Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир

 724 total views,  5 views today

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида давлат бошқарувини такомиллаштиришни назарда тутувчи беш йиллик Янги Ўзбекистон стратегиясини эълон қилди. Ундан 2027 йилгача мамлакатда камбағалликни камида 2 бараварга камайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш каби қатор устувор йўналишлар ўрин олган.

“Биз Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик ва уни бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Сайловолди дастуридан ўрин олган ислоҳотларни 10 та муҳим йўналиш асосида олиб бориш эса мамлакат тақдирига бевосита дахлдорлиги билан катта аҳамиятга эга. Мазкур йўналишлардан биринчиси илм ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этишдир.

Келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4000 доллардан ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга замин яратиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 1,4 баробар ва меҳнат унумдорлигини камида 2 баробарга ошириш учун шароит яратилади. “Драйвер” соҳаларда “хомашёдан — тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида саноат кластерлари тизими ривожлантирилади. Илм-фанни ривожлантириш асосида саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурлари ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш режалаштирилмоқда.

“Ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархларда юқори тезликдаги Интернетга уланади, магистрал автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва Интернет билан қамраб олинади. Халқаро магистрал Интернет тезлиги — 5 баробар, туманлараро тармоқлар тезлиги — 8 баробар оширилади.”

2022 йил якунига қадар “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида барча давлат органларида иш юритиш ва аҳоли билан ҳужжат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши янги Стратегияда кўзда тутилмоқда. Электрон шаклдаги давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилиши, жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларидан 100 тасини хусусий секторга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ёки 1,5-2 триллион сўм маблағ “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланади.

Шунингдек, янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслигини таъминлаш режалаштирилмоқда. Капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай шароитлар яратиш ва фонд бозори ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

“Хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш Стратегияси қабул қилиниб, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш чоралари кўрилади. Давлат-хусусий шериклик асосида транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб этилади”, — дейилади дастурда.

“Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчи очиқ танлов асосида сараланиб, улар етакчи экспортёрларга айлантирилади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади”.

Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспорт бўйича эса 60 фоизга етказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилиши белгиланган.

Дастурда айтилишича, энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади. 2026 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт соатга оширилиб, жами 100 миллиард киловатт соатга етказилади.

“Яшил иқтисодиёт” технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этилиб, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш устувор вазифа сифатида эътироф этилган. Бунинг учун қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро-электростанциялар ишга туширилиб, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ ресурсларини тежаш кўзда тутилган. Шунингдек, 2022 йилда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўналишларида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

“Йирик корхоналарда касбий таълим марказларини ташкил этиш, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, нефть-кимё, электротехника каби етакчи соҳаларда хўжалик бирлашмалари ва лойиҳа институтлари билан биргаликда малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш чораларини кўрамиз” — дейилади дастурда.

Фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак воситасида камбағалликни қисқартириш борасидаги иккинчи йўналишда 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида шакллантирилган 7 та йўналиш бўйича 60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни назарда тутувчи дастур амалга оширилади.

“2022 йилдан бошлаб корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилиб, тадбиркорлар ихтиёрида 500 миллиард сўм маблағ қолдирилади. 2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бирлаштирилиб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади”. Шунингдек, банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши режалаштирилмоқда.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари сингари 25 та фаолият тури бўйича монополия тугатилиб, ушбу соҳаларда тадбиркорлар учун кенг йўл очилиши режалаштирилмоқда.

Ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш белгиланган. Касбга ўқитиш кўлами 2 баробар оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

“Норасмий секторда ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади”, — дейилади дастурда.

Ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 баробар ошириш ва 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Дастурга мувофиқ, жамиятда аёлларнинг мавқеини оширишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади. Жумладан, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш назарда тутилган.

Қайд этилишича, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади. Эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари ҳар йили ошириб борилади ва 2026 йилга қадар 6 мингтага етказилади. Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилиши режалаштирилган.

“Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси 60 фоиздан 100 фоизга етказилиб, уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади. Базавий пенсия ҳажмини ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори 10 баробардан 12 баробаргача кўпайтирилади”.

Шунингдек, уй-жойга муҳтож фуқароларга тураржойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи Миллий дастур ишлаб чиқилиб, амалга тадбиқ этиш режалаштирилмоқда

Учинчи йўналишда қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш назарда тутилган. Хусусан, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадларини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Жумладан, келгусида қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам берилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш кўзда тутилган.

“Давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади”, — дейилади дастурда.

Қайд этилишича, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, уларни аҳолига очиқ танлов асосида 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага бериш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Интенсив боғлар 3 марта ва иссиқхоналар 2 марта кўпайтирилиб, экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имконини яратиш кўзда тутилган.

Илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, ҳудудларда агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

“Уруғчилик, кўчат етиштириш ва чорва моллари зотларини яхшилаш бўйича миллий дастур амалга оширилади. Юқори ҳосил берадиган ғўза ва ғалла навларини четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга босқичма-босқич рухсат этилади”, — дейилади дастурда.

Шунингдек, нуфузли халқаро илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Чорва учун озуқабоп экинлар майдонини икки баробардан зиёд ошириб, 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, 11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаб, ҳосилдорлигини ошириш чоралари кўрилади. Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 1,5-2 марта кўпайтирилади.

Сув ресурсларини бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилинади ва йилига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастури амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун келгуси беш йилда 2 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Тўртинчи йўналишда сифатли таълим — инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили масалалари акс этган.

Узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Мактабгача таълимдаги қамров даражаси 80 фоизга етказилиб, 7 мингдан зиёд янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олиниши кўзда тутилган.

Дастурга мувофиқ, мактабгача таълим тизими ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич ошириб борилади.

“Янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш ва таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади”.

Олий таълим тизимида қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қарийб 100 минг ўринли талабалар тураржойлари барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Бунда давлат олий таълим муассасалари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилади ва улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизга туширилади.

Дастурга кўра, 2026 йилгача хусусий олий таълим ташкилотлари сони камида 50 тага етказилиб, уларда таълим олаётган талабаларга ҳам 7 йиллик таълим кредитини олиш имконияти яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ёшларни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 марта оширилади.

Таълимнинг барча босқичидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Хусусан, докторантурага қабул давлат буюртмаси ва манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов грантлари асосида жорий этилади.

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари — Миллий олимпиада тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва ўртача умр кўриш даражасини ошириш муҳим вазифа сифатида бешинчи йўналишда эътироф этилган.

Тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш кўзда тутилмоқда.

Дастурга мувофиқ, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиб, биринчи босқичда 46 та туманлараро перинатал марказлар барпо этилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил этилади.

Тиббий хизматларда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, дастурда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси трансформация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг хорижда тизимли малака ошириши йўлга қўйилиши белгиланган.

Мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг умумий ҳажмини 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Санитария-эпидемиология хизматининг халқаро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Янги Ўзбекистон стратегияси жамоатчилик томонидан билдириладиган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар асосида янада бойитилиши қайд этилган.

Юқорида сизлар билан муҳим йўналишларнинг 5 таси билан танишиб чиқдик.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.