Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ЛОҚАЙДЛИГИМИЗ ЖАМИЯТ ТАНАЗЗУЛИГА ОЛИБ КЕЛАДИ

 367 total views,  2 views today

Барча жонзотлар ичра энг қудратлиси Инсондир, зеро унга тафаккур қобилияти ато этилган. Бироқ бу бебаҳо хислат яратувчилик, эзгуликка ҳам, вайронкорлик, бузғунчиликка ҳам хизмат қилиши мумкин. Ҳаёт мазмунини инсоннинг ўзи бойитади ёки қашшоқликка маҳкум этади.

Инсон комилликка интилиши, катта мақсад ва орзулар билан яшаши, ҳазрат Навоий айтганидек, “эл ғамини” ўз ғами деб билиши, ёхуд майдалашиб, ўз ҳузур-ҳаловатидан бошқасини ўйламаслиги, жамиятдаги жараёнларга лоқайд, бефарқ умргузаронлик қилиши – ўзининг танловидир.  Лекин гап фақат яшаш тарзидагина эмас, танловнинг атрофдагилар, умуман, жамиятга таъсири ҳақида ўйлаб кўрайлик. Майдагап, фаолиятсиз, ҳар бир нарсадан кир қидирадиган одамнинг буюк мақсади, келажакка ишончи, чиройли орзуларга интилиб яшаш туйғуси бўлмайди. Агар бу кайфиятни бошқаларга ҳам юқтираверса, жамият таназзулга учраши ҳеч гап эмас. Бу нафақат унинг, балки жамиятнинг фожиаси бўлади.

Ҳаётда инсоннинг эзгулик йўлида қилган ҳар бир яхши амаллари халқимизда савоб дейилади, бу эса унинг маънавий юксаклиги, кенг тафаккури, интеллектуал салоҳияти, эзгу қарашларига боғлиқдир. Маърифатдан узоқлашиш эса одам онгининг тобора қашшоқлашиб, фикр доирасининг торайиб боришига олиб келади. Мана шундай фикри тор инсонлар жамиятда бўлаётган туб ислоҳотларга гўёки ўз наздида баҳо берар экан, юзсизларча барча жараёнга лой чаплайверади, ҳаммани танқид остига олаверади.

Таассуфки, биз ўқимай қўйдик. Улкан меросимиз, бой хазинамизни, минг афсуски, аксарият ёшларимиз чуқур билмайди. Ваҳоланки, буюк алломаларимиз ҳам ўз таълимотини, фикрини асослашда  диний ва дунёвий қадриятлар, илмий ютуқлар, билим ва тажрибага таянган ҳолда хулоса чиқарганлар.  Халқимиз шоири “алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг, ҳаммани ўзига ўхшатади у” дея таърифлаган жоҳил инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрларини ўқиркансан,  фикрлашдаги саёзлик,  тафаккурнинг торлиги яна шу илмсизлик меваси эканлигидан ташвишга тушасан.

Хўш, бундай инсонларнинг ўзлари дунёга нима учун келганлари, яшашдан мақсадлари, атрофидагиларга бўлган муносабатларида зиғирча бўлса ҳам ахлоқий, ҳуқуқий мезонларга таяниб ҳукм чиқараётганлари тўғрисида мулоҳаза қилармикан? Лоақал бир марта бўлса ҳам, инсон ўзига шу саволни берганда эди, билим ҳамда диний, маънавий, миллий қадриятларга таянган ҳолда хулоса чиқарган бўларди. Ахир ўзбек миллатига хос бағрикенглик, мулоҳазакорлик, инсонпарварлик, андишалилиги,  ҳурмат, ўйлаб гапириш бунинг барчаси юксак тафаккур белгисидир.

Жамиятни фақат  биргаликда  тараққий эттириб, олға силжитиш мумкин. Ҳамжиҳатлик, аҳиллик, муштараклик, бирдамлик билан эзгу мақсадга эришилади. Баландпарвоз, сийқаси чиққандек туюлса-да, бир фикрни айтишни жоиз деб билдим: ҳар бир инсон жамиятдаги жараёнга худбинларча, ўз манфаатидан келиб чиқиб, баҳо беришга ҳақли эмас. Юрт фуқароси, аввало, уни вояга етказган, таълим берган, яхшими, ёмонми бир касб, ҳунар эгаси бўлишига кўмак берган, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаётган давлат, ҳукумат, қолаверса, ўзи аъзо бўлган жамият олдидаги маънавий-ахлоқий бурч ҳиссини унутмаслиги, вазиятга холисона баҳо бериш, ҳозирги даврнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бутун жамият манфаатини ҳисобга олиб, фикр билдириши даркор. Биз ягона мақсад – порлоқ истиқболимиз йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Буюк Амир Темур ёзади: «…бу мартабада туриб халққа етказаётган ёрдаминг ва нафинг, сен қилган бутун ишларинг-у ҳаракатларингнинг энг олийсидир». Яна шуни эшитдимки, ҳазрати пайғамбаримиздан, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, сўрабдилар:  “Aгар сиз набий ва расул этиб юборилмаганингизда, қайси иш билан машғул бўлардингиз” Улар шундай деб жавоб берган эканлар:  “Султонлар хизматида бўлишни ихтиёр этиб, Тангри таолонинг бандаларига фойда ва яхшилик етказардим.”

Шундай экан, жамиятимизда бўлаётган улкан ўзгаришларга бефарқ томошабин бўлиб туришга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ.

Жамиятимиз демократик ислоҳотлар жараёнида улкан ўзгаришлар силсиласида яшаяпти. Сайловлар энг муҳим демократик жараёндир. Чунки бизнинг қароримиз, овоз бериш ҳуқуқимиз ва ҳақиқий фуқаролик позициямизнинг мавжудлигини кўрсатувчи жараён.  Бугунги жамиятимизда биз сайловларга муҳим аҳамият берамиз, зеро демократиянинг асосий хусусиятлари сайловда амалга оширилади ва одамлар келажакдаги сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатиш учун муносиб номзодни қўллаб-қувватлайди. Демократияни келажак авлод учун ҳам сақлаб қолишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Шу маънода юртимизнинг келажагига овоз бериш фуқаролик туйғуси, давлатимизга бўлган ҳурмат, борингки, ватанпарварлик ва масъулиятни намоён этишдир. Зеро, сайлов келажак учун масъулиятдир. Оддий ҳақиқатлар эсимиздан чиқмаслиги керак: келажагини ўйламаган миллатнинг бугуни ҳам бўлмайди.

Инсоният тарихида минг йиллар давомида юрт аҳолиси ўз ҳукмдорлари, раҳбарларини сайлашда иштирок эта олмаган. Замонавий  тарихда кўплаб тараққий этган мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам давлат раҳбари умумий овоз бериш йўли билан сайланади. Ва давлат раҳбари сайловларида иштирок этиш ҳар бир мамлакат фуқаросининг вазифасидир. Шуни эсда тутиш керакки, биз нафақат президент – давлат раҳбари, балки мамлакатимиз, ҳудудимиз,  университет, барча фуқаро ва ҳар бир шахснинг келажагини танлашимиз керак.

Ишончим комилки, ҳар бир ўзини ва ўз мамлакатини ҳурмат қилган фуқаро бутун юртимиз тақдири ва келажагини белгиловчи тадбирларда албатта иштирок этади.  Ота-боболардан мерос юртни, уларнинг омонатини,   фарзандлар ва набиралар тақдирига бефарқ бўлмасдан, келажак авлодга муносиб етказиш учун ҳам  сайловларда иштирок этишимиз зарур.

Бу сиёсат бизга тааллуқли эмас, бизнинг овозимиз ҳеч нимани ҳал қилмайди, деб ўйлаётганлар нафақат лоқайдлик, бефарқлик, балки бузғунчилик кайфиятини тарқатиб, жамиятимиздаги янгиликларга, ўзгаришларга ўзи билмаган ҳолда ғов бўлади. Ахир бу юрт унинг авлодларининг ҳам ватани эмасми? Оддийгина фалсафа: дунё ёруғ бўлишини истасанг, уйингда чироқ ёқ, дейди халқимиз. Шундай экан, ҳар биримиз гарданимиздаги масъулиятни унутмайлик.

Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ўзбек ва рус тиллари кафедраси мудири, Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими