1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

Facebook ижтимоий тармоғида Рустам Бисенев исмли фойдаланувчининг қуйидаги постини қизиқиш билан  ўқидим ва сизларга ҳам илиндим.

Японияда ишлаб юрган кезларим бир куни ҳамкасбим — ўқитувчи Ямамотодан сўрадим:

Японияда ўқитувчилар куни қачон? Сизларда уни қандай нишонлашади?

У менинг саволимга ҳайрон бўлди ва шундай жавоб берди:

Бизда ўқитувчилар учун махсус байрам куни йўқ.

Унинг жавобини эшитиб, бунга ишониш-ишонмасликни билмай қолдим. Хаёлимдан бир фикр ўтди: Иқтисодиёти, фан-техникаси ривожланган мамлакат бўлса, ўқитувчини, унинг меҳнатини қадрлашмайди?

* * *

Кунларнинг бирида ишдан сўнг Ямамото мени уйига таклиф қилди. У мактабдан узоқда яшагани сабабли биз метрога тушдик. Кечқурун, «тиғиз вақт» бўлгани учун метро поездлари йўловчилар билан тўлган. Тиқилинчда бироз қийналиб, тутқични маҳкам ушлаб туришга тўғри келди. Тўсатдан ёнимда ўтирган бобо ўрнидан туриб менга жой бўшатди. Кекса одамнинг менга бундай муносабатини тушунмай, унинг таклифини қабул қила олмаслигимни айтдим. Аммо у қарорида қатъий эди, мен ўтиришга мажбур бўлдим.

Метродан чиққандан кейин Ямамотодан оқсоқолнинг ҳаракатини тушунтиришини сўрадим. Ямамота табассум билан костюмимга қадалган ўқитувчи нишонига ишора қилиб деди:

— Бу чол сенинг ўқитувчи эканингни кўрди ва айнан шу мақоминг ҳурмати, сенга жой бўшатди.

Ямамотонинг уйига илк марта ташриф буюраётганим учун бўш қўл билан бориш ноқулай эди. Мен бирор-бир совға олишга қарор қилдим. Ўз фикримни унга айтдим. У рози бўлди ва шу атрофда ўқитувчилар учун махсус дўкон борлигини, у ерда чегирма нархларда истаган нарсани сотиб олиш мумкинлигини айтди. Ҳайратимни яшира олмай:

— Имтиёзлар фақат ўқитувчиларга бериладими, — дедим.

Ямамото тасдиқ ишорасида бошини қимирлатди:

— Японияда ўқитувчи энг ҳурматли касб эгаси, энг ҳурматли инсон. Агар ўз дўконига ўқитувчи кирганини кўрса, япониялик тадбиркорлар жуда хурсанд бўлади, буни ўзлари учун катта шараф деб билади.

* * *

Японияда мен ўқитувчиларни жуда-жуда ҳурмат қилишларига бир неча бор гувоҳ бўлдим. Метрода улар учун алоҳида жойлар мавжуд, алоҳида дўконлар очилган, ўқитувчилар ҳар қандай транспорт турига чипта олиш учун ҳеч қачон навбатда турмайди. Япон ўқитувчиларининг ҳар куни байрамдек экан

Бу воқеа ҳақида ёзар эканман, бизнинг жамиятимиз ҳам шундай даражага кўтарилиши, ўқитувчига нисбатан шундай илтифот кўрсатилиши  ва ўз навбатида, улар бундай юксак мақомга муносиб бўлишларини чин юракдан истайман!

 

Мавлон БОБОХОНОВ,

СамДУ доценти, рус филологияси факультетининг

 ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари