Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

КАДРЛАР ЗУВАЛАСИ “ҲАЛОЛЛИК УНИ” ДАН ҚОРИЛМАЙДИМИ? ёхуд бурч ва садоқат хусусида

 772 total views,  4 views today

Яхши биламизки, шахснинг ахлоқи, ўз бурчига садоқатли бўлиши давлатнинг қудрат манбаидир. Чунки жамиятнинг ҳар бир аъзоси касбий бурчини садоқат билан адо этмас экан, бундай жамият тараққий этишда бирмунча ортда қолиши  турган гап. Давлатда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати фақат уларнинг ҳуқуқлари мавжудлиги билан аниқланмасдан, уларнинг аниқ белгиланган бурчлари мавжудлиги билан ҳам белгиланади. Бурч ижтимоий ҳаётда зарур категориядир. Айниқса, фуқаро ва давлат муносабатларини тўғри ташкил этишда, манфаатлар муштараклигини таъминлашда бурч зарур бўлиб, у давлатда ҳам, фуқароларда ҳам бўлади. Мамлакатда жамият, фуқаролар, давлат манфаатидан келиб чиқиб, бурчлар ўрнатилади. Бу ерда фуқароларнинг бурчи, аниқроғи, асосий бурчи тўғрисида фикр юритамиз.

Бурч, бурчга хиёнат қилиш, ўз бурчига садоқат ҳақида гап кетса, барчамизга таниш, ёшлигимизда севиб томоша қиладиган “Титаник” фильми воқеалари ёдга тушади. Ушбу фильмни кўрмаганлар бармоқ билан саноқли бўлса керак. Шу ўринда фильм воқеалари билан танишган муштарийларга бир нечта савол билан мурожаат қилмоқчимиз? Келинг, аввал, воқеаларни биргаликда ёдга олайлик. 1912 йилнинг апрель ойида маҳобатли лайнер “Титаник” нима сабабда 2208 кишини олиб Англиянинг Саутҳемптон портидан Неw Ёрк томон йўлга чиққан кезида Айсбергга урилиб парча-парча бўлиб кетди? Ахир ушбу кема 10 балли довулга, 20 метрли сунамига бардошли эмасмиди? Айсберга кема қаршисига қандай чиқиб қолди? Ёки кема хизматчилари айсбергга урилгунга қадар нима иш билан шуғулланаётган эди? Бу воқеалар “Титаник” кемасининг реал ҳаётда айсбергга урилиб содир бўлган воқеалари эди. Энди Жеймс Кемерон томонидан олинган “Титаник” номли фильм воқеаларидан бирига диққат қилайлик.

“Титаник” кемаси жуда катта ҳудудга ва кўплаб меҳмонлари бағрига сиғдира олишга қодир эди. Кеманинг пастки каюталари камбағаллар учун, юқори палубалар эса бойлар учун мўлжалланган эди. Бой-бадавлат кибор йўловчиларга мўлжалланган махсус зиёфат зали ва бир неча ресторан хизмат кўрсатмода. Ана шу залларнинг бирида икки ансамбль куй ижро этяпти. Куй садоси ва маишат ҳавосига тўлган ошёнда ҳамманинг кайфи чоғ. Шу орада кема айсбергга урилиб, ҳалокатга бошловчи ёриқ пайдо бўлди. Кема бир ярим, икки соатга етмасдан уммон тубига ғарқ бўлиши ҳақидаги хабар барча йўловчининг қалбига қўрқув пайдо қилди. Ҳамма қандай қилиб бўлса ҳам иссиқ жонини сақлаб қолиш илинжида ўзини ўққа-чўққа ура бошлади. Мақсад эса битта кемадан эсон-омон қутулиб чиқиш. Одамларни бо-ю камбағалга бўлган кема тақдирига ёзилган қисмат билан барчани бир мақсад йўлида бирлаштирди-қўйди. Денгизчиларнинг муқаддас бурчи ва қоидасига амал қилган, кема дарғаси — капитан жонини қутқариб қолишга интилдими? Йўқ, ўз бурчи ва денгизчилар қоидасига собит қолиб кема палубасида тақдирига битилган қисматга тик боқди. Ҳатто ўша юракни сескантирувчи жараёнда капитандан бошқа кемакашлар, капитан ўринбосарлари йўловчиларни қутқаришга бош-қош бўлиш пайига тушиб, қайиқларга чиқиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишган. Шу ўринда, юқорида келтирган қаҳрамонларимиз яъни ресторанда бойлар кўнглини ўз мусиқалари билан хушнуд аялаётган саккиз нафар оддий машшоқ қандай йўл тутди. Айнан мана воқеага ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман. Забардаст “Титаник” кемаси чўка бошлагач саккиз нафар машшоқ иродасининг буюклигини, бурчига садоқатлилигини исботлади. Маълумотларга кўра, машшоқларниг асосий гуруҳи — квинтет энг ҳашаматли залда куй ижро этган. Бу гуруҳга 34 ёшли Уоллес Ҳенри Ҳартли исмли скрипкачи раҳбарлик қилган. Триодан иборат иккинчи гуруҳ эса кемадаги бир нечта ресторан ва меҳмонхонада навбат билан хизмат қилишган. Машшоқларнинг исмлари ҳам келтирилган экан: Ж.Ҳюм ва Ж.Кринс — скрипкачи, Ж.Вудворт — виолончель, Т.Брейли ва П.Тейлор — фортепьяно ва бошқалар. Яна шундай мавжуд эканки, юқорида исмма-исм келтирилган мусиқачиларнинг барчаси орзу-ниятли, жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлган. Скрипкачи Ҳартли биз қизга унаштирилиб, кема New Yorkка бориб қайтгач тўй ўтказишни режалаштирган эди. Ҳартлининг бўлажак қайлиғи унга “Титаник”дек машҳур кемада раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан қимматбаҳо скрипка ҳадя этгани ҳақида ҳам маълумот бор. Ҳалокатдан сўнг қутқарувчилар томонидан топилган ушбу скрипкага “Уоллесга никоҳимиз муносабати билан Мария” дея ёзилган.

Маълумотларга кўра, ушбу скрипка кема мусиқачиларнинг Саутҳемптон шаҳридаги музейида сақланаркан. Кеманинг чўкиши ҳақида тарқалган хабарни эшитиб, мусиқачилар ҳам ўзларини қўярга жой тополмай бирон бир кемага уриши мумкин ва ҳақли эди. Аммо ундай бўлмаган. Улар аввал квинтет, унинг ортидан трионинг юқори палубасига ўрнашиб, баланд баланд пардаларда кайфиятни кўтарадиган куйларни ижро этишга киришади. Қизиғи, улар то кема чўкиб кетгунга қадар ижрони тўхтатмайди. Фалокатдан қутулиб қолганларнинг айтишича, мусиқачиларни ҳам уммон бирин-кетин ўз бағрига олиб кета бошлаган. Шу орада, Ҳартлига навбат етиб, чўка бошлаганда у “Жаноблар, яхши боринглар, алвидо”, дея кичик кемаларга ўрнашиб олганларга хайр-ҳўшлик тилаган. Ҳафталик саёҳат давомида меҳмон ва сайёҳларнинг кўнглини хушнуд этиш учун йўлланган мусиқачилар фалокат бўсағасида турган жонларини тикиб, йўловчиларга мусиқа билан руҳий далда беришни энг тўғри йўл деб билиб, бурчига содиқ қолади. Бу ҳол эса чиндан ҳам буюк, тил билан таърифлаб бўлмайдиган жасоратдир. Яна бир жиҳатга кўра, кема уммон қарига чўка бошлаганига эътибор бермасдан мусиқа чалишдан давом эттиргани йўловчиларнинг кемадан қайиққа ўтиш жараёни қўрқувсиз, батартиброқ ўтиши ва кўплаб одамларнинг хавфдан озод бўлишига ҳам хизмат қилган. Кўряпмизки, бурчга садоқат инсонларни энг оғир вазиятда ҳам бир-биридан узоқлаштирмаяпти.

