Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ҲАЛҚУМНИ АСРАШ ВА НАФСНИ ТИЙИШ ВАҚТИ… ёхуд сифатли гўшт муаммоси қаергача?

 1,298 total views,  32 views today

 “Кўпни кўрган” мутасадди акаларимиздан бири гўшт нархининг осмонга чиқишига ўзимиз айбдормиз, чунки кўп гўшт еяпмиз, дейишгача борди… “Ҳақиқатан ҳам, ҳозир кўп гўшт истеъмол қиляпмизми? Муаммо шундамикан? У ҳолда Абдулла Қодирий бундан қарийб 100  йил аввал нега шундай ёзган экан?  

“Думбаси тушиб қолган эмиш”

  “Гўш(т)…

Отингдан ўргулай гўш!.. Нега мунча ўзингни биздан азиз тутдинг? Биз сенинг қадрингга етмадикми?..

Мен ўқувчининг гўш ҳақиндаги ҳолини билмайман. Лекин ўзим гўш отини эшитсам, оғзимдин калаба-калаба сувлар келадир. Ўзини қассоб акалар қанорасида кўргандами? Кўрганда васлига етолмай юрган маъшуқангга учрашган каби хуш бошингдан учадир. Ихтиёрсиз ичингдан гулдурос ила: “Эй, гўш!” деган сўз ташқарига отиладир”, дея ўй-хаёллар билан гўшка муҳаббат қўйиб юрибман. Олдинлари гўш шодлиги ила кечаси бутун уй ичимизда уйқу ўрнига эртага оладирган гўшнинг қай ҳолда томоқ қилмоқ маслаҳати бўлар: Ойимга монти дуруст эмиш, янгамга сомса яхши эмиш, ҳаммадан ҳам акамники қизиқ, эртага қориндан бошқасини еса ўзини ўзи шаҳид қилар эмиш, буни ҳам қўйинг, дадамга бир сих бўлса ҳам кабоб тузук эмиш, энди мени ҳам тилагимни эшитинг: менга ҳаммаси бўлса ҳам ноз қиладирган ўрним йўқ эди… Аммо бугун гўшка қўйган муҳаббатимнинг ўрнини бир нафрат олди, кўнгил ағдарилиб қайт қилаёздим. Мана сенга гўш!.. Нега дейсизми? Еее, бунинг таърифи узун. Чамаси икки ой олдин “Қорин қайғуси — қозонгача, гўшт “қайғуси” — қачонгача?” номли  мақоламизда шу кунларда гўшт нархининг қимматлашиши турли давраларда бахс ва мунозаралар сабаб бўлаётгани ҳақидаги фикр ва қарашларнинг турли туман эканлигини таъкидлагандик. Нимасини айтасиз бугун ҳам ҳар ким ўзича фикр билдиряпти. Аммо мавзу бирозгина ўзгарган.

“Яқинда учга кирган жиянимнинг туғилган кунини нишонлаш учун оилавий уйимиз яқинидаги кафега бордик. Ўзимнинг опаларим ва жиянчаларим ҳам келгани учун кенгроқ жой буюртма қилдим. Биринчи овқатга “Мангал”, иккинчисига иккитадан шашлик айтдик. Ёзилиб маза қилиб ўтирдик. Ўйин-кулгу қилдик. Хизмат ҳам яхши бўлди. Бир ҳафталардан кейин бир яқин ўртоғим айтиб қолди, яъни биз туғилган кунни нишонлаган кафега эшак гўштини олиб кираётганини кўрганмиш. Бу гапни уйдагиларга айтганим йўқ. Аммо виждоним қийналяпти. Озиб-тўзиб ишлаб туғилган кун ва бошқа хурсандчилик кунларингни нишонламоқчи бўлсангу, бундай нохуш ҳолатларнинг гувоҳи бўлиб турсанг, бундай ёмони йўқ экан. Айниқса, бу ҳол ўз фарзандларинг ва яқиндан яқин жияну укачаларинг билан содир бўлса. Ниятим уларни эшак гўшти билан меҳмон қилиш эдими? Қачонгача ҳадикда яшаймиз?”, деб қолди бир қўшни акам.

