Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“МАТЕМАТИКА, МАТЕМАТИКА ВА ЯНА МАТЕМАТИКА… ”

 797 total views,  4 views today

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимизга давлатимизнинг олий мукофоти –  “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов ҳам бор. Давлатимиз раҳбари тақдирланган инсонга мукофот топшираётиб Шавкат Абдуллаевичнинг математика илмига киритган янгиликлари ҳақида гапириб, “Бу одамнинг хизмати катта бўлган. Математика, математика ва яна математика, химияни билиши учун аввало математикани яхши тушуниш керак” дедилар.

Умуман кенг миқёсда қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон тарихида юртимизнинг илк академиклари Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий ва Тошмуҳаммад Саримсоқовлар ўз вақтида Қаҳрамонлик юлдузи билан тақдирланган экан. Шавкат Аюпов мустақил Ўзбекистон  тарихидаги илк математик қаҳрамондир.

Шу муносабат билан кенг жамоатчиликда математиканинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида қизиқиш уйғониши табиий. Наманган муҳандислик – қурилиш институти Олий математика кафедраси доценти Олимжон Эгамбердиев қаламига мансуб “Математик олимлар ва математик атамаларнинг луғавий маънолари” деган китоби ана шу эҳтиёжни қондирса ажаб эмас. Ушбу китобда қадим  Шарқ заминида буюк мутафаккир олимлар Муҳаммад Мусо-ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби умумбашарий тафаккур ривожига кўшган ҳиссалари ҳақида ҳикоя қилинади.

Асарнинг аввалида қадимги грек математик олимлардан  Аристотель, Архимед, Диофант, Птолимей, Пифагор ва бошқа сиймоларнинг математика фанига қўшган хизматлари акс эттирилган. Навбатдаги бўлимда (Биринчи уйғониш даврида) Бағдод ҳамда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси ва унда фаолият кўрсатган ватандошларимиз ҳақида фикр юритилади. Кейинги бўлимда (Иккинчи уйғониш даврида) XIV – XV асрларда Самарқандда ташкил қилинган Улуғбек академиясидаги тарихий шахслар тўғрисида айтиб ўтилади. Навбатдаги бўлимда Абель Нельс Генрик, Адамар Жарк, Банах Стефан, Борель Феликс Эдуард Жюстин Эмидь, Бернулли Якоб каби Европадан чиққан мазкур фанга жаҳоншумул ҳисса қўшган математикларнинг таржимаи ҳоллари берилган.

Китобнинг VI бўлимида Ўзбекистон заминида  туғилиб ижод қилган Тошмуҳаммад Қори – Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Маҳмуд Салоҳиддинов, Тўхтамурод Жўраев, Шавкат Алимов, Шавкат Аюпов, Турсун Азларов, Жавод Ҳожиев, Шокир Фармонов, Азим Саъдуллаев, Абдулла Аъзамов, Всеволод Романовский, Нўъмон Сатимов, Саидаҳмад Лақаев сингари академикларнинг математика фанига кўшган ҳиссалари ва ўзбек фанида яратган янгиликлари ҳақида оммабоп тилда ҳикоя қилинади.

Ушбу асар билан танишар экансиз, Ватанимиз тарихининг ўчмас саҳифалари буюк ва мўътабар зотларнинг ҳаётлари билан чамбарчас боғлиқлигига ишонасиз. Шу маънода Ватанимизнинг  “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” дея аталаши айни ҳақиқатдир.

Китоб аввалида математик атамаларнинг луғавий маънолари изоҳланади. Муаллиф бу ўринда математика фанида кўп ишлатиладиган терминларнинг луғавий маъносига, этимологиясига аҳамият берган. Сўзнинг келиб чиқишини билган яхши, албатта. Фикримиз шундан иборатки, атамаларга изоҳ беришда сўзларнинг амалда қўлланилишига ҳам эътибор берилса яхши бўларди. Масалан, “Абитуриент” сўзи лотинча abituriens, кетишга отланган деган маъно билан изоҳланган. Ҳолбуки, бу сўз айтилганда мактабни битириб, олий таълим муассасасига кирмоқчи бўлган ўқувчини тушунамиз. Китобнинг кейинги нашрида ана шу жиҳатлар ҳисобга олинса айни муддао бўлур эди.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист