Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ватан ичра сафар

 720 total views,  2 views today

Инсон ўзига касб, ёр, уй, улов, кийим, борингки, ҳатто қабр ҳам танлай олар экан. Аммо унинг қайси оилада, қайси юртда, қайси шаҳар ё қишлоқда туғилиши — тақдири азал томонидан белгилаб қўйилади. Одамзот қисмат тақозоси билан турли юртларга сайр-саёҳатга отланиши, мамлакатларда ризқини териши, улкан ютуқларни қўлга киритиши мумкин, аммо  қаерга бормасин, ўз юртининг фарзанди бўлиб қолаверади.

Бир ўлкаки…

Бу ҳақиқат аввало барчамизга, хусусан, ургутликларга жуда-жуда хос. Ургутликлар — жаҳонгашта, ишбилармон, тадбиркор эл. Шунданми, дунё­нинг қайси гўшасига борманг, бир ургутликнинг ўзини бўлмаса-да, изини топасиз. 

Гапни чўзмайлик – биргина азим пойтахтимизда истиқомат қилаётган ёзувчи, шоир, журналист – умуман ижод вакил­лари орасидан ўнлаб, юзлаб ургутликларни топиш мумкин. Жонажон Ватанимизнинг бирор бир нуқтасини камситиш ниятимиз йўқ, зотан Ватаннинг ҳар бир бурчаги биз учун муқаддас. Аммо Ургут барибир бошқачадек…

Нега дейсизми? Майли, айрим мисолларни айтиб ўтайлик: Ургут Ўзбекистондаги қишлоқ туманлари ичида энг йириги ҳисобланади. Статис­тика тили билан айтсак, бугунги кунда туман ҳудудида 512 минг киши истиқомат қилади. Бу Сирдарё вилояти аҳолисининг учдан икки қисми дегани. Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий чолғу қаердан топилганини биласизми? Ургутдан-да! Мўминобод қишлоғи ҳудудидан топилган найнинг ёшини олимлар нақ уч минг ёш деб белгилашди.

Бу йўллар, тоғу тошлар,  дашту даралар Соҳибқирон нинг шонли аскарлари “урҳо”сига ҳам, Мирзо Улуғбекнинг армон ва пушаймон тўла дамларига ҳам, ҳазрат Навоийнинг илҳомбахш чоғларига ҳам шоҳид бўлгандир, эҳтимол?

Ургут ҳақида жуда кўп тарихий манбаларда Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам ул-булдон”ида, Бобур Мирзонинг “Бобурнома”сида, Гулханийнинг “Зарбулмасал”ию, Абу Тоҳирхожанинг “Самария”сида ҳам қимматли маълумотлар учрайди.

Ватандан Ватангача…

2021 йил. 29 май. Шу куни бир қатор ургутлик ҳамкасблар – журналист, олим, шоиру санъаткорлар ҳаётида ўзига хос из қолдирди, десак муболаға бўлмас. Албатта, Тошкент, Самарқанд сингари йирик шаҳарларимизда яшаб ижод қилаётган ҳамюртларимиз кўп. Аммо улар ҳар доим бир нуқтада жам бўлиб, дилдан суҳбат қуравермайди-да! Ана шундай имкониятни Ургут туман ҳокимлиги яратиб берди.

Биз — Тошкентдан йўлга чиққан бир гуруҳ ургутлик­ликлар Афросиёб поездида “кичик Ватан”га – Ургутга йўл олар эканмиз илгари худди шундай “тарихий” воқеа юз берганми-йўқми эслай олмадик. Бордию, хотирамиз панд берган бўлса, узр. Фурсатдан фойдаланиб, туман ҳокимлигига, яқиндагина шу туманга бош бўлган дўстимиз Ботир Жабборовга ташаккуримизни айтиб қўйсак, хушомадга йўймассиз. Зотан, Ургутдан унча узоқ бўлмаган ҳудуддан етишиб чиққан Абу Абдуллоҳ Рудакий айтганидек:

Дунё шодликлари

        йиғилса, бутун,

Дўстлар дийдоридан

        келолмас устун…

Афросиёб яшаган замонларда Чочдан Мароқандгача қанча кун йўл босилган, билмадик, аммо, Афросиёб тезюрар поез­дида бу масофани икки соату ўн дақиқадан босиб ўтиш мумкинлигини ҳамма билади. Ниҳоят поезд Ер юзининг сайқалига тенглаштирилган Самарқандга кириб келди.

