Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Пул бор жойда савияга савияга на ҳожат ёхуд касб этикаси — биринчи даражали…(ми?)

 1,037 total views,  8 views today

Вилоятга уйга борган эдим. Юмуш билан бозор оралаб юрганимда тасодифан мактабда бирга ўқиган синфдошимни учратиб қолдим. У билан қуюқ саломлашиб, бир оз гаплашдик. Кетар чоғимда “Бир келибсан, уйга ўт, болалар билан кўришиб, йиғиламиз”, – дея қўймай уйига таклиф қилди. Мен ишларимни тугатиб, кечга яқин боришимни айтиб, сўз бердим.

Кечга ваъда берганимдек, синфдошимникига бордим. Дўстим мени хурсанд ҳолда кутиб олди. Ичкарига таклиф қилиб, эшикдан кирар экан, “Қаранглар, ким келди?”, дея мени кўрсатди. Хонада мактабда доим ажралмас бўлиб юрадиган саккиз бола жам бўлган эдик. Ҳамма мени кўриб ажаблангандай бўлди-ю, аммо дарҳол бир-биримизга бағримизни бериб, кўриша кетдик. Оиладан, турмушдан ҳол-аҳвол сўрашдик. Мендан пойтахтда ишлайман, дея бир бундоқ келмайсан, дея гина ҳам қилгандай бўлишди. Дўстлар бир бўлиб, болаликни эслаб ўтирганимизда мезбон синфдошимнинг отаси кириб қолди. Ҳаммаси шундан бошланди.

Ҳамма отахон билан қўл бериб саломлашиб чиқди. Менга келганда юзимга тикилиб турди-да, сен фалончининг ўғлимисан, деди. Мен “ҳа” дея тасдиқладим.

  • Тошкандамисан? – деди отахон, мен яна тасдиқладим.

Отахон билан у ёқ-бу ёқдан гап олдик. Бир пайт хонтахта устида турган телевизор пультини қўлига олди-да, бирма-бир каналларга ўтказа бошлади. Шунча вақтдан бери ҳеч ким деворда ўрнатилган телевизорга эътибор бермаганигами, уни сезмаган эканман.

Отахон қайси каналга олса ер депсингандай бўлар, каналларнинг бирида шоу томошасидаги бақир-чақирлар, кейингисида отахоннинг тили билан айтганда бир тўда “стомосвўй” аёлларнинг бачкана қилиқлари билан “чақ-чақлашиш”лари, яна бирида ёқимсиз бошловчилар оғзидан боди кириб, шоди чиқиши билан мантиқсиз ҳаракату савиясизларча авж нуқтасининг кўриниши, бирида худди шундай савияси ҳаминқадар сериал, бошқасида реклама деган балои азим…

Отахоннинг ҳар канални кўрганда телевидениедагиларни баралла лаънатлашларини сўкишларини имкон қадар сизга очиқ келтириб ўтишга иймандим, ор қилдим. Хуллас, пульт барча каналларни “сайр” қилиб чиққач, охири бўлмади чоғи, сайраб турган телевизор шартта ўчириб ташланди. Отахон даврамизга қўшилиб, бугунги телевидениенинг шунақа алмойи-жалмойи кўрсатувлари, журналистлар этикаси ҳақида куйиниб, ғазаб билан гапира кетдики, ўйлаб кўрсанг, унинг ҳар бир гапи ўринли, жон бор эди. Дўстларим пиёлага чойни қуйиб олиб, ҳўплаб сўзлаётган отахоннинг ҳар гапида гоҳ унга, гоҳ менга қарашади. Ана шундай паллада шу соҳада ишлаётганим учунми, ер ёрилса-ю, кириб, кўздан ғойиб бўлсанг…

Мен бугун телевидениенинг кўрсатувларини, уларнинг бошловчиларини бирма-бир, номма-ном санаб тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Телевидениеда қайси телеканал, қайси дастур ва қайси ижодкор қандай савияда экани барчамизга жуда яхши маълум. Бу борада интернет тармоқларида, ОАВ нашрларида такрор ва такрор ёзилди. Лекин бирор ўзгариш бўлгани йўқ, бўлмаса ҳам керак. Сабаби, бугунги кунда тадбиркорликка кенг имкониятлар берилиб, эътибор қаратилаётган бир пайтда бизнинг гапимиз уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётгандек туюлади, гўё.

