Дунёда инсон учун фарзандининг соғлиғидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳар биримиз зурриёдимизнинг, аввало, соғлом дунёга келишини истаймиз. Истаймиз-у, лекин саломатлик учун энг оддий бўлган қоидаларга амал қилмаймиз. Кичкина хатоимиз вақти келиб катта фожиага айланиб кетганда эса бошимизни қайси деворга уришни билмай қоламиз.

Янгибозор тумани Чўболончи маҳалласида яшовчи Беҳрузбек Баҳтиёров туқма юрак нуқсони билан туғилган. Эндигина 6 баҳорни қаршилаган бу болакайнинг дунёларга сиғмас орзулари бор. Жажжи юрагида эртанги кунга умид, ишонч учқунлари порлайди. Аммо йиллар давомида қийнаб келаётган дард унга азоб беради.

Уни яқинда тиббий кўрикка олиб боришганида, шифокор болани зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтади. Шу кундан бошлаб бу оиланинг ҳузур-халовати йўқолади. Ўйлай-ўйлай Беҳрузбекнинг бувиси  Фариза опа моддий қийинчиликлар сабаб набирасининг операциясини ўз вақтида амалга ошира олмаётгани, шу сабабдан жарроҳлик амалиётига ёрдам беришларини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилади.

Туман ҳокими Ўктам Машарипов  зудлик ушбу муаммонинг ечимини топиш чораларини кўради. Натижада,  Беҳрузбек жорий йилнинг 8 август куни Республика Кардиология илмий-амалий маркази Хоразм вилояти филиали мутахассислари томонидан операция қилинди.

Куни кеча туман ҳокими  Ў.Машарипов Беҳрузбекнинг ҳолидан  хабар олиш мақсадида у яшайдиган хонадонга ташриф буюрди. Болакай анча тетиклашган. Унинг ўйинқароқлиги ўзига қайтгандек.

photo_2019-09-24_11-07-13.jpg

— Ҳокимдан жуда миннатдормиз, — дейди Фариза Матяқубова. — Набирам чопқиллаб ўйнаб юрибди. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ. Ўғлим, яъни Беҳрузбекнинг дадаси ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Яқинда турмуш ўртоғим вафот этганди. Қайғу устига қайгунинг келгани бизни анча толиқтириб қўйганди. Мана шундай руҳий тушкунликка тушган, қийналган пайтимизда туман ҳокимининг уйимизга келиб, ҳолимиздан хабар олиши кайфитимизни кўтарди. Юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, одамларнинг яхши яшаши учун мана шундай эзгу ишлар бошида турган инсонларнинг умри узоқ бўлсин.

Ҳозирда Беҳрузбекнинг соғлиги шифокорлар назоратида. У ҳокимга ҳатто Ватан ҳақида шеър ҳам ўқиб берди. У шеър ўқир экан, кўзларидаги қувонч, ҳаётга ташна юраги, шундай пок ва беғубор қалби ҳамиша порлаб, кулиб турсин, дея дуо қилдик.

 

Давлатназар РЎЗМЕТОВ,

«Жамият» мухбири