Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тилга тушов “терминлар”

 736 total views,  29 views today

Ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсади, устувор йўналиши ва вазифалар  белгилаш мақсадида ўтган йили  Президентимиз “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги  фармонни имзолади. Унда давлат тилининг нуфузини ошириш, мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳар бир шахснинг, аввало, тил туйғуси тарбиясига эътиборли бўлиши ҳаётий зарурат сифатида таъкидланган.   

Чиндан ҳам ўзлигини англаган миллатгина она тилининг қадрига етади, тилга бўлган меҳр ва эътибор фарзандларимизни Ватанни севишга чорлайди.     Тил меъёрларига риоя қилиш, тозалигини сақлаш, унинг равнақи йўлида курашиш бу юртда умргузаронлик қилаётган ҳар бир шахснинг, хусусан ўзбек тилида ижод қилувчи қалам аҳлининг, босма ва электрон нашрларда хизмат қилаётган журналистларнинг муҳим вазифасидир.

Болалар боғчаси ва мактабда таълим олаётган ёш авлод дарслик баробарида газета ва журнал варақлайди, радио эшитади, ойнаи жаҳон қаршисида ўтиради. Ҳақиқатан ҳам, фарзандларнинг тил ўрганишида, тилнинг сир-синоати, меъёр ва қоидаларидан воқиф ва чиройли нутқ соҳиби  бўлишида ён-атрофимиздаги “дорулфунун” ҳам бир дарсхона.  Бироқ бу дарсхонанинг “таълим”ми ҳар доим ҳам рисоладагидекми?

Афсус, ифода имкониятлари чексиз-чегарасиз туюлгани билан саралаб фойдаланиш ўрнига баъзан ўзимизга мақбул баённи қўллаймиз, сўз ўрни-мавриди, ундаги маъно ва мантиққа ҳар доим ҳам эътибор қаратмаймиз.

Тил бойлигини намойиш этишда, хусусан, “ойнаи жаҳон” энг таъсирчан восита. Кўрсатув савияси бошловчининг гўзал ва маънодор нутқию, сўз қўллаш маҳоратига бевосита алоқадор. Турли ёшдаги аҳоли телевизор томоша қилаётиб, маълум даражада тил ўрганиши ҳам мумкин. Бу, албатта, бошловчидан услуб (баён тарзи) ва ифода санъатига янада эътиборли  бўлишини тақозо этади. Нутқ маданиятидаги саёзликнинг эшитувчига нохуш таъсирини эса тасаввур қилиш мушкулмас.

Сухандон: “Энди шу ва бошқа хабарларнинг батафсил тафсилотига ўтамиз”. Бу ерда “батафсил” сўзи ортиқча.

“Гол муаллифи”, “зарба муаллифи” каби бемантиқ ифодалар даврий нашрларда кўп танқид қилинган. Телебошловчи ё шарҳловчилар хулоса чиқаришдими? Теледастурларнинг эрталабки сонида эшитамиз: “Ошхонамизнинг бугунги муаллифи…” ёхуд “Бугунги дастурхонимизга фалончи муаллифлик қилди”. “Ассалому алайкум, жаноблар!” дея томошабинга юзланади бошловчи. Эҳтиром яхши. Бироқ экран қаршисида ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам “жаноб”ми? Дастурга ажратилган вақт ниҳоясига етяпти. Диктор “вақт – олий ҳакам” дейди вақтнинг чегараланганидан афсусланиб. ( “Вақт – одил ҳакам” деган шакли ҳам мавжуд бу мақолнинг). Яъни, кун келиб вақтнинг ўзи ҳукм чиқаради – воқеа ойдинлашиб, ҳар ким ишига яраша мукофот ё жазосини олади. Кўрсатувга ажратилган вақт  ёхуд вақтнинг тез ўтишига “вақт – олий ҳакам”нинг қандай алоқаси бор?

“Мен сартарошман” дейди студия меҳмони – аёллар соч турмаги-ю пардоз-андози билан шуғулланувчи қиз бола (стилист). Аждодларимиз бу касб соҳибаларини  “машшота” дейишган. Сартарош – бу соч-соқол олувчи уста-ку?

Информацион дастурларда қисқа хабарларнинг титр шаклида бериб борилиши яхши, албатта. Томоша қиламиз, эшитамиз, ўқиймиз. Бироқ гоҳида маъно-мантиқнинг шу қисқа сатрлардаги ноқислиги дилни хира қилади. “АҚШ президенти коронавирус пандемияси тез орада тугашини ваъда қилди”.  Ёхуд: “Сохта валютафурушлар қўлга олинди”.

Айрим нашрларда, шунингдек, ижтимоий тармоқда ҳам шунга ўхшаш саёз ва мантиқсиз жумлаларга дуч келамиз: “Янги мактабимиз 120 қувватли бўлиб, атига (балки “атиги”дир) 6 та хонадан иборат”. “У энг машҳур ва талабгир актрисалардан…” “Актриса илк бор (ёхуд иккинчи марта) она бўлди”.

Тилнинг сеҳрли дунёсида, хусусан, дунёнинг энг бой тилларидан бири   – ўзбек тилида, юқорида таъкидлаганимиздек, баён имкониятларини жуда кенг, луғат бойлигидан ўринли (муносиб сўзни саралаб) ва оқилона фойдаланиш қолади, холос.

Сўз автоавария ҳақида бораркан, телевидение (ё радио) қурбонлар борлигини хабар беради: “Бир киши вафот этди”. Боболаримиз касаллик сабаб ё ўз ажали билан оламдан ўтганни “вафот этди” (ё “қазо қилди”), нохуш ҳодисалар боис жаброна кўз юмганни “ҳалок бўлди” дейишган.

Баъзан рус тилидаги ифодаларни айнан таржима қиламиз, бу ўзбек тилининг табиатига мувофиқми ёки йўқми, ҳисобга олмаймиз. Масалан, “несчастный случай”ни “бахтсиз ҳодиса” деб қабул қилдик. Ҳолбуки, бахт ва бахтсизлик фақат инсонга хос, воқеага эмас. Аварияга боғлиқ ҳодисани “бахтсиз ҳодиса” эмас, “нохуш ҳодиса”, “автоҳалокат” эмас, “автоавария”  (автофалокат) ёхуд “йўл-траспорт ҳодисаси” деб ифодалаш саҳиҳроқ. “Ҳалокат”да, таъкидлаганимиздек, ўлим маъноси мужассам. Автоавария  эса “биров ўлди” дегани эмас-ку.

“Ҳаётимни бадном қилди”,  дейди фильм қаҳрамони. Ёхуд: “Унинг камоли инсон бўлиб етишида муносиб ҳисса қўшди”.  Шунингдек, “Хаёлимга бир фикр келди”.

Ҳаёт эмас, инсон бадном бўлиши мумкин. “Комил инсон” ёхуд “инсони комил”нинг маъноси бор, “камоли инсон”да мантиқ йўқ. “Ўй”, “хаёл”, “фикр” каби сўзлар бир-бирига синоним, айни чоғда ҳар бири ўз мавқеига эга. Мақсад, таклиф, маслаҳат каби маъноларни ҳам қамраб олган
“фикр”нинг қандай  “хаёл”га келишини тасаввур қилиш қийин.

Ҳар бир тилнинг луғавий таркибида бошқа тилдан кирган калималар мавжуд. Хусусан, форс-тожик адабий тилида ука, ота, ясавул, бутун, қишлоқ, қадоқ, босмачи, юриш (ҳарбий ҳаракат маъносида) каби ўнлаб туркий сўзларнинг асл шаклини, шунингдек, ака, тоға, дада, қани, опа, қоровул, оқсоқол, қўшин) сингари бир оз ўзгарган (ако, тағо, додо, кани, апа, қаровул, оқсақол, қўшун) ҳолатини кўрамиз. “Қопқон” рус тилида –“капкан”, “қоровул” – “караул” шаклида қўлланилади. Яъни турли халқларнинг бошқа тилдан кирган сўзларни ўз талаффузига мослаб қабул қилиши табиий ҳолатдек. Бироқ ўзбек адабий (шунингдек араб ва форс)тилининг луғавий таркиби асрлар давомида  “Қуръон”даги муқаддас сўз, ибора-ю ифода ва мафҳумлар билан ҳам бойиган,  бу тилда жаҳоншумул асарлар ёзилган.  Ўтмишнинг ҳурмати учун ҳам имкон қадар дурдона сўзларни ўз шаклида, маънодорлигини сақлаган ҳолда  қўллаш  – нур устига нур, фикримизча.

Араблар отанинг ака ё укасини – “аму”, шу тил таъсирида форс-тожиклар “амак”, ўзбеклар “амаки” дейишади. Фикримизча, “амаки”дан кўра “амак” саҳиҳроқ (Ҳамид Ғулом ўз асарларида “амак”ни қўллаган).

Ғийбат деймиз ва ёзамиз. Маъноси – бировни орқаворатдан ёмонлаб гапириш, фисқ-фасод. “Ғийбат”нинг оригинал шакли – ғайбат. Араб алифбосида тўрт ҳарф билан ёзиладиган бу сўзни “ғийбат” ҳам ўқиш мумкинку-я, лекин илдизи –“ғайб”, маъноси  – кўринмайдиган. “Илми ғайб” (“илми ғойиб”) деган ибора мавжуд. Ҳофиз Шерозийни “лисон ул-ғайб” деб улуғлар эди ҳазрат Навоий. Шундан келиб чиқиб, шева ё оғзаки нутққа асосланган “ғийбат”, “ғийбатчи” ўрнида  “ғайбат”, “ғайбатчи” деб ёзишимиз мақбулроқмасмикин? “Ғийб”нинг маъноси йўқ.

“Бузрук” билан (масалан, падари бузрук) “бузург” ҳам эски алифбода бир хил ёзилади (бе, зе, ре, коф). “Бузург” – буюк, қудратли деган маънони билдиради.
“Бузрук”-чи? Тилшуносликда ассимиляция-диссимиляция деган ҳодисалар бор, шунингдек, сўз таркибидаги  ҳарфлар жой алмашиши – шакл ўзгариши мумкин, аммо, фикримизча, бу ерда бир замонлар содир этилган хато – мутахассиснинг сўзни тўғри ўқиёлмагани “бузург”нинг “бузрук” бўлишига сабаб бўлган.

“Чодир” (чодар)нинг маъноси – каппа, гўшангга, паранжи ўрнида ёпинадиган махсус ёпинчиқ. Лекин шевадаги “чодра” адабий тилдаги “чодир” (“чодар”)нинг ўрнини эгаллагандек. Масалан: “Она юзидан қора чодрасини туширди”.

Ўрин-тўшак устида ёзиладиган ёпинчиқнинг “чойшаб” эмас, “жойшаб”лиги, доимий харидор (русчаси – клиент) “мижоз” эмас, “мизож”лиги, шунингдек, “оммабоп”, “рўзғорбоп”нинг аслида  “оммабоб”, “рўзғорбоб” бўлиши ва “хуб” (маъноси – яхши) нинг “хўп”га, шунга ўхшаш кўп маънодор сўзларнинг бемаъно шаклга айлангани кўпчиликка маълум.  Бироқ аслда бундай, сиз нотўғри ёзяпсиз, деб замондошларимизни айбдор қилишдан йироқмиз.  Имло тузишда минг йиллик аждодлар меросигамас, шева ва авом тилига кўпроқ таяниб, гоҳида лаҳжа ва адабий тилни “қориштириб” юборган ўтган даврдаги мутаассисларга ҳам осон бўлмаганини биламиз –  ҳукмрон идеология “оддий халқ тушунадиган янги тил, янги адабиёт яратиш керак” деган ғояни илгари сурар эди. Натижада, алломаларимиз қўллаган бир қатор сўзлар шаклан ўзгарди, маъно зарар кўрди. Бугунги кунда “нонвой” баробарида “новвой”ни, “шохобча” баробарида “шаҳобча”ни қўллаймиз, “асло”нинг асл маъносига эътибор қаратмай, ўрнида “асти”дан ҳам фойдаланеварамиз ва ҳоказо.

“Тақиқланган деб “ман этилган”ни тушунамиз, ҳолбуки, классикларимиз луғатида “таҳқиқ” бор, “тақиқ” йўқ (маъноси – тафтиш қилиш, ҳақни (ҳақиқатни) аниқлаш. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тақиқчи – “тақиқ қилувчи”, “кўз остига олиб, тергаб турувчи”, “терговчи” маъноларида шарҳланган. Ойбек бу сўзнинг тўғри шаклини қўллаган: “Қизнинг Тўғонбек томонидан олиб қочилгани таҳқиқлаганда, гап чувалаши мумкинлигини мулоҳаза қилди. “Тақиқ” эмас, “таҳқиқ” деб ёзишимиз (илдизи – ҳақ), маъносини ҳам тўғри тушунмоғимиз мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Кўнгил айниб, еган-ичганни қайтариб ташламоқ, яъни қусмоқни “қайт” деймиз (ўзбекча деб ўйлаймиз бу сўзни), ваҳоланки, “қай” деб ифода этишимиз мақсадга мувофиқ – мумтоз адабиётимизда араб тилидан кирган, икки ҳарф (қоф ва йо) билан ёзиладиган  “қай”га дуч келамиз, “қайт”га эмас.

Сўз шаклини тўғри ёзишда гоҳо имло ва изоҳли луғатларга муҳтожлик сезамиз. Донишманд боболаримиз тузган луғатлар мукаммаллик касб этган. Бироқ дастуруламал ё манба сифатида хизмат қилаётган бугунги имло ва луғатлар талабга тўлиқ жавоб берадими? Фильмлардаги кўпроқ шевада сўзлашларни тушуниш мумкин, адабий ва бадиий тилдаги “шева”ни-чи? Афсус, шевадан фойдаланиш масаласида сал кам юз йил муқаддам йўл қўйилган эътиборсизлик давомли бўлди. 1981 йилда чиққан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “чодир” сўзи шундай шарҳланган: “Матадан қурилган капа”.  Шевада “мата” дейишнинг айби йўқ.  Аммо араб тилидан кирган (мим, те, алиф ва айн ҳарфлардан таркиб топган ) бу сўз ёзма адабиётда “мата” бўлиши керакми ё “мато”(ъ)ми? Илмий адабиётдаги матнлар шевага эмас илмий услуб, такомилга етган адабий тилга асосланиши лозиммасми?

Тилнинг бутун бошли бир халққа, миллатга тегишлилиги барчага аён. Маълумки, ўзбек тили бугунги кунда жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларида энг нуфузли тиллар қаторида ўқитиляпти, бошқа миллат вакиллари ҳам бу тилни она тилидай севади ва муомала қилади. Шундоқ экан унинг жаҳоншумул аҳамиятини англаш, тозалигини сақлаш, бузиб гапириш ва ёзишдан тийиш, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, она ва Ватанни севгандай  севиш ва қадрлаш, ривожланиб янада мукаммаллик касб этиши йўлида курашиш  ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир шахснинг фуқаролик вазифасидир.

Муҳаммад ШОДИЙ