Oktabr 24, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

РИШТА

 876 total views,  14 views today

Йўл-йўлакай  ўйлаб, хаёлимни чалғитишга  тоқатим етмаяпти. Қанотим бўлса-ю учиб кетсам. Шундоқ осмонга кўтарилсам. Бирпасда тоғ этагидаги уйимизга этиб борсам…

Қўнғироқ хаёлимни остин-устин қилиб юборди. Фақат улгуришни ўйлар эдим. Машина жилиши билан ҳайдовчидан тезроқ юришини ўтиндим. Чархи кажрафтор  ҳамиша жим кетадиган йўловчиларнинг бугун кайфияти чоғ. Балки танишлардир. Ашулага жўр бўлишади. Ҳолим бир Худога, кейин фақат ўзимга аён. Шоир айтганидек: “Йиғлаб бахтлиларнинг жонига текким” келмади.

Ташқарини жимгина кузатиб кетаётгандим, қўшиқ қулоғимга чалинди:

Момолар ҳикмати, сўзи бор жойда,

Менинг айтганларим бариси майда…

Пичирлаб такрорлайман. Топиб айтилибди. Энамнинг ҳам  сўзи ҳикмат, қадами ибрат эди. Охирги кўрганимда оғриқнинг зўридан ғужанак бўлиб қоларди. Бир оз ўзига келганидан кейин: “Берган дардингга ҳам шукур” деб қўярди. Шифокор оғриқ қолдириш учун  спирт ичишни тавсия қилди. Азобда ўтирган энам: “Неча кунлик умрим қолди, тозагина кетайин”, деб унамади.

Қирқ кеча-кундуз ўтибди. Ўшанда маҳкам қучиб бор меҳримни изҳор қилмайманми!? Тўйиб олмайманми?! Аммаларимдан тортиндимми? Берган пулларини олишга уялмадим-ку…

Ҳеч нарса емай қўйганига бир ҳафтадан ошганди. Лаблари қуруқшаса сув томизишарди. Ҳоли келса гап бериб ётарди. Таъзия хабарини  эшитса, шу кўйда ётганида қанчалаб соғлом одамлар у дунёга риҳлат қилганини санар, касал тўрда – соғ гўрда, деб қўярди. Ўзидан олдин уларнинг ўтиб қолганига хижолат бўлгандек.

Бир жойда сарғайиб кетган буғдойзор  тезроқ йиғиштириб олинишини кутаркан. Иккинчи томонда  ҳали яшиллиги кетмаган бошоқлар ўриб олинаркан. Дунё шунга ўхшайди. Биров ўлимни кутади – яшайди, бошқаси яшашни истайди – имкон йўқ. Дунёнинг тамал тоши бошидан тескари қўйилган, чоғи. Энамнинг ривоят ва ҳикоятларини, тарихимиз ҳақидаги маълумотларни китоблардан топа олмаганман.

Бир ҳафталик таътилдан сўнг ўқишга отландим. Хайрлашишга кирсам:

– Мана буни ол, – деди секингина.

– Қўйинг, эна, пулим бор…

– Меники табаррук олавер, болам.

– Эна, ишга кирганимни айтдим-ку. Энди  ўқиб, ҳам ишлаяпман, – дейман.

Аммам аралашади:

– Қўлини қайтарма…

Энам узундан-узоқ дуо қилди. Қўлларига сув қуярканман, “Бу кунларни айтиб юрасан, ўқишга  давлат ўқитадиганига кириб кетасан”, дерди. Дуонинг қуввати яна қишлоққа қайтгунимча етарди. Энди-чи?..

Ўша дуо энг сўнггиси эканини қаердан билай!? Хаёлимни жамлаб, ҳайдовчига машинани тезроқ ҳайдашини ишора қиламан. Бобо-момолардан сабр-тоқатни, меҳр-оқибатни қанча  ўргансак оз. Фақат улгуриш ҳақида ўйлаяпман, йўқса, йўлда шошириш яхши эмас. Эҳ, бу йўллар, йўллар. Бизни қаерларга олиб бораркан.

