Дунёда ҳар-хил сўзлар мавжуд. Ҳар-хил касб эгалари ҳам. Мен шундай касбни биламанки, бу жуда ҳам машаққатли ўз ишида талабчан, абжир, чаққон бўлишни талаб қилади. Бу сўзни эшитганда юраклар соғинч ҳиссини туяди, қўмсайди ва ўша инсонга интилади. Бу инсон эса сизу бизнинг устозимиздир. 

Шоир тили билан айтганда:

Айтсам, баҳор яшар экан куз учун,

Яшаяпмиз болдек ширин сўз учун,

Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,

Милатимиз қароғи сиз устозлар,

Маърифатнинг чироғи сиз устозлар!

Устоз  ва  мураббий! Барчамиз касбу коримиздан қатъий  назар бу  сўзларни эшитганда кўнглимиздан илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади.

Шу тобда  кўз  ўнгимизда  қўлимизга  қалам  тутқазиб,  эндигина  илм оламига етаклаган биринчи устозимиз гавдаланади. Шу билан бирга,  қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида  кечган беғубор ёшлик йилларимизни, бизга билим берган меҳрибон  ўқитувчи  ва  мураббийларимизни  катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳар бир мурғак қалбни ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир. 

Шу ўринда маърифатпарвар алломамиз  Абдулла Авлонийнинг  «Ҳар  бир  муаллимнинг  саодати,  давлатимизнинг  тинчи  ва роҳати  ёшларнинг  яхши  тарбиясига  боғлиқдир»,  –  деган сўзлари беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади.

Дарҳақиқат, биз ёш авлодни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялаётган ўқитувчи-мураббийлар тимсолида эртанги кунимизнинг порлоқ келажагини, жонажон Ватанимиз тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз бахтини кўрамиз.

Бугун юраги ғайрат-шижоатга тўла, ёшлар тарбияси йўлидаги масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олган азиз, меҳридарё устоз-мураббийларимиз доимо эъзозда. Албатта, бизни шундай бахтли кунларга етишимизда ёшлигимиздан таълим-тарбия берган устозларимиз хизмати беқиёс!

Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ.

Президентимиз таъкидлаганидек, «Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз».

Ота-боболаримиз Ватан, ота-она ва устоз тушунчаларини уйғунлаштириб, уларни доимо ардоқлашга даъват этган. Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида элу халқ ўзининг устоз-муаллимларга чексиз ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида
1 октябрь санасини «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, халқимизда «Устоз отангдан улуғ» деган ҳикматли нақл бежизга айтиламаган. Зеро, бугунги куннинг ёшлари азиз устозларимизни ардоқлаб, уларнинг ўгитларидан, ҳаётий тажрибаларидан ва ҳар бир ҳикматли сўзларидан ўрнак олсак, келгусида жонажон Ватанимизга муносиб ёш кадрларни етиштириб чиқаришимизда энг муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Ёнғин хавфсизлиги институти

ОАВ билан ишлаш бўйича

катта инспектори, капитан.