Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

МИЛЛАТ, ОНАЛАРИНГ НЕГА БЕЗОВТА?

 315 total views,  2 views today

Биринчи мақола

 

Ушбу мавзуни қаламга олишимга Туркияда ишлаб, ҳозирда юртимизда яшаётган аёлнинг бошидан ўтказган қийинчиликларини айтиб бергани бўлди. Уч йил чамаси Туркияда болалари ва қариндошларидан йироқда ишлаган она бугун ўз юртидагилигидан жуда бахтли эканлигини ботбот такрорлади. Аммо юзида акс этиб турган ташвишлар ифодаси, пешонасидан узилкесил жой олган ажинлар қанчадан қанча машаққатлар гирдобида яшаганини акс эттириб турарди.

Ҳамсуҳбат аёлнинг гапларини эшитиб, саволлар гирдобида қолдим: Жамиятда  нега хотин-қизлар масаласида бунчалик кўп куйиб-ёняпмиз? Ўзбек аёлларининг иш излаб хорижга чиқиб кетаётгани мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқлигини билсак-да нега ушбу жараённинг олдини олишда сусткашликка йўл қўйяпмиз? Аввал бунга кўз юмиб келинган бўлса, ҳозирда ушбу муаммо тан олинган, аммо бундан қандай натижа кўриняпти? Миллат оналарининг меҳнат муҳожирлиги оқими давом этяптику?

Шунингдек, охирги тўрт йил ичида аёллар билан боғлиқ нохуш ва аянчли ҳодисалар юз бериши бирмунча ортди. Аввал Тошкент шаҳри бекатларида тунаб юрган мардикор хотин, сўнг Андижон va Самарқандда болалари ва ўзининг жонига қасд қилган аёллар. Сабр косани тўлдирган воқеа эса Каттақўрғонда рўй берганди: у ерда бир эмас, икки аёл ИИБ ходимлари томонидан ечинтирилди, бири ҳатто калтакланди. Мактабда ўқийдиган қизлар зўрланди… Тўғри, юқорида санаган мисолларимиз бир неча йил олдин содир бўлган. Аммо шуни ҳам унутмайликки, бугун ҳам ушбу ҳолатлар турли кўринишда содир бўляпти. Ушбу саноқни узоқ давом эттирса бўлади, бироқ гапиришга тил ҳам ийманади. Шу ўринда савол туғилади. Жамиятимиз аёлга нисбатан, кези келганда қаттиққўл ва шафқатсизми? Келинг, ушбу саволларимизга биргаликда жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Бугун давлат идоралари мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак бериш, оилавий зўравонликка қарши курашиш, уларни иш билан таъминлаш борасида самарали фаолият олиб боришга ҳаракат қиляпти. Аммо қилиниши керак бўлган ишлар етарлича. Давлат аёлларга оғир паллада ёрдам бериши лозим. Мен бу ўринда фақат бир марталик моддий ёрдам ва ижтимоий тўловларни назарда тутмаяпман. Ҳамма муаммоларни ҳам қилиш бироз мушкул, аммо ушбу масала ҳам ечимсиз эмас.

Юқорида алоҳида таъкидлаб ўтган муаммо ва хотин-қизлар билан содир бўлаётган кўнгилсизликларда хотин-қизлар қўмиталари айбдорми ёки ушбу масалада барчамизнинг бирдек масъулиятсизлигимиз борми? Ушбу саволимизга жавобни узоқдан изламай “Daryo.uz” сайтида эълон қилинган ушбу мулоҳазага эътиборингизни қаратмоқчиман. “Аслида бу қўмиталар ва уларнинг мутасаддиларида бугунги кунда нечоғли ваколат, имконият ва энг асосийси, вақтга эга? Туманлардаги хотин-қизларни каттаси ҳозир қайсидир ҳудудда ғалла ўримига бош-қош бўлаётган бўлса ажаб эмас. Ундан олдин эса пилла учун елиб-югурган. Ҳаш-паш дегунча пахта йиғим-терими бошланади. У қачон аёллар билан шуғулланади?

Агар унинг ҳудудида аёллар жиноятчилиги ёки ўз жонига қасдлар сони кўпайса боши маломатдан чиқмайди, лавозимидан ҳам кетиши аниқ. Ҳеч ким “сени пилла, ғалла, ғўза ёки солиқ тушумини кўпайтиришга йўллаган, ишдан қўйган асли биз бўламиз”, деб аяб ўтирмайди. Энг таажжублиси, прокуратура ва ички ишлардаги мутасаддилар ҳам бундай ҳолатлар бўйича уларни сўроқ-савол қилади. Худди бунга биринчи галда улар, катта армияга эга ва юқоридаги муаммоларнинг олдини олиш вазифаси, бурчи саналган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари эмас, бир ҳовуч ходими талаш бўлган хотин-қизлар қўмитаси айбдордек”.

Мана масала мантиғи айланиб, қаерга келар экан. Шунингдек, аёлни таҳқирлаш дегани фақат ўз жонига қасд қилишдан, зўрланишдан, иш излаб бошқа мамлакатга чиқиб кетишдан иборат эмас экан:

“Донғи чиққан, маҳсулотлари ўзимизда ҳам, четда ҳам фалон пулга сотилаётган тикувчилик корхоналари 8-10 соатлаб дастгоҳи ёнидан жилмайдиган аёллар учун 500-600 минг сўм маош бериши таҳқирлаш эмасми?

Хотин-қизлар қўмитаси ҳам энг кўп муаммога дуч келаётган ҳолат шундан иборат. Уларнинг ҳар бирида хорижга ёки пойтахтга ишлаш учун йўл олган аёлларнинг рўйхати мавжуд. Бироқ уларга уйга қайтиш ҳақида оғиз солинганда берадиган биринчи саволи шу бўлади: қийналиб, оиламдан узоқда бўлса ҳам шунча пул топяпман, сиз менга маоши ақалли шунга яқин иш топиб бера оласизми?

Банд бўлмаган аёлларга кўпинча жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан иш бериляпти, бироқ уларнинг ҳам маълум муддати бор ва бериладиган иш ҳақи ҳам юқори эмас.

Бир дўстимиз қишлоқдан экин-тикин учун ер олди. Айтишича, олдига аёллар келиб, ўтоқ ишларида ёрдамини таклиф қилган ва бунинг учун ҳар бир қаторига 10 минг сўмдан хизмат ҳақи сўраган. “Эртадан кечгача далада қимирлагани учун шунча пул. Ўзим уялиб кетдим, ўйлаб қарасам, бир пачка сигаретимнинг пули экан. Афсуски, ўша жой учун одатий иш ҳақи экан бу. Мен кўп берганим билан ҳолат ўзгариб қолмас экан”, дейди у.

Кўнгли бошқасини тусаб қолганда кўчага ҳайдалган ва бир этак боласи билан ота уйига қайтиб келиб, алимент учун собиқ эрига ялиниш аёл учун таҳқирланиш эмасми? Қачон ажралишни истаган эр аёли ва болаларининг уй-жой, моддий таъминотини зиммага олиши қатъий қоида, мажбуриятга айланади?

Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир йил ичида ярим миллиондан ортиқ ёш хорижга иш излаб кетган. Улар орасида ишлаш давомида ўша ерда уйланиб, қолиб кетаётган, турмуш қурганлари орасида эса, охирги пайтда урф бўлаётганидек, телефон орқали талоқ бераётганлари ҳам кам эмас. Айримлари йиллаб қорасини кўрсатмайди, на тириги, на ўлиги маълум. Бу ёқда қолган аёл бошини қаерга уришини, фарзандларини қандай боқишни ва энг асосийси, ўзини турмушли хотин деб ҳисоблаши ёки йўқлигини ҳам билмайди.

Ичкиликбозликка ружу қўйган ёки хотинни “тарбиялаб туриш”ни одатий ҳол санаган эри томонидан боласининг кўзи олдида калтакланадиган аёл таҳқирланган саналадими? Қачон бу зўравонга насиҳатбозлик билан эмас, қонун кучи билан чора кўрамиз? Бугун хотинига мушт ўқталиб, кўзини кўкартираётган ва сувдан қуруқ чиқиб кетаётган эр эртага унга пичоқ, болта ўқталяпти ахир!”

Бугун ижтимоий соҳа вакилларининг масъулияти залворли экани бор гап. Аммо бу тизимнинг муаммолари ҳам оз эмас. Сирасини айтганда, бугун мамлакатимизда ижтимоий соҳа оқсаяпти. Сабаби эса оддий. Амалдаги ижтимоий ҳимоя тизими боқимандалик кайфиятини рағбатлантиряпти. Мисол учун, бошига бирон бир ташвиш тушган фуқаро муаммосини халқ қабулхонасига ёзиб, ҳал қилади. Яна муаммога дуч келса, ёрдам сўраб боради. Чунки тизим самара беряпти. Ушбу воқеани кузатаётганлар ҳам унинг орқасидан эргашади. Аксига олиб эса, бирма-бир ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларнинг охирига етишнинг имкони бўлмай қолади. Айнан ушбу мисол соҳага тизимли ёндашув кераклигини амалда исботлайди. Шундай экан, ногиронлиги бор шахслар, етимлар, эҳтиёжманд оилалардаги аёллар билан алоҳида-алоҳида ишлаш ва муаммонинг илдизигача етиб бориш керак. Бир китобда ўқигандим, хориж мамлакатларида қийин аҳволга тушиб қолган аёлнинг уйига ижтимоий хизмат ходими келиб, оилавий шароитини, барча оила аъзоларини ўрганиб, махсус сўровнома ўтказади. Маълумотлар йиғиб бўлингач ушбу аёлнинг муаммоларини ҳал қилишда асқатадиган режа ишлаб чиқилиб, муаммо илдиз-илдизигача ҳал бўлгунга қадар ишлайди.

Аммо бугун бизда бунинг акси. Яъни хотин-қизлар “шелтер” га мурожаат қилади. “Шелтер” да мурожаатчига бир-икки кунга бошпана берилади, даволанади, асабини тинчлантиради ва оиласи бағрига, муаммонинг уясига қайтариб юборилади. Ижтимоий хизматдан рўшнолик кўрмаган хотин-қиз кейинги сафар қалтисроқ ишга қўл уришдан чўчимайди. Бундай юзаки ёндашув маблағни ҳавога совуришдан бўлак бошқа нарса эмас. Шунинг учун, бизда ижтимоий ёрдам беришда муаммо илдизигача ишлаш тамойилини шакллантиришимиз керак. Ижтимоий соҳанинг ишлаш жараёни ўзгартирилса, масалага ёндашув ҳам бирмунча ойдинлашади.

Кузатувларга кўра, аёллар маърифатли, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол бўлган жамият тинчроқ, фаровонроқ ва тараққийпарварроқ  келади. Чунки аёл киши ресурслар билан қуролланиш, хавфсизлик, ҳуқуқ-тарғибот соҳаларидан кўра кўпроқ таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фанга йўналтиришни истайди. Бу унинг табиати ва оналик инстинкти билан боғлиқ бўлса керак. Демак, аёлларни маърифатли қилиш, ҳуқуқий билимини ошириш,  моддий таъминотини яхшилаш, касб-ҳунар ўргатиш, жамият аъзолари онгига «аёлга муносабат — тараққиётга муносабат» деган тушунчани сингдириш, аёлларни ижтимоий қўллаш тизимини ривожлантириш каби яна талай амалий чора-тадбирлар келажак ва тараққиёт билан боғлиқ масаладир.

Муроджон РАҲМАТОВ