Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

КЎЗЛАРИНГДА ҲАЙРАТ ЯШАР, БОЛАЖОН!

 409 total views,  2 views today

Мактабгача таълим ташкилоти, халқ тили билан айтганда, болалар боғчаси. Шу икки сўзни тилга олишингиз билан кўз ўнгингизга шодон-шодон қийқириб – кулиб ўйнаётган болалар, ёхуд бирор эртак ёки ибратли кичик ҳикоятларни завқ билан сўзлаётган тарбиячи опалару, уларни мароқ билан тинглаётган болажонлар келади. Зотан, бу масканда ўзбегимнинг бўлғуси алломалари, олиму фузалолари камол топаётир…
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони, фармон билан бирга тасдиқланган 2017-2021-йилларга Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимизнинг 2016 йил 29-декабрдаги “Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021-йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори республикамизда мактабгача таълим ташкилотлари иш мазмуни ҳамда сифатини оширишга қаратилган қатор долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Мазкур вазифалар асосида Фарғона вилоятидаги барча МТТларда мактабгача ёшдаги болаларни соғлом, зукко, жисмоний бақувват ва ҳар томонлама баркамол бўлишлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилди.
Латиф Хўқанди шариф шаҳридаги 19-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳозирда 12 та гуруҳ ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ташкилотда 320 нафар тарбияланувчи мавжуд бўлиб, улар меҳрибон тарбиячиларнинг меҳри остида тарбияланмоқдалар.
Мазкур таълим ташкилотида ёзги соғломлаштириш даври болажонлар учун ниҳоятда сермазмун ўтаётир. “Бола-подшо” деганларидек ҳавас қилса арзигудек шарт-шароитлар, турли тўгараклар фаолияти, ёзги ўйин машғулотлари, очиқ табиат қўйнидаги сайру саёҳатлар уларни севимли боғчасига қалбан боғламоқда. Жумладан, “Спорт-соғлиқ гарови” рукни остидаги эрталабки мусиқий бадантарбия машғулотлари, шахмат, шашка, бокс, қўл жанги, сузиш, гимнастика каби мусобақалар болажонларда илк ёшларидаёқ спорт кўникмалари ҳамда чаққонлик фазилатларини шакллантирмоқда. Бундан ташқари, кичик гуруҳлардаги тарбияланувчилари билан “Мевалар нима дейди?” мавзусида мулоқот машғулоти уюштирилди. Машғулот давомида болажонлар олма, гилос, шафтоли, нок, ўрик каби турфа мевалар ҳақида шеърлар айтдилар, ёз фаслида пишадиган меваларнинг расмларини чиздилар. “Зумрадойлар давраси ” тўгарагида эса жажжи қизалоқларга дўппи тикиш, тўқиш, пазандачилик сирлари ўргатиб борилмоқда. Шунингдек, ҳайкалтарош, кулолчи усталар боғчамизга ташриф буюриб, болажонларимизга ҳунармандликнинг илк сабоқлари, сирларини намойиш этмоқдалар. Сюжетли-ролли ўйинлар марказида эса болажонлар ўзлари севган эртак қаҳрамонлари образига кирдилар.
— Болажонларнинг истеъдодларини аниқлаш мақсадида мусиқа раҳбари Д.Маматқулова “Истеъдодли болажон” танловини ташкил этиб, унга ота-оналарни ҳам таклиф этди, – дейди ДМТТ мудираси М. Қўшмақова. — Танлов кутилганидан ҳам кўпроқ самара бердиМақсадимиз кичкинтойларни соғлом ва баркамол вояга етишларини таъминлашдир.
Шунингдек, Қўқон шаҳридаги 9-мактабгача таълим ташкилотида ҳам 210 нафар тарбияланувчилар самарали таълим-тарбия олмоқдалар. Ташкилотда ўз касбини севувчи ва изланувчан 21 нафар педагог-ходимлар фаолият олиб бормоқдалар. Қувонарлиси, ташкилотда маънавий-маърифий ишларнинг янги тизими яратилган, хусусан улар боғча ёшидаги болаларнинг маънавиятини юксалтириш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига катта эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, тарбияланувчиларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияловчи маънавий-маърифий,маданий тадбирлар, “Эртаклар-яхшиликка етаклар” шиори остида эса эртак қаҳрамонлари билан учрашувлар ташкилланди.
— Тарбияланувчилар онгида буюк алломаларимизга эҳтиром, миллат қаҳрамонларига муҳаббат, Ватанга садоқат ҳамда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда эртаклар катта аҳамиятга эга, – дейди МТТ мудираси. — “Мардлар қўриқлайди Ватанни”, “Биз дўстлик мамлакатимиз” мавзулари асосида ўтказилган тадбирлар эса болаларни жасур, қўрқмас, мард этиб тарбиялашда катта аҳамият касб этади.
Жисмоний тарбия йўриқчиси ташкиллаган халқ амалий ўйинлари тарбияланувчиларда миллийлик ва маънавиятни шакллантириб, жамоа бўлиб ўйнаш тушунчаларини ҳосил қилди. Шунингдек ташкилотда тадбирлар билан биргаликда саёҳатлар, очиқ машғулотлар ҳам ўтказиб борилмоқда. Боғча тарбиячилари шаҳар миқёсида ўтказилган тадбирларда хам фаол иштирок этиб келмоқда. “Йил тарбиячиси” кўрик-танловида ташкилотимиз тарбиячиси Зиёдахон Бузурхонова фахрли биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Вилоятнинг Тошлоқ туманидаги 29-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг бағри ҳам ҳамиша кичкинтой-ширинтойлар учун очиқ. Айни кунларда меҳрибон тарбиячилар ёзги соғломлаштириш даврида нафақат жажжи болакайларнинг кўнгилларини хушнуд этиш, балки уларнинг саломатликларини қайта тиклаш, жисмоний фаолликларини янада ошириш учун астойдил саъй-ҳаракат қилмоқдалар. Ёз мавсумида барча мактабгача таълим ташкилотлари махсус режа асосида фаолият олиб бормоқдалар. Кундалик тартиб бўйича болажонлар кўп вақтини тоза ҳавода ўтказмоқда. Хусусан, сайрлар давомида болаларнинг ривожланиши ва дунёқарашининг ўсиши учун турли қизиқарли тадбирлар ташкил этилади. Ахир ёз – кичкинтойларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш, ақлий ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш учун энг яхши давр ҳисобланади.
Боғчада кўнгил очар тадбирларни самарали ташкиллашда мусиқа раҳбари М.Қодирова, ҳамшира Г.Абдуллаева ва спорт йўриқчиси Н.Хайдарова жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Тошлоқ туманидаги яна бир боғча 25-сонли ДМТТ ўз фаолиятини бошлаганига салкам 40 йил бўлибди. Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир бу муборак масканда улғайган болажонларнинг олди салкам 50 ёшга кирган. Қувонарлиси, бугун уларнинг набиралари ҳам шу даргоҳда камолга етмоқдалар. Ҳар тонг сочларига оқ оралаган буваю, бувижонлари уларнинг қўлларидан тутиб, ўз болалик йилларини хотирлаб кириб келадилар бу ерга…
— Ҳозир боғчамизда 7 та гуруҳ мавжуд. Жамоамиз билан ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун бор имконият ва билимимизни ишга солмоқдамиз,- дейди ташкилот директори Гулмира Касимова. — Бир гуруҳ фаол ва маҳоратли педагогларимиз “Ёз ўтмоқда соз” лойиҳаси доирасида ёзги соғломлаштириш ишларини самарали ва намунали ташкил этмоқдалар. “Ёзги соғломлаштириш” даврида бир талай эзгу мақсадларимизни амалга оширдик.
— Олиб бораётган амалий ишларимиздан нафақат болажонлар, балки ота-оналар ҳам беҳад мамнун, – дейди тажрибали устоз тарбиячи Ш.Маллабоева. — Жумладан, “Бахтли болалик” мавзусида ташкилот мусиқа раҳбарлари М.Ходжаева ва М.Каримова мусиқий маънавий-маърифий тадбир ташкиллаган бўлсалар, 1-июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган байрам тадбирида ташкилотнинг катта ва ўрта гуруҳлар тарбияланувчилари ўзларининг чиқишлари билан барчага қувонч улашди. Орадан бир ҳафта ўтгач эса “Гуллар ва қушлар” мавзусида расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Бундан ташқари “Яшил чироқ”, “Қувноқ шарлар”, “Дўстлик куни”,”Камалак ранглари” каби кўнгилочар тадбирлар ҳам кичкинтойларда бир олам таассурот қолдирди.
Боғчамизда ҳамшира М.Ўринова тарбияланувчилар ва ходимларнинг шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишларини қатъий назоратга олган. Болакайлар ҳар куни соғломлаштириш ва чиниқтириш мақсадида сув, ҳаво, қуёш ванналарини қабул қиладилар. Фарзандларимизга турли мева ва сабзавотлардан шарбатлар тайёрлаб, шифобахш фитобар ҳам ташкил этганмиз. Хусусан ташкилот бош ошпази М.Мадазимованинг бошчилигида тайёрланган ҳар қандай таом, пишириқлар мазали бўлиши билан бирга, ёш ўсиб келаётган организм учун фойдали ҳамдир.
Шунингдек, Олтиариқ туманидаги мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 18-сонли МТТда 200 нафар тарбияланувчилар тарбияланадилар. Ташкилотга изланувчан ва интилувчан аёл Наргизахон Олимова раҳбарлик қилиб келмоқда. Ташкилотда 8 та гуруҳ мавжуд бўлиб, болажонлар меҳрибон ва ғамхўр тарбиячилар назорати остида соғлом камолга етмоқдалар.
Ёзнинг дастлабки кунларидаёқ ташкилотда болажонларни ёзги соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилган. Даставвал тарбияланувчилар ҳар куни эрталаб боғчага карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда қабул қилинади. Сўнгра эса мусиқа тарбиячилари, жисмоний тарбия йўриқчиси ва барча тарбиячилар иштирокида мусиқа садолари остида эрталабки бадан тарбия машқларини бажарадилар.
Ёзги соғломлаштириш ойининг ҳар бир куни болакайлар учун таассуротлар ва шодликларга тўла бўлмоқда. Зотан, кичкинтойлар ўртасида ташкил этилаётган турли спорт мусобақалари ҳамда кўнгил очар ўйинлар , ҳар бир боланинг сермазмун ва мароқли дам олишларига туртки бўлмоқда. Айниқса, Вилоят қўғирчоқ театри артистларининг “Машаникида меҳмонда” номли театри намойиши жажжилар қалбида унутилмас из қолдирди. Бундан ташқари, МТТнинг моҳир педагог ва ёрдамчи тарбиячилари ҳам ҳамкорликда турли хил эртакларни саҳналаштириб, болажонлар қалбига йўл топмоқдалар. “Бўғирсоқ”,”Қизил шапкача”, ”Бўри ва эчки болалари”,”Ур тўқмоқ” эртаклари уларнинг энг севимли эртакларига айлангани рост.
— Ёзги соғломлаштириш – сайр пайтларида ҳам болажонлар турли хил ҳаракатли ўйинлар ўйнаб хордиқ чиқармоқдалар, – дейди боғча мудираси Наргизахон Олимова. — Жумладан дастурда белгиланган “Бахтли болалик”, “Гуллар ва қушлар”, “Табиат қўйнида рақсга тушамиз”, “Эртак қаҳрамонлари бизнинг меҳмонимиз” каби маърифий ва маданий тадбирлар болаларга анчайин мақбул бўлди. Мақсадимиз ёқут ёзнинг иссиқ кунларида болажонларни зериктириб қўймаслик, куннинг ҳар бир лаҳзасини бахтиёр ўтказишларига кўмаклашишдир.
Мактабгача таълим ташкилотида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари юқори савияда ташкил етилган. Боғча ҳовлисидаги турфа гуллар, райҳонлар ифори тутади димоғингизни… . Муҳими бу масканларда эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ширинтой болажонлар соғлом ва баркамол вояга етмоқда. .
Шунингдек, тумандаги Ферузахон Дадажонова раҳбарлик қилаётган 26-МТТ да ҳам ишлар замон талаблари даражасида намунали ташкил этилган. Моҳир ва фаол тарбиячилар Ойсара Мамажонова, Ёқутхон Абдуллаева, мусиқа раҳбари Нигора Ҳакимова ҳамда спорт йўриқчиси Дилшода Сулаймонова болажонларга сифатли таълим-тарбия беришга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. МТТ тарбиячилари ҳар бир бола билан индивидуал ишлаб, уларнинг маънавиятини шакллантириш, яшил олам, атроф-муҳит ҳақидаги илк тушунча ва билимларини кенгайтириш мақсадида турли хил қизиқарли тадбирлар ташкил этмоқдалар. Ҳар бир кунлари мазмунли ва мароқли ўтаётган болажонлар тарбиячилар ғамхўрлигидан миннатдор бўлмоқдалар.
Боғдод туманидаги 14-сонли МТТда ҳам болажонлар ёзни завқу шавққа тўлиб ўтказмоқдалар. Турли хил кўнгилочар тадбирлару, кичкинтойларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантиришга бағишланган қизиқарли ўйинлар, театр томошалари актёрлари билан учрашувлар болажонларнинг ҳар бир кунини серфайз ва қувноқ ўтишига кўмак бўлмоқда.
— Биз болаларнинг ёз фаслини ва унинг сархил пишган меваларини тўлиқ тасаввур этишлари учун очиқ табиат қўйнига сайрларга олиб чиқяпмиз, – дейди МТТ мудираси Дилобод Қорабоева. — Ҳар бир дарахтнинг ўзига хос хусусиятлари билан обдон таништириб, яшил оламга бўлган муҳаббатларини оширишга эришяпмиз. Ахир болажонларни кичик ёшлигиданоқ она табиатга ошно этиб тарбиялаш, борлиқ оламга дўст бўлиб улғайишларига замин яратади.
Бугунги кунда Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида мустақиллик объектлари сифатида боғчалар янгитдан қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий кўркам ҳамда шинам боғчалар болажонлар ихтиёрига берилмоқда.Бу эса болаларнинг қамровини янада оширмоқда. Маълумки, тизимда жуда кўплаб янгилар амалга оширилмоқда. Хусусан, оилавий боғчаларни ташкил этилиш, тадбиркорлар учун ҳам, ота-оналар учун фойдали бўлмоқда. Байрам олдидан вилоятда кўплаб ана шундай барча шароитлар эга оилавий боғчалар ўз фаолиятини бошламоқда. Биргина, Қўштепа туманида байрам арафасида 30 дан ошиқ оилавий боғчалар очилиши бўлди.

Рустам МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти.