Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Ки хуш келгай у кунлар, шод!..”

 778 total views,  2 views today

Ватанимиз, халқимиз ҳаётида янги давр бошлангани, юксак аҳамиятга эга муҳим воқеликлар, ижобий ўзгаришлар юз бераётгани кишини беҳад хурсанд қилади. Айниқса, яқин қўшниларимиз билан борди-келдининг самимий тарзда давом этишига йўл очилиши азалий ришталарнинг мустаҳкамланишига пухта замин яратди. Очиғи, энг яқин қўшни, қон-қариндош Тожикистон томонга бориш имкониятидан маҳрум эканлигимиздан афсусланардик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига кўра эндиликда бу икки мамлакат орасидаги йўллар кенг очилиб, бемалол бориб келаётганларнинг қувонч тўла ҳикояларини тинглашга нима етсин!

Юртдош ўртоқлар кўп. Аммо фурсатини топишимиз биланоқ суҳбати сари ошиқадиганимиз яқин дўстлар эса бир нечтагина. Улардан бири Тожикистоннинг баланд тоғлари орасидаги Дардар қиш­лоғи яқинидаги Зеробод маҳалласида яшовчи энг яқин дўстимдан бири Ниёз. Хариталарни варақлаб, ўша жойни топаман. “Унчалик ҳам узоқ эмас экан-ку!” “Дембель” альбомимни яна қўлга оламан. Мана, Ниёз билан ёнма-ён тушган суратимиз! Бўлди! Кетдим!

Чегарага яқинлашар экансиз, ҳар иккала давлат раҳбарларининг очиқ чеҳра ва хурсандчилик билан қўл ушлашиб турганликлари тасвиридан кўнглингиз қувонди. Божхона ходимларининг илиқ ва самимий муомалалари, бош­қа мамлакатга қадам қўйишнинг осонлик ва қулайликлари-чи?!.

Биз тўрт нафар йўловчини манзилимиз сари олиб бораётган ҳайдовчимиз хушсўзу хушчақчақ йигит экан. Йўлини босиб, ичидан ёки ёнидан ўтаётганимиз ҳар бир жой, қиш­лоқ, маҳалла ёки бошқа турли ҳудуднинг, ўша жойларда яшовчиларнинг алоҳида хусусиятлари ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ошно қилувчи  жонли суҳбатларидан баҳраманд этади.  Бу ерлардагиларнинг ўзига хос хусусиятлари, шаклланган урфу одат ва анъаналари, жой тарихидан айрим қизиқарли маълумотларини қизиқиш билан тинглайсиз. Хаёлимда бир фикр ялт этиб кечди: балки у махсус таълим ҳам олишга улгурган мутахассис экскурсоводдир? Лекин буни ўзига айтишга эса фурсат тополмасдим, тўғрироғи, шундай ажойиб нақллар ноқилининг сўзини бўлишни жоиз билмасдим. 

Жумладан, бир қишлоқ ичидан ўтаётганимизда у шундай деди: “Бу қишлоқ халқи меҳру оқибатни жуда йўлга қўйишади. Бир-бировининг ҳолидан доим хабар олиб туришади. Зарурат бўлганда ёрдамини аямайди. Бирор хонадонда мусибат содир бўлганда қўлидан келганча, моддий ёрдам кўрсатади: ҳар бири қатъий тарзда камида ўн сомоний пул бериш одати шаклланган. Бошқа кўпгина жойларда-чи? Келишади-ю, азадор кишига маслаҳат беришади: “Ҳаракатсиз ўтиришдан фойда йўқ. Иложини топ. Банкдан кредит ёки бировдан қарз ол…”

***

Тоғлик жойлар бошланди. Ёнгинамиздан, шундоққина биқинимиздан паст-баланд тоғлар, тик қоялар, тубсиз жарликлар кўринади. Йўллар баъзан тоғу тошлар орасидаги кескин бурилишлар, илонизи қайрилмалар билан ҳайрат ҳамда ваҳимага солади. Айрим жойларда катта-кичик тўкилган, юқоридан сурилиб тушган тош тўдалари кўзга ташланади. Махсус либосдаги бир йигитча катта йўлда сочилиб ётган тошларни бир томонга суриш билан машғуллигига кўзимиз тушди.

***

Ва ниҳоят, Зеробод қишлоғи марказида, маҳалла идораси ёнида — машинамиз тўхтади. Икки нафар кекса бобо, яна бир неча турли ёшдаги кишилар йўл четидаги ўриндиқда ўтириб, офтоб нуридан баҳраманд оҳиста суҳбат қуришмоқда.

Машинадан тушдик. Рустам билан бориб, аввал боболар, кейин бошқа ҳамма билан салом-алик қилиб, кўришиб чиқдик. Ҳайдовчимиз Ниёз акани суриштирди, мени кўрсатиб, у кишининг аскарликда бирга хизмат қилган жўраси эканим, уни кўргани келганлигимни айтди. Ўрта ёшли бир киши шу заҳотиёқ кимгадир қўнғироқ қилиб, бизга: “Акаи Ниёз ҳозир шу ерга келади”, − деди.

Ҳайдовчига йўл ҳаққини бериб, у ва бошқа ҳамроҳларим билан хайрлашдим, саломатлик, оқ йўл тиладим. Аммо улар кетишга шошилмас, бош­қа ҳамроҳларим ҳам машинадан тушиб, даврага қўшилган, биз икки дўстнинг шунча йилдан кейинги дастлабки учрашувимиз қандай кечишига жуда қизиқаётганликлари кўриниб турарди.

Шу ерлик ёшлардан бири ишора қилди: Ана, келяптилар! Келишган қад-қоматли, баланд бўйли, барваста киши биз томон кела бошлади. Оралиқ ўн беш метрча қолганида эса бирдан қулочини ёзиб, мен томон югурганча хитоб этди: “Ҳусниддин!!!”

***

Гоҳо асло унутилмайдиган воқеалар содир бўлиб, балки тириклик хитоби деб номланишга мос хаёлу хотиротнинг хос китобига тошдаги нақш мисол ўйилиб, ўрнашиб қоладиким, ҳар бир қайта варақлаш асносида яшиндек ярқираб, момоқалдироқдек бонг урароқ таъкид этади: ҳаёт айёмининг шундай дақиқлару соатлари нақадар юксак ва маънодор!

Ургут туманимизнинг Сўфиён, Гулбоғ ёки Терсак мавзеларидаги сингари шароитлар: ёнбағир истиқоматгоҳлари. Дарвозадан кирасизу бир неча пиллапоя зинадан юқори кўтариласиз. Ҳовли бўйлаб яна бир неча бор баландликка юз тутасиз. Айвон ости ертўла, уй орти тик тоғ ёнбағирга туташган. Лекин тоғ бўлганда ҳам азим, сарбаланд тоғлар. Ҳовли ичидан бу унчалик сезилмаса ҳам бу қишлоққа кираверишдаёқ зеҳн солган эдим: биз яшайдиган жойлардаги тоғлар булар олдида пастак ва кўримсизгина бўлиб қолади.

Дастурхон ёнидаги суҳбатимиз кўтаринки руҳ, бой ҳиссиётлар билан лиқ тўла эди. Ниёз жўрамнинг тоғаси Нарзиқул, янганинг амакиси Гулмаҳмад билан қизғин суҳбатларимиз роса қайнабди. Дўстим ва укаси Мирзо нисбатан камгап, кўпинча жимгина тингловда.

Кўп йиллар давомида юк машинаси ҳайдовчиси сифатида фаолият кўрсатган акаи Нарзиқулнинг боргану кўргани, алоқаю муносабатлари бўлган маконлару замонлару инсонлар ҳақида сўзлаб берган нақлларидан ўрганиш ва ибрат олишга арзигулик кўпгина воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлдим.

Тайёр ўрин-тўшакларда ёнбошлаб, аввалига бирор соат ёруғликда, кейин эса чироқни ўчириб-да, яна таҳминан бирор соат икки дўст то ухлаб қолгунимизча роса гурунглашдик.

  ***

  Мени Панжакентдан бу ерга олиб келган ҳайдовчи қайтиш чоғимда унга қўнғироқ қилишим мумкинлигини айтганди. Шу боис, эрталабки пайт Зеробод қишлоғи марказига келиб, унча вақт кутиб қолганимиз йўқ: “карвон”имиз дарров етиб келди. Дўстим билан хайру-хўш қилиб, машинага миндим, ортга йўл тутдим.  

***

Сўнгги йўқ туюлгувчи йироқликлару ёнгинангиздаги яқинликлардан кўзга ташланувчи юксакликлару сарбаландликлар бутун жисму жонни ҳаяжонга солади. Илк бор назарингиз тушганда қўрқувга солгувчи тубсизмисол ваҳимали жарликлар бесадо хитоб этаётгандек: тинчлангин ва синчиклабгина нигоҳ солгин, боқ, неларни кўрарсан! Ҳа, уларнинг энг тубида, олисдаги серҳосил экинзорлар сари ошиқиб оқаётган оби ҳаётнинг гулгун чеҳраларида, оламтоб офтоб нурлари ярқираб кўзга ташланади!

  Келишимизда “роҳбалад”, йўл кўрсатувчимиз бўлган ҳайдовчимизнинг мазкур хизматига бу сафар эҳтиёжим бўлмади. Ёнимда кетаётган икки нафар очиқ чеҳрали сўзамол, қувноқ ёш йигит ушбу жойлар нима деб аталишию қандай хусусияту воқеа-ҳодисалари билан машҳурлиги ҳақида қизиқарли маълумотлар билан баҳраманд этишмоқда эди.

Машина радиосидан марҳум шоир Лоиқ Шерали ижодига мансуб бўлмиш юксак маъноли сатрлар Тожикистондаги машҳур санъаткор Жўрабек Муродовнинг гўзал ва ёқимли овозлари билан янграйди:

Ало шодоб соҳилҳо,

Ба қадри обҳои ҷорӣ мебояд расид имрӯз,

Ки рӯзи хуш хоҳад шуд!..

(Сиз, эй серсув бу соҳиллар,

Оқар сувларнинг ушбу кун етиш қадрига лозимдир,

Ки хуш келгай у кунлар, шод!..)

Ҳусниддин ФАЙЁЗОВ