Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УЧИНЧИ РЕНЕССАНСНИНГ МАРКАЗИГА АЙЛАНАДИ

 754 total views,  2 views today

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги яқинлашиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида босиб ўтилган йўл муайян хулосалар чиқаришимизга ундайди. Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлига чиққанидан кейин мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди.

Бу даврда янги авлод камолга етди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик туйғуси ўсди. Биз дунё мамлакатлари билан бир-биримизга эшикларимизни очдик. Шу билан бирга, жамиятда очиқ-ошкоралик кучайди. Ҳукумат жамият билан мулоқот қилишни, уни тинглашни ўрганди. Авваллари бундай эмас эди. Ҳукумат ўз билганича яшар, жамиятда юз бераётган воқеаларга эътиборсиз, жамият ҳам ҳукуматга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмас эди.

Ҳозир аҳвол бутунлай ўзгарди. Жамият энди ўз фикри, нуқтаи назарини баён қилиш имконига эга бўлди, ҳукумат эса ижтимоий фикрга қулоқ тута бошлади. Ташқи дунёга, айниқса, қўшни давлатларга нисбатан очиқлик ва прагматик сиёсат юритилаётгани ҳам муҳим ютуқларимиздан бирига айланди.

Иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, туризмнинг ривожланиши, солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилаётганини мамнуният билан тилга олиш мумкин. Энг муҳими, валюта бозори либераллашди. Чунки узоқ вақтдан бери валютанинг эркин конвертацияси бўлмаганди. Ҳозир корхоналар импорт операцияларини амалга ошириш учун бемалол валюта харид қилиш имконига эга. Буни муҳим дейишимизнинг сабаби шуки, иқтисодиётнинг эски модели бутунлай конвертациянинг йўқлигига боғланган эди. Бу эски моделнинг ўзаги бўлган. Мана шу асос олиб ташлангач, эски андоза ўз-ўзидан барҳам топиб, янги ислоҳотларга йўл очилди.

Иқтисодиёт соҳасидаги биринчи ўзгариш валютанинг либераллашуви бўлса, иккинчи энг муҳим янгилик пул муомаласидаги ислоҳотлардир. Натижада чет эл инвесторлари Ўзбекистонга қайта бошлади. Ушбу ислоҳотлар билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият эркинлашиб, бизнес учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди. Эркин конвертация — аввало, халқаро савдо муносабатларининг тўлақонли аъзоси бўлиш учун керак. Фақат халқаро савдо муносабатларининг аъзоси бўлган миллатлар халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиб, ундан келиб чиқадиган фойда ва имтиёзларга эга бўлиши мумкин.

Халқаро саҳнадаги фаоллик Ўзбекистонда шу кунгача ҳуқуқ ва қонун устуворлиги борасида эришилган ютуқларни асраб-авайлаш учун имкон беради. Боз устига, бу жиҳатлар давлат идораларида масъулиятни ошириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, афв этиш ва оқлов, адлия ислоҳоти, суд мустақиллиги, уруш майдонларидан ватандошларни олиб келиш, қийноқларга барҳам бериш, жазони ўташ муассасаларини мониторинг қилиш, гендер тенглик ва бошқа жабҳаларда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш гарови ҳамдир.

Ўзбекистон фуқаролик жамиятини тараққий эттириш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, қамоқхона ва ҳибсхоналардаги вазиятни янада яхшилаш, суд мустақиллиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари устидан демократик назорат ўрнатиш томон жадал ҳаракат қилмоқда.

Қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан бир йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик мустаҳкамланмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.

Хорижий экспертларни ва ватандошларни жалб этиш, давлат идораларида уларнинг кўмагига таянган ҳолда, ўзгаришлар қилиш, иқтисод, молия ва сармоя ҳамда давлат бошқаруви ва умуман, тизимли ислоҳотларда йирик халқаро ташкилотлардан маслаҳатчиларни таклиф этиш бугунги Ўзбекистон учун нормал ҳолга айлангани ҳам, айни ҳақиқат. Янги қонунлар устида ишлашдан тортиб, уларни амалга ошириш ва назорат қилишгача, халқаро мутахассисларнинг тавсиялари инобатга олинмоқда.

Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс сари далил одимламоқда. Таълим соҳасига эътибор ҳар доимгидан кучли. Ривожланган мамлакатларда таълим бу — бизнес. Зеро, жаҳон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи, тараққиётни тезлаштирадиган омил бу малакали, замон талабларига жавоб бера оладиган, профессионал мутахассислар ҳисобланади.

Бутун дунё тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк эта оладиган илм-фан, таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Мамлакатимизда малакали кадрларни тайёрлаш, таълим тизимини замонавийлаштириш, уни коррупциядан холи қилиш учун жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланмоқда. Улардан бири кредит-модул тизимидир. У ҳар бир ўқув модули таркибини тузишга асосланган модулнинг ўқув натижалари ва якуний назоратни кузатиб бориш орқали таълим олувчиларнинг билим-кўникмаларини мунтазам равишда баҳолаб борувчи ўқув дастурини ўзлаштириш жараёнини ташкил этиш тизими ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонини имзолади. Ушбу муҳим дастуриламал ҳужжатда “республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш” белгилаб берилди. Шунингдек, 2030 йилга қадар республикадаги барча олий таълим муассасасининг 85 фоизи, жумладан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида 33 та олий таълим даргоҳини кредит-модул тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилди. Кредит тўплаш ўлчовининг киритилиши талабага катта эркинлик бериш билан бир қаторда, танлаган соҳасининг рақобатбардош мутахассиси бўлиб етишиши учун академик жараённи келажакда мустақил режалаштириш имконини ҳам тақдим этади. Айни чоғда, баҳолаш тизими ва таълим технологияларининг такомиллашишига ҳам олиб келади. Aмалдаги ўқитиш тартибидан фарқли ўлароқ, кредит тизимида мажбурий фанлардан ташқари танлов фанлари ҳам талабанинг индивидуал дарс жадвалига киритилади. Мазкур тизимнинг олий таълимга жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратади. Бугунги кунда Европа кредит тизими кўҳна қитъанинг деярли барча олий ўқув юртида амалиётга жорий этилган.

Кредит-модуль тизимининг жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда педагог тингловчининг ўзлаштириш жараёнини ташкил этади, бошқаради, маслаҳат беради, текширади. Талаба эса йўналтирилган объект томон мустақил ҳаракат қилади. Энг катта урғу ҳам талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилади. Ўқув жараёнида мустақил таълим олишнинг аҳамияти ортади ва бу келажакда мутахассисларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ҳамда фаоллигини оширади. Кредит-модул тизимида университет талабалари ҳар доим ўқитувчи ва курсдошларидан ёрдам ҳамда маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаши ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Кредит-модул ўқитиш тизимига ўтиш олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларига бўлган мажбурият ҳамда талабни ҳам оширади. Ушбу тизим билан ўқитувчи нафақат ахборот берувчи ва назорат қилувчи функцияларини, балки маслаҳатчи ҳамда мувофиқлаштирувчилик вазифаларини ҳам бажаради. Педагогик жараёнда ўқитувчининг етакчилик роли сақлаб қолинади.

Яна бир гап. Таълимнинг кредит тизими талабалар алмашинувини оширади. Чунки битта университетда олинган кредитлар иккинчисида ҳисобга олинади ва талабалар кредит йўқотмасдан бир университетдан бошқасига ўтиши мумкин. Aйнан ушбу тизим ўзбекистонлик талабаларнинг илғор хорижий университетларда ўқишини давом эттиришига ҳамда мураккаб бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга имконият яратади.

Аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, ҳар қандай халқаро тажрибани кўр-кўрона, ўз қадриятларимизни ҳисобга олмасдан туриб, тўғридан-тўғри татбиқ этиш, унинг ҳар бир элементини чуқур таҳлил қилмасдан, илмий асосларга таянган ҳолда амалга оширилмас экан, келажакда маълум бир салбий ҳолатларнинг юзага келишини ҳам унутмаслик керак. Яъни ушбу тизим бизнинг дунёқарашимиз, шарт-шароит, баркамол инсонни вояга етказишга қаратилган қадриятларимизга тўла-тўкис мос келади, дегани ҳам эмас. Шу сабабли, ижтимоий фанларни ўқитишни ҳам чуқурлаштиришимиз керак. Бусиз ватанпарвар, мукаммал, салоҳиятли, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган кадрларни тарбиялаш қийин. Яъни таълим ва тарбияни уйғун равишда олиб борсак, мақсадга эришамиз. Президентимиз ҳам ҳар бир чиқишида ёшлар, уларнинг таълим-тарбияси ва маънавияти масаласига эътибор қаратаётгани бежиз эмас.

Жаҳон тарихига назар солсак, ҳар бир халқ, аввало, маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланга давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз жорий йилнинг 19 январида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир.

Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият. Шундай экан, бу биздан янгиликка интилиш, олий таълим тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича бошланган ҳаракатларни давом эттириш билан бирга маънавиятни ҳам унутмасликни талаб этади.

Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланган. Зеро, мамлакатнинг эртанги куни, равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқларга бевосита ва билвосита боғлиқ. Мамлакатимиз ҳам бу жараённинг фаол иштирокчиси экани қувонарли ҳол, албатта. Кейинги йилларда соҳа тараққиётига йўналтирилган ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди. Шу ўринда олий таълим тизимининг ҳуқуқий асосларига асосий эътибор қаратилиб, 2019 йил 11 июлнинг ўзида иккита муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим. Булар Президентнинг “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарордир.

2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Қонун жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қамрови кенглиги ва ўзига хос хусусияти билан шу номдаги аввалги қонундан тубдан фарқ қилади. Мазкур қонун соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Унга мувофиқ, ўқитишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди. Таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан ҳамкорликда қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

Эътиборли жиҳати, таълим тизимидаги кенг қамровли ислоҳотлар бевосита давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида ҳам илм-фан ва таълим тизимига доир қатор стратегик йўналишлар белгилаб берилди. Бу янгиланаётган жамиятимизда олий таълим сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашимизга ўзига хос ёндашув бўлди.

Зеро, демократик ўзгаришлар, жумладан, олий таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдевори бунёд этилади. Бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифалар стратегик мақсад қилиб қўйилган эди.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида шундай рақамларни келтирди. Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

Дунёда воқеалар ривожи навбатдаги уйғониш даври Шарқдан бошланишидан далолат беряпти. Қадимдан илм-фан, маданият бешиги бўлган Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Ўзбекистон Учинчи Ренессанснинг марказига айланишига ҳеч бир шубҳа йўқ. Бунинг учун эришилган ютуқларимизга маҳлиё бўлмай, янгидан-янги улуғвор марраларни эгаллашни жадал давом этишимиз зарур ва шарт.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори