Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ЎНГ ҚЎЛНИНГ БОШ БАРМОҒИ ҚАНИ? янгича қараш — янгича яшашга мезон

 835 total views,  7 views today

Тан олиш керакки, собиқ иттифоқ даврида халқимизнинг манфаати учун амалга оширилган хайрли ишлардан бири — бу ерости йўли метронинг қурилиши бўлган. Ушбу узоқни яқин қилувчи, қишда ва ёзда бир хил ҳарорат-иқлимда турувчи транспорт воситаси алоҳида аҳамиятга эга.

Даставвал, икки линия қурилиб ишга туширилган бўлса, эндиликда давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида бу тармоқларнинг сони бир неча баробар ошди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси халқнинг эҳтиёжларини қондириш, уни рози қилиш борасидаги фаолият экани маълум. Мазкур транспорт воситаси ўзининг қулайлиги, шинам ва озодалиги билан эътиборга молик. Шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига қисқа муддатда етиб олиш имконияти кимга ёқмайди дейсиз. Метро айни пайтда турли хил маълумотларни, реклама ва ахборотлар етказишнинг муҳим омили ҳамдир.

Энг муҳим жиҳати, метро бекатларининг номланишига мувофиқ тарзда ўзига хос дизайнга эътибор қилинганидир. Мазкур керамикалар фонидаги тасвирлар миллий руҳ билан суғорилганини таъкидлаш билан биргаликда баъзи бекатларда ҳали охирига етказилмаган ишлар мавжудлигини айтиш ўринлидир.

Гап “Алишер Навоий” бекати ҳақида. Метронинг “Беруний-Дўстлик” иккинчи йўналишидаги Алишер Навоий станцияси алоҳида дид билан музайян этилганини таъкидламаслик инсофдан эмас. Ҳазрат Навоий даври ва ижодини характерлайдиган нақш, безак ва иллюстрацияларни кўриб кўзингиз қувонади. Деворларга чизилган тасвирлар Ўзбекистон халқ рассоми, собиқ Иттифоқ Давлат мукофоти совриндори, профессор Чингиз Аҳмаров бетакрор маҳорати билан эътиборга молик. Тасвирларни ишлашда уларнинг шогирди Аҳмаджон Шомуродовнинг ёрдамларини ҳам таъкидлаш ўринлидир.

Шуни эътироф этиш керакки, улуғ мутафаккирнинг “Хамса”си “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” беш достондан иборат бадиий-илмий, маърифий-фалсафий адабий обида бўлиб, улар биргаликда яхлитлик касб этади.

“Хамса” таркибидаги бирор достоннинг тушириб қолдирилиши, асарнинг мазмун-моҳияти, ғоявий-эстетик, диний-тасаввуфий хусусиятларга жиддий таъсир этади. Бу эса, табиийки, унинг адабий қимматининг пасайишига олиб келади. Шундай экан, Алишер Навоий станциясида “Ҳайрат ул-аброр” достонига тегишли керамика, шунингдек, бошқа бир неча сурат ва матнли нақшларнинг истеъдодли рассомлар томонидан тикланиши муҳим аҳамият касб этади. Метронинг худди шу бекатига кирсангиз, таъбир жоиз бўлса, Алишер Навоий бекатининг ҳозирги ҳолати “Бош бармоғи бўлмаган қўл”га ўхшаб “Ҳайрат уи-аброр”сиз турибди. Илк достон аслида, Навоийнинг руҳий олами, тафаккур дунёсининг мағзи. Бошқа достонлар ана шу асар оҳангига қараб йўғрилганини унутмаслик лозим.

“Ҳайрат ул-аброр” (Яхши кишилар ҳайрати) асари асосидаги монументал керамика достоннинг нақш қилиб чизилган номи, шунингдек, шоирнинг ҳар беш достонидан олинган байтлар асосида ишланган расмларнинг ўрнатилишига собиқ совет мафкураси йўл бермаган. Аниқроғи, ушбу достон диний асар деб четга суриб қўйилган.

Бу ҳақда, яъни замон зайли ва даврнинг кирдикорлари хусусида Чингиз Аҳмаров ачиниб “совет” мафкурасига ёт асар деб унинг устида ишлашга рухсат берилмаганини куюниб гапирган.

Эндиликда янгича қараш ва талаблар, янги Ўзбекистон руҳи ва шукуҳи бу масалани ҳал этишга имконият эшикларини очгани рост. Буни амалга ошириш учун етарли куч ва қобилиятли рассомлар ҳам бор. Демак Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонига керамика, шунингдек, бир неча сурат ва матнли нақшлардан иборат муҳташам адабий полотнони мукаммал тарзда қайта яратиш вақти етди.

Мақсад халқимизнинг ҳазрат Навоий даҳосига, адабий меросига бўлган ҳурмати ифодасини кўрсатиш. “Хамса”нинг тўлиқ беш достони метро бекатининг ички деворларида ишланиши маданий-маърифий ҳаётимиздаги улкан воқеа бўлади. Шунингдек, ушбу полотнонинг яратилиши метродаги тўрт достон билан ёнма-ён биргаликда туриши ва бир ансамблни ташкил этиши халқимиз онги ва тасаввуридаги ҳар қандай нотўғри тушунча ва қарашларга барҳам беради.

Ушбу вазифани шубҳасизки, халқ рассоми марҳум Чингиз Аҳмаров мактаби вакилларидан таркиб топган халқ рассомлари ва навоийшунос олимлардан иборат бўлган адабий-илмий гуруҳ албатта, амалга ошира олади. Бу хайрли ва маърифий мақсаднинг амалга оширилиши зарурати борасида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов ва бошқа зиёли инсонларнинг шу хусусдаги таклиф-мулоҳазалари ва хатлари ҳам мавжуд.

Тарих фанлари доктори Абдумажид Мадраимов ҳам ўз китобида шу ҳақида тўхталган. Шунингдек, Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойберганов, марҳум академигимиз Азиз Қаюмов ва бошқа зиёлилар бу ҳақида фикр билдиришган. Муҳими, бу ишнинг уддасидан чиқоладиган Чингиз Аҳмаровнинг шогирдлари борлиги дилда ишонч уйғотади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган рассом Темур Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Содиқ Раҳмонов кабиларнинг ўзлари ва шогирдларига бу вазифани бемалол юклаш мумкин.

Бу борада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Камолиддин Беҳзод номли миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, ҳаракатчан, фидойи инсон Раҳим Ризамуҳаммедов биз билан якдил бўлиб, ўзи томондан ишланган бир тасвирни кўрсатди. Муҳими, тасвирда ҳазрат Навоийнинг дунёқараши, тафаккури ва “Ҳайрат ул-аброрнинг моҳиятига асосан қурилгани эътиборлидир.

Чингиз Аҳмаров шунчаки рассом эмас, балки, донишманд инсон, йирик файласуф ва мураббий ҳам бўлган. Унинг ушбу ўгити метро қурилишининг тадрижий давоми ва метро бекатларининг ички безакларига ҳам дахлдордир.

“Деворга бир гулни расмини чизинг вақти келиб уни кимдир давом эттиради”, — дер экан Чингиз Аҳмаров. Шунга монанд ҳолда метронинг Алишер Навоий бекатидаги илк достон ўрни шунчаки бўш турмасдан илк достоннинг ғоявий мазмунига хос ҳолда тасвир билан безатиш мақсадга мувофиқ. Замонавий технология жаҳон андозаларига мос бўлган ёндашув албатта, миллий колоритни ва нақш, безакларни сақлаган ҳолда иш тутиш янги Ўзбекистон руҳи ва шукуҳини белгилайдиган омилдир.

Ўйлаймизки, бу ташаббус ва хайрли ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг ижроси борасида ҳам катта аҳамият касб этган бўларди. Бу айни пайтда қарорнинг 17 — бандидаги Ўзбекистон Бадиий академияси ва Республика ҳунарманд уюшмасига юкланган вазифаларга ҳам мувофиқ келади.

Кези келганда, шуни ҳам эътироф этиш керакки, метронинг бошқа бекатларида (хусусан, Ғафур Ғулом бекатида) ҳам собиқ иттифоқнинг рамзлари муҳрланган. Янги Ўзбекистон янгича дунёқарашни тақозо этади.

Янгича қараш ва янгича яшаш — янгича фаолиятни ҳам талаб этишини унутмаслик зарур.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси