Ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос услубга, ижодий йўлга эга бўлган шоирларимиздан бири Бобораҳим Машрабдир. У ўз ҳаётини Ўрта Осиёнинг кўп шаҳар ва қишлоқларида қаландарона яшаб ўтказди. Шоир фаолиятига кароматпеша бир авлиё, дарвеш, қаландар сифатида халқ катта ихлос ва эҳтиром билан қараган. Шунинг учун ўз замонасидан бошлаб, Машрабнинг асарлари кенг ёйилган. У ҳақда кўплаб ривоятлар яратилган. Мажзуб Намангонийнинг “Тазкират ул-авлиё”, Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон”, Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккири асҳоб” каби тазкираларида Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих”, Мирзо Олимнинг “Ансабус-салотин” асарларида ҳам шоир ҳақида айрим маълумотлар, мулоҳазалар учрайди. Машрабнинг шахс сифатидаги, ижодкор сифатидаги қиёфаси ҳақида мукаммалроқ тасаввур ҳосил қилувчи манба бу - Пирмат Сеторий томонидан тузилган “Қиссаи Машраб”дир. У ХХ аср бошларига қадар “Девона Машраб”, “Шоҳ Машраб”, “Эшон Машраб”, “Қиссаи Машраб” каби номлар билан жуда кўп нусхаларда китобат қилинган.
Машраб ижоди, фаолияти билан XIX аср охири ХХ аср бошларида рус шарқшунос олимлари қизиқа бошладилар.
1889 йилда “Туркистон вилоятининг газетида” бир қатор мақолалар эълон қилинди.
1895 йилда Н.И.Веселовскийнинг “Восточнўе заметки” асарида ҳам Машраб ҳурфикрлилик намунаси сифатида жиддий ўрганишга лойиқ ижодкор эканлиги эътироф этилади.
1910 йилда Н.С.Ликошин шоир ҳақидаги қиссани рус тилига таржима қилади. Шарҳ, изоҳлар билан нашр эттиради.
1923 йил В.Л.Вяткин шоир ҳақида мақола эълон қилади. Унда Машрабнинг халқ орасида машҳурлиги, асарлари кенг тарқалгани таъкидланади. Шу мақолада илк бор икки Машраб масаласи кўтарилади.
Шоир ҳаёти ижоди борасида ўзбек адабиётшунос олимларимиздан Иззат Султон, В.Зоҳидов, И.Мўминов, Ғафур Ғулом, А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, Э.Шодиев, В.Абдуллаев кабилар ҳам бир қанча мақолалар эълон қилишган. Уларда Машраб шахси, ижоди билан боғлиқ турли масалалар ёритиб берилган.
Машрабшунослигимизни кузатиб, узоқ йиллар сиёсий мустамлака таъсирида шоир ижоди сохта талқинларга дучор этилганининг гувоҳи бўламиз. Машраб ижодидаги илоҳий муҳаббат дунёвий муҳаббат сифатида талқин этилади. У динни рад этувчи-атеист, дея баҳоланади. Шоир шеъриятидаги жўшқин исён ҳам синфлар манфаати билан боғлаб изоҳланади.
Аммо, мустақиллигимизнинг беназир шарофати билан Бобораҳим Машраб ижоди ўзининг холис баҳосини ола бошлади. Олимларимиз унинг асарларига теранроқ назар ташламоқдалар. Жумладан, И.Ҳаққулнинг “Ҳақиқат йўл тутай десанг…”1, Н.Комиловнинг “Камоли нури раҳматман”2 мақолаларини Н.Жумахўжанинг “Миллий истиқлол мафкураси ва адабий мерос” номли докторлик диссертациясидаги Машрабга оид маълумотларни айтиш мумкин. Улар шоир дунёқараши, фалсафасини атрофлича ёритишга ҳаракат қилишган.
Машраб ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида матншунослик йўналишида ҳам анча ишлар амалга оширилган. Жумладан, 1958 йил биринчи бор П.Шамсиев ва А.Ҳайитметовлар томонидан Машрабнинг “Танланган асарлар”и нашр этилди. Бу 1960 йилда қайта нашр бўлди. 1963 ва 1971 йилларда А.Абдуғафуров Машраб асарларининг тўлароқ нашрини яратди. 1979 йилда В.Раҳмонов томонидан яна мукаммалроқ нашр тайёрланди. Унга ёзилган “Сўзбоши” ҳам маълумотларининг янгилиги, шоир асарларига чуқурроқ ёндашилганлиги билан катта илмий қимматга эга. Машраб асарларининг сўнгги нашри 1990 йил Самарқандлик адабиёт муаллими Жалолиддин Юсупов томонидан амалга оширилди. Китобда келтирилган “Сўнгсўз”да ушбу нашрнинг олдингиларидан тафовутлари, афзалликлари батафсил шарҳлаб берилган. Машраб ҳаёти ва ижодига оид муаммоларга бирламчи манбалар воситасида аниқликлар киритилган, Машрабнинг тахаллуслари, “Мабдаи нур”, “Кимё” асарларининг муаллифлиги, Ўрта Осиё ва бошқа Шарқ мамлакатларида Машраб тахаллуси билан ижод этган шоирлар борасида янги хулосалар баён қилинган, равшанликлар киритилган.
Кўринганидек, Машраб ҳаёти ва ижоди хусусида анча тадқиқот ишлари амалга оширилган. Аммо, биз ҳали шоир шахсини, дунёқарашию фалсафасини, асарлари моҳиятини тўлалигича ўрганганимиз йўқ. Бу борада ҳали ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп.
Бобораҳим Машраб 1640 йилда Наманганда Валибобо бўзчи оиласида дунёга келган. Отадан ёш етим қолган. Шунга қарамай чуқур билим олишга ҳаракат қилади. Дастлаб ўз қишлоғидаги мулладан таҳсил олиб савод чиқаради. Унинг болалиги, таҳсил йиллари ҳақида “Қиссайи Машраб”да кўп ривоятлар келтирилган. Улардан биз унинг ёшлигидан илоҳий жазба теккан, ғайри оддий, ғайб асроридан воқиф бир инсон бўлганини кўрамиз. Жумладан, илк таҳсил кунларининг бирида устози ундан “алиф” дейишини сўрайди, “Алиф” дейди. Энди “бе” (араб алифбосидаги 2-ҳарф) денг, дейдилар. Шунда шоҳ Машраб устозларидан “алиф” ва “бе”нинг маъносини тушунтириб беришни сўрайдилар. Шунда домла бироз аччиғланади. Буни кўрган Машраб айтдилар: “Эй домла. “алиф”ни маъносини сиз айтмасангиз ман айтарман”. Устозлари айдилар: Эй ўғлум, “алиф”ни маъниси нимадур?” Шоҳ Машраб айдилар: “Домла, “алиф”ни маъниси бирдур. Ул сабабдин “Бе” демасман. Мундин ўтмак хатодур”. Буни эшитган устоз шогирднинг қувваи афкоридан ҳайратда қоладилар. Чунки шундай ёшда олам ва одамнинг моҳиятини бунчалик теран англаш ғайри одатий ҳол эди. Бу ривоят бизни Машраб дунёқарашининг энг муҳим асрори билан ошно этади. Унинг бундай ўткир зеҳнини кўрган ота-онаси замонасининг энг улуғ шайхларидан бўлган Мулла бозор Охунд қўлига таҳсил учун топширадилар. Машраб у ерда диний ва тасаввуфий фалсафани ўрганади. Мансур Ҳаллож, Фаридиддин Аттор, Насимий, Иброҳим Адҳам дунёқараши билан танишади. Ҳофиз, Лутфий, Навоий шеъриятининг файзосор наволаридан баҳраманд бўлади. Уларнинг кўплаб асарларини ёд олади. Улардан илҳомланиб, ўз туйғуларини, руҳиятининг ранг-баранг манзараларини ифодалаб ўзига хос асарлар ярата бошлайди.
Машраб Наманганда ҳар томонлама пухта билим олгандан кейин, ундаги ғайритабиий лаёқатни кўрган устози уни Қашқарга Офоқ Хожа ҳузурига билимини янада чуқурлаштириш мақсадида юборади.
Машраб Офоқ Хожа даргоҳида 1665 йилдан бошлаб 7 йил хизмат қилади. Шу йилларда у тариқат босқичларини, амалиётини босиб ўтади. Тасаввуф таълимоти ғояларини шеъриятига олиб киради.
1673 йилда Машрабнинг онаси вафот этади. У шундан кейинги ҳаётини қаландарлик билан ўтказади. Кўп вилоят ва шаҳарларга боради. Ҳамма жойда халқ уни улуғ авлиё, сўфий шоир сифатида қабул қилади. У қаерга бормасин, замондошларига оламнинг ва ҳаётнинг моҳиятини тушун-тиришга хизмат қилади. Тўғри йўлдан адашган, нафсига мағлуб кимсаларни ҳушёрликка, уйғоқликка даъват этади. Инсониятни мудроқликдан, маънавий сўқирликдан огоҳлантиради.
Қиссадаги айрим ривоятлар инсоният табиатидаги уни таназзулга етакловчи қусурлар, хислатлардан огоҳланти-ради. Жумладан, манманлик, такаббурлик кишини назардан қолдиради, Оллоҳдан узоқлаштиради. Бунга Машрабнинг муносабати қисқагина ривоятда ёрқин ифодалаб берилади. Машраб Бухоройи Шарифда бир қаландардан отини сўрайди. “Мани отим Понсадмандур. Шоҳ Машраб айдилар: Шайтон бир маротаба манлик қилиб бўйниға тавқи лаънат тушти, сан беш юз манни (Понсад-форс-тожикчада беш юз демакдир.-И.А.) кўтариб юрурсан. Муносиб шулки сандин қочмоқ керак”21
Машраб инсониятни мол-дунё, нафс, ҳирсу ҳаво тўғри йўлдан оздиришини жуда теран англаган. Ўзи билган моҳиятни замондошларига уқтиришни фарз деб билган. Қуйидаги ривоят Машрабнинг дунёга, бойликка муносабати ҳақида хулоса чиқаришимизга асос беради. Бухорода Машраб бир ғариб бечорани чақириб айтдилар: “Агар белимдаги фўта тушиб қолса, санинг бахтингдур, агар қўлум бирла берсам дунё айтурки, мани Машраб қўли бирла тутти, аммо ерга тушса, сан ердин олғил, миннатдор бўлсун ер”.12
Машраб бир неча чақирим миниб йўл босган отини оёғини чопишни буюради. Муридлари сабабини сўрашганда,-”То ўрдадин регистони Бухороға келгунча ушбу отни миниб, Оллоҳи таолодин ғофил бўлдум. Яна ҳар бандайи мўъмин бу отни устиға миниб, худойи таолодин ғофил бўлмасун, шу сабабдин ўлдурунглар, дедим”,-деб жавоб берадилар. Бу билан Машраб қандай мансаб мартабада бўлсада, инсоннинг “оёғи ердан узилмасин”, кўнгли Оллоҳдан узоқлашмасин деган фикрни илгари сурмоқда.
“Қиссайи Машраб”да шоирнинг илоҳий ишқ куйчиси эканлиги, бу ишқ оташининг меъёру ҳадиси борасида ҳам бир қанча ривоятлар келтирилади. Шулардан бирида ҳикоя қилинишича, Машраб Ёркентга борганда, чилим сўраб чекади. Нафас тортиб тутун чиқарганда, бутун олам қоронғу бўлди. Аммо, чилимнинг сархонасини олиб ерга қоққанларида халқ бир дона ҳам банг куймаганлигининг гувоҳи бўлади. Бу албатта, бир томондан Машрабнинг кароматпешалигини кўрсатса, иккинчидан, шоир ишқи шарорасининг ўткирлигини намойиш этади. Бир ўринда Машраб намоз ўқиб, “ҳу” деб нафас чиқарганларида куйган кабобнинг иси келарди, дейилади21.
Кўриниб турибдики, “Қиссаи Машраб” ривоят тарзида яратилган бўлса ҳам, бизга шоирнинг дунёқараши, шахсияти, асарларининг мазмун-моҳиятини англашимизда асосий манба вазифасини ўтайди. Ундаги ривоятлардан мантиқий хулосалар чиқаришимиз мумкин. Шоир асарлари билан қиссадаги фикрларни муқояса этиб, айрим муаммоларга ойдинлик киритишимиз мумкин.
