Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

МУШТУМЗЎР ҲАЙДОВЧИ

 570 total views,  10 views today

Ҳайдовчи маданияти ҳақида кўп гапирилган. Бу бежиз эмас. Йўлларда кундан-кунга автотранспорт ҳаракати ортиб бораётган бугунги кунда айни масалага ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратишимизга тўғри келяпти. Боиси, ҳайдовчилар ўртасида йўл бўлаша олмаслик оқибатида ҳам жиноят содир бўлмоқда.

Али Шеров (исм-фамилиялар ўзгартирилган)  “Спарк” русумли автоуловида, “Кобальт” русумли автоуловни бошқариб келаётган  Карим Камолов билан йўл бўлиша олмай муштига эрк берди. Суднинг қора курсисида ўтирган Али Шеров 1991 йил Тошкент шаҳрида туғилган, оилали, автоинструктор лавозимида ишлайди. 2009 йилда талончилик жиноятини содир этишда айбланиб, жавобгарликка тортилган.

Буни қарангки, қилмишлари ёдидан кўтарилиб, пушаймонлик юки елкасидан кўтарилган Али шу йилнинг 31 март куни жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликка ўтди. У Яккасарой тумани, Ш.Руставели кўчасида “Спарк” русумли автомашинасида ҳаракатланаётиб “Кобальт” русумли автоулов билан йўл бўлиша олмай қолади. Бундан ғазабланган Али ҳайдовчи Каримни эсини киритиб қўйишни маъқул кўради. Ўзаро бақир-чақир, даҳанаки муштлашувга айланиб кетади. Ўзини шоввоз ҳисоблаган Алига Каримнинг узрлари ўтмайди. Аксинча уни юз-кўзларини бежаб қўйиш пайига тушади. Ниятига етган Али тез орада яна суднинг қора курсисига ўтиришини билганида эди, балки ўпкасини босиб олган бўлармиди?!

Бугунги давр тараққиёти турли жабҳаларга ўз таъсирини кўрсатиб бораётган экан, биз ҳайдовчилик маданиятига арзимас бир ҳолат сифатида қарамаслигимиз талаб этилади. Албатта, инсон табиати хато қилишга мойил. Бироқ кечира билиш ҳам керак. Ўйламай қилинган ножўя хатти-ҳаракат қонун бузилишига ва охир-оқибат тегишли тартибда жазога сабаб бўлишини унутмаслик лозим.

 

Санжар ИБАДОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди судьяси