Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“ҲОКИМ ВА ПРОКУРОР КЕЛИШОЛМАЁТГАНМИШ…” ЗАРАФШОНДА НИМА ГАП?

 276 total views,  2 views today

Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишларни изчиллик билан давом эттириш, хусусан, кўчма маиший хизмат кўрсатиш шохобчалар тизимини ишга тушириш юзасидан тегишли мутасаддиларга зарур кўрсатмаларни берганди. Маълум бўлишича, Юртбошимизнинг мазкур кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда, Зарафшон шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш орқали ишсизлик сонини қисқартириш бўйича ўрганиш ўтказилган. Унга кўра, Зарафшон шаҳрида бугунги кунда Республика бўйича мавжуд бўлган 810 дан ортиқ хизмат турларининг атиги 145 тури кўрсатилиши аниқланди.

Чунки шаҳар қурилган вақтда хизмат турлари ҳам жуда кам бўлган ва бутун шаҳар инфратузилмаси шунга мослаб лойиҳалаштирилган. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «маҳаллабай» ишлаш тизими бўйича ҳам ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилганда, маҳаллаларда жуда кўплаб хизмат турларини ташкил этишга эҳтиёж юқорилиги билдирилган. Айнан маҳаллалар ичида 170 та хизмат кўрсатиш объектларини янгидан ташкил этишга талаб бор. Яна бир жиҳат, аҳолининг кўплаб хизмат турларини ўз хонадонига узоқ бўлмаган ҳудудда фойдаланиш имконига эга бўлиши лозим, шунингдек, айрим хизмат турларини аҳоли яшамайдиган, яъни шаҳар ташқарисида ташкил этишнинг ўзи мантиқсизликдир.

Маълумки, Президентимиз бошчилигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Хизмат кўрсатиш соҳасида ишини бошламоқчи бўлган тадбиркорларга бир неча босқичли имкониятлар ҳам яратилган. Айнан ушбу йўналиш бўйича енгил конструкцияли объектларни жойлаштиришга рухсат бериш орқали 30-40 миллион сўм сармояси бор фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш имкониятига эга бўлган. Биргина ушбу ташаббус орқали тадбиркорлар сонини икки баробарга ошириш имконияти борлиги исботланган. Масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳати, фуқароларда тадбиркорликни йўлга қўйиб, иш бошлашга бўлган ишонч пайдо бўляпти.

Бироқ баъзи ҳолларда бошланган мазкур эзгу ишлар айрим мутасадди ташкилотларнинг хабари бўлишига қарамасдан, кескин қаршиликларга учрамоқда. Бу эса шаҳар аҳолисининг давлат ва давлат идораларига бўлган ишончининг йўқолишига ва уларнинг жиддий норозиликларига олиб келаётир.

Жумладан, Зарафшон шаҳар прокуратураси шаҳар ҳокимининг 2021 йил апрель-май ойларидаги 59 та фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга ариза киритган. Шаҳар ҳокимлиги прокуратуранинг келтираётган важларини асоссиз деб ҳисобламоқда. Ўртада 59 нафар тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган тадбиркор сарсону саргардон. Аслига олиб эса, Зарафшон ҳокимлиги шаҳар ҳудудида 200 га яқин енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида эълон берган. Мурожаат қилган 59 нафар фуқарога 2021 йилнинг апрель-май ойларида ҳоким фармойиши асосида хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўрнатиш учун вақтинча ер участкалари тақдим этилган эди.

Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашида Зарафшон шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш билан енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш орқали шаҳар аҳолиси ўртасида ишсизликни олдини олиш бўйича бир қатор муҳокамалар ўтказилиб, мазкур муҳокамалар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам иштирок этишган.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимлиги томонидан 2020 йилнинг 16 декабрь санасида 01/2929-сонли ҳамда 2021 йилнинг 10 март санасидаги 01/435-сонли сўров хатлари билан Зарафшон шаҳар прокуратурасига мурожаат этилиб, унда аҳолига сифатли сервис хизматларини кўрсатиш, шу билан бирга, 200 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш мақсадида енгил конструкцияли кўчма сервис объектларини вақтинча муддатга ўрнатиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги фармойиши ва қарори лойиҳалари тайёрланганлиги, мазкур фармойиш ёки қарор асосида енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш амалдаги қонунчиликка мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги сўралган.

Бироқ шаҳар прокуратураси томонидан бир неча бор юборилган мазкур сўров хатлари жавобсиз қолдирилган.

Шунингдек, шу мазмундаги алоқа хатлари шаҳар ҳокимияти томонидан вилоят адлия бошқармасига юборилганда, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “Е-ИЖРО АУКЦИОН” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилиши ҳақида асосланмаган жавоб хати йўллаш билан чекланилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг эски таҳрирдаги мазкур қарорида ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга бериш тартибини белгилар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги Фармони билан ҳозирда ушбу қарорга ўзгартириш киритилган, бироқ енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш бўйича шаҳар ҳокимининг фармойиши чиққан вақтда мазкур қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатда бирор-бир тартиб кўрсатиб ўтилмаган.

Шунингдек, фуқароларга енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш бўйича таклиф оммавий оферта кўринишида шаҳар ҳокимиятининг расмий веб-сайтларига қўйилиши ҳам мазкур жараённинг очиқ ва шаффоф бўлганлигидан далолат беради.

Маълум бўлишича, вилоят прокуратураси томонидан 07.07.2021 йилда 59 нафар фуқароларга нисбатан чиқарилган енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги шаҳар ҳокимининг фармойишига билдирилган протести ҳам асоссиз.

Жумладан, протестда Ер кодексининг 23-моддасида ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш ер ажратиш тариқасида амалга оширилиши, 34-моддасида ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш масалаларини кўриб чиқиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги кўрсатилган.

Ер кодексининг мазкур моддалари ер ажратилиши жараёнида татбиқ этилади. Шаҳар ҳокимининг фармойишлари билан фуқароларга ер участкалари ажратилмаган, аксинча 5 йил муддатга енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат берилган.

Шаҳар ҳокимининг енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги фармойишлари 5 йил муддатга амал қилишини инобатга оладиган бўлсак, мазкур муддат 2026 йилда ўз кучини йўқотади. Бу эса ўз навбатида шаҳарнинг бош режасига ўзгартириш киритиш муддати келган вақтда унга таъсири қолмаслигини кўрсатмоқда.

Зарафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан бевосита тегишли мутасадди ташкилотлардан асосли жавобларни ололмагач, мазкур масалани ечиш мақсадида, амалиётга мурожаат этилганда, амалиётда ушбу масалада турлича ёндашув мавжуд эканлиги аниқланди.

Хусусан, енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш учун Навоий вилояти Қизилтепа туман ҳокимияти ва Бухоро вилояти Бухоро шаҳар ҳокимияти томонидан рухсатнома кўринишида берилиши ҳам қонун талаблари доирасида деб бўлмайди.

Сабаби Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан туман (шаҳар) ҳокимлари қарор ва фармойиш кўринишидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат чиқариши белгиланган бўлиб, енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш учун рухсатнома кўринишида рухсат берилиши бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, Зарафшон шаҳар ҳокимининг енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш учун рухсат берувчи фармойиши тегишли мутасадди ташкилотларнинг, хусусан шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия аъзоларининг имзо ва муҳрлари билан тасдиқланган таклиф лойиҳалари асосида чиқарилган.

Шунингдек, йиллар давомида Зарафшон шаҳар ҳокимияти томонидан вақтинчалик муддатга енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга фармойиш асосида рухсат бериб келинганлиги ҳам аниқланган.

Бироқ қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаси бўлган прокуратура органлари томонидан ушбу ҳолатлар, жумладан, мазкур фармойишларга ўз вақтида муносабат билдирилмасдан, назардан четда қолдирилган.

Шу билан бир қаторда, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда мазкур протест фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашга жиддий тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ҳозирда сиёсий жараёнлар яқин бир вақтда мазкур протест фуқароларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини пасайтиришга олиб келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида мазкур сиёсий жараёнларга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Масаланинг яна эътиборли томони шундаки, ушбу “келишмовчиликлар” келиб чиқишидан олдин, 2020 йилнинг 16 декабрь куни ҳокимлик шаҳар прокуратурасига хат орқали мурожаат қилиб, енгил конструкцияли кўчма сервис объектларини вақтинча муддатга ўрнатиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги фармойиши лойиҳаси тайёрлангани, мазкур фармойиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини сўраган.

Аммо прокуратура хатга жавоб қайтармаган. Шунингдек, шаҳар ҳокими ариза билан мурожаат қилган жами 139 нафар фуқарога енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш бўйича фармойиш чиқарган. Прокуратура эса негадир 59 та фармойишга протест киритган.

Ҳокимлик ва прокуратуранинг ушбу “келишмовчилиги” ортидан тадбиркорлик қиламан деган 59 нафар фуқаро жабр кўрмоқда. Булар бизнинг ўрганишларимиз орқали маълум бўлганлари, холос. Ҳақиқий вазият қандай эканлигини эса мутасаддиларнинг жавобидан сўнг умумлаштириб тақдим этамиз. Хўш, ушбу ҳолат юзасидан мутассадилар қандай фикр билдиради?

Муроджон РАҲМАТОВ,

«Жамият» мухбири