Oktabr 23, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ИШОНЧ ВА ҚАТЪИЯТ — ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

 1,161 total views,  4 views today

Юртимизда қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий, умумбашарий муҳит пайдо бўлди. Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли рейтинг агентликларининг баҳолашича, айни пайтдаги ўта оғир, мураккаб шароитда Ўзбекистон жаҳоннинг саноқли мамлакатлари қаторида молиявий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини тиклаш ва иқтисодий фаолликни оширишга эришмоқда.

Бинобарин, Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табригида айтганидек,  иқтисодиётимиздаги таркибий ислоҳотлар ва асосий макро иқтисодий кўрсаткичлар мунтазам ўсиб бораётир. Хусусан, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди.
Бу ҳақда гапирганда, ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайгани, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 369 триллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсгани, натижада саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилган.

Бундан ташқари, табрикда иқтисодий соҳани, жумладан, божхона тартибларини либераллаштириш натижасида 2020 йилда экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ўсгани турли халқаро рейтингларда тан олиниши Ўзбекистонимиз учун жаҳон  молия бозорларига чиқиш имкониятини яратаётгани алоҳида таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам, жорий йилда 635 миллион долларлик ва 2,5 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари, ипотека банкнинг 785 миллиард сўмлик ва “Ўзавтомоторс” акциядорлик жамиятининг 300 миллион долларлик корпоратив облигациялари чет эл инвесторларига сотилди. Провард натижада сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлингани сўнгги 5 йилликда олиб борилган улкан иқтисодий ислоҳотларнинг самараси ҳисобланади.

Биргина, ўтган 3 йилда солиқ соҳасида янги тизим жорий этилиб, солиқлар сони айтарли даражада камайтирилгани айланма маблағдан олинадиган солиқлар бекор қилингани, ҳар бир тадбиркорни дилдан қувонтириш билан бирга, улар фаолиятини сезиларли ривожланишига омил бўлди. Бу жараёнда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиб, ушбу солиқ занжирининг яхлит тизими яратилгани нафақат экспертлар томонидан, балки тадбиркорлар томонидан мамнуният билан эътироф этилаётгани тадбиркорларга юртимизда Президент алоҳида эътибор  бераётганини кўрсатади.

Тадбиркорлар эркин фаолият олиб боришига яратилаётган қонуний асослар келгусида ўз самарасини кўрсатиб, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилишига асос бўлмоқда.  Мазкур соҳада яна бир муҳим қадам Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилинди. Ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди. Бундан ташқари, уларни бериш муддатлари қисқартирилиб, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар қандай текширувлар учун мораторий эълон қилинди.

Тинч ва осуда мамлакатда тадбиркорлик соҳасига Президентимиз томонларидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар учун ишонч ортиб Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон 5 йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди. Бу хусусда, “Албатта, бу жиддий кўрсаткич, бу бизни қониқтирмайди. Шунинг учун биз ушбу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттирамиз, – деди Президент мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасида. – Хабарингиз бор, яқинда тадбиркорлар билан янги форматдаги учрашув ўтказдик. Унда мамлакатмиз бўйича 10 мингдан зиёд ишбилармонлар қатнашди. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 15 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар атрофлича ўрганилиб, тадбиркорлар кўтарган масалалар бўйича амалий чоралар белгиланди.

Биз миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз. Нега деганда, тадбиркор – иқтисодиётнинг, ислоҳотларимизнинг асосий таянчи ва локомотивидир. Мана шу ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак”.

Президентимиз таълим-тарбия ва ёшлар масалаларига алоҳида тўхталиб, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, бунинг учун юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида аҳамият қаритилаётгани, соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида мактабгача таълим соҳасига катта эътибор берилаётганига алоҳида урғу берди.

Бугунги кунда ислоҳотларимиз ва замон талаби, қолаверса, ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантириш тақозо этмоқда. Шу боис юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, улар сони 141 тани ташкил қилиб, қабул квоталари 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга ўсди. Келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизни етказиш кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз томонидан таълим ривожига кўрсатилаётган юксакка эътибор, ажратилган сезиларли сармоялар ўз самарасини бериб ёшларимиз миллий ғурур ва ватанпарварлик улғаймоқда. Бу ишларнинг барчаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган эзгу шиор асосида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда мустақиллик йилларида туғилган ўғил-қизларимиз – “Мустақиллик тенгдошлари” навқирон 30 ёшга тўлмоқда, улар жисмонан соғлом бўлиш билан бирга, янгича ва мустақил фикрлайдиган,  масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар руҳда ўсиб-улғайиб жаҳон майдонларида турли соҳалардаги беллашувларда ватанпарварлик шижоати билан фаол иштирок этиб юксак марраларни эгаллаб қайтмоқда.

Хусусан, яқинда Японияда бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида моҳир спортчи ёшларимиз ғолиб бўлгани барчамизни бирдай фахрлантиради. Улар орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети Корпоратив бошқарув факультети талабалари Асила ва Гулжаной Барчиной издоши мақомида совриндор бўлгани бизни фахрлантиради.

Президентимиз маърузаларида ўрин олган яна бир жабҳа, айни пайтда иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш республика экспорти ва инвестициялар оқимига ижобий таъсир кўрсатмоқда.  Жумладан, чет элдаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлашга, улар билан самарали ҳамкорлик қилишга катта эътибор бериляпти. Улар республикамиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга жалб қилинмоқда. Яқинда ана шундай муҳим вазифалар билан бевосита шуғулланадиган “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳам қатор ҳамкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт
университети ректори,
Техника фанлари доктори,
профессор