«Эргаш ота» хусусий тиббий марказидаги  даволаш усули дунёнинг кўплаб давлатларида маълуму машҳур. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган лицензия асосида фаолият юритаётган, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида жойлашган мазкур шифохонада даволаниш учун мижозлар навбатга туришади. Демак мижозлар дардига даво топмоқда.

Бош шифокор Бердиқул Эргашев мўъжизали малҳам яратган. Даволанишнинг эса  ўз фалсафаси бор.  У қисқача шундай изоҳлайди:

— Бизнинг муолажамиз парҳез, табиий гиёҳлар асосида тайёрланган малҳам  ёрдамида бутун танадаги касалликларнинг асл сабабларига таъсир қилувчи, одам танасини ташкил этган ҳар бир ҳужайра ва тўқималарни касаллик сабабларидан тозаловчи ва алалоқибат, дарддан фориғ қилувчи даволаш усулидир. Бу усул хасталикларни даволабгина қолмай, касалликнинг, шу билан бирга, барвақт кексайишнинг олдини олади, кимёвий дори-дармонларсиз, жарроҳлик муолажаларисиз инсоннинг асосий бойлиги бўлмиш соғлиғини сақлашда катта фойда беради.

Тиббий марказ нафақат одамларни соғломлаштирмоқда, балки молиявий фойда билан ишламоқда, солиқларни ўз вақтида тўлаб, давлат бюджетига ҳиссасини қўшмоқда.

Айниқса, охирги икки йилда юртимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат натижасида чет элдан келаётган мижозлар сони кескин ошди. Ўтган  йили хорижлик 3775 нафар мижоз тиббий марказда даволанган бўлса, 1470 нафар мижоз шифокор қабулида бўлиб, кўрикдан ўтиб кетди. Демак, 2018 йилда тиббий марказ бош шифокори Бердиқул Эргашев бир йилда 5 мингдан зиёд туристни Ўзбекистонга жалб этди. Энг асосийси, мижозлар айнан Ўзбекистонда касалликларидан халос бўлишганидан бениҳоя хурсанд. Ана шундай мижозлардан бири, Қозоғистон Республикаси Ақтўба шаҳридаги «ЮЖПРОМСНАБ» жамияти муассиси (ташкилотнинг бир йиллик айланма маблағи 5,5 млрд тенге), 64 ёшни қаршилаган Владимир Гринберг фикрига эътибор беринг:

— Асли геологман. Касб тақозоси билан, яъни нотўғри овқатланиш сабаб ўн икки бармоқли ичакда яра орттириб олганман. Ўн йиллаб бу касалдан азоб чекиб келганман. Кейинроқ жигарим касалланди. Бу нисбатан ёшликдаги даврим эди. Ҳозир мен ишбилармонман. Бизнесим ҳам яхши. Фарзандларни уйли-жойли қилгач, хотиним билан ўз соғлиғимизга қарай бошладик. Биз тиббиёти ривожланган Германия, Япония, Корея, Исроил, Швецария каби жуда кўп давлатларда бўлиб, уларнинг тиббий хизматидан фойдаланганмиз. Энг замонавий аппаратлар воситасида ҳар томонлама яхши текширишади. Лекин «Сизнинг ёшингизда бу табиий ҳол», дея даволаш бўйича ҳеч нарса таклиф қилишмайди. Бироқ Ўзбекистоннинг Самарқандида, яна Каттақўрғон туманидаги қишлоқлардан бирида ташкил этилган  «Эргаш ота» тиббий марказида биринчи бор даволанишга келганимизда ичимиздан тушган хилтлару тошларни кўриб ҳайратга тушганмиз. Иккинчи даволанишдан кейин Кореяга бориб, машҳур «Ҳундай» клиникасида ўзимизни обдон текширтирдик. Тажрибали врачлар қонимиздаги холестерин миқдори кескин камайганлигини, томирларимиз тозаланганини ҳайрат билан таъкидлашди. Ўзимизни ёшликдагидек енгил, қувватга тўла ҳис этамиз. Ҳар куни ўн километрдан кўп яёв юришимга қарамасдан, чарчоқ нималигини билмайман. Бу йил учинчи бор келишим. Мен ривожланган тиббиётдан бохабар инсон сифатида Бердиқул Эргашевнинг даволаш усулини дунёда тенги йўқ деб ҳисоблайман.

Дарҳақиқат, бу даргоҳда кўплаб кишилар хасталикларига даво топиб ишлаб чиқаришга қайтишмоқда.

Вера Ткач (Украина давлати пойтахти Киев шаҳридан, 1952 йилда туғилган):

— Мен ўтган асрнинг 90-йилларида қаттиқ касал бўлдим. Айниқса, жигарим ва ошқозон ости бези жуда азоб берарди. Қон босими муттасил юқори юрарди. Текширтирсам, қонимда холес­терин миқдори ошиб кетибди. Оёқларимда оғриқ бошланди, бўғимларимда шиш пайдо бўлди. Врачлар «деформацияланган артроз» ташхисини қўйишди. Роса даволандим. Дориларни қабул қилишни тўхтатишим билан оғриқлар яна авж оларди. 2003 йилда жарроҳларимиз ўт қопимни йиғилган ва безовта қилган тошлар сабаб олиб ташлашди. Бироқ операция­дан кейин ҳам оғриқларим кетмади. Ҳар йили касалликлар «гулдастаси» кўпайиб борарди. 2013 йилда яна бир жарроҳлик операциясини бошимдан ўтказдим – веноктомия. 2014 йилда эса гинекология соҳасида яна икки марта операция қилишди. Охирги икки йилда жигар, ошқозон ости бези, буйракларим жуда қаттиқ оғриди... Ҳеч нарса ея олмай қолдим. Қовурғам ости оғрир, уйқусизликдан азият чекардим...

Шундай кунларнинг бирида болаларим Москвадаги дўстларидан «Эргаш ота» хусусий тиббий маркази ҳақида эшитиб қолишади. Бу ерга келишдан аввал бу мўъжизавий даргоҳ ҳақида роса маълумот тўпладик. Украинадан Ўзбекистонга келишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Йиғилган ахборотлар натижасида кўнглимда ишонч пайдо бўлди. Бир ой муддатга даволаниш учун дугонам билан келдик. Ўзбек заминида бизни меҳмондўстларча кутиб олишди. Биринчи кунданоқ муолажани бошладик. Малҳамнинг мўъжизавий кучга эгалигини иккинчи куниёқ англаб етдим – битта катта ва қолганлари кичикроқ билирубин тошлари тушди. Саккизинчи малҳамдан кейин бир нечта холестерин тошлари тушди. Марказда комплекс даволаш усули қўлланиларкан. Қон босимимни ўлчамай қўйдим, чунки уни ҳис қилмаяпман, енгилман. Оёқларим букила бошлади, зинапоялардан бемалол тушиб-чиқяпман. Бошимдаги оғриқлар тўхтади. Айни пайтда 14 кун ўтди, саккиз кило ошиқча юкдан қутулдим. Яна 16 кунда бундан-да самарали шифо топишимга ишончим комил.

Шифохонага ҳар хил дунёқарашдаги мижозлар келади. Улар орасида тадбиркорнинг фикрини юқорида эътиборингизга ҳавола қилдик. Улар орасида зиёлилар ҳам бор. Мазкур марказдаги даволаш тартибини ўзи ўқиган тиббий, фалсафий китоблари моҳиятидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Сергей Казаков (Россия Федерациясининг Томск шаҳридан,  1963 йилда туғилган) худди шундай мижозлардан эканлигини унинг қуйидаги фикрларидан ҳам билиб олиш қийин эмас:

— Мен «Эргаш ота» тиббий марказига 2013 йилнинг мартида келиб қолганман. Бунга сабаб, менга қўйилган ташхис: гиперхолестерин(15,меъёри эса 4,5), бу касалликнинг келажаги ногиронлик ва блокатор дориларга маҳкумлик эди. Қон таркиби жуда ёмон, бундай қонни тозалай олмаётган жигарнинг аҳволини сўраманг.

Тасодифлар занжири худди эртаклардагидек, тақдир мени Ўзбекистонга, Бердиқул Жўрақуловичга учраштирди! Айни пайтда учинчи бора келишим. Ҳар гал 21 кун даволанаман. Ҳар гал уйга қайтиб қон бўйича мутахассис гематологга анализ топшириб, текширтираман – соғайиш томон, тозалик томон ўсиш ҳайратланарли даражада!

Шундай формула бор: «Тушундим – бажардим – натижага эришдим». Шу боис мен ҳам бу ердаги даволаш жараёнига ўз нуқтаи назаримни билдирсам.