Ношукурлик одамни қандай кўчаларга олиб кирмайди. Ота-боболаримиз уруш маҳаллари бир бурда нонга зор бўлган. Кўклам келса, қирларга чиқиб ризқ қидирган. Юрт озодлиги учун бор-будини тикиб, машаққат тортишган. Энамнинг (раҳматли дейиш эриш туюларкан) қотган нонни чойга ботириб,  еб ўтираркан:

– Қани энди, тандир сомса бўлса, одамнинг кўнгли баъзан кабоб тусаб қолади, – дерди гоҳида. Яна гапидан хижолат бўларди. – Ўғлим, бу ҳам бир  гапда, етказганига шукур. Энг давр-у даврон сураётган пайтим ҳозир.

На келинларини, на ўғилларини койимади. Фақат ичкиликни кўрса:

– Ҳа, питимингга шамол, – деб қўярди.

Энам билан бир хонада ухлардим. Амакимни уйғота-уйғота хонасига чиқариб юборгунича  алламаҳал бўларди. Кейин қандай ўйим, саволим бўлса айтардим. Энам эринмасдан,  тушунтирарди. Хатоларимни тўғрилаб, баъзан ўзи  дардини ёриб қоларди.

–  Марзиянинг  қишлоқда туриб, келмаганига ўн саккиз кун бўлди, Қўшни қишлоқдаги Замира етти кун олдин келиб-кетганди. Софияни кўрмаганимга бир ойдан ошди. Мария аранг бир йилда  келади. Унга  қийин, олисга узатганмиз.

Ҳисобдан  адашмасди. Табиат билан тиллашарди. Эрталаб фалон пайти уйғотинг, десангиз, ётган жойидан:

– Болам, турақол, соат беш бўлиб қолди.

Кўзимни уқалаб соатга қарасам, роппа-роса беш. Агар ўрнидан тура олмай ётганини билмаганимда,  туриб соатни кўриб келиб, яна ётиб олди, деб ўйлардим. Ошхонада туни билан китоб ўқиб чиқардим. Ўқишга киришим керак. Лицейда ўқиб, контрактга ҳам кира олмай,  юзим шувут бўлган. Тўй-маъракага чиқишга  уяламан. Ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандек: “Литсейда ўқиб  ўқишга кира олмаган ношуд…”

Энамнинг олдига келган момолар: “Сен ухламайсанми?!” деб сўрарди. Ҳозир у момоларнинг бари ўтиб кетди. Баъзида суҳбатлар тонггача чўзиларди. Улуғлар боғлаб турган ришта  узилиб кетдимикан?! Ўша момоларнинг ўғиллари, набиралари билан борди-келдимиз йўқ.

Кундалик юмушим – энамга қараш ва ўқишга тайёргарлик кўриш эди. Қанча мутолаа қилмай, чарчоқ нималигини билмасдим. Хонадаги  жиҳозлар қанчалар қадрдон бўлиб қолганини, айтсам ишонмайсиз. Кийим илгичдан  сандиқларгача, дераза четларини қоплаб оладиган тартанакларгача…

Қўшни хонада дарс тайёрлаб ўтирардим. “Тўқ-тўқ…” этган товуш эшитилса, югуриб чиқардим. Энам ҳассага таяниб, ташқарилаётган бўларди. Қўлидан ушлаб, қўлтиғидан тутаман. Тоза ҳавога чиқиши фақат шу. Бора-бора бунга ҳам қийналадиган бўлди. Иҳраб-инграб ётарди. Тез-тез бориб деразадан қулоқ солиб келардим.

– Берган дардингга шукр, – ингроқ овоз эшитиларди ичкаридан.

