Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“ДАҒАЛЛАШИШДАН” ЧЕКИНИШ ВАҚТИ… ёхуд тилимиз байрам арафасидаги тадбирбозликка муҳтожми?

 954 total views,  28 views today

Ўзбек тилига давлат тили  мақоми берилган кун, яъни 21 октябрь санаси яқинлашгач турли шиорлар ён-веримизда айланади. Қизиғи, ушбу шиорларнинг тил байрами яқинлашган сари кўпаяди. Газета ва телевидение саҳифаларини эса олди-қочди гаплардан ташкил топган мақолаю кўрсатувлар намойиши эгаллайди. Аслида, тилимиз шу ҳолида шундай қарсакбозликларга муҳтожми? Нега тилимизни дағаллашишдан сақлашга доир кўрсатма беришга келганда оқсаймиз. Аслида эса, тилимиз эмланишга муҳтож. Алифбодаку бир қарорга келолганимизча йўқ. Қўшма сўзларни хатосиз ёзмоқчи бўлса, камида тилшунос бўлиш керак. Одатда, бундай мулоҳазали вазиятларда мутахассис ёки элимиз таниган ёзувчи шоиру ўз сўзига эга бўлган журналистлар фикри бизни кўпроқ қизиқтиради. Таҳририятимиз ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев фикри билан қизиқди.

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

— Тилнинг дағаллашиши ёки соф бўлиши менталитетимизга боғлиқ. Бири она тилимизда гапирайлик, тилимиз софлигини асрайлик деб турса, бошқа бир каттакон чиқиб, ўрисча гапириб турса, тилимиз дағаллашмай нима қилсин-а?

Маълум бир вақт олдин тилни ўрисчадан тозалаш бошланганди. Аммо нимагадир оддийгина нарса-ҳодисаларни ҳам бошқа тилларга мансуб сўзлар билан ифодалашга ўчмиз. Қадимда ҳар бир гапда арабча сўзларни қўшиб гапириш боболаримизнинг бошқа туркийларга қараганда илмий тил бўлмиш  арабчага, сарой тили саналмиш форсчага яқинроқ бўлгани, халқнинг жўн, жайдари сўзлашув тилидан баландроқ турганини билдирган. Лекин ҳозирга келиб, бу ҳол фазилатдан камчиликка айланди. Биз эса ҳамон ўша баланд ҳаво билан юрибмиз. Натижада, юзлаб сўзларнинг ўрнига рус ва инглизча сўзларни қўллаймиз. Иним, чиндан ҳам ўзбек сўзлашув тили ғоят қашшоқлашиб, дағаллашиб бораётир. Бу ҳол бизнинг маданий миллат деган номимизга ҳам ярашмади. Тилимизга эътиборсизлик оддий ҳолга айланди. Шу жумладан, эстетик савиямиз  ҳам пасайиб кетди. Гапнинг индаллоси, миллатнинг каттаси қолиб кичигигача ўз асл сўзларимиз қолиб, ёт, бегона сўзларни пала-партиш, ярим-ярти қўллаш касалига йўлиққан. Телевидение тили эса бундан юз чандан абгор ҳолатда. Ёмони, бу кечим тўхтагани ҳам, пасайгани ҳам йўқ. Айниқса, охирги пайт бегона тилдан кирган сўз борки, тўғри-нотўғрилигига қарамай қўллайвериш одат бўлди. Масалан, болалар дам оладиган жой “оромгоҳ” дейилади. Ҳолбуки, форсчада “оромгоҳ” сўзи “гўристон” маъносида ишлатилади.

Мустабид даврида тилларнинг ҳуқуқи поймол қилиниб, тақдири хавф остида қолганда Расул Ҳамзатов “Агар она тилим эртага йўқолса, мен бугун ўламан”, дея авар тили тақдирини ўйлаб фарёд чеккан эди. Бундан салкам эллик йил олдин мустабидлик ридосида кўриниш берган бу бало энди қипяланғоч “демократия” шамойилида пайдо бўлди. Хоҳлаймизми, йўқми, айни вақтда тилимиз дағаллашиб, ўз ҳуснини йўқотяпти. Алифбода-ку муқим қарорга келишимиз қийинга ўхшайди. Тил тўғрисидаги қонунда эса мажбурийликдан тавсиявийлик устун. Яъни бажарсанг ҳам бўлади, бажармасанг ҳам қабилида. Сирасини айтганда, бу борада тилимизга бўлган эътибордан кўра, унинг тақдирига бефарқлик тарози шайини оғирроқ босмоқда. Жамиятимизнинг зиёли қатлами ҳам ушбу муаммони бир кўтариб, яна жимжитлик гирдобига кириб кетди. Ҳеч қандай фойда бўлмагандан кейин, ҳадеб ёзавериш, гапиравериш ҳам одамнинг меъдасига тегар экан-да. Тилимиз том маънода “касал”. Даволанишга муҳтож.

