Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ҳақ розилигин халқ розилигидан топган – Сиздирсиз Ўша!

 961 total views,  4 views today

Серқирра истеъдод эгаси бўлиш ва кенг қамровли фаолият бошқарув механизмида, раҳбарлик фаолиятида қўл келадигина эмас, балки бу хос-у мос ҳаракат ҳамдир. Бу воқеликни ҳис этиш жараёнларни тез илғаш, муаммоларга ечим топишдаги олимона синчковлик ва донишмандона тафаккурни талаб этади. Унинг бу фаолияти миллатпарварликка дахлдор бўлса, чин ватанпарварнинг ватаний иши ва ишқи ҳам ана шундандир. Шунинг учун ҳам кенг жамоатчилик, ўзининг сардорини куч-қудрат ва имкониятларни билиб уни шарафлайди, уни тарафлайди. Бу эса халқнинг истиқболдаги мақсадларини амалга оширишда, эркин ва фаровон яшашида муҳим рол ўйнайди.

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Сайлов кампанияси кетаётган айни дамларда МСК эксперти ва тренерлар гуруҳи аъзоси сифатида ўз мақсади ва дастурлари билан ибратга лойиқ номзодлар юртимиз истиқболи, давлатимиз равнақи учун фидойи эканлигини қайд этгим келади. Шунингдек, халқимиз ҳам Президент сайлови келажак танлови эканига бефарқ эмас, анча фаол.

Кеча, бугун ва эрта тушунчаси фонида айрим ишларга холисона ва оқилона назар ташлаш фойдадан холи эмас.

Ватанпарвар раҳбар ўз халқининг, миллий анъана ва урф-одатларини эъзозлайди ва уларга айрича меҳр билан қарайди. Халқ тилига, миллат тилига эътибор масаласи, унинг ватаний иши ва бурчи бўлади. Тилни миллатнинг бойлиги, борлиги ва борлиғининг белгиси сифатида англайди ва шу бўйича кенг қамровли фаолият олиб боради. Давлатимиз расман мустақил деб эълон қилинишидан олдин ташланган биринчи қутлуғ қадам ва саъйи ҳаракат, бу “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши бўлгани рост. Тўғри, қонуннинг қабул қилиниши қувончли ҳодиса бўлди. Лекин шу 30 йилга яқин муддат мобайнида бир иккита ҳужжатни ҳисобга олмаганда, тил учун астойдил иш қилинмади, таъбир жоиз бўлса, панжа ортидан қараб келинди.  Тил мавсумий масалага айланиб қолди. Ҳар йили 21 октябрь атрофида “Она тилим – жону дилим” мавзуида тадбирлар ўтказилади ва аста сўниб қолаверарди.

Яқин беш йил ичида бу масалага эътиборнинг қаратилиши 24 та ҳужжатнинг қабул қилингани эътиборга молик. Ана шу жараёндаги ҳаракатлар ҳам миллатпарварликнинг белгиси экани ҳақ.

Давлат тилига мос-у хос алифбонинг жорий этилиши ҳам муҳим қадамдир. Дунё халқларининг кўпчилиги қабул қилган лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш ҳам кундалик масалага айланди. Мустақиллик қўлга киритилгандан сўнг собиқ иттифоқдан ажралиб чиқиб мустақил република сифатида фаолият юритишнинг бошланғич талабларидан бири бу расмий ёзувни қабул қилиш бўлгани ҳаммага аён. Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги (1993 – йил 2 сентябр 931 – ХII – сонли) Қонуни, кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги (1995 – йил 6 май 71 – I сонли) Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Ўшандан кейин лотин-ўзбек ёзувини ўрганишга астойдил киришилди. Бу борада пешқадам бўлганлар ҳам бўлди, бефарқ бўлганлар ҳам йўқ эмас эди. Янги алифбони ўрганиш ва ўргатиш масалалари кенг йўлга қўйилди. Қонуннинг моҳияти унинг ижросида, у шуниси билан кучли. Тан олиш керакки, бу борада пойтахтдаги туманлар ичида ўша пайтлари Мирзо Улуғбек тумани етакчилик қилди. Камина ўша кезлари жамоатчилик асосида Маънавият ва маърифат марказининг масъулларидан бири эди. Ўзининг ғайрат-шижоати, уддабуронлиги, вазиятга мос-хос ечим топа олиш салоҳияти билан ажралиб турган ҳоким ҳозирда амалдаги Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович эдилар. Давлатнинг расмий ёзуви сифатида унинг қўлланилиши кенг жорий этиш масаласида саводхонлик марказини очиш  кўндаланг турарди. Бунинг учун ҳар бир туман, ҳар бир вилоятда шу ишга масъуллар бириктирилган бўлса ҳам уни тўла-тўкис амалга оширилиши кўнгилдагидек эмас эди. Маданият ва маърифат маркази ташкил этилган бўлса-да у ерда ҳали штат кесимида ходимлар бириктирилмаган эди ва жамоатчилик асосида ишланар эди, яъни ҳақ тўланмас эди. Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилиб, шу тумандаги ҳозирги INHA (филиали) ўрнида ЎзФА Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида ишлардим. Натижада Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида бор бўлган ва янги очилаётган ташкилот, муассасалар ҳамда мавжуд бўлган идоралар, завод-корхоналарнинг номларини лотин алифбосига имловий хатоларсиз тўғри ўгириш масаласи кўндаланг турарди. Ана шундан кейингина ташкилот ёки идоранинг муҳри ва тамғасини ясашга туман ИИБ дан рухсатнома олинарди. Шавкат Миромонович Мирзиёев биринчилардан бўлиб, ҳокимият қошида саводхонлик марказини ташкил этдилар. Турли шиорлар, идора пештоқларидаги ёзувлар ва муҳр ҳамда тамғаларни лотин ёзувига асосланган алифбога ўгириш вазифаси каминага юкланганди. Мирзо Улуғбек тумани жойлашган бинонинг биринчи қаватидаги 6 – кабинетда ўтириб бу вазифани амалга оширишга киришдик. Одатда, тушдан кейин шу вазифани бажаришни ўз зиммамга олгандим. Шуниси эътиборлики, ҳали биронта туман ҳокими Тошкент шаҳрида бундай усулда иш юритиш бўйича кўрсатма бермаганди. Бу миллатпарварлик миллий тил ва ёзувга бўлган меҳр билан боғланишнинг аломати эди. Тасаввур қилинг, битта ТТЗнинг ўзида (цехларини ҳисобга олмаганда) қанча муҳр, тамғаларни янги алифбога ўзгартириш керак эди. Шавкат Мирзиёевнинг қатъий талабчанлиги, ижро масъулиятини ҳис этишлари, ўзгалардан ҳам шуни талаб этишлари кишининг эътибори ва ҳурматини тортмасдан қолмасди.

Улар номига дастхат билан ёзганим 1300 йиллик тарихимизнинг калити ҳисобланган “Эски ўзбек ёзуви” китобимни тақдим этиш учун қабулхонага борганимда, уларнинг Жиззах вилоятига ҳоким бўлиб кетганларидан воқиф бўлдим. Кейинчалик  имло масаласи назоратсиз, ўлда-жўлда ва ўзга қўлда қолиб кетди, ҳисоби. Ўз ишига принципиал ёндашадиган, вазиятни тўғри баҳолаб одил ҳукм чиқаза оладиган инсон стратег сифатида буюк ишларга қобил бўлади.

Шундай экан, эсли-ҳушли, ақл-идрокли, ўз келажагини юрт тақдири билан боғлай оладиган инсон номзодлардан кимга овоз беришни яхши билади.

Миллатпарварлик ҳақида сўз кетса у кишининг қилаётган бугунги ишларида ҳам ижобий фазилатларни, бунёдкорлик ўзгаришларини кўрмаслик инсофдан эмас. Собиқ ва марҳум ректоримиз Умурзаков Ўктам Пардаевич ўзаро суҳбатларидан бирида Шавкат Миромоновичга алоҳида эҳтиром ва меҳр боғлаб айтган ушбу ўгитлари ҳамон ёдимда. “Институтда ишлаб юрган кезлари бир ҳукумат тадбирига борадиган бўлдик. Рулда Шавкат Миромоновичнинг ўзлари, ўнг томонидаги ўриндиқда мен ўтирардим, – дейди Ўктам ака. – Микрокассетани магнитофонга тиқди. Мумтоз ашулалар тарала бошлади. Диққат билан овоз чиқармасдан мақом қўшиғи оҳангига берилиб мароқ билан тинглаб борардилар. Шунда “бундай оғир қўшиқларни ҳам тинглайсиз-а,” – дея ўсмоқчилаб сўрадим. Уларнинг берган жавоблари қулоғим остида анча йиллар жаранглаб турди. “Мақомни суймаган одам халқни ҳам суймайди, миллатни ҳам, ватанпарвар ҳам бўлмайди”, – деб айтгандилар. Ўшандаёқ, Шавкат Миромоновичга ич-ичимдан таҳсин айтиб қойил қолганман.”

Ўктам Пардаевичнинг мулоҳазаларини тингларканман, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017 йил 17 ноябрь ) қабул қилган қарорлари бежиз эмас экан-да деган фикр хаёлимдан кечди.

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин эгаллашини ҳис этган Президент кейинчалик, 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалига старт бергани ҳам бежиз эмаслигини идрок этиш қийин эмас.

Пойтахтимиз маркази кўркига кўрк қўшиб турган маърифат маскани “Адиблар хиёбони”нинг очилишидан тортиб Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов сингари жадид маърифатпарварларининг руҳини шод этиш асносида “Буюк хизматлари учун” орденининг берилиши юксак дид, эҳтиром ва маънавиятнинг нишони, миллат  тилига, адабиёт ва санъатга бўлган меҳр ифодаси эмасми? Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Атамалар комиссиясини ташкил этиш борасидаги ташаббус ва ташкилотчилиги ҳам миллатпарварлик ва ватанпарварлик белгиси эмасми?

Шундай экан ич-ичимдан ўйлайман, ақл-идрокли, миллат истиқболи, ёрқин ва фаровон ҳаётини истаган фуқаро кимга овоз беришни билади.

Фаолиятнинг икки қаноти бўлади. Булар ташаббускорлик ва ташкилотчиликдир. Ўз ҳаётида ана шу икки қанотни уйғун қила олган раҳбарнинг, стратегнинг парвози юксак бўлади. Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасидаги ғоялари, ислом цивилизацияси марказини ташкил этилиши юзасидан сўзлаган нутқларидаги келаётган мўмин ва сайёҳларни бизни тарихимизни билиши ва чет элларда айтиб юриши учун, чинакам тарихимизни манбаи хаттотлик санъати, жумладан араб ёзувига асосланган имломизни, нақш-у китобат санъатини чуқурроқ ўрганиш билан боғлиқ ғоялари катта аҳамият касб этгани рост. Аждодларимиз 1300 йилдан зиёд муддат мобайнида истифода этиб келган нақшинкор, тафаккур ёзуви араб алифбосини ўрганиш тарихий манбаларни, қўлёзма китобларни ўрганишнинг илк калити экани рост. Маълумингизким, Давлат тили ҳақидаги қонуннинг 16 – моддасида араб алифбоси асосидаги эски ўзбек ёзувинин ўқитиш курслари очиш ва таълим тизимига буни жорий этиш билан боғлиқ жараёнга ҳам ўзлари яна бош-қош бўлаётганлари қувонарлидир. Каминанинг 30 йил олдин Ўзбекистон телевидениеси орқали “Алифбо сабоқлари” кўрсатувини олиб боргани ва “Эски ўзбек ёзуви” номли оммабоп ўқув қўлланмасини тайёрлаганининг самараси ва натижасини энди кўраётгани муболаға эмас.

Мамлакатимиз истиқболини ўйлаб, ёшларнинг ҳар томонлама ва чуқур билим олишларини истаб ихтисослашган ижод мактабларини ташкил этишдаги стратегик мақсадлари таҳсинга сазовор. Мана, Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги ижод мактабларига манбашунослик ва матншунослик илмининг ривожини таъминлаш мақсадида илм-фан ва маданиятимиз тарихининг калити, мозий муҳри бўлган эски ўзбек ёзувини ўргатишнинг йўлга қўйилиши эътиборга молик улуғ ишдир. Айни кунларда Агентлик ижод мактабларининг 7-синфи учун “Матншунослик алифбоси” дарслигимнинг чоп этилиб ўқитилаётгани ғайратимга ғайрат қўшибгина қолмай, янгича ёндашув, педагогик маҳорат ва замонавий технологияларнинг янги қирраларини очишга имкон туғдираяпти.

Амалдаги президентимиз ғояларида акс этганидек, ўз тарихини  билмаган келажакни ҳам кўра олмайди, бугуннинг қадрига ҳам ета олмайди, худди шу маънода ўтмиш биз учун сабоқ ва ибрат, айни пайтда тўғри хулосалар чиқариб тўғри йўл белгилашимизда маънавий маёқдир.  Учинчи ренессанснинг тамал тошини қўядиган келажак бунёдкори бўлган ёшларга бериладиган чуқур билим ниҳоятда зарур. Биринчи ва иккинчи ренессанс даврида фаол истифода этилган араб ёзувини ўрганиш ўз тадқиқотчиларини кутиб ётган 100 мингдан зиёд қўлёзма манбаларни ўрганиш, тадқиқ этишга бориб боғланадиган ўзак масаладир. Чунки бу эски манбалар матншуноснинг назарида ўтса ўзининг ҳақиқий баҳосини топади, бу эса араб алифбосига асосланган ёзувни пухта ва чуқур ўрганиш билан боғлиқ.

Шундай экан тарих ва эл қадрини билган, ҳақ розилигини халқ розилигидан топишни ният қилиб фаолиятини бошлаган, Янги Ўзбекистон шукуҳи ва руҳини ўз ғайрат-у шижоатида асослаётган инсонга овоз беришни доно ва зукко халқимиз яхши билади.

Бугунги кунда таълимнинг сифати ва самараси борасида қабул қилинган фармон ва қарорлар юрт истиқболи, халқ иқболи учундир.  Амалдаги президентнинг таълимнинг моҳияти унинг таъсирчанлигида эканини алоҳида эътироф этиб бу ишга барча кучларни сафарбар этаётганлари ҳам маълум. Айниқса, ўқитувчи ва мураббийларга эътибор-у эҳтиромлари устама ҳақлар тўлаш, уларни жуда кўплаб банд қилувчи хўжалик ишларидан озод қилиш, ортиқча юклама ва қоғозбозликларни йўқотиш борасидаги хизматлари алоҳида таҳсинга сазовор. Таълимнинг, мафкуранинг  таъсирчанлик даражаси суст бўлса, уни омма онгига сингдириш мушкул. Инсон ўзгармаса, жамият ўзгармайди, – дейди амалдаги президент.  Демак, омма онг-у тафаккурини ўзгартириш учун илм-у таълимнинг таъсирчан кучи зарур. Шунинг учун ҳам маънавиятга “энг таъсирчан ва қудратли қурол” дея таъриф берганлар. Таъсирчанлик таъминлансагина у қудратли қуролга айланади. “Адиблар хиёбони”нинг очилишида ҳам Президент шу сўзга урғу қилдилар. “Инсонларни эзгу мақсадлар сари илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак.” Таъсирчан механизмнинг роли таълим-тарбияда жуда муҳим. Агар дорининг ҳам таъсирчан кучи бўлмаса, бемор шифо топмайди. Танани оддий химикат билан тўлдиради, холос. Таълимнинг сифати ва самараси педагогик маҳорат билан, ўқитувчининг ўз касбини севиши, шайдойилиги ва фидойилиги билан боғлиқ экани аён.

Абдулла Орипов ижодига юксак меҳр билан қараган давлат раҳбари улуғ адиб асарларини оммалаштириш ва тарғиб қилишни айнан ўзлари таҳсил олган ва муайян муддат ишлаган таълим муассасасига бириктирганлари бежиз эмас. Чунки шоир ижодиётини чинакам қадрига етадиган, уни таҳлил ва тадқиқ қила оладиган, тарғиб-у ташвиқ қила оладиган интеллектуал куч ва салоҳият борлигини билганлари ҳам аниқ. Таълим муассасамизда ўтказилган шоир номи билан боғланган илмий анжуман ва учрашувлар, халқ шоири номидаги кўкрак нишони, Ёшлар боғи, адиб номи билан боғланган музейнинг очилиши каби ҳаракатлар улар ўйлаган ишларнинг ҳосиласи, билдирган ишончларининг самарасидир, десак муболаға бўлмайди.

Юқоридаги муаммолар ўз ечими билан ифода этилган, яқиндагина чоп этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” деб номланган китобни варақлаган киши жамиятнинг оғриқли нуқталарини, мураккаб муаммоларни ечишдаги теран тафаккурли донишмандни, синчков олимни, сиёсий стратегни кўради.

 Ич-ичимдан яна ўйлайман ақл-идрокли, ҳаётни эзгулик сари талпинтирадиган  таълимнинг моҳиятини чуқур идрок этган, Учинчи ренессанс ёшларнинг кучи ва тамал тоши билан боғлиқ эканини билган ҳар бир инсон кимга овоз беришни яхши билади.

 

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

филология фанлари номзоди,

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш

муҳандислари институти доценти