Машраб 1711 йилда Балх ҳокими Маҳмуд Қатағон томонидан дорга остирилади.
Бобораҳим Машрабнинг бизгача шеърларидан ташқари “Мабдаи нур” ва “Кимё” асарлари ҳам етиб келган. Адабиётшунослигимизда бу икки асар муаллифи борасида узоқ йиллар баҳс -мунозара олиб борилди. Айрим олимларимиз уларни Бобораҳим Машрабга нисбат беришса, айримлар улар Машраби Соний тахаллуси билан ижод этган Мулло Рўзибой Охунднинг асаридир, дейишган. Аммо, сўнгги йилларда бу мунозарага бироз ойдинлик киритилди. Бу асарлар тузилиши, мазмуни ва ғоявий йўналишига кўра, тили, бадиий воситаларининг ишлатилишига кўра ва Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган айрим қўлёзмалардаги маълумотларга кўра Бобораҳим Машрабникидир, деган хулосага келинди. 1997 йилда “Мабдаи нур” асари ҳозирги ёзувимизда нашр ҳам этилди.
Бобораҳим Машрабнинг лирикаси махсус девон тарзида тартиб берилмаган. Унинг мероси бизга “Қиссаи Машраб”ларнинг кўплаб нусхалари орқали етиб келган. У Риндий, Умам, Маҳдий, Зинда ва Машраб тахаллуслари билан шеърлар ёзган.
Машраб тахаллусининг маънолари ҳар хил изоҳланиб келинган. Шулардан иккитаси ҳақиқатга яқин келади. Улар бир-бирининг мазмунини тўлдириш учун ҳам хизмат қилади.
Машраб-маслак, маслакдош деган маъноларни ифодалайди. “Қиссаи Машраб”да ҳам шунга яқин изоҳланади: “Ҳар киши манга рафиқ бўлса, ман анга рафоқат қилурман. Ҳар қозонга тушсам қайнайдурман, анинг учун отим Машраб қўйдум” (32-б.) Демак, Кимки, манга дўст бўлса, ман ҳам унга дўстдирман. Бу ерда ҳам ғоявий йўлнинг бирлиги, маслакдошлик ҳақида фикр билдириляпти.
Тахаллусни яна “Илоҳий шаробдан насибали” деган маънода ҳам шарҳлаш мумкин, илоҳий ишқ билан ошно юрак, албатта, инсонларни эзгулик сари етаклайди. Уларнинг тўғри йўл топишида раҳбар-раҳнамолик қилади.
Бобораҳим Машраб асарларини икки-ўзбек ва форс-тожик тилида яратган.
Шоир асарлари ҳақида узоқ йиллар баҳс-мунозарали фикрлар баён этиб келинди. Аммо, сўнгги йилларда унинг шеърлари моҳиятини сиёсатдан келиб чиқиб эмас, балки объектив англай бошлаяпмиз. Чунки Машрабнинг ижодкор сифатидаги асл қиёфаси шеъриятидадир.
У сўфий шоирдир. Унинг шеърияти асосида тасаввуфий ғоялар талқини туради.
Хўш, тасаввуфнинг ўзи нима? Тасаввуф-бу инсон ўзини таниш орқали Aллоҳни таниш ва севиш илмидир. У “Инсоннинг ички олами, яъни ботинини тадқиқ этувчи илмдир”.1 Инсон умри тадрижи икки қарама-қарши қутб-эзгулик ва ёвузликнинг курашидан иборат. Тасаввуф таълимотининг моҳияти одамзотга ўз вужудида мавжуд нафсоний интилишларни фош этиш, уларни енгиш йўлларини кўрсатиш, руҳидаги илоҳий фазилатларни уйғотиш, тараққий топтиришдан иборатдир. Чунки инсоннинг яшашдан бош мақсади илоҳийлашиш, асл моҳиятга етишдир. Бунинг йўли эса битта. Ўзини енгиш, ўзидан ўтиш ва ўзига етишдир. Бу борада “Насойимул-муҳаббат”да келтирилган Боязид Бистомийнинг хулосаси ибратлидир: “...Боязид дедики, Aллоҳ таолони туш кўрдум, сўрдумки, бор худоё, йўл санга не навъдур? Дедиким, ўзунгдин ўттунг, еттинг”.212
Машраб шеъриятидаги асосий ғоялардан бири ҳам ана шу -инсонни ўзига танитишдан иборатдир. У кўп юртлар кезиб, кишиларнинг яшаш тарзи, табиатини кузатиб, барча фожеаларига, изтиробларига сабаб уларнинг нафси деган хулосага келди. Ва ибрат сифатида, ўзи англаган дунё моҳияти борасидаги тасаввурларидан замондошларини огоҳ этиш мақсадида қаландарлик йўлини танлайди.
