Бу шаҳар не-не босқинларни кўрса-да, душманларга енгилмади. Аммо, Зарафшон ва Қашқадарё ирмоқларининг тортилиши, шаҳарни таназзулга бошлади. Бу харобалар ўз даврида гуллар-яшнаган, энг ривожланган манзил бўлгани ундаги топилмаларда исботини топмоқда. Хусусан, металга ишлов берувчи хумдон.

Аслида ҳам қадимда шаҳарни ботқоқликлар ўраб тургани, ҳудудда металл хомашёси мавжуд бўлганини англатади. Бироқ, ҳозирга қадар бу томонларга қилич, ўқ-ёй каби металдан бўлган иш қуроллари четдан келтирилган, деган қарашлар мавжуд эди. Энди эса Пойкентни метални қайта ишлаш маркази бўлган, дея қилинган тахминлар ҳақиқатга айланди.
Эътиборлиси, бу Пойкент харобаларидан топилган ягона топилма эмас. Сўғд ёзуви туширилган идиш парчаси, фақат Бухоро воҳасига хос Сосонийлар даврида зарб этилган тангалар ҳамда ўқ-ёй учи кабилар шулар сирасидандир.

Агар тарихий манбаларга эътибор қаратадиган бўлсак, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу шаҳарни қадимги Хитой тарихчилари “Пати-ян”, араб тарихчилари “Мадина ат-тужжор” — савдогарлар шаҳри, Муҳаммад Наршахий “Шаҳристони роин” — Бронза шаҳристони ёхуд “мис шаҳар”, “Мўъжизалар ва эртаклар шаҳри”, деган тарифларга дуч келамиз.

photo5220220916938681135.jpg

– Пойкент мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги сабабли “жез“ шаҳар номи билан ҳам танилган, – дейди “Пойкент” тарихий музейи директори Нормамат Собиров. – Бугун тарихий ҳақиқатлар исботини топмоқда. Мисол учун, ёзда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажи Шарқ бўлими қадимий Пойкент шаҳри харобаларида археологик қазишма ишларини бошлади. Олиб борилган қазишмалар натижасида кулолчилик, заргарлик, металл ва шиша буюмлар ҳамда қадимги ранг тасвир асарлари парчалари, амалий санъат намуналари, интерер безаклари, суякдан ишланган буюмлар ва қадимги ёзув намуналари каби бир-биридан ажойиб экспонатлар топилди. Шу кунларда эса ҳудуддан сополдан ясалган қозон топилди. 
Қайд этиш керакки, ҳозирда Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудига тўғри келаётган “Пойкент” археологик ёдгорлигига ҳар куни юзлаб сайёҳлар келмоқда. Улар қадимий шаҳар харобаларида бўлиб, “Археолог турист” лойиҳасида иштирок этиши учун имконият яратилган.

Шу тариқа 2002 йилнинг октябрь ойидан иш бошлаган қадимги “Пойкент“ тарихий музейи экспозициялари янги топилмалар билан бойиб бормоқда. Бу манзилда бугунги кунда бундан 5-6 минг йил олдинги даврга тааллуқли нодир тарихий археофактларни кўриш мумкин. Айни вақтда сайёҳларнинг таклифи асосида шаҳар қиёфасини тиклаш ҳаракатлари бошланмоқда.

photo5220220916938681140.jpg

– Қадимий қиёфани тиклаш учун илмий қарашлар ўрганилмоқда, – дейди Н. Собиров. – Ҳозирда бу антик шаҳарнинг атрофида кўплаб қўрғонлар барпо этилгани, работлар қурилиши натижасида унинг ҳудуди янада кенгайиб боргани аниқланди. Умумий майдони 20 гектарни ташкил этиб, атрофида 3000 та работ бўлгани ёзма манбалар асосида исботланди. Уни тиклаш ва таъмирлаш ишлари 2022 йилга мўлжалланган. Замонавий кўринишдаги инфратузилма объектлари ҳам қурилади. Тикланиш жараёнида янада кўпроқ топилмалар топилса, ажаб эмас.

Дарҳақиқат, қадим Пойкентдан тарихий устахонанинг топилиши ҳали бу масканда янаям ҳайратланарли сирлар бекиниб ётганидан далолат беради. Агарда янгидан-янги фаразлар тасдиқланса ва эски шаҳар қайта тикланса, сайёҳлар оқими яна кўпайиши, шубҳасиз.
 


Сайёра ШОЕВА,
 
Манба:ЎзА