Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Президентликка номзод сайловчилар билан учрашмоқда

 596 total views,  5 views today

Айни вақтда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Учрашувларда номзод таржимаи ҳоли ва дастури билан таништиришдан ташқари сайловчиларнинг саволларига жавоб ҳам берилмоқда. Тадбирлар мазмуни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ранг баранглик касб этди. Қуйида учрашувлардаги номзод маърузаларидан бир шингилдан келтирамиз.

Фарғона вилояти. “Маълумки мамлакатимизнинг шарқий минтақасида, ҳақли равишда “олтин водий” деб ном олган Фарғона водийсида жойлашган саҳоватли Фарғона вилояти ўзининг бетакрор табиати, кўҳна тарихи, катта иқтисодий салоҳияти, унумдор тупроғи, бой деҳқончилик анъаналари, энг муҳими, меҳмондўст, меҳнаткаш, тадбиркор ва омилкор инсонлари билан алоҳида ажралиб туради.

Фарғона Марказий Осиёнинг дурдонаси деб, бежиз айтилмаган. Чунки Фарғона вилоятида жами 400 дан ортиқ моддий маданий мерос объектлари мавжуд. Ана шу улуғ меросни жиддий ўрганиш, уни авайлаб-асраш ва келажак авлодларга бенуқсон етказиш барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир. Қолаверса, бу заминда дунё илм фанининг ривожига катта ҳисса қўшган не-не олимлару машойихлар яшаб, ижод қилган.

Шарқшунос сифатида шуни алоҳида таъкидлашим мумкинки, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Фарғоний, Марғилоний, Хўқандий, Яйфоний тахаллуси билан ёзилган кўплаб қўлёзма асарларини учратганман. Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғилоний, Амирий, Увайсий, Нодира, Хўжаназар Хувайдо, Азимий, Муҳйи Хўқандий, Маҳмуд Ҳаким Яйфоний, Ҳазиний, Муқимий ва бошқа кўплаб исмларни келтиришимиз мумкин.  Бу олимлар математика, фалакиёт, тиббиёт ислом илмлари, аҳлоқ илми ва адабиётда замонасининг етуклари бўлган.

Фарғона аҳлининг қонида илму-фанга, адабиётга, санъатга бўлган жўшқинлик бор. Ушбу жўшқинликни шиддатини бугун биз янада кучайтиришимиз керак. Чунки бу миллатимизни, давлатимизни келажаги учун муҳим.  Зеро, Имом Бухорийнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!” деб деган фикрлари ҳар замон учун ўз долзарблигини йўқотмайди. Биз ҳам ривожланишмизни ва дунёда аввалгидек етакчи миллат сифатида ўз ўрнимизни эгалламоғимиз бизнинг биргаликдаги энг катта вазифамиздир.

Фарғона ҳунармандлар марказидир. Бу ўринда, Марғилон ипакчилигу-тўқимачиликни, Риштон кулолчиликни, Қўқон ёғоч ўймакорлигию-кандакорликни  санъат даражасига кўтаришган.  Қўқон ва Марғилон ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг шуҳрати баланд бўлганлигидан ҳатто дипломатик муносабатларда совға тариқасида улашилган. 1820 йилда Қўқон хони Умархон томонидан Усмонийлар султонига юборилган ҳадялар орасидаги энг нафис ишланган маҳсулотлар Қўқон ва Марғилон шаҳарларида тайёрланган матолар ва қўлёзма китоблар бўлган”.

Сурхондарё вилояти. “Сурхон воҳаси инсоният цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган масканлардан бири саналади. Мамлакатимизнинг “жанубий дарвозаси” саналган ана шу табаррук замин тарихий тараққиётнинг узоқ даврларига бориб тақаладиган ўз кечмиши жараёнида  катта, айни дамда масъулиятли ва курашларга бой ўтмиш йўлини босиб ўтди. Сурхон замини ибтидоий одамларга ошён бўлган манзилгоҳ саналади. Инсоният тарихида “неоантроп”, яъни “янги одам” деб аталадиган неандертал одамлар дастлабки маконининг шу воҳа ҳудудидан топилиши ҳам бу ер тарихининг нақадар улуғвор эканлигидан далолатдир. Қолаверса, инсоният маънавий оламининг бир бўлаги бўлган қоятош тасвирлари чекилган Зараутсой битиклари воҳа аҳли маънавий дунё қарашининг илдизлари жуда қадим даврларга бориб тақалишини исботлайди. Ҳақиқатдан ҳам, Сурхон воҳаси тарихи қадим тош асрининг палеолит замонлари билан ҳамоҳанг тарзда шаклланган тўхтовсиз жараёндир. Ана шу узоқ даврлик тарих мобайнида воҳа ҳудуди улкан ўтмишни бошдан кечирди. Шарофиддин Али Яздий  ўзининг “Зафарнома” асарида Термизнинг мўғул босқинчиларига қаттиқ қаршилик кўрсатганини таъкидлаб, бу шаҳарни “Эрлар шаҳри”, яъни мард, баҳодирлар юрти деб таърифлайди.

Сурхондарёдаги олимларнинг кўпчилиги “Термизий”
тахаллуси билан ном чиқарган. Улар, тарих, география, фалсафа, ҳуқуқшуносликка оид асарлари билан танилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий, Шаҳобуддин Собир Термизий, Муҳаммад ибн Ҳамид Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий ва бошқа жуда кўплаб алломалар шу воҳадан етишиб чиққан.

Бу заминда халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиёт ривожланиб келган. “Алпомиш” достони яратилган макон сифатида шу воҳада байрам қилиниши, 40 дан ортиқ “Термизий”, 10 дан ортиқ “Чағоний” тахаллуси билан ижод қилган алломаларнинг илмий-адабий мероси буни тўлиқ исботлайди.

Қолаверса Омонхона сувининг фойдалилиги, Сангардак шаршараси, Хўжа Майхона, Хўжаипок ота, Ҳисор ва Боботоғ тизмаларидаги бетакрор манзилгоҳлар воҳанинг табиати нақадар чиройли эканлигини кўрсатади”.

Навоий вилояти. “Навоий вилояти тарихий – меъморий ёдгорликлари орасида Қосим Шайх, Мавлоно Деггароний, Тошмасжид, Чилустун, Шайх Гадой Серкун ота, Ҳазрати Саййид Ота, Қилич Ота масжид ва мақбаралари, Нурота Чашма мажмуаси, Ғазғон қишлоғидаги мармар конлари алоҳида аҳамиятга эга.

Навоий вилоятининг ҳар бир ҳудуди ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Хусусан, Кармана қадимдан йирик ҳунармандчилик, савдо иқтисодий-маданий, маъмурий марказга айланган. Бухоро хонлиги даврида Кармана ҳар жиҳатдан юксалишга юз тутгани тарихий манбаларда қайд этилган. Кармана Темурийлар, Шайбонийлар даврида жумладан Абдуллахон иккинчи замонида янада тараққий этган. Хусусан, илм-фан, маданият, меъморчилик, адабиёт ва санъат соҳалари ривожланган. Кўплаб работ, сардоба ва мадрасалар қурилган. Карманадаги ўрта асрларга оид Мир Саййид Баҳром мақбараси, Сардоба сув иншооти шарқ меъморчилигининг ноёб дурдоналари ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида улкан аҳамият касб этиб келаётган Навоий вилояти қисқа вақт ичида қудратли саноат марказига айланди. Вилоят саҳро бағрида дастлаб саноат имкониятларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган эди. 1992 йил январда Навоий вилоятининг қайтадан ташкил этилиши бу ҳудудни жадал ривожлантириш борасидаги кенг имкониятларни очиб берди. Вилоят мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва маданий жиҳатдан тараққий этиб боргани сир эмас.

Навоий вилояти илмий марказлари ва олий ўқув юртлари таълим ва илм-фан соҳасида халқаро алоқаларни йўлга қўйган. Бу алоқалар доирасида кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди, илмий анжуманлар ташкил этилди. Бироқ вилоятнинг бу борадаги халқаро алоқаларини иқисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга қараганда суст ривожланганлигини кўриш мумкин. Шу сабабли вилоятнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги халқаро алоқаларини янада кучайтириш лозим”.

Андижон вилояти. Фаолиятим давомида кўплаб хорижий мамлакатларда бўлганман. Ана шу сафарларда Андижонни шоҳ ва шоир Бобур юрти сифатида танишларига кўп бор гувоҳ бўлдим. Дарҳақиқат, Бобур бугун дунёдаги йирик давлатлардан бўлган Ҳиндистоннинг сўнги 500 йиллик тарихини ўзгартириб юборган сулолага асос солган шахс. Мана шундай буюк шахснинг Андижон заминида етишиб чиққани менда фахр, ифтихор туйғусини уйғотади. Бу заминда яна ўрта аср мусиқашуноси Юсуф Андижоний, замонамиз уламоларидан муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шоир Чўлпон, Муҳаммад Юсуф каби қанчадан қанча уламолар, илм-маърифат даҳолари етишиб чиқди. Уларнинг барчаси билан фахрланамиз.

Биз юртимизда етишиб чиққан буюк аждодларимиз билан, меҳнаткаш халқимиз билан қанча фахрлансак оз. Лекин ҳозир фақат фахрланишнинг ўзи камлик қилади. Буюк аждодларга муносиб ворис бўлишимиз, Ўзбекистонимизни дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига киритиш учун бир тану жон бўлиб меҳнат қилишимиз талаб этилади. Бугунги замонавий дунёда давлат ва жамият асоси юқори сифатли таълим тизи ва илм-маърифат эканлиги сир эмас. Шу сабабли, Ўзбекистон тараққиётини таълим ва илм-фансиз тасаввур қиилиб бўлмайди. Шу икки соҳани тўғри йўлга қўярканмиз юртимиздан Учинчи ренесанснинг замонавий олимлари етишиб чиқади.

Андижон деганда яна, шоир тили билан айтганда чақалоқни ҳам сизлаб, ҳурматлаб гапирадиган тили ширин халқ кўз олдимизга келади. Ширинсўзлик бу халққа қадимдан мерос. Зеро Бобур айтганидек, андижонликлар тили Алишер Навоийнинг бугун бутун дунё туркий халқари севиб ўқийдиган асарлари тили билан айнан бир бўлган.

Бугун Андижон 2500 йиллик тарихга эга эканлигини барча юртдошларимиз ҳам билмаса керак. Асрлар давомида турли даврларни бошидан ўтказган бу шаҳар Темурийлар даврида катталиги бўйича Самарқанд ва Кешдан сўнг учинчи ўринда турган. Бобур шоҳ даврида бутун Фарғона водийсининг пойтахти эди. Андижоннинг ҳозирги салоҳияти унинг бугунги кунда ҳам нафақат Ўзбекистон балки
Ўрта Осиёдаги иқтисоди кучли шаҳар сифатида хорижий инвесторлар ва сайёҳлар эътиборини оҳанграбодек ўзига жалб қила олади”.

Қашқадарё вилояти. “XX аср бошларида
Б. Литвинов Туркистон генерал губернаторлиги вакили бўлиб Тошкентдан Кеш ва Қарши вилоятига боради. Бу ўлкаларни кўриб ҳайратга тушади ва уларни “ҳали тараққиётнинг бузуқ қадами тегмаган афсоналарнинг сеҳрли ўлкаси”, деб атайди. Ҳозир бу қадам етиб келган бўлса-да, бу ўлкаларда ўша афсоналар бугун ҳам келувчиларни кутиб олади, уларни ҳануз ҳайратга солади.

Насаф ва Кеш алломалари ижодий меросини етарли даражада ўрганиш, уларни таржима қилиб, жамият аҳли ҳамда барча ўқувчилар оммасига  етказиш бугуннинг долзарб масалалридан биридир. Шу мақсадда юртимизда жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қаршида “Абул Муин Насафий имлмий-тадқиқот маркази”нинг ташкил этилиши шундай эзгу уринишлардан бири бўлди. Бу тадбир билан Ўтмиш ва Бугун муаваффақиятли тарзда уйғунлаштирилиб, туташтирилди. Яъни Қаршида 1000 йиллик тарихга эга бўлган илмий маскан тикланиб, ўз фаолиятини давом эттиришга киришди. Биз бу йўналишдаги ислоҳтлар такомиллаштирилиб, давом эттирилиши тарафдоримиз.  Масалан, Қарши шаҳрида “Абдулазиз мадрасаси”, 600 йиллик тарихга эга ва ўз даврида Шаҳрисабзнинг машҳур олий ўқув юртларидан бири бўлган “Кўкгумбаз масжиди ҳужралари” фаолияти бугунги илм-фан талабларига уйғунлаштирилган ва такомиллаштирилган ҳолда тикланиши Қашқадарё, ва албатта, юртимиз маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўларди. Бу тадбир мамлакатда учинчи ренесанс муваффақиятли амалга оширилиши учун ҳам хизмат қиларди.

Барча замонларда ижтимоий ҳаётда муаммолар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд бўлади. Улар баъзан жамиятнинг бир босқичдан бошқасига ўтиш даврларида кўпаяди, йиғилиб қолади. Уларнинг самарали ечими ҳамиша илм-фан орқали топилган, ҳал этилган. Аждодларимиз айтганидек, илм – нажот! Бу ҳолат бугун Қашқадарё учун ҳам хосдир. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзига муносиб юқори ўринларга кўтарилиши, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизликка барҳам бериш учун курашда Қашқадарё халқининг барча соҳаларидаги имкониятларини жонлантириш ниҳоятда зарур ва фойдалидир”.

“Адолат” СДП Ахборот хизмати