамнинг бошига не савдолар солур. Агар бу ўғлон қуруқ нонга қаноатли бўлиб, ундин ҳалво тиламаса эрди, ўзидек бир ўғлоннинг ити бўлмасди...”

Бу ҳикоятдан қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Аммо биз бир гапни бот-бот такрорлашдан чарчамаймиз: тил – миллатнинг тийнати. Тилни асраш – миллатни, ғурурни, номусни асрашдир.

Сиддиқ МЎМИН,
Фарғона давлат университети профессори.
 


Манба:ЎзА