Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ИНСОН ЎЗГАРМАСА…

 696 total views,  3 views today

Она Ватанимиз истиқлолининг шонли 30 йиллиги халқимиз томонидан катта тантана билан нишонланди. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган эзгу даъват, улуғ мақсадга йўғрилган шодиёналар барчамизнинг қалбимизга ғурур-ифтихор бағишламоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ватанимиз мустақиллиги — биз учун куч-қудрат ва илҳом манбаи, тараққиёт ва фаровонлик асоси” мавзусидаги нутқи юртимиздаги янгиланиш ва юксалишларга мухтасар баҳо бўлиб янгради.

Бинобарин, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларидаги ўзгаришлар халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва тинчлик-тотувликда намоён бўлаётган бўлса, илмий-маданий, диний-маърифий, таълим-тарбия соҳалардаги туб ислоҳотлар самараси фарзандларимизнинг илм-фан, касб-ҳунар, спорт ва маданият жабҳаларидаги муваффақиятида ўз исботини топаётгани ҳақиқат.

Албатта, мустақил давлатимиз босиб ўтган ўзига хос мураккаб ва синовларга бой давр кўҳна тарих чархпалагида кўз очиб юмгунчалик фурсатга тенгланиши мумкин. Аммо, истиқлолга эришиш, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш йўлида бедор орттирилган ҳар бир сония, ой ва йиллар, агар таъбир жоиз бўлса, она Ватанимизда яшаётган миллионлаб инсонлар тақдиридаги эврилиш, ҳаётидаги юксалиш, фаровонлик ҳамда ёш авлод келажагининг ёруғ истиқболида асрларга татигулик бўлиши муқаррар.

Шу ўринда, Юртбошимизнинг “Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.

Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса, бутун жамиятимиз ўзгаради”, деган фикрларида жуда катта юк, донишмандлик ҳикмати мужассам, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, инсон илм-маърифат, маънавият орқалигина оламни англайди, ўзлигини танийди. Нафақат ўз тақдири балки, жамият эртасига ўзини дахлдор билиб яшаш эса, инсонни дунё тамаддунига ҳисса бўлиб қўшилажак илғор ташаббус ва ғояларга ундаса, не тонг. Бунга “Илм Чин (Хитой)да бўлса ҳам излаб, топиб эгаллангиз”, деган муборак ҳадиси шарифга бутун ҳаёти давомида риоя қилиб, илм-фаннинг барча соҳаларида довруқ қозонган мутафаккир боболаримизнинг “Шарқ уйғониш даври”га тамал тошини қўйганлари ёрқин далил. Бугунги кунда ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби не-не буюк мутафаккир боболаримиз яратган бой илмий-маънавий мерос жаҳон цивилизациялари бебаҳо хазинаси сифатида ҳамон тадқиқ этиб келинаётгани эса қалбимизда фахр, зиммамизга масъулият юклайди. Чунки улуғ аждодлари номи ва шарафига муносиб бўлмоқ ёш авлоднинг азалий бурчидир.

Маълумки, 2021 йил юртимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, дея номланди. Мазкур рамзий маънодаги йил номига мос равишда мамлакатимизда қабул қилинган Давлат дастурининг мазмун-моҳиятига чуқур аҳамият қаратилса, ҳар қандай иқтисодий ривожланиш асосида, энг аввало, ИЛМ-МАЪРИФАТ устувор бўлишига эътибор қаратилгани намоён бўлади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “…таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”.

Шу нуқтаи назардан, ёш авлод камолоти, мамлакат тараққиётида таълим-тарбия, илм-маърифат соҳаси вакиллари ота-оналар, устоз-муаллимлар меҳнати, уларнинг фидойилиги катта аҳамият касб этади.

Фарзандларимизнинг келажакда баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, уларнинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, дейди донишманд халқимиз. Шу боис ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун юртимизда бор куч ва имкониятлар ишга солинмоқда. Бунга муносиб бўлиш, имкониятдан самарали фойдаланиш эса шу юртни она Ватан билган ҳар бир ўғил-қиз, ёшу қари, умуман, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Музаффар КОМИЛОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари