Болалигимизда ўсмир-ёшларнинг қўлида гитара билан кўчани тўлдириб юришларига ҳавас билан боққанмиз. Ўсмирлик даврига қадам қўйганимизда, гитаралар ўрнини «Весна», «Романтик» каби магнитофонлар эгаллади. Эндиликда биз ҳам кўчаларни тўлдириб, магнитофон овозини баланд қилиб, гўёки, ҳаммани ўзимизга қаратардик. Энг қизиғи, кўчанинг бошидан ҳам, ўртасидан ҳам, охиридан ҳам магнитофонлардан Шерали Жўраев қўшиқлари янграрди. Кимдир «Ўзбегим»ни, яна кимдир «Биринчи муҳаб­батим»ни баланд овозда эшитарди.

Қишлоғимизнинг Зиёдулла Шукуров деган ўзига хос сурнайчиси, артисти бор эди. Қишлоқ тўйларини, асосан, шу киши ўтказарди. Шерали Жўраев билан тенгдош бўлмиш Зиёдулла ака уйининг томига радиокарнай ўрнатган бўлиб, эртадан кечгача ҳофиз қўшиқларини баланд овозда қўйиб, бутун қиш­лоққа эшиттирар эди. Болалигимиз ва ёшлигимиз Шерали Жўраев қўшиқлари билан ўтди. Ҳозир ҳам у кишининг қўшиқлари доимий ҳамроҳимиз.

1988 йил бўлса керак, ҳофиз қиш­лоғимизга ташриф буюриб, ҳамқиш­лоғимизнинг тўйини роса қиздирган эди. Талабларга биноан Шерали Жўраев «Ўзбегим»ни куйлашдан аввал шундай дегани ҳамон қулоқларим остида: «Мен эрталабгача бу тўйда қўшиқ куйламоқчи эдим. Аммо «Ўзбегим»ни куйла­сам, томирларимда қон тўхтаб қолади. Шундан кейин бошқа қўшиқ куйлай олмайман». Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ ҳофизнинг Ватан, ўзлик, инсонийлик ҳақидаги қўшиқларни шунчаки куйлай олмаслиги, асл хониш юракдан чиқсагина юракларга етиб боришини англатади.

Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Лутфий, Ҳофиз Шерозий, Увайсий каби мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларини ижро этган ҳофизимизнинг Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон каби замонавий ижодкорлар шеърига мурожаат қилиши, айниқса, шеърлари ҳеч қачон қўшиқ бўлмаган Ойбекнинг «Ўзбекис­тон» шеъри тилларда достон бўлган эди. Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб «Онагинам» ва «Муқаддас аёл» қўшиқларини Шерали Жўраевдек ҳеч ким дардли ижро этолмаса керак.

Шерали Жўраев қардош халқларнинг вакиллари ижодига ҳам алоҳида ёндашади. Шу тариқа Фузулий, Махтумқули, Мулла Паноҳ Воқиф, Самад Вурғун, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов, Гулирухсор Сафиева шеърлари гўзал хонишларга айланганини яхши биламиз.

Шерали Жўраевни ўзидан кейинги хонандаларга йўл очиб борувчи музёрар кемага ўхшатаман. Мингдан ортиқ қўшиқ ижро этган санъаткорга мавзу топишда ҳозирча ҳеч ким бас келолгани йўқ. Радиода 1 январдан бошлаб 31 декабргача бўлган даврдаги ҳар қандай санага бағишланган эшиттиришлар учун ушбу санъаткор қўшиқларидан фойдаланиш мумкин. «Сизни қутлай йилнинг олдидан», деган сатрлари бўлган қўшиқни 31 декабрь куни, 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни эса «Йигитлар халқларнинг мақтови, кўрки» қўшиғидан фойдаланиш мумкин. 8 март санасига-ку оналар ва аёлларга бағишланган қўшиқлар бисёр. Баҳор ва Наврўзга атаб куйланган қўшиқлар ҳам ҳеч қачон тилдан тушмаса керак. 9 май — Хотира ва қадрлаш байрамига бағиш­ланган қўшиқлар ҳақида эса алоҳида гапириш керак.

Мамлакатимизда юритилаётган тинч­лик сиёсати борасидаги қўшиқларнинг нафақат тадбирларда, балки тўй-ҳашамларда ҳам ажиб бир завқ билан тинг­ланаётгани айни ҳақиқат. «Ўзбегим», «Инсон қасидаси» алоҳида мавзу. Бундан 30 йиллар муқаддам, раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари телевидение орқали эндиликда шоир ҳам, ҳофиз ҳам ижод қилмаган тақдирларида «Инсон қасидаси» орқали ўзларининг инсоний вазифаларини бажариб бўлишди, деган фикрларни айтган эди.

Бугун юртимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёе­в раҳнамолигида дун­ёга ўз сўзини айтмоқда. Бу сўз тинчликни авайлаб-асраш, ўзаро муносабатларни мус­таҳкамлашга қаратилгани билан халқаро миқёсда ҳам ўз эътирофини топмоқда. Жумладан, Ўзбекис­тон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичда ривожланиб бораётгани, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг Тошкент ҳамда Душанбе шаҳарларидаги самимий мулоқотлари икки халқнинг эту тирноқдек яқинлигини, бир-бирини соғинганлигини кўрсатди. Душанбе шаҳрида уюштирилган «Дўстлик кечаси» деб номланган тантанали тадбирда Шерали Жўраев ва Жўрабек Муродовнинг биргаликда айтган қўшиқлари ҳам миллионлаб кишиларни қувонтириб юборди. Зеро, ота-боболаримиз топиб айтганидек, икки халқнинг йиғласа, қайғуси, куйласа, чолғуси бир. Тарихдан маълумки, минг-минг йиллардан буён халқларимиз ўзаро қондош ва ёндош бўлиб, қуда-анда тутиниб асрлар юкини бирга тортган. Биз бир дарёдан сув ичамиз, бир далада экин экамиз. Исмимиздан ҳам, жисмимиздан ҳам ҳеч ким бизни бир-биримиздан ажрата олмайди.

Шу маънода, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақада жойлашган мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари таҳсинга сазовор. Бундай эзгу хатти-ҳаракатлар самараси туфайли бир неча соҳада ҳамкорлик қилинмоқда.

Ана шундай бағрикенглик ва дўстликни, инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраев мамлакатимиз мус­тақиллигининг 27 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармонига биноан «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бу хурсандчилик ортидан яна бир хушхабар тарқалди. 2018 йил 30 августда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон фармонига кўра, ўзбекистонлик бир гуруҳ фаоллар қўшни мамлакатнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилди. Улар орасида Шерали Жўраев ҳам борлиги миллионлаб мухлислар қалбини қувончга тўлдирди. Ҳофизга «Тожикис­тон Республикаси халқ артисти» унвони берилди. Бу «Зар қадрини заргар билар» деганларидек, асл санъатнинг завол билмаслиги, чин дилдан қилинган меҳнат, албатта, эътироф этилишига яққол исбот бўлди.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