Ургут томон сафаримиз автобусда давом этди. Инсон ўзи туғилиб ўсган юртига яқинлашганида юрак қурғур бошқача ура бош­лайди. Кимдир болалигидаги энг беғубор дамларни эслайди, кимдир илк муҳаббатини ёдга олади, яна биров, ота-онаси, қадрдонларини хотирлайди.

Мана, олисдан Ургутни минг йиллар мобайнида пўлат дубулғали алпқомат навкарлардек қўриқлаш учун саф тортган тоғ тизмалари бўй кўрсатди. Йўлнинг икки тарафида кейинги йилларда бунёд эитган иморатлар, турар-жой бинолари, ям-яшил далалар, паст-баланд дарахтлар. Бир пайтлар худди шу йўл бизни улкан орзулар маскани бўлган пойтахтга бошлаганди, энди эса киндик қонимиз томган тупроққа чорлаяпти.

Аслида, Ўзбекистоннинг ҳар қарич тупроғи, ҳар бири шаҳру қишлоғи биз учун Ватан, кўзимизга тўтиё, бошимизга тож. Аммо ҳамма ўзи туғилган уйига, маҳалласи ёки қишлоғига бошқача соғинч билан талпинади-да, биродарлар!

“Ургут чиноридан менинг қаламим”

Сафаримиз Ургутнинг жанубий сарҳадига яқин ҳудуддан – Кенагасдан бошланди. Айтиш эсдан чиқмасин, нафақат Ўзбекистон, туркий эл-улуслар яшайдиган барча мамлакатлар Кенагас номи билан аталадиган жой номлари учрайди. Чунки кенагаслар кўплаб туркий халқлар, жумладан ўзбекнинг 92 уруғи таркибида ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу боис, юртимизда Кенагас номи билан аталадиган қишлоқлар кўп. Шуларнинг бири – Ургутда.

Бу қишлоқда халқимизнинг таниқли зиёлиларидан бири Барот Бойқобилов таваллуд топган. Барот ака ўзбек адабиётида ўзига хос из қолдирди. Унинг бетак­рор шеърлари, сонетлари, “Янги Ҳамса”, “Ўзбекнома” сингари асарлари адабиётимизда муҳим ҳодиса бўлди, десак хато бўлмайди. Барот ака Тошкентда умрининг сўнгги йилларига қадар ишлаган бўлса-да, ҳар доим Ургутга, Кенагасга интилиб яшади. 

Ургут чиноридан

            менинг қаламим,

Қалбимнинг софлиги —

            булоқларидан.

Одамларин меҳри —

            ўтли каломим,

Қаддим расолиги —

            алп тоғларидан,

– деб ёзганди шеърларининг бирида. Дарҳақиқат, Барот Бойқобилов ургутликларга хос матонат, қатъият ва  одамийлик соҳиби эди. Яхшидан боғ қолади, деб бежиз айтишмаган. Акамиз сўзнинг асл маъносида ҳам, кўчма маънода ҳам ўзидан боғ қолдириб кетди. Она қишлоғида ўз қўли билан яратган боғи “Ҳамса боғи” деб аталади. Боғ ҳудудида мўъжазгина уй-музейида шоирнинг китоблари, қўлёзмалари, шахсий буюмлари сақланиб турибди. Худди нариги ҳужрадан қучоқ очиб чиқиб, “хуш келибсизлар” дея қарши оладигандек.

 Шоир ўз васиятига кўра, шу боғнинг бир четида дафн этилган. Ортиқча ҳою ҳашамдан холи бўлган қабр – бир уюм туп­роқ остида оташин, шоирона қалб эгаси ором олмоқда. Қабр устини қоплаган ям-яшил майсалар Қуръон оятларига ҳамоҳанг тебранади.

Барот ака, кўпчилигимиз учун чинакам устоз эди. Барчамиз бу мунаввар маскандан чиқарканмиз, яна бир бор устозга Яратганнинг раҳматини тилаб, сафаримизни давом эттирдик.

Ғўсда юз берган каромат

Ургутга зиёрат учун келганларнинг ҳеч бири унинг энг муаззам маконларидан бири – Ғўс қишлоғини зиёрат қилмасдан кетмайди. Шу биргина қишлоқнинг ўзида 34 минг киши истиқомат қилади. Бош­қача айтганда, юртимиз аҳолисининг мингдан бири десаям бўлади. Ғўс ўзининг  сўлим табиати, тоза ҳавоси, одамларининг бағрикенглигию гўзал, нафис шеваси, энг асосийси, “Ғавсул-Аъзам” зиёратгоҳи билан донг таратган.