Биламизки, ХХI асрда интернет ва телевидение ахборот ҳамда тарғибот маркази, яъни ўчоғи саналади. Исоннинг қорни оч қолса овқат ейман дейди, бироқ маънавий оч қолса-чи? Тадбиркорлик дея миллатни, ўсиб келаётган авлодни маънавий қашшоқликка етакловчи бундай телеканалларнинг кимга кераги бор? Эртага уларнинг пул топаман дея бутун бошли миллатни мажруҳга айлантириб бўлгач, унинг бадали қандай қопланади? Мажруҳга айланган миллатнинг яна соғломлашиши, ўз ҳолига қайтиши учун қанча авлод алмашинади? Тадбиркорлик ҳар қандай соҳада кенг қулоч ёйсин, риволансин, қўллаб-қувватлайман, аммо маданият, маънавият тизимида бу инқирозга олиб келиши аниқ.

Энди асосий айтмоқчи бўлган гапга етиб келдик. Хўш, журналист ким? Болалигимизда телевизорни, ундаги ҳар бир кўрсатувни кўриб ҳайратланиб, ҳавас қилардик. Экранда кўринган журналистнинг ҳар бир айтган сўзи, нутқи, эгнидаги кийими, ўзини тутиши катта дид, маданият билан юксак савияда оҳанрабодек томошабинни жалб қиларди. Насиба Қамбарова, Муҳсинбек Йўлдошев, Насиба Мақсудова, Қобилбек Каримбеков, Қуддус Аъзамов Абдумўмин Ўтбосаров сингари телебошловчи, журналист ижодкорларнинг экрандаги қиёфалари ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди.

Ҳа, устоз журналистлардан эшитганларимиз бор, улар телеэкрандами, радиодами ёки матбуотдами омма олдига ҳар чиқишидан олдин, номи эълон қилинишини ҳис қилган. Шунга муносиб бўлиш учун албатта, алоҳида тараддуд кўришган. Нутқ маданиятидан тортиб, ўзининг ташқи кўриниш маданиятигача мукаммаллаштиришга ҳаракат қилган. Бу – аввало, ўзини ҳурмат қилиш, касбини, томошабинни, халқни ҳурмат қилишнинг энг самимий, оддий ва гўзал кўриниши бўлган.

Бугунги тележурналистика аҳволичи? Касб этикаси, журналист этикаси қай аҳволда? МТРК тармоғидаги телеканаллар дастурига, ижодкорларига тоқат қилса бўлади, аммо нодавлат телеканаллар дастури ва журналистлари борасида фикр айтишга уяласан, киши. Биргина мисол, “Zoʻr” тв каналининг “Бу кун” информацион дастури ҳудудлардаги мухбирларининг эфир пайтидаги гапириши, уларнинг шевачилигини ҳатто фарзандларим ҳазм қилолмай, устидан кулиб ўтиради. Мазкур телеканалдаги бошқа дастурлари ҳақида сўз юритишга ҳожат ҳам йўқ. Худди шунингдек, “Mening yurtim 5”, “Milliy” ва “Sevimli” телеканалларида эфирга узатилаётган кўрсатувларнинг аксарияти томошабиннинг ғашига тегади, холос. Халқ тилида айтганда: “Гала дордан қочганлар шу ерга йиғилган”дай гўё. Ушбу телеканаллар асосан, турли номлар остида жамоа бўлиб, омманинг кўпчилигида эътироз уйғотувчи қизиқчилик ниқоби остида қилиқбозлик орқали танилган “машҳурлар”ни телебошловчиликка жалб қилишган. Уларнинг дунёқараши ҳаминқадарлиги экраннинг ўзидаёқ яққол билиниб турса, бошловчилик қилаётган теледастурининг савияси қай даражада бўлсин. Бу ҳам етмагандай, айрим дастурларида овознинг борича бақир-чақир қилишларини қандай тушуниш керак? Бу ҳолатлар кўпроқ ўйинли шоу дастурларида кузатилади.

Бир сўз билан айтганда, юқорида устоз журналистлар ҳақида айтиб ўтганимиз каби касб этикаси, касбига нисбатан, телетомошабинга бўлган ҳурмат унутилиб кетилган. Яқинда журналистлар орасида ўзим гувоҳи бўлган воқеани олайлик.

