Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Аҳоли манфаатларини таъминлаш —бош мақсад

 608 total views,  7 views today

Ҳар бир олий таълим муассасаси талабаларини ётоқхона билан тўлиқ таъминлай олиш керак

Мамлакатимизни ривожланган мамлакатлар сафига киритишни ният қилар эканмиз, ана шу маррага олиб чиқадиган ягона куч бу кадрлардир.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони икки баробар, қабул квотаси 2,6 баробар, талабалар сони эса 2,3 баробарга ошди. Аҳолининг олий таълим билан қамровининг ошишига хизмат қилиши ижобий хол. Бу мамлакатимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш билан боғлиқ масала.

“Ҳукумат соати”да депутатлар ОТМ талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилмоқда. Халқ вакилларининг саволларига олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир
Тошқулов жавоб берди. Талабалар контингенти 640 минг нафарга етган. Бу   катта кўрсатгич.

Бир пайтда нафақат қабул квоталари, олий таълим муассасасалари сонини ошириш, балки талабалар учун қулай яшаш шароитини яратиш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Ўқув бинолари бўйича муаммолар ҳал этилди, кўплаб коллеж бинолари берилди, янги бинолар қурилди. Ётоқхоналарда ўринлар сони 25 фоизга оширилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 майдан
бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси ёки қонуний вакилларига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши йўлга қўйилган.

Бунда ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозимлиги ҳамда олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкинлиги назарда тутилган. Масъулларга мазкур тизим орқали дастлабки босқичда 60 минг нафар ёшлар қамраб олиниши юзасидан топшириқ берилган.

Қўшимча ётоқхоналар қуриш, бунинг учун давлат субсидиясини бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин Ҳукумат ва Олий таълим вазирлигининг бу борадаги саъй ҳаракати талаб даражасида дея олмаймиз. Кўп талабалар ижарада, қариндошиникида яшаб, кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Ётоқхонага қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149 минг атрофида қолмоқда. Шу сабабли, талабалар турли ижара уйларда яшашга мажбур.

Хозирги пайтда Ўзбекистондаги биронта олий таълим муассасасининг ўзидаги талабаларни тўлиқ сиғдира оладиган ётоқхонаси йўқ.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси турар-жойларга муҳтож талабаларни қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш тарафдори. Бунинг учун биз янгидан ташкил этилаётган хусусий ва хорижий олий таълим муассасаларига бир вақтнинг ўзида талабалар ётоқхонасини қуриш вазифаси топширилиши керак, деб ўйлаймиз. Шунингдек, мавжуд ётоқхоналар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мавжуд университетлар қошида янги ётоқхоналарни қуриш ҳамда ижарага арзон уй берган мулк эгаларига солиқ имтиёзлари берилишини таклиф этамиз.

Ногиронлар учун
қайғурамиз

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахс бор. Мамлакатимизда эса 780 минг нафар ногиронлиги бор инсон рўйхатга олинган. Шулардан 350 минг нафари ишга лаёқатли. Аммо жамиятимизда уларнинг эҳтиёжи ва
муаммоларига эътиборни кучайтириш зарур бўлган кўпдан кўп масалалар бор.

Жорий механизмга
назар

Эсингизда бўлса, ўтган йили 15 октябрда  “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун имзоланган эди. Шу йил 7 июнь куни “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ҳамда 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. 2021–2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида, жами 42 та умумий ўрта таълим мактабида инклюзив таълим тизими жорий қилинди. Уларнинг инклюзив синфларига 76 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларни Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантиришнинг муҳим ҳуқуқий асоси, дейишимиз мумкин. Бу орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янада кафолатланмоқда. Имконияти чекланганларни жамиятга тўлиқ ижтимоий интеграция бўлиш чорасини кўриш ва шарт-шароит яратишга жиддий эътибор қаратиляпти. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда ногиронлиги бўлган шахслар ҳар йили икки марта диспансеризациядан ўтказилади. Санаторийларда режали соғломлаштирилади ва ихтисослаштирилган стационарларда даволанади. Тўғри, эътиборга арзигулик ислоҳотлар олиб бориляпти, ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлашга давлат томонидан алоҳида аҳамият бериляпти. Лекин аксарият ҳолларда қабул қилинган қонунлар ва қарор, фармонлар ижроси мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ бажарилмаяпти. Ногиронлиги бор
шахслар ҳуқуқларини амалда қўллаш механизмлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Мана асосий масала.

Инклюзив таълим олиш ҳуқуқи

Охирги пайтда инклюзив таълим тушунчаси тез-тез тилга олинмоқда. Инклюзив таълим нима дегани ўзи? Бу мактабгача, ўрта ва олий таълимни ўзгартириш жараёни бўлиб, барча ногиронлиги бўлган фарзандларимиз ундан фойдаланиши, ушбу таълимни уларнинг турли эҳтиёжларига мослаштириш мумкинлигини кўзда тутади. Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан ҳар қандай камситишни истисно этадиган, барча учун тенг муомалани таъминлайдиган, лекин махсус таълим эҳтиёжига эга болалар учун зарур шароит яратадиган мафкурага
асосланади. Ҳақиқаттан ҳам, ногиронлиги бўлган болалар ҳам соғлом болалар билан бир хил эътиборда ўқий олиши керак. Таҳлилларга кўра, агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, ногиронлиги бор 16 ёшгача болаларнинг 80 фоизидан ортиғи бемалол мактабга бора олади. Бу қанчадан-қанча болаларнинг кўнглига ёруғлик олиб киради, улар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис қилади, шу тариқа ҳаётга қараши ўзгаради, ишончи
мустаҳкамланади. Шундай болалар борки, уларда ногиронликнинг енгилтаълим муассасаларида ўқияпти. Лекин уларда таълим сифати кутилгандек юқори самара бермайди. Яқинда ОАВда Буюк Британиянинг Сассекс университети, Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсуповнинг шу масала юзасидан фикрлари эълон қилинган эди. Унда муаллиф Ўзбекистонда инклюзив таълимни
ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга урғу қаратган. Хусусан, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда илк марта инклюзив таълим тушунчаси киритилган, уни ташкил этиш механизми белгиланган бўлишига қарамай, ҳанузгача бундай тартиб ишлаб чиқилмаганига эътибор қаратган.

Олий таълимда ногиронлиги бор шахслар учун шароит
бор (ми)?

БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ногиронлиги бор шахслар учун оқилона қулайликларни таъминламаслик уларни камситиш, деб қабул қилинади.
Конституциямизда ҳам барча учун таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Миллий қонунчилигимизда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун салоҳиятларини юзага чиқаришда тенг ҳуқуқлар белгиланган. Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни ҳам сифатли ташкил этилмаяпти. Бошланғич шароитларда яхши таълим берилмаса, бу кейинги босқичдаги таълим сифатига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Маълумки, олий таълим даргоҳларига кириш учун ногиронлиги бор шахсларга 2 фоизлик квота ажратилган. Бу имтиёз олийгоҳда ўқишни хоҳлаган қанчадан-қанча ёшлар учун яхши имконият бўлди, уларнинг ҳаётида, шубҳасиз, туб бурилиш ясади. Аммо олий таълим даргоҳларида улар учун керакли шароит мавжудми? Асосий масала шунда. Имтиёздан фойдаланиб, институтга кирган ногиронлиги бор йигит-қизлар дарсга қатнаши учун қийинчиликларга дуч келмайдими, ишқилиб? Остонасиз кириш, зинапоялар, пандуслар, лифтлар ва бошқа қулайликлар мавжудлиги ҳисобга олинганми? “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, барча давлат муассаса ва ташкилотлари ногиронлиги бор бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма, транспорт, алоқа воситалари ва ахборотдан фойдаланишда тенг имкониятларни таъминлаши керак. Ҳаттоки, ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатларда қонунда маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Яна бир масала, эшитиш қобилияти чекланган талабалар учун маърузалар вақтида имо-ишора тилида таржима билан таъминлаш учун қулайликларнинг мавжуд эмаслигида. Тасаввур қилинг, кар ва заиф эшитувчи талабалар сурдо таржимасиз дарсларни қандай ўзлаштиради? Кўриш қобилияти чекланган талаба ўқитувчи доскада нима ёзаётганини кўрмаса, унда дарсда нимани ўрганади? Бу уларнинг руҳиятига ҳам таъсир этмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай қилиб, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини ногиронлиги бор шахсларга мослаштириш кечиктириб бўлмайдиган масаладир.

“Биз сиз учун қайғурамиз!”

Президентликка номзод Мақсуда Ворисова ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш тарафдори. Номзодимиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш керак, деган таклифни илгари сурмоқда. – Миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш бўйича таклифларни олға сурамиз. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш керак, деб ҳисоблайман. Махсус адабиётларни, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси асосида ҳам чоп этиш ва харид қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш, шу соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга имтиёзлар тақдим этиш зарур. Хўш, ногиронлиги ва ривожланишда нуқсони бўлган болалар сифатли таълим олишлари ва кейинчалик муносиб иш топишлари учун уларга ҳақиқий инклюзив шароитларни қандай яратиш мумкин? – Фикримизча, болалар боғчалари ва мактабларни ногиронлик аравачасида юриш, яхши кўра олмайдиган ёки эшита олмайдиган болалар учун қулай қилиб режалаштирилиши, пандуслар қуриш, лифтлар, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш каби архитектура-қурилиш ишлари белгиланган нормативлар асосида бажарилиши керак. Инклюзив таълимга мослаштирилган таълим масканлари тарбиячи, ўқитувчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг устама ҳақларини ошириш масаласига эътибор қаратилиши лозим. Яна бир муҳим вазифа, бу жамиятни ижтимоийлаштириш, яъни, ногиронлиги бўлган болалар ва умуман ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан жамият муносабатини тўғри шакллантиришдир, – дейди номзод Мақсуда Ворисова.

