Oktabr 24, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Баъзи банкларда оддий инсоннинг болаcига таълим кредити берилмасмиш…” ёхуд таълим кредити изидан

 688 total views,  17 views today

Мен учун пойтахтда, яъни олис шаҳарда ўқиш катта орзу эди. Орзуларимни мақсадга айлантириш учун тинимсиз ҳаракат қилдим. Ризқим шу Тош шаҳарга  ҳам сочилган экан. Бугун талабаман. Катта  шаҳарда ўқиш, яшаш осонмаслигини, орзулардек ҳаёт бўлмаслигини тушуняпман. Айниқса, турар-жой муаммоси ҳақида сўз очсам, эҳее, тонггача суҳбат қуришимизга тўғри келади. Аммо айтмоқчи бўлганим, бу  эмас, контракт учун олмоқчи бўлган таълим кредит можароси.

Карантин даври барчамиз учун оғир келди. Бу вақтда Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, йўғон чўзилди, ингичка узиладиган бўлди. Оилавий шароитдан келиб чиқиб, контрактимни таълим кредити асосида тўламоқчи бўлиб, маҳалламиздаги Агробанкнинг филиалига мурожаат қилдим. Бошлиқ ўринбосари бўлмиш ака 14 фоиздан кредит беролмаслигини, бунинг учун таълимга ажратилган пуллар ҳисобида йўқлигини ҳар хил баҳоналар билан тушунтиришга уринди. Мен банкнинг турли найрангларини ҳали бошидан ўтказмаган содда, ёш қизчамасми гапларига чиппа-чин ишондим. Шунда ҳам ортга қайтишни истамас, нима қилиб бўлса ҳам кредит олиш умиди билан ўйланиб турганимда кўзимга ҳеч ҳам эшигидан хатлаб ўтмаган “Халқ қабулхонаси” аталмиш бино кўриниб қолди.

У ерда ариза ёзиб қолдирдим. Халқ қабулхонасида ўтирган амаки яхши одам экан. Йўл-йўриқ кўрсатиб, кредит олишга имконият борлигини тушунтирди. Хурсанд бўлиб, кафил қидира бошладим. Шу десангиз, шошган дамда ёнингда турган нарса кўзингга кўринмайди деганидек, ҳеч бир инсон кафил бўлишга тўғри келмайди-да. Баъзиларнинг номида кредити бўлса, баъзиларининг “олийжаноб” эрлари рухсат бермасмиш. Ҳаш-паш дегунча, 1 октябрь, яъни таълим кредитини бериш муҳлати ҳам тугади. Мен эса ҳануз кафил тополмадим. Барча айбни ўзимга юклаб чекинишга ва уйдагиларим қийналиб бўлса ҳам тўлашига кўнишга мажбур бўлдим.

2021 йил 3-курсим учун контракт тўлаш ҳақида бош қотирдим. Бу сафар аниқ кредит оламан деб кафилни эртароқ қидира бошладим. Дуоларим ижобат бўлибми, юртбошимизнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга доир қарори қабул қилинди. Буни кўриб, гўдакка ширинлик бергандек севиндим. Севинчимдан ичимга ҳам сиғмасдим. Қувонарлиси, кафил аталмиш “фариштам” топилди. Ҳаттоки, мен ўқишда бўлганим учун ўрнимга банкка бориб керакли ҳужжатларни ҳам суриштирди. Ҳаммаси энди ҳал бўлади, деб ўйлаганимда, мен аҳмоқ банкларнинг қуйи бўғинида ўтирганлар қарорни тўлақонли тушунади  ва осонликча пул чиқаради, деб чучварани хом санабман. Эндиги баҳонаси  ота-онаси ёки васийга олган шахс давлат идораларида ишлаши ёки талаба “Темир дафтар” да туриши шарт экан. Йўқса, оддий халқнинг боласи, оддий инсоннинг фарзанди кредит олиш тугул банкнинг остонасига бу масалада мурожаат қилишни хаёлига ҳам келтирмасмиш. Ваҳоланки, қарорда бундай жойи йўқ. “Таълим кредитини расмийлаштиришда ва уни қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишга рухсат этилади”, дейилган. “Шарт” деб ёзилганда бошқа гап эди. Лекин мен саховатли инсонимни давлат ишида ишлайди, тўлолмасам, тўлайди, деб кўрга ҳассадай қилиб қўйганман-ку. Камига ўзларига ақли етмайдиган “ақлли” банк бошлиғи “турмушга чиқса, машмашалардан қутулади-ю, эри барчасини тўлайди ёки васийликка олишингиз мумкин” деганига ўлайми?! Бечора кафилим васийликка олиш ўйида нотариусга борган, улар “ўзимизча беролмаймиз,” дея туман халқ таълими бўлимига боришини айтган. Бўлимдагилар ёшим 18 дан ўтгани, шунинг учун бу масалада ёрдам беролмаслигини тушунтириб ҳокимиятга юборган.  Ҳокимиятда ишлайдиганларнинг жавобини эшитиб, кула-кула ақлдан озай дедим. Нимамиш, васийликка олиши учун ақлим сал калтароқ бўлиши шарт экан. Ақли заиф бўлса, олий ўқув юртида ўқирдимми?!

Бу — бошимдан ўтказган воқеа. Давлат идораларидаги ишлаётганлар қачонгача оддий, сода халқни югуртиради? Мушкулимизни осон қилади, муаммомни ечиб беради деб уларга ишониб борганимиз хатоми? Яхшиямки, дунёда яхши инсонлар бор. Шунингдек, таълимни қўлловчи банклар ҳам. “Ипотека” банки муаммомнинг ечими бўлди. Ишим ҳал бўлганда ич-ичимдан хурсанд бўлдим, деб баралла айтолмайман. Яхшилик қилиш илинжида бир инсоннинг оёғидан қариб югургани хаёлимда саволлар кетидан саволларни туғдираверди. Ўз билими билан ўқишга кирган, аммо контракт тўлолмасдан қийналаётган оилаларни ўйлай бошладим. Биз каби яна нечтаси сарсон бўлиб, дарсларини қолдириб идорама-идора юрган экан?! Юртбошимизнинг “Давлат ташкилотлари халқ учун ишлайди”, деган сўзларининг акси қачонгача қуйи тизимда кўриниш бераверади?

Юлдуз ЎРОЛОВА,

ЎзЖОКУ талабаси