Шу ўринда яна бир оғриқли нуқтамиз, кейинги пайтда тилимиздан русча сўзларни тозалашни бошладик. Бироқ ифодамизни тозалай олмаяпмиз. Ўрисчадан таржима қилиб гапиришга ўрганиб қолдик. Истаган газетангизни олиб, таҳлил қилиб кўринг. Ўзбек бундай гапирмайди, деган хулосага келасиз. Бу эса ўзбек адабий тилининг табиатига ёт. Эскилардан қолган гап бор, шундай қилиқ қилгинки, ўзингга ярашсин дейишади. Сўз-ку майли, чидаса бўлади. Ифода эса фикрлаш билан боғлиқ. Асқад Мухтор: “Ҳар бир халқнинг энг катта миллий бойлиги — унинг она тили” деганда чандон ҳақ эди. Адабий тилимизнинг шаклланиш жараёни  барча асрларда ҳар хил суръат ва кўламда давом этиб, ҳозирги ўзбек тили юзага келган. У замонавий, диний, тарихий тааллуқли дейсизми, хуллас, жуда кўп услубларда бемалол иш кўриш имконига эга. Ойбек айтганидек, рангин ва зангин бир тил. Аммо шундай  тилни баъзи шоввозлар ғорат қилишяпти. Энг чатоғи, радио ва телевидение тилига куя тушган, шумғия босган. “Юлдуз Усмоновадан янги қўшиқ” дейди бир “телебошловчи”. Бундай гапларни тили бузилмаган ўзбек боласи тушунмайди. Чунки бу гаплар русча ифода шаклида. Ифодамизни тозалашимиз керак. “Дажи”, “толка”, “пачти” сўзларини яқин-яқингача гапириш уят эди. Бугун яна шу сўзларга қайта бошладик. Ифода ўзбекча бўлмаса, фикрлашимиз ҳам ўзбекча бўлмайди.

Ўзбек тили бўлмаганда Ўзбекистонни қуролмасдик. Тил миллатнинг биринчи белгиси, ахир. Буни унутмаслигимиз керак. Аммо мустақиллигимизнинг биринчи қонуни бўлган тил тўғрисидаги қонунни бажарганимиз йўқ. Бундай ишга  мана шунча жарима белгилансин дейилса, айтилмасдан бажарилади. Она тилинг — бу сенинг биринчи белгинг деб қонун чиқарилганига мана ўттиз йил бўляптики, ҳали-ҳамон бажарилгани йўқ. Бу ўзбек учун уят!

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,

адабиётшунос:

