Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Тажовузкор маркетинг”

 618 total views,  2 views today

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда 15 дан 24 ёшгача бўлганларнинг 17 фоизи тамаки чекади. Европа минтақасида 13 дан 15 ёшгача бўлган қизларнинг 11,5 фоизи ва ўғил болаларнинг 13,8 фоизи тамаки “истеъмол” қилар экан.

Тамаки саноати ёшларнинг иродасига таъсир этишга уринган ҳолда, ўз маҳсулотини “безаб кўрсатиш” усулларини қўллаб, уни аҳолининг муайян гуруҳлари учун янада жозибали қилишга ҳаракат қилади, хусусан, бунинг учун фирма ўрамаси ёки рамзларидан фойдаланади. Шу сабабли сўнгги вақтда ушбу усуллар болалар ва ёшларнинг электрон сигареталар, никотинли маҳсулотлар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотлари каби инновацион тамаки маҳсулотларига бўлган қизиқишини оширди. Улар кўпинча реклама, тамаки маҳсулотларини сотиш ва ҳомийлик қилишни тартибга солувчи қонун талабларини четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Шунинг учун тамакини чакана сотиш, реклама қилиш, сотувини рағбатлантириш, мактаблар ёнида ва бошқа жамоат жойларида сотишга ҳомийлик қилиш устидан жамоатчилик мониторинги ўрнатилаётир.

Тамаки ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларга қаратилган тажовузкор маркетинг кампаниясини, улар кўпроқ бўладиган жойларда (мактаблар, автобус бекатлари, бошқа жамоат жойларида) олиб бормоқдалар. Ўзбекистон савдо жойларида тамаки маҳсулотларини намойишга қўйиш ва умуман, унинг барча реклама шаклларини тақиқлашни, шунингдек, мавжуд қонунларга қатъий риоя этилишини таъминлашни ўз ичига оладиган кенг қамровли қонунчиликни ишлаб чиқиши лозим.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг мактаблар атрофида ва болалар кўп борадиган жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари чакана сотувини, рек­ламасини, сотувни рағбатлантириш ва уларга ҳомийлик қилиш устидан жамоатчилик мониторинги олиб борилди. Унда 100 та мактабдан 5 дақиқалик (200 метргача) жойларда жойлашган савдо жойларида, мактаб ўқувчилари фойдаланадиган маҳаллий автобус бекатларида, шунингдек, болалар кўп борадиган жамоат жойларида ўтказилди.

Ушбу тадқиқот трансмиллий тамаки компанияларининг болалар ва ўсмирларга қаратилган маркетингини глобал тадқиқ этувчи “Big Tobacco, Tiny Targets” лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Аниқланган ҳар бир тамаки маҳсулотини сотиш, реклама қилиш, намойишга қўйиш, рағбатлантириш ҳолатлари боланинг мактабдан, мактаб ўқувчилари кўп фойдаланадиган автобус бекатларидан ҳамда бошқа ўрганилган жамоат жойларидан пиёда юрадиган масофада жойлашган. Муқаррарки, ушбу жойлардан юраётган ўқувчи тамаки маҳсулотининг бирорта шаклига дуч келади.

Ўтказилган мониторинг натижасида, 95,5 фоиз савдо жойларда сигареталар сотилган, сотув жойларининг 94,8 фоизида тамаки маҳсулотлари намойишга қўйилган, савдо жойларида тамаки маҳсулотлари намойишга қўйилган ҳолларнинг 61,2 фоизида улар ўйинчоқлар ва ширинликлар олдига қўйилган. Намойишга қўйилган қўйилган ҳолатларнинг 76,9 фоизида тамаки маҳсулотлари боланинг кўзи даражасида (полдан 1 метр юқорида) жойлаштирилган, сотув жойларининг 53 фоизида сигареталар қонун билан тақиқланганига қарамай, доналаб сотилган. Хушбўйлантирилган сигареталар дейсизми, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари (шу жумладан носвой) дейсизми, носвой, кам деганда, сотув жойларининг 25,4 фоизида мавжуд. Мактаблар атрофида сотиладиган ва реклама қилинадиган брендларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси – British American Tobacco (37,2 фоиз брендлар), 23,2 фоизи Philip Morris International, 19,5 фоизи JapanTobacco, 7 фоизи – Imperial Tobacco ва 13,1 фоизи бошқа ишлаб чиқарувчиларга тўғри келади.

Ачинарлиси, савдо жойларида тамаки рекламаси билан вояга етмаганлар, ёшлар орасида тамаки истеъмол қилиниши даражаси ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд. Тамаки маҳсулотларини реклама қилиш, сотувларини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилиш зичлиги юқори бўлган туманларда мактаб ўқувчилари ўртасида тамаки истеъмол қилиш кўрсаткичлари юқорироқ. Хушбўйлантирилган тамаки маҳсулотлари болалар ва ўсмирлар эътиборини тортмоқда. Ёшларнинг камида учдан икки қисми бу маҳсулотлардан (чунки бунда уларнинг севимли таъми бор) фойдаланиш­ларини маълум қилган.

Бу борада тамаки маҳсулотлари савдосини тартибга солиш ёшларнинг тамаки маҳсулотларидан фойдаланиши имкониятларини қисқартириш учун самарали чора ҳисобланади. Шунинг учун мавжуд қонунларга қатъий риоя этилишини таъминлаш зарур, булар: таълим, спорт ва диний муассасалардан 200 метр атрофида тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлаш, сигареталарни доналаб сотишни тақиқлаш, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг жисмоний шахслар томонидан сотилишини (кўча савдоси) тақиқлаш мақсадга мувофиқ.

Тамаки маҳсулотлари рек­ламаси, намойиш этилиши ва илгари сурилиши бутунлай тақиқланиши керак, чунки улар оммавий ва яққол ўсмирлар ҳамда ёшларга қаратилган. Хушбўйлантирилган тамаки маҳсулотларини сотиш қонун билан тақиқланиши керак, чунки бундай маҳсулотлар, айниқса, болалар ва ёшлар учун жозибалидир. Тамакига қарши курашиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ҳадли конвенцияси тавсияларига мувофиқ носвой (тутунсиз тамаки турлари)ни сотиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ёки тартибга солиш зарур.

Тамакини реклама қилиш ва савдо жойларида намойиш қилишни тақиқлайдиган қонунларни қабул қилган мамлакатлар сони ортмоқда. Муҳими, бу чоралар иш беряпти – улар болаларни ҳимоя қилади ва иқтисодиётга зарар етказмайди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, жамоатчилик назоратими, ҳамма бирдек ўзини масъул ҳисобласин. Чунки оқибатда нафақат ўзимиз, балки бутун халқимиз жабр кўраётганини барчамиз англаб турипмиз. Бунинг учун фақат айрим ташкилотлар югуриши шарт эмас, ҳар биримиз ўзимизни, ўзи фарзандимизни назоратга олсак, битта болани шу йўлдан қайтарсак, келажак учун битта тамал тошини қўйган бўламиз!

Малика ВАЛИЕВА,

Ибн Сино жамоат фонди мутахассис-ходими