Шиддат билан тараққий этиб, ўзгариб бораётган замонда касбий баркамолликка эришиш осонликча, ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Инсон жамиятда яшайди. Унинг камолоти, аввало, муҳит ва  одамларга бевосита боғлиқ. Бу эса инсонни замонавий билимларни эгаллашидан ташқари тўғри сўз, эътиқодли бўлишини, яхши тарбия кўришини  тақозо этади. Демак, инсоннинг жамиятда ўзининг муқим ўрнини топиши ва ўсиши таълим билан бирга унинг тарбиясига, хулқ-атворига, инсоний фазилатларига чамбарчас боғлиқ.

Таълимни оиладан ташқари, боғчада, мактабда, олий даргоҳда олиш мумкин. Лекин тарбия  таълимга нисбатан ҳам нозик ва  ўта мураккаб жараён.  Луқмони Ҳакимдан «Адабни кимдан ўргандинг?» деб сўрабдилар. Луқмони Ҳаким: «Адабни беадабдан ўргандим, уларнинг ҳаракатларидаги менга маъқул бўлмаган нарсалардан ўзимни сақладим»,  дея жавоб берган экан.

Албатта, тарбияга таълим орқали эришилади. Шу маънода китобнинг ўрни, аҳамияти янада ошади. Президентимизнинг «Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савия­сини ошириш зарур. Лекин кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани ҳам бор гап. Биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз», деган сўзлари китобнинг тарбия ва таълимдаги ўрни муҳимлигини исботлайди. Зотан, китоб – инсоният тамаддуни шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшган маданий бойлик ва мерос сифатида қадрли. Буюк аллома Дени Дидронинг таъкидлашича, «Одамлар китоб ўқимай қўйсалар – фикрлашдан тўхтайдилар».

Президентимиз  жорий йилнинг 19 март кунги  видеоселектор йиғилишида  ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш мақсадида 5 та  муҳим ташаббусни илгари сургани бежиз эмас. Зудлик билан ёшларни китобхонликка қайтариш, уларга етарли шароитлар яратиб беришга алоҳида урғу берилди. Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусини ҳалқимизнинг зиёлилари – таълим ва илм-фан соҳаси ходимлари биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади.  Китобхонлик акциясини ОТМ профессор-ўқитувчилари, зиё­лилар давом эттиришмоқда.  Китобхонликни тарғиб қилиш тадбири доирасида самарқанд­лик айрим  раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ташаббус кўрсатиб, ўзлари ўқиган умумтаълим мактабларида маърифий учрашувлар ташкил  этиб,    халқимизнинг буюк маданий меросини тараннум этувчи китобларни совға қилишмоқда.

Самарқанд Давлат университети раҳбарияти ва фаоллари ташаббуси билан  Ургут туманидаги 18, 20 ва 93-сонли, Тайлоқ туманидаги 29-умумтаълим мактабларига  адабий ва тарихий, илмий-маърифий китоблар совға қилинди.  Ёшларнинг камолга етишида китобнинг роли, қадр-қиммати тўғрисида  давра суҳбатлари ўтказилди.

Тобора қулоч ёзаётган китоб­лар совға килиш тадбирлари, биринчи навбатда, халқпарвар Президентимизнинг ташаббусидир. Савол  туғилади, нега бундай ишларга илгарироқ киришилмади?  Ахир, китоб энг муносиб кўнгил совғаси эмасми?! СамДУ профессорлари ўзлари ўқиган мактаб ўқувчиларига  янги харид қилинган китоблар дастасини совға қилишганда айрим муаллимларнинг  кўзларида  қувонч  ёшлари бежизга порламади. Бу маънавиятнинг бир шарпаси эмасми!

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим, деб ўйлаймиз, СамДУ раҳбариятининг ташаббуси билан «Физика-кимё» биносида «Самарқанд китоб олами»нинг филиали очилиши талабаларимизни ўзлари ёқтирган  бадиий  ва тарихий асарларни сотиб олиш имконини оширди.

«Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз — вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар  энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунё­да ҳеч қачон эскирмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан», дея таъкидлади юртбошимиз. Кундалик одатимиз, эзгу ишимизга айланиб бораётган китоблар ҳадя қилиш шукурки урф-одатга айланмокда.

Ёшларимизнинг китобга бўлган меҳрини уйғотиш, аслида ҳам биз зиёлиларнинг бурчимиз. Лекин ёшларимизнинг барчаси ҳам китоб  ўқийвермайди. Нима учун бугун ҳам Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини, Ғафур Ғуломнинг «Шум боласи»ни  севиб ўқишади. Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодировнинг ижодини қўмсашади?! Чунки бу ёзувчилар реал ҳаётни тасвир қилишдан ташқари, халқнинг дилидаги туйғуларни, муаммоларни самимий, халқ тилида содда, жозибали ва ишончли тасвирлаб бера олган. Улар ижодида юксак пафос бор! 

Ўзбек халқи азалдан маърифатга, илмга интилган. Тошкентдаги ҳамкасб устозим бир воқеани айтиб берди. «Ёш Ибн Синога уйидагилари пул бериб, мой олиб келишни буюришибди. Бозорга борган Ибн Сино мойнинг пулига Аристотелнинг китобини сотиб олган экан». Балким, бу кимнингдир тўқиган чўпчаги бўлиши мумкин. Аммо ўзбек бир умр илмга интилгани бор ҳақиқат. Унинг исботи Беруний, Хоразмий, Навоий, Ибн Сино, Исмоил Бухорий, Фарғонийлардир. Зотан, китоб буюк аждодларимизнинг кўнгил мулкига, офтоб мисол ҳаёт  малҳамига айланган. Китобнинг аҳамияти ва ролини янада чуқурроқ билиш учун буюк саркарда ва давлат арбоби билан жаҳонга донғи кетган Амир Темурнинг «Амир Темур ўгитлари»даги «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-ид­рокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир» деган пурмаъно сўзларини эслашнинг ўзи кифоя.

Ўзгараётган Ўзбекистонда барча эзгу амаллар инсон манфаати, яхши яшаш тарзини яратишга қаратилмоқда. Биз зиёлилар давлатимиз раҳбарининг  ташаббусларини, китобхонликка оид қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшмоғимиз даркор. Зеро, таълим ва тарбия, камолот ва сао­датга эришишнинг калити —  китобдир.

Мўмин ҚОДИРОВ,

СамДУ астрономия

кафедраси мудири,

физика-математика

фанлари доктори

Энг кўп ўқилган