Бобораҳим Машраб ҳам доно ижодкорлардан. Аммо, унинг донолиги, дунёни англаши ўзига хос. Шеъриятидаги лирик қаҳрамоннинг руҳи баланд. Олам ва одам моҳияти, муносабати ҳақида гапирганда, ишонч билан қатъий хулосалар чиқаради. У ҳам дунёнинг хатолардан, армонлардан, ёлғонлардан иборатлигини билади. Аммо, бу шоир лирик қаҳрамонини тушкунликка туширмайди. Чунки, у ана шу хатолар заминида ишонса ва суянса бўладиган биргина ҳақиқат борлигини ҳам англайди. Бу-Оллоҳ:
Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!
Демак, Худога ишониш, унга муҳаббатда бўлиш инсонни хатолардан асрайди. Ҳаётига гўзал мазмун бахш этади. Мукаммал ахлоқли, ҳалол, пок бўлишга бошлайди.
Мудом мискин эрурман чун ғуломинг Машрабинг дурман,
Мени бечора бу дунё билан уқбоға1 сиғмамдур.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Машраб шеъриятининг асосий мақсади-инсонларни мудроқликдан уйғотиш. Бир-бирига муҳаббат билан боқиш, бир-бирини англаш ва бу орқали Оллоҳни англашга йўналтиришдир.
Шоир ҳар бир кўнгилни сирли бир олам деб тушунади. Замондошларини уни севишга чақиради. Бирор дилни оғритишни, унга озор беришни юзлаб Каъбани вайрон этишга тенглаштиради:
Тавофи олами дил қил жаҳонда ҳар башардин сен,
Агар бир дилни сен бузсанг, юзар Каъба бузулмазму,
Кўнгилни англаш ва уни поклаб бориш инсонни Оллоҳга яқинлаштирувчи воситадир. Чунки, ғуборлардан тозаланган қамиш-найдан руҳбахш наво таралганидек, покиза кўнгилда ҳам илоҳий ишқ, ҳаётга муҳаббат, гўзалликка ошуфталик муждалари уна бошлайди.
Машраб шеъриятида биз ана шу илоҳий ишқ талқинини кузатамиз. Аммо, узоқ йиллар илоҳий ишқ моҳиятини инкишоф этувчи асарлари тор маънода, яъни мажозий ишқ тасвири сифатида баҳоланиб келинди. Шоир ижодидаги “динга қарши мотивлар” ҳам бир ёқлама талқин натижасидир.
Машраб ижодидаги ишқ талқини ўзига хос. У Иброҳим Адҳам, Мансур Ҳаллож, Атторни ўзига ғойибона пир деб билади. Уларнинг йўлидан боради. Мансур Ҳаллож каби ўтли ишқ оташида ёниб яшайди. Бу Оллоҳга бўлган муҳаббат. У ҳаётнинг, тирикликнинг мазмунини шунда кўради. Унинг асосий мақсади Оллоҳни севиш ва у билан бирлашиш. Чунки у инсонни ғуборлардан, вужудий, нафсоний қафаслардан фақат шу ишққина озод этишига ишонади. Шоир тасаввурича, бундай муҳаббатга ошно бўлмаган кўнгул ҳақиқий гўзалликни ҳис қилолмайди. Борар манзиллари тораяди. Кўрар кўзлари хиралашади. Қуйидаги байтлар ҳам шоирнинг худди шундай нуқтаи назари натижаси сифатида майдонга келган дейишимиз мумкин. Унинг тасаввурича, Оллоҳ ёдисиз, ишқисиз Маккага бориш бесамар, Каъба эски дўкон янглиғ беэътибор:
Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?
Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни на қилай?!
Урайинму бошима саккиз биҳишту дўзахин,
Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?!
“Сиғмадим” радифли ғазалида шоир руҳий манзараларининг энг юксак чўққиси ифодаланган. У Тавҳид ҳолатининг баёнидир. Оллоҳ васлига етган, у билан бирлашган лирик қахрамон бир лаҳзалик фонийлик оламига, ўткинчи олам унинг руҳий кенгликларига сиғмайди. Бу сиғмасликнинг чексизликнинг сабаби “аналҳақлик”дир:
Онқадар нурга тўлибман осмонга сиғмадим,
Тоқи Аршу курсию лавҳу жинонга сиғмадим.
Кимга соям тушса бир нури яқин бўлди у ҳам
Дафтари руҳи қудсдурман, забонга сиғмадим.
Машраб илоҳий ишқ сарҳадларида зоҳидлар билан келиша олмайди. Чунки унга зоҳид жаннат илинжида юрган тамагир бўлиб туюлади. Шунинг учун ҳам у зоҳиднинг риё аралаш намозини бир коса май-Ишққа алмашмайди:
Зоҳид, манга бир шишада май, сенга намозинг,
Минг тақвини бир косаи майга сота қолдим.
Умуман, зоҳидликни рад этиш мумтоз адабиётимизда анъана. Бунинг моҳиятини улуғ Озар шоири Насимийнинг қуйидаги байти янада ойдинлаштиради, деб ўйлаймиз:
Зоҳидин бир бармағин кессен дўнуб Ҳақдан гачар,
Кўр, бу Мискин ашиги, сарпа сўярлар ағламаз!
Машраб тасаввуф ғояларини тарғиб қилувчи етук мутафаккир, мутасаввуф шоир бўлиши билан бирга, оддий инсоний кечинмалар куйчиси сифатида ҳам намоён бўлади. Унинг асарларида Ватан соғинчи, она олдида қарздорлик туйғусидан изтиробланиш каби кечинмаларнинг самимий ифодасини кўрамиз.
Машраб асарлари бадиияти ҳам ўзига хос. Унинг ғазаллари кутилмаган халқона ифодалар билан сайқалланади. Тимсоллар тизимининг ҳам ўз силсиласи мавжуд.
Шоирнинг қуйидаги байтини ўқиб, юрагингда ҳижроннинг заъфар рангини ҳис эта бошлайсан, киши:
Сариғ садбарг ширин сўзлук юзингни кунда бир кўрсам,
Юзунгдин юз ўгурмасман агар юз минг бало кўрсам.
Халқ орасида сариқ гул ҳижрон-айрилиқ тимсоли дейишади. Демак, бу байтда “сариқ садбарг”-атиргул ҳақида гапирилиши тасодифий эмас.
Бу каби янгича қиёсу ташбиҳларни , тимсоллар тизимини шоир шеъриятидан кўплаб келтириш мумкин.
Муроджон РАҲМАТОВ,
ЎзЖОКУ талабаси
АДАБИЁТЛАР:
- Бобораҳим Машраб. Меҳрибоним қайдасан? Т.: 1990.
- Қиссаи Машраб. Т.: 1992.
- Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. Т.: 1991.
- Комилов Н. Тасаввуф. 2-китоб. Т.: 1999.
- Жумахўжа Н. Миллий истиқлол мафкураси ва адабий мерос. Ф.ф.д. учун ёзилган диссертация автореферати. Т.: 1999.
1И. Ҳаққул. Тасаввуф ва шеърият. Т., 1991. 173- бет.
2 Н.Комилов. Тасаввуф. Иккинчи китоб. Т., 1999, 131-бет.
2 Қиссаи Машраб. Т., 1992 138-бет.
1Қиссаи Машраб. Т., 1992 142- бет
2 Ўша асар, 59-бет.
1 Н.Комилов.Тасаввуф,2-китоб.Т., 1999, 194-б.
2 Алишер Навоий.Асарлар,15 томлик,15-том, 79-б.
1 Укбо-охират .