— Бутун дунёда тилларнинг қоидаси “ўлик ҳолати” дан эмас нутқдан, қўлланиладиган ҳолатидан олинади. Ҳеч ким “келиб кетди” демайди “Кепкетти” деб қўяқолади. Нима қиламиз ўзимизни қийнаб. Мана лотин ёзувига ўтдик. Кўпчилик ваҳима қилади. Ҳозирги кўпчилик ёшлар учун лотинда ёки кириллда ўқиш муаммо эмас. Аслида, нима учун керак эди кириллдан воз кечиш? деган савол туғилиши мумкин. Кирилл ёзуви бизга зўрлик билан, уятсизларча сингдирилган ёзув эди. Тўғри, ёзувда айб йўқ, лекин унинг сингдирилишида айб ва ғараз бор эди. Ғараз шу эдики биз ўрислашишимиз керак эди. Ёзувни Арманига, грузинга ва Болтиқ бўйи республикаларига ўткиза олмадида, айнан бизни кириллаштирди. Нега уларни кириллаштирмади? Биз улардан кўра қадимийроқ эдикку! Лекин қарангки, бизда бутун бир қарашлар битта кишининг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолди. Ёзувнинг тақдири белгиланаётган пайтда аввал турк модели билан ҳаёт қурмоқчи эдик, аммо турклардан айричалик касб қилиб, алифбомизни ўзгартириб қабул қилдик. Яна такрорлайман, бизнинг лотинга ўтишдан асосий мақсадимиз туркий халқлар билан яқинлашиш эди. Ҳозирги алифбомиз эса бизни бошқа туркий халқларда узоқлаштиришгагина хизмат қилмоқда. Сабаби, алифбода ўзбек тилининг табиати озгина бўлса ҳам инобатга олинмаган. Лотин ёзувидаги алифбони ишлаб чиқишдаги хатоларимизни тўғрилаш, хулоса қилиш, хатомиз илдизига чуқурроқ назар ташлаш вақт-соати етди, шекилли. Деярли  барча қардош халқлар алифбосида 9 та унли бор, фақат бизда унлилар сони 6 та. Шу тариқа тилимиз рус тилига яқин эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳеч бир туркий алифбода унли 6 та эмас. Майли, биз ҳам 9 унли билан эмас, 8 унлини қабул қилганимизда, кифояланганимизда эди?! Туркий тилнинг табиати дунёнинг қаерида бўлишидан қатъий назар хакасми, чукчами, олтойликми, чувашми ҳаммасида камида 8 та, кўпида 13 тагача унли бор. Жуда бўлмаса, тўққиз унлига келишимиз керак эди. Шунда ҳарфлар билан боғлиқ ҳамма муаммолар ҳал бўлар эди. Алифбомиз ҳам ҳозиргидай ҳолатда ётмасди. Биз турк моделидан воз кечганимиз сабаб турнинг ёзувидан ҳам бошқачароқ йўлни топишга ҳаракат қилдик. Бирданига, имло тузувчиларимиз инглизчани оламиз, чунки инглизчага мос бўлсин бизники ҳам дейишди ва шартта қарор қабул қилишди. Ўрисчага мос бўлсин деб олти унли қилган эдик. Энди инглизчага мос бўлсин деб, “ш”, “ч”, “нг” каби ҳарфий бирикмаларни қабул қилдик. Аслида, лотин ёзувидаги алифбога ўтишдаги қийинчиликларнинг аксарияти сунний. Янаям таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, оғриқсиз ўтишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун аввало турк алифбосини асос қилиб олиб, унда бўлмаган портловчи “қ” ҳамда доим “нг” ҳарфи билан ифодаланадиган, алоҳида ҳарф сифатида унутилаётган “н” шаклида ёзишни қабул қилсак, муаммоларимиз ҳал бўлиб, бир тўхтамга келармидик. Уч товушли “донг”, “сўнг” каби сўзлар тўрт ҳарф билан, беш товушли “сингил”, “кўнгил” каби сўзлар олти ҳарф билан ёзилади. Буни бўғинга ажратиш эса ўқувчилар тугул ёши катта ўқимишли одамга ҳам қийинчилик туғдиряпти. Мана “ўзбек” деган сўз миллатимизнинг номи “ў” деган товуш  билан бошланади. Лекин “ў” деган ҳарфимиз йўқ. Шунда “ў” си йўқ ўзбек бўлиб қоламизми?! Ана шуни олишни истамадилар. Чунки қачондир, кимдир шуни олмаган, энди ўша олимларнинг шогирдлари шуни олиб, бошқа туркий тилларга қўшилиб қолишни истамайди. Ўша устозлари “айтган” ҳақиқатни ушлаб қолишлари керак! Ўша муҳим. Сенинг устозинг эмас, ҳақиқат муҳим. Одамлар фақат устозингнинг ҳақиқати учун яшамайдику? Одамлар ўзининг умри билан яшайди. Туркий дунё бир-бирига яқинлашиши керак. Ё яқинлашиб биз қудратли бўламиз ёки яқинлашмай йўқ бўлиб кетамиз. 30 йилгача Туркияда чиққан ҳар битта газета, журнал ва китоб Туркистонда ўқилаверарди. Бизда чиққан нашр эса туркий дунёда ўқилаверарди. Шундай қилиб, биз туркий халқлар бир-биримиздан жуда узоқлашиб кетдик. Энди нафақат турк ёнимиздаги қозоқни ҳам тилмочсиз тушунмайдиган бўлиб қолдик. Мустафо Чўқайлар Ўзбекистонда ишлар эди. Биз ҳаммамиз битта миллат — турк эдик, туркий эдик. Юқоридаги ғояни кўтариб чиққанлар эса туркларнинг ёзуви битта бўлса, бир-бирига яқинлашаверади, деган ғояни ўртага ташлаган эди. Биз ҳали секин-секин умумтуркийликка яқинлашамиз. Мана секин-секин яқинлашяпти. Лекин ҳозирча биз  шуни қийинлаштиряпмиз. Мисол учун яна бир юракни ўртайдигани “х” ва “ҳ” товушлари. Чуқур тил орқа ва бўғиз ундоши деб аталган икки ундош ҳарфни фарқлашнинг илмий асослари деярли йўқ. Шундай экан, бир тўхтамга келиб, биттасини қабул қилиб қўя қолишимиз керак. Имломизни мураккаблаштириб, болаларимизнинг саводсизлигига имкон яратяпмиз. Мажбур қиляпмиз. Кечагача “сирк” нима бўлади? “ц” бўлиши керак ваҳима қилаётган эдик. Ўлиб қолмадикку, мана. Бунда сўзларни “Ц” билан айтмасак ҳам мақоми тушиб қолгани йўқ. Кейинги авлодга фақат хатоларимизни қолдирмай, янгилик қолдиришимиз керак эмасми?

Саводимиз тушиб кетишига яна бир сабаб юқорида айтганимдек: болаларимиз ўз кучини бошқа тилларни ўрганишга сарфлаяпти. Бунга ҳам ўзимиз даъват қиляпмиз-да. Четдан келиб, мана шу тилни биринчи даражада ўрган дегани йўқ. “Ўзбек тилини билиш ёки билмаслик умуман аҳамиятга эга эмас” деган қарашлар ҳам шунинг мевасидир. Кейин “билан” деб ёздим нимаю “блан” деб ёздим нима, “ариза” деб ёздим нимаю “арза” деб ёздим нима дея хоҳлаганича ёзмоқда.

Муроджон РАҲМАТОВ ёзиб олди.