Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Улуғ маърифатпарвар санъаткор

 1,323 total views,  2 views today

Шерали Жўраев қандай қўшиқчи?..

Шерали Жўраев – қўшиқчилигимиздаги жуда баланд ҳодиса! Чўққилардан бири! Зеро, улуғ ҳофиз ўз қўшиқлари билан халқимизнинг маънавий-эстетик бўйини бир қарич ўсишига хизмат қилган ЗИЁЛИЛАРимиз сафида туради. У инсоният тарихини, миллат тарихини, дин тарихини қўшиққа солди, қолаверса, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти сара намуналарини тингловчига куй, оҳанг жўрлигида етказди. Муҳаббат, ишқ, ҳаёт, ўлим, одамийлик, охират ҳақида  тизимли ёниб куйлади. Ана шундай хизматлари билан Шерали Жўраев нафақат ўзбек қўшиқчилиги ривожига, балки миллат тафаккур тараққиётига ҳам улкан хизмат қилди, дея оламиз.

Энди мана шу даъвомизни бир қадар изоҳлаб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Шерали Жўраев – кучли ва ширали овоз соҳиби. Булар қўшиқчи учун жуда муҳим сифатлар ҳисобланади. Ҳозирда қўшиқ хиргойи қилиб юрган қўплаб ҳаваскорларга айнан шундай овоз етишмайди. Лекин техник имконлар туфайли улар ҳам саҳнадан тушмай юришибди. Аслида, табиий кучли овозга нима етсин. У – ноёб ҳодиса!.. Эслайман: камина ҳам мактабда ўқиб юрган вақтида юзлаб ёшлар қатори айнан Ш. Жўраевга ҳавас қилиб, унга эргашиб рубоб чалишни ўрганган,  қўшиқлар хиргойи қилган. Лекин қўшиқ авжларини айнан Шерали Жўраев қадар ололмаганим учун “йўқ, мадомики, сенга бундай баланд овоз берилмаган экан, демак, буни тан ол-да, бошқа қўшиқ айтма!” деганман. Қаранг, бир инсон дилимга ҳам қўшиқ айтиш ишқини солган, ҳам ўз баланд даражаси билан ундан воз кечдирган. Айни пайтда,  бутун умрим давомида бошқа маъна­вий неъматлар сирасида Шерали Жўраев қўшиқларидан жуда катта куч, баҳра олиб яшаб келяпман десам, асло муболаға бўлмайди.

Шерали Жўраев – муҳаббат куйчиси. У муҳаббат ҳақида шундай ёрқин қўшиқлар айтдики, кўпчиликнинг қалбида ўт ёқди, тингловчилар эътиборини тортди. Масалан, ўз вақтида истеъдодларни қидириб юрт кезиб юрган санъат арбоблари Асакага боришганда, ҳали танилмаган йигитча – Шералининг оғзидан “Биринчи муҳаббатим”ни эшитиб, “Мажнунни гриммсиз ўйнайдиган йигитни топиб олдик”, дея қувонишган ва уни ўқишга Тошкентга таклиф қилишган экан.

Шерали Жўраев – баланд дидли қўшиқчи. Бас, ҳофиз қўшиқ учун танлаган шеърий матнлари унинг зиёлилик даражасини шундоқ кўрсатиб туради. Албатта, ёшлик чоғларида айтган айрим қўшиқлари матнида айнан ёшликнинг, тажрибасизликнинг излари сезилади. Лекин ҳофизнинг бутун бошли ижодини яхлит олганда, у танлаган матнлар чиндан ҳам қўшиқчилигимизнинг энг баланд чўққиларидан бирини ташкил этади. Чунончи, Ҳофиз, Ганжавий, Румий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Нодира, Увайсий, Муқимий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Усмон Азим… Бу салобатли рўйхатнинг ўзиёқ Шерали Жўраев сўз танлашда мезонни нақадар баланд олганини кўрсатади.

Шерали Жўраев – мумтоз Шарқ шеъриятини замонавий куйга энг кўп ва хўп солган, сола билган ҳофиздир. Натижада, Ҳофиз, Ганжавий, Навоий, Бобур каби улуғ мумтоз шоирларимизнинг талай ғазаллари ХХ ва ХХI аср мухлислари кўнгилларига кириб борди. Бу хизмати билан ҳофиз мумтоз Шарқ шеъриятининг ўзига хос тарғиботчисию шарҳловчисига ҳам айланди.

Шерали Жўраев тарихни куйлади, тарихни сўзлатди. Ўзбекистон қаҳрамонлари, халқ шоирлари Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърлари туркийлар, ўзбеклар кечмишини даврма давр, саҳифама саҳифа кафтимизга солиб қўяди. Ҳофиз эса, арс­лон каби наъра тортиб, миллат тарихию ғурурини миллатдошлари қалбига қўшиқ орқали ҳиссий сингдиради:

Менга Пушкин

                    бир жаҳону,

Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўксим осмон ўзбегим!

Ёки:

Америка – сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор

Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон – Ватаним маним!

Икки улуғ шоиримиз ижодидан олинган бу шеърий парчалар Шерали Жўраевнинг кучли, ширали ҳамда мағрур жарангловчи овози билан ҳам миллатдошларимизнинг онгу қалбига ўзгача жойлашди. У ерда миллат, Ватан, уларга муносиб бўлиш туйғуларини тарбиялади. Демак, Шерали Жўраев қўшиқлари айни пайт­да миллатни тарбияловчи қўшиқлар ҳамдир.

Шерали Жўраев – ҳозиржавоб, маърифатпарвар, адолатпарвар қўшиқчи. У ўз замонасининг уриб турган томирига ташҳис бармоғини қўйган, қўя олган санъаткор. Шу маънода у ўзи яшаб турган давр муаммоларига муносабат билдиради, билдира олади.

Демак, ҳофиз, одатда, пуб­лицистлар, шоиру ёзувчилар, журналистлар қиладиган ишни уларнинг ёнида туриб, уларга жўр бўлиб қўшиқчиликда ҳам амалга оширди, 90 йиллар – миллий ўзликни англаш даврида ана шу буюк хизматга қўшиқлари билан ўз ҳиссани қўшди.

Келинларинг ёвдан

            ўғил туққанда,

Чидаб…

Чидаб, энди кетар

            бўлдинг оролим…

дея қуриб бораётган орол денгизига халқ ва ҳукумат эътиборини қаратди. Бу каби кўпгина ўткир тиғли мисраларни Шерали Жўраев мавжуд матнга қўшиб куйлади, айримларини эса бошдан оёқ ўзи ёзди. Шу боис, Шерали Жўраев сиёсий давраларда ҳар доим ҳам севимли ҳофиз мақомида бўлмади, шундай даврлар бўлдики, у узоқ йиллар мобайнида расмий саҳналарга қўйилмади. Қатъий назар, уни халқ севиб эшитди, эъзозлади, мудом ёдида тутди.

Шерали Жўраев – “илоҳий” жанри қўшиқларининг куйловчиси, уларни янгиловчиси. Яъни у ўзбек қўшиқчилигида унутилиб кетаёзган “илоҳий” жанридаги қўшиқ йўналишини тиклаб берди. Чунончи, Жалолиддин Румий асарларига бағишлаб ҳофизнинг уйида ўтказилган “Мажлис”да куйланган айрим қўшиқлар мазкур анъананинг тикланаётганини кўрсатувчи ёрқин мисолдир.

Ҳа, бизнинг авлод, бизгача ва биздан кейинги неча-неча авлодлар Шерали Жўраев қўшиқларини эшитиб катта бўлди, улғайди, тобланди. У айтган қўшиқлар, унинг кучли ва ширали овози бизнинг руҳимизни тарбиялади. У ердаги қулликка, мутеликка бўлган мойилликни синдириб, парчалади. Сўзлари, сўзлар қатидаги маънолар эса маънавиятимизнинг камол топишида улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Кўринадики, Шерали Жўраев одатдаги қўшиқчилардан бири эмас, асло, у миллатимиз тарихидаги жуда улкан, улуғ маърифатпарвар қўшиқчидир. Керак бўлса, шуни айтиш жоизки, у нафақат ўзбек миллатининг, айни пайтда, бутун туркийлар, шунингдек, Марказий Осиё халқларининг умумдаражасининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ойдинларимиздан бири. Бунинг учун у айтган қўшиқларни, уларнинг матнини, ўзига хос оҳангини бир-бир эсга олиш кифоя. Шу маънода, ҳофиз ижоди олимлару тадқиқотчилар томонидан атрофлича ўрганилиши, ўзбек санъатида Шерали Жўраев феноменининг сиру синоатлари қатор номзодлик ва докторлик ишларида тадқиқ этилиши айни муддао бўлур эди.

Улуғбек ҲАМДАМ,

ёзувчи, филология фанлари доктори