Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Матонат ва меҳр асло унутилмайди

 706 total views,  3 views today

Халқимизга хос фазилатлар ҳақида гап кетса, одамийлик, бағрикенглик, меҳмондўстлик ва меҳрибонлик каби хислатлар албатта тилга олинади. Бу бежиз эмас. Зеро, ўзгага меҳр улашишда, чин инсонийлик ила оқибат кўрсатишда халқимизга етадигани йўқ. Ўтмишда ҳам, бугун ҳам бу каби жиҳатлар яққол кўзга ташланмоқда. Бунга мисол тариқасида иккинчи жаҳон уруши йилларини оладиган бўлсак, ўша суронли дамларда халқимиз кўрсатган матонатни ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқи 1941-1945 йилларда иккинчи жаҳон уруши йилларида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Бу урушда ёвузлик устидан эзгулик тантана қилди.

Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, шафқатсиз урушнинг даҳшатлари ҳамон кишилар қалбини ларзага солиб келмоқда. Ўша йилларнинг даҳшатлари, ғалаба йўлида чекилган азоб-уқубатлар тарих сабоқларидан хулоса чиқаришга, тинчлик қадрига етиб яшашга ундайди. Ғалаба ўз ўзидан бўлмаганлигини, миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг қони эвазига қўлга киритилганлигини унутмаслигимиз керак. Юртдошларимиз Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши барча тинчликпарвар кучлар қаторида туриб жангга отланган эди. Шу ўринда, айтиш керакки, республикамиз аҳли авваламбор жонажон Ўзбекистон учун ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари, суюкли ёрлари учун жангга отландилар, қолаверса, дунёнинг тинчлиги – Ўзбекистоннинг тинчлиги, деб билдилар.

Урушнинг дастлабки ойидаёқ ҳарбий хизматга мажбурияти бўлган минглаб ишчи, хизматчи, колхозчи ёшлар урушга жўнатишни сўраб ариза бердилар ва фронтга жўнаб кетди. Ўзбекистон фуқароларидан юзлаб миллий ҳарбий қўшилмалар, ўқчи ва отлиқ дивизиялар, бригадалар тузилди, уларга ҳарбий таълим берилди ва фронтга жўнатилди.

Манбаларда қайд этилишича, Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, 1,5 миллиондан ортиғи урушда бевосита иштирок этган. Ёш гўдаклар, болалар, қария ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг учдан бир қисми жанговар ҳаракатларда қатнашган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 500 мингга яқин юртдошларимиз ҳалок бўлди, қанчадан-қанчаси бедарак кетди,
минглаб инсонлар ногирон бўлиб қайтди. Қайд этилган рақамлардан урушнинг оқибатлари халқимиз ҳаётига қандай оғир жароҳат етказганини тасаввур этиш мушкул эмас.

Уруш йилларида Ўзбекистонга 1,5 миллион киши, жумладан 250 минг бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларнинг барчасига чинакам меҳр кўрсатди, сўнгги бир бурда нонини ҳам кўнгли ўксиклар билан баҳам кўрди.Тошкен шаҳри мисолида қарайдиган бўлсак, шаҳар марказий давлат арҳивининг с-330 жамғармаси, 1-рўйхат, 1-19-йиғма жилдлардаги маълумотларга кўра, Тошкен шаҳрининг ўзида 30 ортиқ миллат вакилларидан иборат фуқаролар эвакуация қилинган. Хусусан, Тошкент шаҳрига аҳолини кўчириш бошқармасининг жамғарма ҳужжатларида, 1941 йил сентябрь ойидан 1942 йилнинг август ойигача эвакуация қилинган аҳоли сони 76943 минг кишини ташкил этганлиги қайд этилган. Бундан ташқари, 1942 йилнинг феврал ойидан 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган 12071 та эркак, 24 минг аёл 7,5 мингга яқин ёш болалар, 6583 та ўсмирларни Тошкент шаҳри ўз бағрига олган. Шулардан, 13126 таси иш билан таъминланиб, 4600 кишига  моддий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳаммаси уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган. Шаҳар марказий давлат архивининг с-13-жамғарма, 3-рўйхат, 66-йиғма жилдида сақланиб келаётган маълумотларга кўра, Шомаҳмудовлар оиласи турли миллат вакилларидан иборат болаларни фарзандликка олишган. Архивнинг с-10 жамғарма,18-рўйхат,37-йиғма жилд ҳужжатларидаги маълумотларга кўра, 1943-1944 йилларда Россиянинг турли шаҳарларидан кўчириб келтирилган фуқаролар рўйхати мавжуд бўлиб, унда 2 минг 335  нафар фуқаронинг рўйхати мавжуд. Ўзбекистонга кўчириб келинган 150 дан ортиқ заводларга 6 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар кунига 11 соатдан меҳнат қилган. Архивнинг 10-фонд, 18-рўйхат, 31-йиғма жилд маълумотларига кўра, 1941 йилда Тошкент шаҳридаги 42 та саъноат корҳоналарида 11500 га яқин ишчилар ўқитилган. Уларнинг 65 фоизи аёллар бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 май куни Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда
таъкидлаганларидек: “Тарихга сергак қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олади. Бу эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир”.

Ўша суронли йилларда жанггоҳлар ва фронт ортида жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган юртдошларимизни хотирлаш ва бугун сафларимизда бўлган азиз фахрийларимизни қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ғани ЖЎРАЕВ,

Тошкент шаҳар марказий давлат архиви етакчи архивчиси