Айни кунларда Исроилнинг чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўн саккизга яқин компания вакилларидан иборат йирик делегация Бухоро шаҳрида меҳмон бўлиб турибди.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳамда қайта ишлаш борасида катта тажрибага эга компаниялар икки кун давом этадиган Ўзбек — Исроил агробизнес форуми доирасида мамлакатимиздаги чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликка ихтисослашган корхоналар вакиллари билан тажриба алмашади. Тадбирда юртимизнинг нисбатан қурғоқчил ва чўл ҳудудлари ҳисобланган Бухорода чорвачилик маҳсулотларини етиштиришнинг камҳарж, инновацион усуллари муҳокама этилмоқда. Шунингдек, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳалари намойиши бўлмоқда.

— Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида Исроил тажрибаси жуда катта аҳамиятга эга, — дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Анис Ҳамидов. — Форум давомида парранда ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «AGRIGO», «MAD», «GADOT AGRO» каби компаниялар билан улкан лойиҳалар хусусида музокаралар олиб боряпмиз. Гўшт, сут ва парранда маҳсулотларини етиштиришда сўнгги технологик ютуқлар билан бирга анъанавий усуллар ҳам амалиётга татбиқ этилади.

Форум доирасида исроиллик мутахассислар «Бухоро агро» эркин иқтисодий ҳудудида бўлиб, у ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиши режалаштирилган.

Анвар СУЮНОВ

Энг кўп ўқилган