Маълумотларга кўра, қиш­лоқ номи ҳам аслида “Ғавс” сўзининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Қишлоқнинг энг юқори қисмида жойлашган бу зиёратгоҳ XI-XII асрларда яшаб ўтган буюк аллома, Қодирия тариқатининг асосчиси Ғавсул-Аъзам Абу Муҳаммад Муҳйиддин Саййид Абдулқодир Ғилонийнинг муборак номлари билан боғлиқ. Ул зот ҳижрий 470 (милодий 1079 йил)да Эроннинг Ғилон вилоятида таваллуд топган. Манбаларда айтилишича, ул кишининг муборак шажаралари  ҳам ота, ҳам она томондан Пайғамбаримиз  (с.а.в.) га бориб тақалади.

 “Ғавс” валийликнинг юксак даражаларидан бўлиб, қўлловчи, мададкор, дастгир маъно­ларини беради

Ғавсул-Аъзам ҳазратлари 1166 йилда Бағдодда вафот этган. Ул кишининг ҳақиқий мақбаралари ҳам айни пайтда ушбу шаҳарда жойлашган. Ғўсдаги қадамжо ул зотнинг рамзий мақбаралари, холос.

Афсоналарга кўра, бир замонлар бу ерда бир аёл яшаган бўлиб, у ғоятда гўзал,  ўта иффатли ва солиҳа экан. Аёл ғойибдан Ғавсул-Аъзам­га ихлос қилиб, ул зотни ўз пири муршиди ўрнида кўрар экан.

Кунларнинг бирида аёл ҳозирги қадамжо ўрнида оқиб турган булоқдан сув олиш учун келибди. Худди шу қиш­лоқда бир ахлоқсиз чўпон яшар, у ҳалиги аёлнинг висолига етиш учун пайт пойлаб юраркан. Булоқдан сув олаётган аёлни кўриши билан чўпон қулай фурсат етганини англаб, унинг қошига ошиқибди.   Йигитнинг авзойи бузуқ, нияти нопок эканини англаган аёл, аввал уни инсофга чақирмоқчи бўлибди. Чўпон унинг гапларига қулоқ осмабди.

Худди шу аснода Ғавсул-Аъзам ҳазратлари Бағдодда пешин намозини ўқиш учун таҳорат олаётган эканлар. Ғойибдан бир ожиза ул зотдан мадад кутаётганидан хабар топибди. Шу заҳоти ковушларининг бир пойини олиб, осмонга отибдилар. Кароматни қарангки, ана шу бир пой ковуш келиб, ҳалиги йигитнинг бошига тегибдию, чўпон ҳушини йўқотибди. Аёл эса сувини олиб, эсон-омон ўз уйига равона бўлибди. Кўп ўтмай, бу каромат бутун қишлоққа ёйилибди. Ҳазрати Ғавсул-Аъзамнинг бир пой ковушлари тушган ерни маҳаллий зиёратчилар муқаддас қадамжога айлантиришган.

Истиқлол йилларида зиёратгоҳ ҳудуди ободонлаштирилди. 2002 йилда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти  ҳокими лавозимида ишлаган кезларида рамзий қабр устида муҳташам мақбара барпо этилди. Ғавсул-Аъзам зиёратгоҳи янада кўркам, барча қулайлик ва шарт-шароит­ларга эга масканга айлантирилди.

Ҳоким нима дейди?

Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов бизни ана шу табаррук масканда қарши олди. Ғавсул-Аъзамнинг руҳи покларига, шу манзилда яшаб ўтган ота-боболар руҳига атаб Қуръон тиловат қилинди. Мажмуа таркибидаги музейга ташриф чоғида Ургут тарихига оид ўнлаб тарихий ёдгорликлар, хусусан етти юз йиллик тарихга эга, сулсс хатида битилган ноёб Қуръони карим нусхасини ҳам кўришга муваффақ бўлдик.

–Юртбошимизнинг туманимизда бўлиб, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорлар ва фаоллар билан суҳбатлашганлари, Ургутни янада ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берганлари олдимизга янги марралар қўйиб меҳнат қилишга ундади, – деди ижодкорлар билан суҳбат чоғида туман ҳокими Б.Жабборов. – Аввало, бутун туманимиздан иқтисодий зона сифатида фойдаланиш имконияти яратилаётгани ва холдинг компания ташкил этилаётгани, Ургут инновацион ҳудудга айланаётгани, туманнинг янги марказини бунёд этиш ҳаракати бошлангани, Самарқанд давлат университети филиали очилаётгани ва бошқа янгиликлар, албатта, аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, барчамизга жўшқинлик бағишлади. Нафақат маҳалла ва қиш­лоқларимиз миқёсида, балки, хонадонлар, оилаларда ҳам янгича яшашга, янгича меҳнат қилишга иштиёқ уйғонди. Қисқа вақт ичида юздан зиёд тадбиркорлик субъекти иш бошлади, бир нечта янги корхона ишга тушди. Ўроқбойжар, Ваткан-Қўзибек қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастурлари асосида, Манғитобод, Сой Ғўс маҳаллалари ва туман марказида ўз ички имкониятимиз ва ҳомийлар ёрдами билан обдонлаштириш-бунёдкорлик ишлари бошланди. Бу каби ишларга жойлардаги учрашувлар давомида ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Қоратепанинг оппоқ тонглари…

Ургутнинг энг қадимий, хушманзара гўшаларидан яна бири – Қоратепа! Қишлоқ табиатнинг бетакрор ёдгорлиги Тешиктош билан ҳам машҳур. Узоқдан қараганда бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқнинг бирикувидан “ясалган” халқани эслатувчи бу сирли табиий обидани афсонавий актёр Гойко Митич иштирокида, 1974 йилда суратга олинган “Апачи” филмида ҳам кўргансиз. Ургутнинг “денгизи” – Қоратепа сув омбори ҳам бир пайтлар Самарқанду Кешни боғлаб турган Тахтақорача довони ҳам шу ерда. Айниқса, бу ерда қуёш чиқишини кузатишнинг гашти бошқача.

Хуллас, қоратепаликлар ҳам бизни айрича қарши олишди. Орамизда шу қишлоқ вакиллари ҳам йўқ эмас. Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов ва Ўзбекис­тон халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов бу ерда ҳам меҳмон, ҳам мезбон мақомида бўлди.

Қоратепадан етишиб чиққан яна бир истеъдодли ижодкор Асад Дилмурод ҳаёт бўлганида, бугун “албатта” сафимизда бўларди. Афсуски, ажал нодир қалам соҳибини 2019 йилнинг 29 январь куни бағримиздан юлиб кетди. Ундан “Шердор”, “Афросиёб сукунати”, “Маҳмуд Торобий”, “Паҳлавон Муҳаммад” ва “Фано даштидаги қуш” сингари қатор қисса ва романлар қолди.

Асад ака ана шундай ижодкорлардан бири, қалами ўткир журналист, тарихий асарларни маромига етказиб ёзадиган ёзувчи эди. Ижодкор сифатида ҳам, шу юрт фарзанди сифатида ҳам Ватанимиз ва халқимизга, унинг ўтмишига эътибори, меҳр-муҳаббати бошқача эди, бу борада ёш ижодкорларга ибрат эди.

Қоратепа маҳалласи аҳли, ижодкор ёшлар билан учрашув 41-умумий ўрта таълим мактабида шу қишлоқда камолга етган таниқли адиб, қалами ўткир журналист сифатида танилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Асад Дилмурод хотира музейи ва кутубхонасининг очилиши билан бошланди. Мактабда адиб музейининг очилиши Қоратепадан Асад Дилмурод сингари яна кўплаб ижодкорлар етишиб чиқишига, ўқувчиларнинг ўз улуғларидан фахрланиб, уларга муносиб бўлишга интилишларини рағбатлантиришга хизмат қилади, албатта.

Ижодкорнинг дўстлари ва шогирдлари, ўқитувчилар ва олимлар, маҳалла аҳли музейдан ўрин олган тарихий суратлар, китоблар ҳамда бошқа ашёларни кўздан кечириб, Асад Дилмурод ҳақидаги ўз хотираларини билдирди.

Бизни кутар нурли манзиллар

Деҳқонобод маҳалласидаги аҳоли ва ёшлар билан учрашувда ҳам 37-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари фаол бўлди. Тошкентдан келган ижодкорларнинг сўзларидан сўнг, улар шу мактабда таҳсил олган ва яқинда таваллудининг 70 йиллигини нишонлаган сафдошимиз  – Абдусаид Кўчимовни табриклаб, унинг шеърларидан намуналар ўқиди, шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

Маҳаллада яқинда очилган “Shirin’s day care” мактаб­гача таълим муассасасида болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар бизни лол қолдирди, десак, муболаға бўлмас. Рост, бунақа қулайлик, шарт-шароитлар унча-мунча шаҳарлардаги боғчаларда ҳам йўқ. Девордаги суратлардан тортиб, турфа ўйинчоқларгача, бежирим  каравотчалар, стол-стуллардан то ердаги тўшамалар, ташқаридаги спортмайдончаларигача – ҳамма-ҳаммасига болалар руҳияти, уларнинг беғубор дунёсидан келиб чиқиб ёндашилган.

Айни пайтда улкан қурилиш майдонига айланиб, обод бўлаётган Манғитобод маҳалласи аҳолиси, нуронийлар ва ёшлар билан учрашувда юртимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида юртимизнинг олис ва чекка ҳудудлари ҳам обод этилиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилаётганини сўз борди.

Маълумки, ватанимиз тарихида,  ўзбек халқининг шакл­ланишида манғитларнинг ўрни катта бўлган. Бухоро амирлигини 1756 йилдан то 1920 йилгача айнан манғитлар бошқаргани тарихдан яхши маълум. Ургутнинг тарихий мас­канларидан бири бўлган Мангитобод қиш­лоғи ҳам айнан манғит улуси билан боғлиқ. Бугун қишлоқ йўллари равон, уйлари чароғон.

Самимий ва юзма-юз мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар таълим-тарбияси ва келажаги, оилалардаги маънавий муҳит, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш, кексаларга ҳурмат каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ватанни, истиқлолни улуғловчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.

Вилоятдаги энг катта масжид

Бугун туман ҳудудида турли-туман иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, турар-жой иншоотлари тобора кўпайиб бормоқда. Жумладан, яқинда туман марказида янги Ургут жомеъ масжиди фойдаланишга топширилди.

Миллий ва замонавий меъмор­чилик анъаналарига мувофиқ тарзда бунёд этилган ушбу маскан 10 мингдан ортиқроқ намозхонни ўз бағрига сиғдира олади ва шу кўрсаткичга кўра, ҳозирча Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид ҳисобланади. 5 йилдан зиёд вақт давомида, халқ ҳашари йўли билан тикланган бу масжид чиндан ҳам Ургутнинг кўркига  баайни узукка кўз қўйгандек мос тушибди. Масжид ичидаги нақши нигорлар темурийлар даврига хос меъморий безакларни ёздга солади. Масжид равоқу деворларида Қуръони карим оятлари, илм ва эзгуликка даъват этувчи ҳадисиш шарифлар, Аллоҳ таолонинг 99 исми дарж этилган.

Масжид имом хатиби Мулла Шоди ота Ҳақбердиев билан  ушбу поклик масканининг қурилиш тарихи, Ургутда яшаб ўтган азиз-авлиёлар, юртимизда дину диёнатни сақлаш бобидаа амалга оширилаётган буюк ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

Мулла Шоди отани Ургут аҳли яхши билади, ихлосу эҳтиром ила тилга олади. Чунки Шоди ота диний қадриятлар оёқости қилинган пайтларда ҳам, турли ақидапараст оқимлар жамоат орасига қутқу солишга уринган дамларда ҳам  халқнинг ёнида бўлган, оқни қорадан, ҳақни ботилдан ажратишга кўмак­лашган.

– Қутлуғ даргоҳ — Аллоҳнинг уйидан қуруқ кетманглар, – дея Шоди ота ҳар биримизга биттадан Мусҳафи шариф ҳадя қилди.

Хуш кўрдик…

Ургутнинг тарихий қадамжоларию янги, замонавий масканларини кезар эканмиз, буюк бобомиз ҳазрат Навоийнинг бир байтлари хаёлимиздан кетмади:

Сафар қилғил,

        аммо Ватан ичра бўл,

Тила хилвату

        анжуман ичра бўл.

Айни дамда ўз Ватанимиз бўйлаб сафарда юрарканмиз, ҳар биримиз ўз хотираларимиз, кечинмаларимиз билан ёлғиз қолгандик. Ҳа, Ургут меҳрибон онадек барчамизни бағрига олган, унинг қучоғида ўзимизни эркин, бахтиёр, ёш боладек ҳис этардик.

Кечки пайт барчамиз бир даврада жам бўлиб, она юрт билан боғлиқ дилдан ўчмас хотираларимиз бир-биримизга илиндик. Туман мутасаддилари бу ерда турли соҳалардаги ўзгаришлар хусусида батафсил сўзлаб беришди. Суҳбат дилбар шеъру ғазалларга, дилрабо куй-қўшиқларга уланди.

Ургутга хуш келдик, Ургутни хуш кўрдик, хушвақтлик бу диёрни асло тарк этмасин!

Рустам ЖАББОРОВ