Игна билан қудуқ қазишдек машаққатга менгзалган, дунё­даги энг улуғ, энг азиз, ҳамиша ардоқли  касб — ўқитувчилик экани исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Айнан шу касб соҳиблари туфайли ҳарф таниймиз, сўз битмоқни ўрганамиз, одамийлик сабоғини оламиз.

Дарҳақиқат, халқимиз устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган барча ўқитувчи ва мураббийлар олдида ҳамиша таъзимда. Негаки, инсон камолотида таълим-тарбиянинг ўрни ва аҳамияти нечоғлик беназир бўлса, шарафли ва машаққатли касб заҳматкашларининг фидокорона меҳнати ҳам ана шундай таъриф ва таҳсинга сиғмас буюк жасорат.

Президентимизнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан барча педагог ва мураббийларга йўллаган байрам табригида ҳам «Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда», дея бугунги таълим ислоҳотларининг асл моҳиятини бир сўз билан, аниқ-равшан ифодалаб бердилар.

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида мазкур сана муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Президентимизнинг Ўзбекис­тон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги Тошкент вилоя­ти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг Юртбошимиз фармонига мувофиқ, Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган вилоят вакиллари — ўқитувчи ва мураббийларга мукофотлар топширилди.

— Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — устознинг ютуғидир, — дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, Пискент туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Ирода Муллажонова. —   Айни пайтда устоз муваффақияти юксак миқёсда эътироф этилиши шогирдларнинг ҳам муваффақиятидир. Шу сабаб бугун икки карра шодман. Йиллар давомида юзлаб болаларнинг жажжи қўлларидан тутиб, уларга ўқишни, ёзишни ўргатдим. Кези келганда ҳаёт сабоқларидан дарс ўтдим. Шукрки, бугун шогирдларимнинг барчаси ҳаётда ўз ўрнига эга. Қай бир ташкилот эшигини қоқмай, албатта, бир ўқувчим, «устоз келинг, нима хизмат» дея ёнимга келади. Бундан чексиз фахрланаман. Бу ютуғимни йиллар мобайнида ўз устимда ишлаганим, ҳар бир бола билан тиллаша олганим меваси, деб биламан.

Шогирдининг камолини кўрса, чеккан заҳматларини унутадиган, тоғдек қадди, қад­рини ўқувчисининг заррадек ютуғига алмашишга ҳозир, унинг учун бор меҳри, умри, соғлиғини сарфлашга тайёр бошқа қандай касб эгаси бор ахир?! Шу боис ҳам устозларни ҳурмат қиламиз. Шу сабаб ардоқлаймиз, суя­миз, эъзозлаймиз.

Маросимда алоҳида меҳнат ютуқлари, юксак ватанпарварлик намунасини кўрсатиб келаётган 20 нафар ўқитувчи ва мураббий вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Уларнинг ҳар бирига замонавий ноутбук тақдим этилди.

Даврон АҲМАД,

«Жамият» мухбири