Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Кейинги авлодга хатолар эмас, янгилик ҳам қолдирайлик!”

 277 total views,  2 views today

Газетамизнинг 3 июнь 23 сонида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан ўзбек тилининг бугунги кундаги аҳволи, муаммо ва камчиликлар хусусида “Тилимизга эътибор ўнинчи даражада(ми?)” сарлавҳали суҳбат эълон қилган эдик. Ушбу сонимизда газетхонлар эътибори ва эътирофи ила иккинчи мақолани ҳам тақдим этяпмиз.

— Устоз, тилимиз дағаллашгани сари саводимиз “мамоти” кўриниб қоляпти. Бир тўхтамга-ку келолганимиз йўқ. Ўзлашма сўзларни ҳам аслидагидай ёзишга ўрганиб қолганмиз. Aксига олиб, ўзлашма сўз аслидагидай ёзилса, унинг ўзлашгани қаерда қолади? Қўшма сўзларни хатосиз ёзмоқчи бўлса, камида тилшунос бўлиш керак. Имломизни, тилимизни ҳар ким хоҳлаган ноғорасига ўйнатавериши ота-боболаримиздан мерос тилни таҳқирлашдан бўлак ҳеч нарса эмас. Бу ҳол қачонгача давом этади? Ёки имло хатоларимиз камайиб қолишидан қўрқаяпмизми?

— Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Масалан, ҳеч ким “Мурод устозникига келиб кетди” демайди. Аммо қоидамиз мана шундай ёзишни талаб қилади. Ҳолбуки, бутун дунёда тилларнинг қоидаси “ўлик ҳолати”дан эмас, нутқдан, қўлланиладиган ҳолатидан олинади. Ҳеч ким “келиб кетди” демайди “Кепкетти” деб қўяқолади. Нима қиламиз ўзимизни қийнаб. Мана лотин ёзувига ўтяпмиз. Кўпчилик ваҳима қилади. Ҳозирги кўпчилик ёшлар учун лотинда ёки кириллда ўқиш муаммо эмас. Аслида, “нима учун керак эди кириллдан воз кечиш?” деган савол туғилиши мумкин. Кирилл ёзуви бизга зўрлик билан, уятсизларча сингдирилган ёзув эди. Тўғри, ёзувда айб йўқ, лекин унинг сингдирилишида айб ва ғараз бор эди. Ғараз шу эдики биз ўрислашишимиз керак эди. Ёзувни арманига, грузинга ва Болтиқ бўйи республикаларига ўтказа олмадида, айнан бизни кириллаштирди. Нега уларни кириллаштирмади? Биз улардан кўра қадимийроқ эдик-ку!

Ёзувнинг тақдири белгиланаётган пайтда аввал турк модели билан ҳаёт қурмоқчи эдик, аммо турклардан айричалик касб қилиб, алифбомизни ўзгартириб қабул қилдик. Яна такрорлайман, бизнинг лотинга ўтишдан асосий мақсадимиз туркий халқлар билан яқинлашиш эди. Ҳозирги алифбомиз эса бизни бошқа туркий халқлардан узоқлаштиришгагина хизмат қилмоқда. Сабаби алифбода ўзбек тилининг табиати озгина бўлса ҳам инобатга олинмаган. Лотин ёзувидаги алифбони ишлаб чиқишдаги хатоларимизни тўғрилаш, хулоса қилиш, хатомиз илдизига чуқурроқ назар ташлаш вақт-соати етди.

Деярли  барча қардош халқлар алифбосида 9 та унли бор, фақат бизда унлилар сони 6 та. Шу тариқа тилимиз рус тилига яқин эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳеч бир туркий алифбода унли 6 та эмас. Майли, биз ҳам 9 унли билан эмас, 8 унлини қабул қилганимизда, кифояланганимизда эди?! Туркий тилнинг табиати дунёнинг қаерида бўлишидан қатъий назар — хакасми, чукчами, олтойликми, чувашми ҳаммасида камида 8 та, кўпида 13 тагача унли бор. Жуда бўлмаса, тўққиз унлига келишимиз керак эди. Шунда ҳарфлар билан боғлиқ ҳамма муаммолар ҳал бўлар эди. Алифбомиз ҳам ҳозиргидай ҳолатда ётмасди.

Биз турк моделидан воз кечганимиз сабаб туркнинг ёзувидан ҳам бошқачароқ йўлни топишга ҳаракат қилдик. Бирданига, имло тузувчиларимиз инглизчани оламиз, чунки инг­лизчага мос бўлсин бизники ҳам дейишди ва шартта қарор қабул қилишди. Ўрисчага мос бўлсин деб олти унли қилган эдик. Энди инглизчага мос бўлсин деб, “ш”, “ч”, “нг” каби ҳарфий бирикмаларни қабул қилдик. Аслида, лотин ёзувидаги алифбога ўтишдаги қийинчиликларнинг аксарияти сунъий. Янаям таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, оғриқсиз ўтишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун, аввало, турк алифбосини асос қилиб олиб, унда бўлмаган портловчи “қ” ҳамда доим “нг” ҳарфи билан ифодаланадиган, алоҳида ҳарф сифатида унутилаётган “н” шаклида ёзишни қабул қилсак, муаммоларимиз ҳал бўлиб, бир тўхтамга келармидик?!

Уч товушли “донг”, “сўнг” каби сўзлар тўрт ҳарф билан, беш товушли “сингил”, “кўнгил” каби сўзлар олти ҳарф билан ёзилади. Буни бўғинга ажратиш эса ўқувчилар тугул ёши катта ўқимишли одамга ҳам қийинчилик туғдиряпти. Чунки қачондир, кимдир шуни олмаган, энди ўша олимларнинг шогирдлари шуни олиб, бошқа туркий тилларга қўшилиб қолишни истамайди. Ўша устозлари “айтган” ҳақиқатни ушлаб қолишлари керак! Ўша муҳим. Сенинг устозинг эмас, ҳақиқат муҳим. Одамлар фақат устозингнинг ҳақиқати учун яшамайдику! Туркий дунё бир-бирига яқинлашиши керак. Ё яқинлашиб, биз қудратли бўламиз ёки яқинлашмай, йўқ бўлиб кетамиз. 30 йилгача Туркияда чиққан ҳар битта газета, журнал ва китоб Туркистонда ўқилаверарди. Бизда чиққан нашр эса туркий дунёда ўқилаверарди. Шундай қилиб, биз туркий халқлар бир-биримиздан жуда узоқлашиб кетдик. Энди нафақат турк, ёнимиздаги қозоқни ҳам тилмочсиз тушунмайдиган бўлиб қолдик. Мустафо Чўқайлар Ўзбекистонда ишлар эди. Биз ҳаммамиз битта миллат — турк эдик, туркий эдик. Юқоридаги ғояни кўтариб чиққанлар эса туркларнинг ёзуви битта бўлса, бир-бирига яқинлашаверади, деган ғояни ўртага ташлаган эди. Биз ҳали секин-секин умумтуркийликка яқинлашамиз. Мана, секин-секин яқинлашяпти. Лекин ҳозирча биз буни қийинлаштиряпмиз.

Мисол учун яна бир юракни ўртайдигани “х” ва “ҳ” ҳарфлари. Чуқур тил орқа ва бўғиз ундоши деб аталган икки ундош ҳарфни фарқлашнинг илмий асослари деярли йўқ. Шундай экан, бир тўхтамга келиб, биттасини қабул қилиб қўя қолишимиз керак. Имломизни мураккаблаштириб, болаларимизнинг саводсизлигига имкон яратяпмиз. Мажбур қиляпмиз. Кечагача “сирк” нима бўлади? “ц” бўлиши керак деб ваҳима қилаётган эдик. Бунда сўзларни “Ц” билан айтмасак ҳам мақоми тушиб қолгани йўқ. Кейинги авлодга фақат хатоларимизни қолдирмай, янгилик қолдиришимиз керак эмасми?

Саводимиз тушиб кетишига яна бир сабаб юқорида айтганимдек: болаларимиз ўз кучини бошқа тилларни ўрганишга сарфлаяпти. Бунга ҳам ўзимиз даъват қиляпмиз-да. Четдан келиб, мана шу тилни биринчи даражада ўрган дегани йўқ. “Ўзбек тилини билиш ёки билмаслик умуман аҳамиятга эга эмас” деган қарашлар ҳам шунинг мевасидир. Кейин “билан” деб ёздим нимаю “блан” деб ёздим нима, “ариза” деб ёздим нимаю “арза” деб ёздим нима дея хоҳлаганича ёзмоқда.

— Негадир бегона тилдан кирган сўзларни тўғри-нотўғри демай қўллаб кетавериш “одати” шаклланган. Мисол учун, бизда кенг қўлланиладиган, болалар дам оладиган жой маъносида ишлатиладиган “оромгоҳ” сўзи форсчада “гўристон” деган маънони англатади. “Фуқаро” сўзининг қўлланишида ҳам ушбу ҳолни кўриш мумкин. “Фуқаро” сўзини алмаштириш керак бўлса, нега чўзяпмиз? Ёки биз учун бу аҳамиятсизми?

— “Фуқаро” сўзини ўзгартириш керак, албатта. Биламизки, бу “фақир” яъни “қул” сўзидан келиб чиққан. Агар бизда “фуқаро” сўзини ўзгартириш нияти бўлса, ўз билганимизча иш қилмай, аввало, туркий дунёни бир ўрганиб чиқиш керак. Масалан, қозоқ, қирғиз нима дейди, турк нима дейдию туркман нима дейди. Шуларни синчиклаб ўрганиб, энг муқобилини танлашимиз  керак. Ёки битта ясаш керак. Лекин биз, албатта, бошқалардан бош­қача бўлишимиз шарт эмас. Бегонадан олишга уялмаймиз, аммо ёнимиздаги қозоқ, қирғиз ёки туркдан олишга ор қиламиз, хоҳламаймиз. Аммо инг­лиз, рус ва бошқа тиллардан олиш эса биз учун гўёки “бахт”. Шунинг учун буни яхшилаб ўйлаш керак ва қарор қабул қилишимиз зарур. Ўзгартириш фикрига тўлиқ қўшиламан. Сабаби, ота-боболардан қолган бир гап бор: “Исмда — қисмат бор”. Мана қозоқлар “азамат” дейди. “Азамат” дегани бу буюкликнинг белгиси. “Бек” ва “бегойим” атамалари сиёсий ва ҳуқуқий ҳодисани ифодалашга ярамас, аммо ҳарҳолда фуқародан яхши. Фуқаро деб жарчилар ва подшонинг номидан раиятга нисбатан ишлатилар эди. Чунки улар фақир эдиларда. Биз Ўзбекмиз-ку, Ўзбек!

— Маълум муддат олдин журналисту тилшунослар ва адабиётшунослар ушбу мавзуни бир “кўтаришган” эди. Аммо ҳозир ҳамма жим…

— Нима қилсин энди? Бир кўтарди, фикрларини ёзди. Натижа бўлмагандан кейин “кўтараверишдан” фойда қолмас экан. Чунки ҳар қандай муаммо ҳам маълум бир сабаб билан қўзғалади ва натижаси бўлиш ёки бўлмаслигига қараб муносабат давом этади.

— Бундан 30 ёки 40 йил олдин адабиётшунослик шовқин-суронли ва мавқеи баланд касб эди. Нега бугун бундай эмас? Aдабиётшунослик ХХI аср учун нечоғли аҳамиятли?

— Шундай бўлмаслиги табиий. Чунки бундан 40 йил олдин адабиётшунос деган одамнинг, аввало, адабиётшунос деган шуҳрати бор эди. Иккинчидан, ёзган мақоласи, чиқарган китобидан яхшигина моддий манфаат ҳам бор эди. Бугунги адабиётшуноснинг биттаси мен бўладиган бўлсам, бундан икки йил олдин ўз пулимга минг дона китоб чиқардим ва бунинг деярли ярмини текинга тарқатдим. Қолгани эса уйимда ётибди. Қандай қилиб сарфлаган пулимни чиқариб  олишни билмайман. Менга пул бериши ҳақида гап йўқ. Аммо нима учун ижодкорлар изланиб китоб ёзиши ва уни ўз пулига чиқариши керак? Масалан, шоир одам ёзмаса, қийналади. Олим одам қийналмайди, маза қилиб юраверади. Бугунги адабиётчи ва олимларимиз ҳам маза қилиб юрибди-да. Адабиётчи ва олимларимизни рағбатлантирмас эканмиз, улардан бир нарса талаб қилишга ҳақли эмасмиз. Машҳур эмаслигининг, ишламаётганининг, бирлашмаётганининг ҳамда сизларнинг тилларинг билан айтганда “трендда” эмаслигининг сабаби шу. Ҳолбуки, жуда яхши фикрлайдиган адабиётшуносларимиз бор.

Ҳозирги адабиётшуносларнинг даражаси олдинги номдор адабиётчиларимиздан савияси баланд бўлса, баланд паст эмас. Инчунун, ўз қарашларини намоён қилишга рағбат йўқ. Ёмони шундаки, ҳар нарсага одам ўрганиб қолади. Биз ҳам мана шундай “биқиниб” юришга ҳам ўрганиб қолишимиз мумкин. Яна беш-олти йилдан кейин пул бериб ҳам уйғотолмай қолишимиз мумкин. Вақтнинг борида уларни қўзғатишимиз керак. Янги шоир ва ёзувчилар чиқиб, том маънода миллатнинг савияси баландлашяпти. Шуни изоҳловчи ва ўрганувчилар керак. Изоҳловчиларни эса рағбатлантириш ва эътибор бериш лозим. Ёнидан пул сарфлаб бир нарсаларни қоралаяпти. Уларга раҳмат дейишимиз керак. Миллат яхши ёзадиганга рағбат бермаса, шу ҳолатда юраверамиз. Аксига олиб, катта ўқирман бўлмаган жойда катта адабиёт бўлмайди.

Муроджон РAҲМAТОВ

суҳбатлашди.