Уй-жой эҳтиёжи инобатга олинса…

Мамлакатимизда уй-жой қурилиши учун давлат томонидан аҳолига ҳам, қурувчиларга ҳам катта имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, жорий йилда кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш ишлари қийматининг

15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга ажратилди. Тайёр хонадонларни сотиб олиш учун ҳам банклардан 20 йил муддатга 17-18 фоизли кредит олиш мумкин. Бунда янги қурилган уйлар ва иккиламчи бозор учун мўлжалланганлари бор.

Эндиликда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Бу ўз уйига эга бўлиш орзуида бўлган инсонларнинг эзгу ниятини рўёбга чиқариш, шунга ҳаракат қилаётган оилаларга уй-жой олиш учун имконият янада кенгаяди, деганидир. Тўғрисини айтиш керак, кичик бир ватаним-жойим бўлса, деган ташвишда юрган шундай оилалар борки, бутун умр топган-тутганини уй-жой қуришга сарфлайди. Уй қуриш, бошпана учун пул йиғиш мақсадида баъзида оиласидан, фарзандларидан узоқда оғир меҳнатларни қилишга мажбур бўлишяпти.

Шунинг учун ЎзХДП аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтиришга эришишни режалаштираяпти. Ушбу масалани ҳал этишда:

мамлакатимизда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштиришни амалга ошириш лозим деб ҳисоблаймиз.

Халқ демократик партияси уй-жой қайғусида юрган юртдошларимизнинг муаммоларини яхши тушунади ва бу масалада мамлакатимизда жорий этилаётган мутлақо янгича тизим имкониятидан фойдаланиб, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари чекланган кишиларнинг манфаатларини ҳимоялаш зарур, деган ташаббусни илгари суряпти.

ЎзХДП фаоллари, депутатларнинг электорат вакиллари, аҳоли билан учрашувларида ҳам айнан ушбу масалада қатор мурожаатлар бўлади. Айниқса, кам даромадли, кўп болали оилалар бу масалада қийинчиликларга дуч келмоқда.

Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурининг ижтимоий ҳимоя масалаларига бағишланган қисмида “Оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш” вазифаси белгиланган.

Хўш, бир камбағал оила тайёр уй ололмаса, имтиёзлардан фойдалана билмаса, унинг ўрнига таниш-билишлик, коррупция туфайли ўзига тўқ фуқаролар уй-жойларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритса, унда муаммолар ечимига қандай ёндошиш мумкин? Шунинг учун ҳам номзодимиз дастурида оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Муаммога қай бир маънода ечим бўладиган бу таклифни ҳамма ҳам қўллаб-қувватламаслиги мумкин.

Аммо йиллар давомида ижарама-ижара сарсон юрган, маошини рўзғорга етказса, уй тўловига етказолмайдиган, ойдан ойга зўрға етиб оладиганлар унинг қийматини яхши тушунишади. Ўз уйига эга бўлгунча яшаш ҳуқуқини берадиган бундай тартибдаги уй-жойлар муҳтож кишиларни бу ташвишлардан бироз бўлса-да ҳоли бўлишига, етарли маблағ тўплаб олгунга қадар бир бошпанада бехавотир яшашларига имконият яратади. Зеро, уйли одамнинг ташвиши кам, топганида барака бўлади.

Бизнинг уй-жой муаммосини ечиш борасида ўз таклифларимиз бор. Биринчидан, дунёнинг қатор ривожланган давлатларида “ҳашамат солиғи” мавжуд. Бу маблағлар махсус фондларга йўналтирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, уй-жойи йўқ, яшаш шароити жуда оғир аёллар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган шахслар учун арзон уй-жой қуришга сарфлаш кўзда тутилади.

Иккинчидан, муайян ойлик даромадга эга бўлган, аммо жойларда қурилаётган уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун дастлабки бадал пулини тўлашга қурби етмайдиган оилалар, ёшлар учун уйни дастлабки бадалсиз сотиб олиш имкониятини яратиш лозим.

Учинчидан, ижара асосида яшаётган аксар оилалар ва ёшларнинг уй сотиб олишга қурби етмайди. Топган даромадининг катта қисмини уй-жой ижараси учун сарфлайди. Шу боис, арзон уйларни олишга, ижара асосидаги квартираларда туришга моддий имконияти етмайдиган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ижара асосида фойдаланишга мўлжалланган муниципал уйларни қуриш бугунги давр талаби, деб биламиз.

Биз аҳолининг уй-жой масалалари билан боғлиқ оғриқли муаммоларини ҳал этиб бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.

ХДП Ахборот хизмати