  1. 1. «Эргаш ота» мўъжизаси» китобида келтирилган одамлар ва улардаги реал натижалар инсоннинг шифо топиши ғояси ва мотивацияси чизиғида устувор, таянч нуқтанинг исботи ҳисоб­ланади.
  2. 2. Тушунишимча, даволаш методологияси Шарқ тиббиётининг «У-Син»(5 дастлабки элемент) моделига асосланган. У Одам организмининг 5 та ички ва ташқи алоқалари бирлашган ва рамзий маънода «Юлдуз» билан тасвирланган функционал системасига асосланади. Мазкур методологияда Одам Бирлашган, Яхлит, мураккаб тузилган организм сифатида қабул қилинади. Даволаш усули ҳам Ғарб тиббиё­тидан фарқли ўлароқ яхлит ёндашувга асосланган. Бердиқул Эргашев ўзгалар учун ёпиқ ҳисобланган системага кириш нуқтасини топган ва бутун системани ҳаракатга келтирувчи, унга фаол таъсир этувчи ва динамик мувозанатда сақловчи восита (Малҳам)ни яратган. У орқали бутун организмга шифобахш таъсир ўтказилади. Беш «Юлдуз» тиш­ли ғилдирак (шестерёнка) каби  айлана бошлайди. Ана шу айлананинг ўқи, бу барча динлар пайғамбарлари таъкид­лаган «Инсоннинг ўз ҳаёти ва Илоҳий моҳиятини англаш» ҳисобланади.
  3. 3. Мотивация (асос): даволаш жараёнида тозалаш орқали, бошқа турдаги озиқланиш даври орқали асл сабабга таъсир ишлари амалга оширилади:

— инсон ўз ҳаёти ва ҳаёт йўлини қайта кўриб чиқади;

— ҳаёт тарзидаги қолиплар, ёлғон ва турли руҳий тузилмалардан халос бўлади;

— ўзини ва дунёни янгидан анг­лайди.

Фикрим якунида «тана алкимё­си»нинг ва фавқулодда натижанинг муқаддас механизми ишга туширилади. Айтишим мумкинки, Бердиқул Жўрақулович инсон онги, руҳиятини ўзгартирадиган, янгилайдиган платформа (ҳудуд) яратганки, бу муҳаббат маконида кишилар қалби очила бош­лайди, нурга тўлади. Ана шу нурланиш ёғдусини германиялик Виктор Риттер хулосасида эшитиш мумкин: «Тангри таоло  шифокорнинг қалбини бир нур билан тўлдирганки, бу неъматни у биз билан баҳам кўради, бир коса мўъжизали малҳами каби вужудимизни саломатлик билан тўлдиради ва даволайди».

Шифокор, у даволаган минглаб одамлар, у яратган самарали система – Келажак тиббиёти,  Ҳаёт ва Тириклик уйғунлиги учун инсониятга таклиф этган даволаш  усули ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Бир тиббиётки, у мус­таҳкам томирлари билан ўтмиш (Абу Али ибн Сино)га бориб тақалади ва замонавий ахборот технологиялари воситасида дунёни илмий англаш билан ривожланади.

Россиялик мижознинг фикрлари эди бу. Энди масалага тадбиркорлик нуқтаи назаридан қарасак, Б.Эргашев томонидан мазкур муассаса ташкил этилгач, 70 нафардан зиёд ёш мутахассис иш билан таъминланди. Шу билан бирга, ҳар бир вилоятдан «Эргаш ота»га одам ташиб, бола-чақасини боқаётган «такси»чилар, ҳатто, «автобусчи»лар бор. Хаста инсон ўзини кўрсатишга ёлғиз келмайди кўп ҳолларда. Улар шифокор ҳузурига киргунларича шу атрофда дам оладилар, бошқа ишбилармонлар қурган ошхонаю ресторанларда овқатланадилар. Ўзга давлатлардан одамларни автобус, поезд ва ҳаво йўллари орқали ташиётган компаниялар ҳам фойда кўрмоқда. Европа ва қўшни давлатлардан туризм баҳонасида даволанишга келаётган фуқаролар якшанба кунлари Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидаги қадамжоларга саёҳатга чиқишмоқда.

Ўтган йили беш мингга яқин хорижлик мижоз маслаҳат олиб, даволанган. Бош шифокор Б.Эргашевнинг фикрича, жорий йилда рекорд даражада турист кутилмоқда. Йил бошидан апрелнинг биринчи ярмигача 2500 нафар чет эллик даволаниш учун қабул қилинган.

Тадбиркор шифокор имкониятлардан руҳланиб етти қаватли замонавий меҳмонхона қурилишини бошлади. Бу ҳам тиббий туризмнинг ривожланишига муносиб ҳисса бўлиши шубҳасиз. Самарқанд вилояти ҳамда Каттақўрғон туман ҳокимликларининг доимий эътиборида қурилаётган бу иншоот ҳам чет эллик мижозларга шароит ва халқимиз учун қўшимча  иш ўрни деганидир.

Биз эса шифокор Бердиқул Эргашев фаолиятининг энг асосий иқтисодий натижаси минглаб беморларни даволаб, ўз касбига, ишлаб чиқаришга қайтараётгани бўлса керак, деган фикрдамиз.

Парвина ОМОНОВА

Энг кўп ўқилган