Бир ҳолатнинг юз кўриниши

Яқинда “Daryo.uz” сайтида бир мақолага кўзим тушди. Бу биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас эди, афсуски. Аммо энг ўтиб тушгани бўлди-қолди. Хабар тахминан мана шундай (Сарлавҳасиданоқ кўнглингиз айнийди): “Қорақалпоғистонда эшаклар «қабристони» аниқланди. Ҳайвонлар гўшти сотувга чиқарилган бўлиши мумкин.” Маълум қилинишича, сўйилган эшак суяклари 3 та майдонга ташланган. Уларнинг биттасида 55 та эшакнинг қовурғалари борлиги айтилмоқда. Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларга тарқалган видеотасвирдан кейин аниқланган. Видеотасвирда таъкидланишича, эшаклар одамларга тарқатилаётган бўлиши мумкин. «Агар у ҳайвонот боғларига олиб кетиладиган бўлганида суяклари билан кетиши керак эди. Эшаклар моҳир қассоб томонидан сўйилган-ки, қовурға суякларидан гўштлар силлиқ ажратиб олинган. Қабристонда янги сўйилган эшакларнинг қовурға суякларидан ташқари калласини, қулоқларини кўриш мумкин», — дейилади хабарда. Видеотасвирда маълумот берилишича, эшак суяклари 2021 йилнинг январь ойидан буён 3 маротаба олиб келиб ташланган. Элликқалъа тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, ҳайвонлар касалликларини аниқлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва Давлат маркази мутахассислари тумандаги барча гўшт дўконларида текширувлар ўтказган. Туман аҳолиси ўртасида эшак сотиб олишни сўраган ва сотиб олган фуқаролар ҳақида суриштирув ишлари бошланган. «Лекин ҳозиргача эшаклар нима мақсадда сўйилганлиги бўйича маълумот йўқ», — дейилади хабарда. Бугунги кунда бундай хабарларни эшитавериб, қулоқларимиз ўрганди. Аммо давомига ҳам эътибор беринг. Хабарлар нақ ипдай эшилади. “Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида хонадонида эшак сўйиб, гўштини сотаётганлар ушланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса жорий йилнинг 5 апрель куни Қарши шаҳар “Арабхона” МФЙ Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Х.Ш.нинг хонадонида содир бўлган.

Маълум қилинишича, фуқаро Х.Ш.нинг хонадонида яна бир фуқаро Х.Ж. эшак ҳайвонларини сўяётгани вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида аниқланган.

Текширув давомида хонадондан бўғизланган эшаклар ва уларнинг ажратилган терилари, уйнинг хоналаридан бирида эшак гўшти деб гумонланган сўйилган лаҳм гўшт маҳсулотлари, 20 дона тирик эшаклар ички органлари аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Фуқаро билан суриштирув ишлари вақтида у эшак гўштини сотиш мақсадида сўйишини маълум қилган.

Қарши шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига олинган лаҳм гўшт маҳсулотлари яроқли ёки яроқсизлигини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган. Бўлимнинг Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини микробиология ветенария-санитария экспертиза лабораторияси томонидан берилган экспертиза хулосасида гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги маълум қилинган.

Натижада олинган лаҳм гўшт ва терилар белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда(Қалампир.уз)”

Тошкентдаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона эшак гўшти ишлатмоқчи бўлгани фош қилинди. Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган «Шаршара» брэнди остида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Голд Премиум Продуcт МЧЖга тегишли корхона кўздан кечирилганда, 69,6 кг. эшак гўшти бошқа гўшт турларига қўшиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда ишончли маълумотга таянган ҳолда Кун.уз мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Р. ҳамда Ғ.А. режасини амалга ошириш учун хоразмлик С.Ж. орқали 69,6 кг. миқдоридаги эшак гўштини «Шаршара» гўшт ишлаб чиқариш корхонасига ўтказмоқчи бўлган. Бу ишни бажариш учун гўшт А.А.га етказиб берилган. Мазкур гўштни қабул қилиб олган цех ишчилари уни ўша заҳотиёқ бошқа турдаги гўштларга қўшиб юборади. Тадбир давомида цех кўздан кечирилганда, кўриниши ва ҳидидан сифатсиз маҳсулотга айланган 275 кг. гўшт маҳсулоти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Санитар эпидемиология назорат маркази ахборот хизматининг «Kun.uz»га хабар қилишича, корхонадан олиб қўйилган 275 кг. гўшт ҳақиқатан истеъмолга яроқсиз экани экспертиза хулосаси орқали тасдиқланди.

Мазкур иш юзасидан цех ишчилари Р.Ғ., Н.З., фуқаро А.А ва С.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 186-моддаси 1-қисми, яъни «истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»да айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

“Фарғона вилоятида эшак гўшти етказиб берувчилари ушланди. Жиноий гуруҳ Фарғона вилоятида эшак гўштини умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб бериш билан шуғулланган.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида эшак гўштини умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги медиамарказ «Газета.уз».

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валюта жиноятларига ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда «Қорақушчи» маҳалласидаги Озод Ботиров ҳовлиси кўздан кечирилганида, эшак гўшти нимталари ва жасадлари аниқланди.

Ҳовлида умумий овқатланиш шохобчаларига етказиш учун кўп миқдордаги эшак гўшти тайёрлаб қўйилган. Озод Ботиров Баҳром Зокиров ва Ойбек Муйдинов билан биргаликда эшакларни 200−300 минг сўмдан сотиб олиб, улар гўштининг ҳар килограмини 25−30 минг сўмдан сотган. Эшак гўшти Тошлоқ туманидаги «Ягона» кафесида ҳамда Фарғонадаги миллий таомлар ошхонасида қозон кабоб ва бошқа таомларни тайёрлашда қўлланилган. «Эшак гўшти кўриниши, мазаси ва ҳиди билан мол ва қўй гўштидан фарқланади. Буни ошпазлар ва ошхона хўжайинлари билишган», — дейилади хабарда.

Декабрда ҳам Тошкентдаги колбаса цехларидан бирида Хоразмдан келтирилган эшак гўштидан фойдаланилгани, шунингдек 10 йил давомида Қашқадарёдан пойтахт бозорлари ва гўшт-колбаса ишлаб чиқарувчиларига зарарланган гўшт етказиб берилгани хабар қилинган эди.” “Сўнгги вақтларда бот-бот қулоғимизга чалинаётган эшак гўшти воқеалари энди Фарғона вилоятида ҳам миш-мишларга сабаб бўлди. Фарғоналиклар орасида тарқалган дув-дув гаплар, афсуски, ҳақиқат бўлиб чиқди!» — дейилади «Ўзбекистон 24» телеканалининг репортажида.

Фарғонада эшак сўйиб сотган қаллоб «тадбиркорлар» қўлга олинган. Тезкор маълумотларга асосан СВОЖДЛҚК департаментининг Фарғона вилояти Қўштепа тумани ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида «Қорақушчи» МФЙ Турон кўчаси 85-уй кўздан кечирилган. Озод Ботировнинг кушхонага айланган ҳовлисида санитария талабларига тамомила зид равишда сўйилиб, қассобхоналарга истеъмол учун жўнатишга тайёр қилиб қўйилган кўп миқдордаги эшак гўшти ва ушбу уй ҳайвони жасадлари топилган.

Ҳаромдан ҳазар қилмаган «тадбиркорлар» Озод Ботиров ва унинг ҳамтовоқлари Баҳром Зокиров ҳамда Ойбек Мўйдинов билан биргаликда 250–300 минг сўмдан эшакларни сотиб олиб, шу хонадоннинг ўзида сўйиб, нимталаб, кейин эса сотишни йўлга қўйишган. Сўйилган жонивор гўштни Ойбек Мўйдиновнинг машинасида умумий овқатланиш корхоналарига килограмини 25–30 минг сўмдан тарқатиб юришган. Арзон гўштнинг орқасидан мўмай даромад олишни мақсад қилган Тошлоқ туманидаги «Ягона» кафеси ошпазлари хўрандаларга эшак гўштидан кабоб ва бошқа турли таомларни тайёрлаб бериб, номига монанд, ҳудудда ягона бўлишган. Бундайлар орасида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Муроджон Турғуновнинг «Миллий таомлар» ошхонаси ҳам бор эди”, бундай қулоққа ҳам, ошқозонга ҳам ёқмайдиган хабарларни узоқ давом эттирса бўлади.