Баъзан энди кўзим илинаётган маҳал алламбало босиб келарди. Нафас олишга қийналиб қолардим, қўл-оёғимни қимирлатай десам, ҳалиги “қора ботир” маҳкам тутиб олган. Беихтиёр бақириб юбораман.

– Болам, жойингни алмаштириб ёт…

Энамнинг овозидан ўзимга келаман. Хайрият. Ҳаммаси ортда қолганига шукур қилиб, тўшагимни қайтадан соламан. Бошимни бошқа томонга қўяман. Осойишта ором оламан. Ич-ичимдан энамнинг билағонлигига тасанно айтиб, ғурурланиб ётаман. Гоҳ-гоҳида “пуф, пуф…”лаб, уйқуга кетадиган энамнинг ўзи ҳам бослиқиб қолади.

– Эна…

Баландроқ овоз чиқариб уйғотаман.

– Нобоп ётиб қолибман. Яхши  уйғотдинг…

Энди ҳаммаси хаёлда қолди. Ўлдинг – ўчдинг. Суҳбатлари, насиҳатларини ололмайман! Нурли чеҳрасини бир кўриб қолсайдим. Ҳайдовчига ўтинчли нигоҳларимни қадайман. Тушунгандек бош ирғайди. Шаҳардан чиққанимиздан бери спидометр миллари юздан камни кўрсатгани йўқ. Юрагим ҳапқириб, югуриб кетгим келади…

Бир кеча энам ётиш олдидан сандиқ  туширтирди. Катта-кичик тугунчалар,  униқиб кетган қоғозлар, эски-туски ашёлар  тагидан қоғозга ўроғлиқ  нарса олди.

– Буни ўзимдан ўзим ўғирладим. Яшириб қўй, қўша олсанг, қўш. Яхши кунингга ишлатасан.

–                      Нима қиламан буни? Ўзингиз ишлатинг.

– Меники табаррук, неча кунлик умрим бор. Олиб қўявер, ҳали айта-айта юрасан.

Нимтабассум балқиб турган юзларига қараб, ихтиёрсиз оламан. Ўша туни тонггача ором ололмайман, ўлиб қолса нима қиламан? Васият қилгандек туюлади. Бу ҳақда ҳеч кимга индамадим. Баъзида келинларнинг “қанча ишим қолиб кетди”, дея минғирлаганини эшитиб ранжирдим.

– Бир умр шундай юрмайсизлар-ку, қадрига этиб қолинглар, – дегим келарди. Тилимни тиярдим. Худди сирни очиб қўйсам, энам дабдурустдан ўлиб қоладигандек. “Дуои фотиҳадан қисманглар” дея кўп тайинларди.

Кўзимга ёшим, бўғзимга овозим тиқилиб, уйга кириб бордим. Йиғлай десам товушим чиқмасди. Ўша қадрдон хонага қараб отилдим. Чуғурлашиб ўтирган хотин-халаж жим бўлиб қолди. Ўзимни ўнглаб олгунимча қабр бошига кетганлар қайтиб кела бошлади. Яна ҳовлини уввос йиғи овози тутди…

* * *

Бу воқеанинг содир бўлганига йигирма йил бўляпти. Ҳозир ҳам ўша қадрдон деразанинг олдидан ўтётсам, чиркай қоплаган ойналар орасидан ичкарига мўралайман. Мен учун муқаддас ошиён омборхонага айланган. Чириётган пиёздан тортиб, ишлатилиши даргумон бўлган супургиларгача шу ерда. Беғубор болалигимнинг файзли дамлари ўтган хонадан энамнинг инграган овози эшитилгандек туюлади. Яна болаликка қайтгандек, момолар ҳикматидан улгу олгандек бўламан. Кўзимга ёшим, бўғзимга овозим тиқилиб, у ердан узоқлашаман. Бизни боғлаб турган муқаддас ришта мустаҳкамланиб бораверади. Энам  хотирамда тирик қолди.

Азиз НОРҚУЛОВ