Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“БУРЧ-МУРЧИНГНИ ЙИҒИШТИР, ИМКОН БОРИЧА ЮЛИБ ҚОЛ” ёхуд “озод қилувчи ҳақиқатлар”

 518 total views,  9 views today

Биринчи мақола

“Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаонатсизликдан пайдо бўладурган ҳасада деган жоннинг энг зўр душманидан пайдо қутулурлар. Чунки инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрни роҳатда ўтказур”, деган Абдулла Авлоний қаноат ва инсоф ҳақида. Азиз муштарий гапимни бекорга қаноат ва исноф ҳақидаги тушунчалардан бошламадим. Ушбу мулоҳазаларга кейинги ўринларда тўхталамиз…

“Қалбни қобилий иллат эгалласа…”

Охирги вақтда юз бераётган баъзи амалдорлар билан боғлиқ кўнгилсизликлар, давлат ҳақига хиёнат қилиш ҳолатлари, коррупция, метрополитен йўлининг бир неча бор бузилиши ва бундан ташқари турли соҳада юз бераётган “жараён”лар медамизга тега бошлади. Қулоғимиз эшитишга, кўзларим кўришга  ўрганиб қолаётир. Мушоҳада қилишга уринамиз, аммо ҳеч бирини илдизигача суриштиришга тоқатимиз етмайди гўё. Юқорида тилга олган иллатларга барҳам бериш учун ҳуқуқий муассасалар қанчалик фаоллик кўрсатмасин, қанча жазо кўрилмасин барибир камлик қиляпти. Менинг содда қарашимга кўра, “ҳуқуқий онг”, “ҳуқуқий билим”, деган тушунчалар, агар уларнинг замирида ахлоқ ётмаса, ҳаётда тўлиқ намоён бўлмас экан. Мисол учун, мамлакатимиз собиқ прокурори пора олиш қонунан жиноят эканлигини билмасмиди? Унинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билими шу қадар пастмиди? Йўқ, у киши қонунни жуда яхши билар эди. Фақат ахлоқ ва бурчдан йироқ эди. Шарқ давлатларида мамлакатда юз бераётган муаммоларга асосан давлат бошлиғи ва юқори мансабдорлар сабабчи қилиб кўрсатилар экан. Аммо нима учун? Ҳар ишда мансабдорларни айблаш том маънода тўғрими? (Албатта, уларнинг шахсига боғлиқ жиноятлари бундан мустасно.) Йўқ, бу қараш мутлақо хато ҳамда мамлакатда муаммоларнинг юзага келишида амалдорларни деб ҳисоблай олмаймиз. Қайсидир китобда ўқигандим: АҚШда президент сайлови компанияси бошланади. Амалдаги президент ва унинг жамоаси асосий эътиборни сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларига қаратади. Қарангки, ушбу вазиятда мамлакат эгасиз қолгандек. Аммо ушбу ҳолат Америка жамиятининг ривожланишига ҳам, истиқболига ҳам заррача таъсир этмайди, чунки ҳамма ўз бурчини билади, унга хиёнат қилиш эса энг ката хато. Хўш, бизда бирон-бир амалдорга пора таклиф қилаётган одам пора бериш жиноят эканлигини билмайди дейсизми ёки бирон-бир бинонинг қурилишини ўз бўйнига олган ташкилот қурилиш жараёнида цементнинг миқдордан кам ишлатилиши натижасида бино мустаҳкам бўлмаслигидан хабари йўқми? Албатта, бор. Нохуш ҳолатлар эса кўп ҳолларда ҳар бир киши ўз бурчини тўлиқ адо этибгина қолмай, бурчга садоқат тамойили асосида иш кўришни хоҳламаганидан келиб чиқади. Бурчга садоқати йўқ одам эса очкўзлик, мунофиқлик, коррупционерлик, одам ўлдириш ва бошқа жиноятларга қўл уришдан тап тортмайди…

Ушбу мулоҳазалар ҳақида гапира туриб, Драйзернинг “Америка фожиаси” асаридаги Клайднинг қилган ишлари ёдимга тушади. Воқеаларни сизга ҳам баён этсам: “Асардаги Клайд исмли қаҳрамон маишатга берилади. Маишатбозлик эса унинг илк хатоларига замин ҳозирлайди: у машинада бир қизни уриб юборади. Қамоққа тушишдан қўрққан йигит яшаб турган ерини ташлаб, шаҳарга кетишга аҳд қилади. Аммо ўспирин инсоний фожиалар ҳамиша “етаклашиб” юришидан ғофил бўлади. Ўша гап: қалбни қобилий иллат эгаллаб олса, ёмонликларнинг кети узилмайди. Шаҳарда Клайднинг бадавлат амакиси яшарди. Йигитча ўша фабрикага амакисини қора тортиб боради ва унинг фабрикасига ишга жойлашади. Клайд фабрикада Роберта Олден исмли қиз билан танишиб, маълум вақтдан сўнг ўрталарида муҳаббат пайдо бўлади. Аммо Клайд меҳнатсевар ва оқкўнгил Робертанинг бир умрлик ҳамроҳига айлана олмайди. Чунки Клайднинг қалбида инсоннинг бахт-соадати бойликда, деган қараш ётади. Робертага бўлган интилиш эса муҳаббат эмас, шунчаки кўнгил майли эди. Чунки қиз унинг мезонларига тўғри келмасди. Сабаби эса оддий. Қиз қашшоқ, ахир. Орадан бирмунча вақт ўтиб, Клайд ўзи излаб юрган ҳаёт — бадавлат ва соҳибжамол Сондра Финчлини топади. Сондранинг бойлиги эса унга ёрқин келажак ваъда этарди. Бироқ бу нурафшон келажак йўлида қисматнинг бемаврид туҳфаси — бахтиқаро Роберта турарди. Клайд ундан воз кечиши керак. Лекин қарангки қиз ундан фарзанд кутаётган экан.

Табиийки, Роберта йигитдан ўзига уйланишни талаб қилади. Камбағал қиз билан никоҳ риштасини боғлаш Клайд учун ҳақиқий фожиа эди. Клайд Робертадан қандай қутилиш йўлларини излай бошлайди. Охирги бир қарорга келди: қизни ўлдириш режасини ишлаб чиқди. Яъни Клайд кўлда сайр қилиш баҳонасида Робертани учрашувга чақиради ва уни сувга чўктириб юборади. Аслида ёзувчи Робертанинг ўзини сувга чўктириб юбориши ва ана шу ҳолатда ҳам мудҳиш воқеа ўқувчини ҳаяжонга солиши мумкин эди. Аммо ёзувчи Робертани ҳомиладор ҳолига сувга чўктиради. Фожиа кўламини кенгайтириб, асар ғоясини янада кучайтиради. Очкўзлик нафақат соф инсоний муҳаббат тимсоли Робертани, балки унинг қорнидаги КЕЛАЖАКни ҳам ўлдирди…”

Кўряпмизки, бир кишининг ўз нафсига ружу қўйиб, бойлик, ҳирсга берилиши нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам зарар етказяпти. Айбни қилган ўзию, жабрини тортган бошқалар бўлди. Хўш нега шунақа? Чунки бир  жамиятда яшаётган минглаб инсонларнинг босиб ўтаётган йўли, қилаётган яхшилигию ёмонлиги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бир одамнинг қилган хатоси касрига бутун жамият, ҳаттоки келажак ҳам жавоб бериши мумкин. Шу ўринда бир савол туғилади. Клайд бойлик орттириш, бой-бадавлат яшашни орзу қилса, бунинг нимаси ёмон? Ушбу истак сиз-у бизда йўқми? Бор, бизда ҳам бой бўлиш истаги бор. Аммо ҳамма гап: орзу йўлида рўёби учун танланган йўлга боғлиқ экан. Клайд орзуга етишиш йўлини нотўғри белгилаб, истаги йўлида инсонийлик чегаларини ҳам бузиб ташлади. Бизнинг жамиятда Клайднинг йўлини тутаётганлар ками?

“Қойил-е, “тадбирли” кишилар экан”

Бундан бир неча ой олдин Жиззах вилояти ҳокими ўринбосарининг  3 йил ичида 12 миллиард сўм, 14 та хонадон, 43 та машина, 172 та дўкон ва 37 та бошқа кўчмас мулкка эга бўлгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқни “гуллатган” эди. Тармоқ ва сайтларда ҳамма қоғозга ўраб, ўрамай ўз фикрини билдирди. Тўғриси, бу хабарни ўқиб, “Қойил-е, “тадбирли” киши экан”, деёлмайман. Инсоф ҳам керак экан одамга. Чекка-чекка қишлоқларда қанчадан қанча одам сувни бир-икки чақиримдан ташиб ичяпти-ю, баъзи амалдорларимизнинг нафс отига миниб, халқнинг пулига кўз олайтираётгани куракда турмас. Сайтларнинг ёзишига қараганда, Жиззахдаги “ўмболоқ ошган” биноларнинг қурилишида ҳам ушбу юртдошимизнинг “аралашуви” бор эмиш… Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилни коррупцияга қарши курашиш йили дея эълон қилиб, 34 миллиард сўмни еб қўйгани; Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, метрополитен соҳасида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари содир этилиб, 2021 йилнинг май — июн ойларида Тошкент метрополитени УКда ўтказилган ўрганишлар натижасида, жами 650 та инсон омили билан боғлиқ камчилик топилган; Шунингдек, Тошкент ҳалқа йўли ерости метрополитенида олиб борилган қурилиш ишларида 899 миллион сўм талон-торож қилингани; Олий ва ўрта таълим, қўйингки, мактабгача таълим соҳасининг коррупция ботқоғига ботгани;

Рўйхатни узоқ давом эттирса бўлади… Барча ҳолатда юртдошларимиз ўз бурчига, ўзига хиёнат қилган. Охир-оқибати нима бўляпти? Улар ҳам Клайдга ўхшаб жамиятдан қочиб юрибдими ёки жазосини оляптими? Албатта, жазосини оляпти. Лекин илдизчи, илдиз қурияптими? Бу савол чуқур ўйга толдиради. Нега бизда бурчга садоқат туйғуси шаклланмаган?Айнан мана шу масала кўп давраларда муҳокамаларга сабаб бўлаётир. Бу хусусида кейинги мақолада сўз юритамиз.

Муроджон РАҲМАТОВ