Давом эттиришга давом эттирса бўлади. Аммо бундай жирканч ишнинг давоми қаергача? Аҳамиятлиси, ижтимоий тармоқларда ҳар икки куннинг бирида тарқалаётган “эшак гўшти” ҳақидаги хабарлардан хориждан келаётган туристлар қандай хулоса чиқаради? Ўзбекистонда қўй ва мол гўшти қиммат экан шунга ҳамма эшак гўштига ўтибди дейишадими? Ўзимизчи, ўзимиз? Нега шундай ножоиз ишларни кўра била туриб, ҳеч қандай жўяли иш қилмаяпмиз? Қачонгача чойхонага кирганда кўнглимиздан ҳадик бўлади? Биламизки, ҳар ким ҳам уйида қўй сўйиб ейишга қурби етмайди. Озиб-тўзиб, ойликдан зўрға пул орттириб гўшт олиб келмоқчи бўлсагу, ҳалол гўштмикан дея ўйланиб яшасак?  Тўғри, улар албатта қонун олдида жавоб беришади. Лекин ҳаром луқмани одамларга раво кўрганлари учун улар ўз иймон-эътиқоди, қолаверса Яратганнинг олдида қандай жавоб беришаркан? Қизиқ, бу кимсаларнинг ўзлари ва бола-чақалари шу гўштдан еб кўришганмикан? Еб кўрмаган бўлса-да, шу йўл билан топилган ҳаром пуллари билан оиласини боққани аниқ, — дея якунланади «Ўзбекистон 24» телеканали репортажи.

Бундай жирканч ишларнинг олдини ололмас эканмиз ўзимизни ҳалқумимизни асраш вақти етди деб ўйлаймиз. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз: эшак гўшти кўриниши билан ҳам, таъм ва ҳиди билан ҳам мол ва қўй гўштидан фарқ қилади. Буни ошпазлар ҳам, ошхона ва кафе бизнеси билан шуғулланадиганлар ҳам жуда яхши билишади.

Афсуски, пул кўзини кўр қилган виждонсизлар эшак гўшти нафақат инсон саломатлиги учун хавфли эканлигини, балки Ислом динида ҳам ҳаром саналишини била туриб, шундай жирканч ишга қўл урганликларига нима дейсиз? Санитария ва гигиена қоидаларига амал қилинмасдан сўйилган ҳайвон гўштларини ташиш, сақлаш ва истеъмолга чиқариш ҳолатларига зудлик билан чек қўйилди. Шу ўринда ўйланасан, киши. Ошпазлар-ку, майли бундай ҳалол касбга ҳаромни аралаштириб, ўз виждонини ҳам сотиб юборибди, лекин қаллоблик билан инсонларни ҳаром эшак гўшти билан боқиб юрган сохта «тадбиркорлар»нинг кирдикорларини наҳотки қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари, ҳамқишлоқлари билмаган-эшитмаган бўлса?

Биз қачон бефарқлик ва лоқайдлик дея аталмиш бундай иллат ва қусурлардан қутуламиз? Ахир бизда эшак гўшти ҳаттоки итга ҳам берилмайди-ку? Ёшу қари буни жуда яхши билади. Жонивор ўлганида уни олиб бориб, чет жойга кўмиб келинади. Бундай кўнгилсиз воқеалар бугун ё кеча содир бўлаётгани йўқ. Илдизини суриштирсангиз қаергадир бориб тақалади. Бизда эса биргина йўл қолди, яъни ўзимизни ва ҳалқумимизни асраш! Ўз ҳамюртларига эшак гўштини едираётганлар эса кимлигини аллақачон кўрсатиб улгурган. Баъзи мутасадди ташкилотлар ҳам фақат жарима оширишу халқдан пул йиғишни ўйлайвермасдан доимий эҳтиёж саналмиш гўшт маҳсулотлари хусусида ҳам бир қотиришса ёмон бўлмасди. Чойхонада ёки уйга келтириб гўштни фақат ўзимиз истеъмол қилмаймиз. уларнинг орасида болалар ҳам бор. Шундай экан бу яхшилаб кўриладиган ва олдини олиш учун нимадир қилиш керак бўлган ишдир. Ким жавоб беради сифатли гўшт муаммоси қаергача?

Муроджон РАҲМАТОВ