Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Туя кўрдингми, йўқ!”

 323 total views,  2 views today

Жиззах вилояти “Шабнам” маҳалласи Гулбулоқ қишлоғининг одамлари ниҳоятда меҳмондўст ва саховатли. Маҳалла хонадонларига борган ҳар киши, таниш бўлсин ёки нотаниш уларнинг ҳар доим очиқ турадиган дастурхони ва ширин суҳбатидан баҳраманд бўлади.

Уларнинг меҳмоннавозлигига қаҳратон қишнинг совуқ кунларида ўша қишлоқдаги танишимникига борганимда яна бир карра тан берганман. Ҳар сафар борсам, битта ўзим учун алоҳида тайёргарлик кўрадиган танишим ўзимизникисан демасдан атайин меҳмонлар учун мўлжалланган хонага олиб киради. Уй ичига киришим билан ёнилғи қўшиб ёндирилган ўтиннинг қора тутунидан димоғлар ачиша бошлайди. Чунки  газ нималигини унутиб, газли печкалардан воз кечганча, ўтинга мўлжалланган иситиш қурилмаларидан фойдаланишга одатланган. Уйидамас юзида ҳарорати борлар гапириш тугул нафас олсангиз ҳам буғ кўтариладиган меҳмонхонада совуқ қотмаслигим учун эътирозларимга қарамай, ҳали чопон, ҳали қалин наматлар билан чирмаб ташлашади. Биламан, хижолат бўлишади. Кўчада-ку бошяланг юраман, уйга киргач, мезбоним қалин телпак билан сийлайди.

Дастурхон ҳар доимгидек мукаммал безатилган. Олиб келинганига беш дақиқа бўлмасдан, совиб қолган чойни ҳисобга олмаганда лаззатли, ёз бўйи ўзларининг меҳнатлари билан етиштирилган ноз-неъматлар медангиз тугул кўнглингизга ҳам хуш ёқади. Аммо ҳар гал ҳам этли, хамирли овқатларни тезгина бошлаб юбора қолмайди. Чунки улар қиш кунлари бундай овқатларни тайёр қилгунларича порлаб турган қуёш ботишга ҳам улгуриб қўя қолади.

Меҳнаткаш қизлару келинларни айтмайсизми, қуёш бироз кулиб қарадими бўлди, дарров кир ювиш, болаларини офтобда ювинтириб олишга киришади. Ёз палласининг иссиғида тер оқиб, чўмилиш нималигини билмаган болажонлар ҳам бугун 15 ёшдан ошмоқда. 

Ҳа, асл меҳмонназвозликни кўрмоқчи бўлсангиз Гулбулоққа боринг, «Ўзбекистондаги Антарктида» нафасини ҳис қилмоқчи бўлсангиз ҳам Гулбулоққа  боринг!

 Қишлоқ кўчаларида қаҳратоннинг уч ойини муттасил тумов билан ўтказиши шундоққина билиниб турадиган болалар йўлда кўзи тушган ҳар қандай шох-шабба, ўтинларни йиғиб-териб юришади. Бу улар учун одатий ҳолга айланиб улгурган.

Нега шундай?  Нима учун бошқа  чекка қишлоқдаги маҳаллаларга етиб борган газ буерларда йўқ? 

 “Биз газсиз ҳаётга кўникиб бўлганмиз, фақат қиш кунлари қийналамиз”, дейди қиш­лоқнинг соддагина бир аёли, умидсиз оҳангда кинояли кулиб.

Маълум бўлишича, “Шабнам” маҳалласига 2007 йилда бир йилгина газ берилган. Лекин бу газнинг ҳарорати ток печларга ҳам етмаган. Бунинг устига “Газ келдими? Келди, энди пулини тўла» деб йиғмачиликни канда қилмаганлардан одамлар норози. Аслида, газсизликка ўрганиб қолган бу даланинг меҳнаткаш кишилари ишларимизга бироз ёрдам бўлармикан, чарчаган ҳолимизга яна ўтин ёқиб этсиз овқат еб ўтирмасмиканмиз деган умидда ҳаракат қилган. Бироқ ҳаракатларининг натижаси паст газ, баланд тўлов бўлгани сабаб “воз кечиш” таклифига имзо чекканлар. «Туя кўрдингми — йўқ».

Хўш, бу қачонгача давом этаркин? Қачон гулбулоқлик­ларнинг ҳам бошида қуёш балқийди? Саволлар кўп, аммо «туя кўрмаганлар»нинг бунга жавоби йўқ. Эътиборлиси, уларда умид учқунлари бор, холос. Шу кунига ҳам Яратганга шукр қилиб, очиқ чеҳра билан меҳмон кутишдан эринмайди.

Лайло ЭШБОЕВА,

“Жамият” маҳорат мактаби

тингловчиси