Таассуфки, ўз бурчига юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини эса қуйидаги воқеа орқали билиб оласиз. “Титаник” кемасининг айсбергга урилиб чўкиб кетишида кемани бошқарувчи жамоа аъзосининг ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашгани ва эътиборсизлик қилган  сабаб бўлади. Яъни кема бошқарувчисига маълумот етказиб турадиган хизматчи олдинда айсберг борлигини билмай қолади. Бунга сабаб эса дурбин ва шунга ўхшаш денгизда керак бўладиган қурилмалар солинган қутининг калити бошқа портда тушиб қолган хизматчининг чўнтагида қолиб кетганди. Буни суриштириш эса ҳеч кимнинг хаёлига келгани ҳам йўқ. Хуллас, маҳобатли “Титаник” кемасининг айсбергга урилиб, уммонга ғарқ бўлишида  кимнингдир ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошгани сабаб  бўлди. Чунки  денгиздаги ўша буюк айсбергни бошқа кемалар урилмай-туртилмай айланиб ўтган. Биргина кема ишчисининг ўз бурчига қатъиян ёндашмагани оқибатида бутун бошли кема фалокатга учради.

Ҳамма гап кадрларда(ми?)

Ҳар бир соҳада кадрлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келинса, асосан, кадрлар етишмовчилиги “рўкач” қилинади. Аслида, ҳам кадрлар етишмовчилиги масала моҳиятини белгиловчи ва кадрлар билан боғлиқ муаммоларнинг ҳали ҳамон мавжудлиги кадрлар етишмовчилигидамикан? Аслида, асосий муаммо кадрлар етишмовчилигида эмас, балки мавжуд кадрларнинг салоҳияти тўғри баҳолай олмаслик ҳамда ёшлигидан бурчга садоқатли қилиб тарбия берилмайотганидадир. Яқинда олий ўқув юртига ҳужжат ва имтиҳон топшириш арафаси якунланди. Ижтимоий тармоқларда “олий таълимга қанчадир пул эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган ўқитувчи пора олиш устида қўлга тушди” каби хабарлар қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Шунингдек, баъзи олий таълим муассасасида ўқиётган ўртоқларим баъзида “сессиядан ўтиш учун полон пул сарфладим”, “сессиядан ўтиш учун пул топишим керак” дея сўз очиб қолади. Шу воқеани сўзлаб беряпман-у, бир савол дилимни ўртаяпти: ахир, бунинг тамоман акси бўлиши керак эмасми? Ҳақиқий кадрнинг зуваласи “ҳалоллик уни” дан қорилмайдими? Қандай қилсак, ҳалол кадрлар етишади?

Билишимча, Японияда болага тўртинчи синфгача аниқ фанлар ўрнига адолатли, ҳалол, ватанпарвар бўлиш, ҳаётни, гўзалликни ҳис қилиш каби ҳаёт фалсафасига яқин фанлар ўтилар экан. Чунки болада ҳалоллик, адолат, виждонан иш қилиш, ўз бурчига содиқлик каби туйғулар шаклланса, бундай фарзандлар ижтимоий ҳаётда ҳам муносиб яшаш маданиятига эга бўлар экан. Инчунун, бундай фазилатларга эга бўлмаган кадрлар эса жамиятда шахс сифатида камолга ета олмаслиги бир неча бор исботланган. Хитойда таълим стандартларига “сифатли инсон” концепцияси киритилгани барчамизга маълум. Хўш, бу концепциянинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? “Сифатли инсон” концепцияси барча фанлар таркибига мажбурий сингдириб борилади. Шунингдек, “хитойлик — Хитой учун” ғоясини мактаб ўқувчилари онгига сингдиришни ҳам ўз ичига олган. Концепция шахс камолотини таъминлашда ўзини идора этиш, шахсий тафаккурига бўйсуниш, ташқи салбий таъсирларга тушмаслик, бурчга садоқатли бўлиш каби кўникмаларни ҳам шакллантиради. Яна бир жиҳатга эътибор беринг. Хитой таълимида болаларни шахсий, жамоавий ҳамда миллий манфаатларни уйғунлаштирган ҳолда тарбиялаш кўзда тутилади.

Айниқса, ёшлар ёвуз иллатлардан эзгулик мезонларини ажратиб олиши учун тизим шакллантирилган. Тизим “сифатли инсон + маҳоратли мутахассис = шахс” формуласини яратишга қаратилган таълим фалсафасидан келиб чиқади.  Бизда эса бунинг акси. Яъни коррупцияга қарши курашиш кўплаб маблағларни  ҳуқуқий органлар фаолиятига ажратяпмиз. Нима учун бизда таълим тизими дейилганда тизим муассасалари фаолияти тушунилади ва таълим ижтимоий ҳаётдан ва ишлаб чиқаришдан алоҳида бўғиндек тасаввур шаклланган. Аслида эса, таълим тарбиянинг узвийлиги жамиятнинг маънавий ҳаёти уйғунлигини таъминлашга қаратилган бўлиши лозим. Бундай мутаносиблик оқибатида жамиятда кадрлар ва иқтидор муносиб қадрланмайди. Жумладан, бизга амалдорларнинг субъектив майлидан холи бўлган, ўз қонуниятларига суянувчи таълим тизими керак.

Сўнгсўз…

Кези келганда, Плутархнинг асаридаги воқеаларни сизга ҳам эслатмоқчиман. Искандарнинг салтанат ва қудрати буюклашгандан сўнг табиатига хос бўлган сахийлик хусусияти янада кучли намоён бўла бошлайди. Сахийлик эса меҳр билан қўшилганда ҳақиқий қиймат касб этар этади. Искандарда ҳам ана шулар мужассам эди. Македониялик оддий жангчи бир куни хазинага  тегишли тиллани хачирга ортиб ҳайдаб борарди. Хачир ҳолдан тойиб юролмай қолганда жангчи юкни ўзи кўтариб олади. Шоҳ унинг чекаётган азобини кўриб, гап нимада эканлигини суриштирганда “Ўлсам, ўламанки БУРЧимга хиёнат қилмайман”, дейди. Масофа яқинлашиб манзилга етай деганда жангчи ҳолдан тойиб, бирравга дам олишга ҳозирланади. Бу ҳолатни кузатиб турган Искандар юкни ерга қўймоқчи бўлган жангчига шундай дейди: “Бардам бўл,  яна озгина чидагин-да, юкни ўз чодирингга олиб борақол”. Мана ҳақиқий БУРЧга САДОҚАТ. “Ўлсам, ўламанки бурчимга хиёнат қилмайман”, дея ўз бурчига садоқат билан хизмат қилиб, ҳалол меҳнат ва бурчига садоқати учун эл эътиборига тушаётганлар бугун бизнинг жамиятимизда ҳам йўқ эмас. Шундай юртдошларимиз сабаб давлатимиз ривожланишда жадаллашмоқда. Аммо бурч  нимаю, садоқат нима дея иш тутаётганлар ўз қилмиши билан тарози палласида кам юк босмаётир.

ўз бурчига садоқатли ва ҳалол кадрларни тақдирлаш ва уларни замондошларимизга ўрнак қилиб кўрсатишимиз керак. Шундагина ёшларни ўз бурчига садоқатли қилиб  тарбиялаш осон кечади. Юқорида Плутархнинг бурчига садоқатли фуқаросига кўрсатган сахийлиги ўз-ўзидан бошқа қўл остидагиларга ҳам ўрнак бўлгани, шубҳасиз. Боғчадаги болалардан тортиб мактаб ўқувчиларига ҳам бурч ва садоқат ҳақидаги тушунчалар моҳияти тушунтирилиши керак. Ёшларнинг  онгига Абдулла Азам айтганидек, “бурч-мурчингни йиғиштир, имкон борича  юлиб қол” қабилидаги даққи қарашнинг ўрнашишидан эҳтиёт бўлишимиз зарур.

Муроджон РАҲМАТОВ