23 сентябрь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Йиғилишда, даставвал асосий маъруза қилувчиларнинг мавзуга оид баёнотлари тинглангач, иштирокчилар билан эркин мулоқотга киришилди.

Тадбирда иштирок этган “Effect.uz” мухбири Раҳматуллохўжа Насретдинов “Мадад” ННТ муассасаси раҳбари Т.Турсунов ҳамда Уюшма раиси Олим Ўсаровларга саволлар билан юзланган эди.

Ушбу мулоқот чоғида “Effect.uz” мухбири ҳам ўз фикрларини савол тариқасида маълум қилди. Унинг саволига Т.Турсунов томонидан батафсил жавоб берилди. Шу билан бирга Уюшма раиси О.Ўсаров ҳам мазкур саволга жавобан ўз фикрлари билан тўлдириб қўшимча қилиб ўтди.

Ҳолат юзасидан айтиш мумкинки, тадбир “Uzreport tv” телеканали ижодкорлари томонидан тасвирга олиниб, тўғридан тўғри жонли эфирга узатилди. “Effect.uz” мухбири сўзга чиқиб, ўз саволини ўртага ташлагач, жавоб берилиши чоғида жонли эфир учун белгиланган вақт якунига етиб қолди.  Мазкур ҳолатларда тўғридан тўғри эфир учун вақт белгиланган тартибда ажратилади. Буни интернет тармоқлари орқали тўғридан тўғри тасвир узатувчилик билан шуғулланганлар ёки “ZOOM” электрон платформасида фойдаланганлар яхши билишади. “Effect.uz” мухбири тадбир бошлангандан ўзи савол берган вақтгача бўлган оралиқни ҳисоблаб кўрмадимикан? У эса жонли эфир якунига етганида ўз-ўзидан иддао билан жаҳл қилган ҳолда саволига жавоб бераётган масъулларга ҳам, бошқа барча иштирокчиларга ҳам ҳурматсизлик қилиб, чиқиб кетди. Ваҳоланки, мухбир чиқиб кетгач ҳам “Мадад” ННТ раҳбари Т.Турсунов ўз сўзини тўхтатмади, берилган саволга батафсил жавоб бериб ўтди.

Жонли эфирдан сўнг ҳам давра суҳбати эркин мулоқот шаклида қарийб бир ярим соат давом этди. Иштирокчилар томонидан берилган кўплаб саволларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Адлия вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбарлари томонидан атрофлича жавоб берилди.  “Effect.uz” мухбири сўзга чиқишидан олдин “Овози тожик” газетаси мухбири Мирасрор Ахроров фикр билдираётганда Уюшма раиси О.Ўсаров томонидан эфир вақти якунига етаётгани, берилган вақт чегаралангани, шу боис фикрлар лўнда тарзда билдирилиши ҳақида огоҳлантирилган эди.

“Effect.uz” мухбирининг Отабек Сатторий ҳақидаги саволидан сўнг, Олим Ўсаров томонидан жонли эфир тўхтатиб қўйилди”, – дея ўз сайтида хабар ҳам эълон қилинди.

Ўйлаб кўринг, “Effect.uz” мухбирининг ушбу хатти-ҳаракатини қандай тушуниш мумкин? Бу касб этикасига тўғри келадими? Журналист этикаси қаерда қолди? Касб этикасининг бошқача кўринишдаги қўпол бузилиши ҳолатлари ҳам журналистика соҳасида тобора урчиб бормоқда. Айниқса, мутасаддилар билан мулоқот мобайнида кўпроқ кузатилганига гувоҳ бўламиз. Яхшики, йиғилишда айнан шу мавзуда ҳам фикрлар билдириб ўтилди.

Энди ўзимга ўзим савол бераман: “журналист ким, ўзи?”

Журналист дунё илмини мукаммал билмаса ҳам, ҳар бир соҳадан хабардор, ҳар синоатдан ўзига етарли бўлган билимга эга зиёли шахс эмасми? Журналист, адиб ва санъат аҳли вакиллари халқдан ҳеч бўлмаганда ўн қадам олдинда юриши керак. Ўзини зиёли санаган ижод вакили халқнинг орқасидан эргашмайди, аксинча халқни эргаштиради. Бугунги аксар ижодкорларимиз мана шу жиҳатни тан олгиси келмайди, тан олса ҳам тез унутиб қўяди.

Бекмурод БАРДОШ