Бу ҳақда “Ўзбек киноси: кеча ва бугун, муаммолар ва истиқбол”          мавзусидаги форумда таклифлар билдирилди.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни  “Медиа Холл НАЭСМИ” (аввалги “Зарафшон” концерт зали)да “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида “Ўзбек киноси кеча ва бугун: муаммолар ва истиқбол” мавзусида киноижодкорлар форуми бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирликлар ва  идоралар мутасаддилари, киношунослар, давлат ва хусусий киностудиялар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этишди.

photo_2019-09-24_19-10-04.jpg

 

Ушбу ижодий конференция очиқ мулокот тарзида ташкил этилди. Унда киноижодкорлар миллий кино соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, ечимини кутаётган муаммолар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Кино санъатнинг энг оммабоп ва таъсирчан тури эканини барчамиз яхши биламиз, - дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёв ўзбек киносини  замонавий талаблар нуқтаи назаридан тараққий эттириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, бу борада жаҳон кинематографиясининг  илғор ютуқларини ўрганиш ва жорий этишни киноижодкорлар олдига муҳим вазифа қилиб қўймоқда. Бугунги йиғилишдан мақсад таниқли кино арбоблари билан биргаликда соҳанинг бугунги ҳолатини холисона таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларга биргаликда ечим топиш, жаҳон талабларига мос экран асарларини яратиш учун барча имкониятларни ишга солиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни ўрганишдан иборат.

photo_2019-09-24_19-10-06.jpg

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ артистлари Бахтиёр Ихтиёров, Хайрулла Саъдуллаев, Гулчеҳра Жамилова, Ражаб Адашев, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид  ва бошқалар ўзбек киносидаги бугунги камчиликлар ва уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

photo_2019-09-24_19-10-02.jpg

Таъкидланганидек, бугунги кун талабларига мос киноасарлар яратиш энг аввало катта молиявий маблағни, шунингдек, профессионал ёндашувни, пухта ёзилган сценарий, режиссер ва актёрларнинг машаққатли ва маҳоратли меҳнатини талаб қилади. Афсуски, жуда кўп фильмлар жуда қисқа фурсатда, оз миқдордаги молиявий маблағ эвазига суратга туширилмоқда. Бу эса, албатта фильм сифатига таъсир кўрсатади. Қолаверса, кўп муаммолар кадрларнинг малакаси, тажрибасига бориб тақалади. Шу боис кино соҳасидаги таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлайдиган хорижий ўқув юртлари билан ҳамкорликни ривожлантириш лозим. Шунингдек, янги суратга олинаётган фильмлар тарғиботи ҳам бугунги кун талабларига тўғри келмайди.

photo_2019-09-24_19-10-10.jpg

Келгусида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун киностудияларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёшларимизни хорижий ўқув юртлари, хусусан Бутунроссия давлат кинематография институтига юбориш, миллий кино маҳсулотларининг хорижий кинофестиваллардаги иштирокини таъминлаш юзасидан таклифлар ўрганиб чиқилмоқда. Яқинда дунёга машҳур Оскар мукофоти учун миллий фильмларимизни йўналтиришга қаратилган, таниқли санъат арбобларини ўз ичига олган  “Оскар” қўмитаси ташкил қилинди.

photo_2019-09-24_19-10-47.jpg

 

Маълумки 1968-1988 йилларда пойтахтимизда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали ўтказилган. 20 йил давомида ҳар икки йилда маротаба ўтказиб келинган ушбу санъат байрамида ўнлаб мамлакатдан юзлаб киноижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этишган. Анжуманда мазкур кинофестиваль тарихига бағишланган видеоролик намойиш қилинди. Анжуман иштирокчилари мазкур кинофестивални қайта тиклаш юзасидан ҳам таклиф билдиришди.

Форумда ўзбек киносининг ўтмиши ва бугунги кунда эришаётган ютуқларини акс эттирган видеороликлар намойиш қилинди. Хусусан, ўзбек киносининг асосичиси Худойберганов Девонов томонидан ўтган асрнинг бошларида Хива хонлигида суратган олинган тарихий видеолавҳалар, “Насриддин Бухорода”, “Алишер Навоий”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Сен етим эмассан”, “Мафтунингман”, “Еттинчи ўқ”, “41-йил олмалари”, “Севишганлар”, “Суюнчи”, “Шум бола”, “Ёр-ёр”, “Маҳаллада дув-дув гап” сингари фильмлардан лавҳалар кўрсатилди.

Шунингдек, форум доирасида яқинда Россиянинг “Киношок” фестивалида гран-при мукофотга сазовор бўлган “Иссиқ нон” фильми ижодкорларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.