Сардоба сув омборидан сув тошиб чиқиши нафақат ушбу ҳудуд аҳлини, балки бутун халқимизни ташвишга қўйди. Шу билан бирга, халқимизнинг қанчалик аҳил, ҳамжиҳат эканлигини намоён этди. Бинобарин, шу эл, шу юрт фарзандиман, деган киши борки, фожиа оқибатларини бартараф этишга интилди.  Имкон қадар ҳудуд аҳлига ёрдам кўрсатишга ошиқди. Энг асосийси, бундай ишларга давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи бош бўлди. Фожиа рўй берган ҳудудга зудлик билан етиб бориб, тегишли ишчи гуруҳ ва мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш, талафот кўрган туманларнинг иқтисодий шароитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида умумий қиймати 2.181,3 миллиард сўмни ташкил қилган, 9864 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган 323 та лойиҳанинг манзилли дастури ишлаб чиқилди. 

Бугун ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Одамлар олдинги ҳаёт тарзига қайтиб, тикланган ва таъмирланган уй-жойларига қайтмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараёнда ҳеч қайси ташкилот четда қараб тургани йўқ. Жумладан, акциядорлик тижорат Халқ банки талафот кўрган, бошқа хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг 17 та маҳалласида яшовчи 5617 нафар фуқаронинг пул масаласида қийинчиликка дуч келишининг олдини олиш мақсадида муайян чора-тадбирлар кўрди. Бу борада пенсия ва нафақа олувчиларга  3,4 миллиард сўм маблағ уларнинг вақтинчалик яшаб турган манзилларига етказиб берилди. Фуқароларга нафақаларни тарқатиш ишларида карантин талабларига қатъий риоя қилинмоқда.

Бундан ташқари, Марказий банк Сирдарё вилояти бош бошқармаси ва Халқ банки Сирдарё вилояти филиали томонидан ташкил этилган штабларга 27 та плас­тик карточка йўқолгани тўғрисида мурожаат келиб тушган. Уларга плас­тик карточклари бепул тиклаб берилди.

Яна бир муҳим жиҳат. Банк томонидан манзилли дастур ижроси доирасида талафот кўрган ҳудудлар иқтисодиётини тиклаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 153 миллиард сўмлик 1671 та янги иш ўрни яратишга қаратилган 83 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, ушбу дастур бўйича 64 та лойиҳага 12,9 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Мисол учун, Оқолтин тумани “Бобур” СИУ ҳудудида жойлашган “Шуҳрат Диамонд” МЧЖ банк билан ҳамкорликда кооперация усулида аҳолига тарқатиш учун 500 бош қорамол ва 2000 бош қўйчиликка мўлжалланган чорвачилик лойи­ҳаси ижросига киришган.

Шунингдек, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари бўйича “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури ижроси юзасидан жами 109 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 3,6 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилиб, 151 кишининг бандлиги таъминланди.

2020-2022 йилларда Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турига асосан ишлаб чиқилган манзилли дас­тур бўйича эса банк томонидан уларнинг 47 тасига 380,9 миллиард сўм миқдорида кредит йўналтирилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача  30 та лойиҳа эгасига  268,7 миллиард  сўм кредит тақдим этилди.

Президентимизнинг жорий йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 23 мартдаги  “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан пандемия асоратларини камайтириш мақсадида эълон қилинган карантин даврида Халқ банки томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, Халқ банки чорвачиликни ривожлантиришга бириктирилган. Айни пайтда бу борадаги бажарилган ишлар салмоқли. Режадаги юмушлар ҳам талайгина. Яъни молия муассасаси 2020 йилда вилоятда чорва моллари бош сонини ошириш, аҳолини сифатли, арзон сут ва гўшт маҳсулотлари  билан таъминлаш йўлида умумий қиймати 129,2 миллиард сўмлик (бунда 5677 бош наслли қорамолни четдан келтириш мўлжалланган) 36 та лойи­ҳанинг манзилли дастури ишлаб чиқилган эди. Ушбу чорва моллари, аввало, тошқиндан зарар кўрган оилаларга берилади. Ҳозиргача 15 та лойиҳага 18,4 миллиард сўмлик сармоя ажратилди.

Қолаверса, Халқ банки томонидан мазкур туманларнинг иқтисодий шароитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 58,2 миллиард сўмлик 73 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилганки, бунинг натижасида ҳам 551 кишининг бандлиги таъминланади.

Бугун Халқ банки Сирдарё вилоятининг мазкур туманлари мисолида, чин маънода халқнинг ичига кириб бормоқда. Одамларни қийнаётган ва қизиқтираётган масалалар банк мутахассислари томонидан ижобий ҳал этил­япти. Банк сармояси асосида кўмакка муҳтож тадбиркорлик субъектлари қайта иш бошлаяпти. Ички бозор сифатли маҳсулотлар билан бойиб, экспорт кўлами кенгайиб бораётир. Аҳоли бандлиги ва турмуш тарзи яхшиланяпти. Зеро, молия муассасаси жамоасининг мақсади ҳам шу. 

Банк ахборот хизмати.

Энг кўп ўқилган