Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Беэътибор бўлманг, эътибордаги жаноб…!

 170 total views,  2 views today

Шу кунгача айримларнинг турли ташкилотларга нисбатан «мурожаат хати юборгандим, жавоб беришмади», «аризамга жавоб беришмаяпти бу ташкилот, ўзи ишлайдими, йўқми?» каби гапларини эшитгандим-у, ўзим ҳали бундай муаммога дуч келмагандим…

Қойил, одамлар бекорчиликдан ёзмаётгандир, жавоб беришса бўларди, пайсалга солмасдан. Ишласа, шу халқ учун ишлаяпти-ку, халқ бўлмаса, ишининг қандай аҳамияти қолади?

Хуллас, светофорларнинг қандай ўрнатилиши-ю, уларга кетадиган харажатлар мени қизиқтириб қўйди. Тўлиқ маълумотларни ўрганиб, мақола қилсам, одамлар ҳам ўқирди, билмайдиганлар билиб оларди деган мақсадда «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасида амалиёт ўтаётганим сабабли газета номидан баъзи саволлар билан мурожаат хати ёзиб, Ички ишлар вазирлигига юборгандик. Шу йилнинг апрель ойида юборилган хатимизга мана, июн ҳам келдики, ҳалигача жавоб йўқ. Қонун ҳужжатларида ҳам белгилаб қўйилган: мурожаатларга жавоб бериш муддати бир ҳафта, 10 кундан 15 кунгача, масаланинг долзарблигига қараб, жуда ошиб борса, бир ойгача деб. Аммо ҳали-ҳамон ўша жавоб хатининг йўлларига муштоқман.

Ёки Ички ишлар вазирлиги мурожаатларга шунчалик бефарқмикин?!

Шунча вақт мобайнида оммавий ахборот воситалари томонидан юборилган хатига ҳеч бўлмаса, ўрганилаётганини айтиб қўймаган вазирлик фуқаро мурожаатига жавоб бериш-бермаслигини гапирмасак ҳам бўларов. Бу ёғи бизга қоронғи…

Вазирликнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўлими шунчалик суст ишлаяптими ёки почта хизматининг нуқсонлари борми, деган ўйлар ҳам бошимга «тап» этиб урилиб қолади баъзан. Ё саволлар оғир ботиб кетдимиканки, жавоб бергиси келмай қолди.

Назаримда, саволларимиз ҳам у қадар оғир эмасди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин:

1. Битта светофор ўрнатиш неча пулга тушади?

2. Светофор ички ишлаб чиқариш таркибидами ёки четдан олиб келинадими?

3. Светофор ўрнатилганидан кейинги ҳолатига кафолат қандай бўлади, яъни бузилса ёки яроқсиз ҳолга келса, кафиллик қай тарзда амалга оширилади? Умуман, кафолати хусусида маълумот берсангиз.

4. Яроқлилик муддати қанча вақтни ўз ичига олади?

5. Техник кўрикдан қанча вақтда ўтказилади? Мабодо муаммо учраса, қанча вақтда бартараф этилади? Шунингдек, буни кимлар назоратга олади?

6. Светофор олиб келиниши ёки ўрнатилишида тендер  бўладими? Агар бўлса, қандай амалга оширилади?

7. Жойларга севетофор ўрнатиш билан боғлиқ масалалар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

8. Светофор ўрнатишда ўрнатиладиган жойга қандай талаблар қўйилади?

9. Ўрнатишда сарфланадиган харажатлар қаердан қопланади ва унинг назорати кимнинг зиммасида бўлади?

10. Бизга мана шу масалаларда юзма-юз гап­лашиб, маълумотларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашадиган мутахассис маслаҳати зарур. Бу борада ҳам кўмак берсангиз?

Кўриб турганингиздек, саволлар жавоб бериш учун унчалик кўп вақт талаб этмаса керак. Балки одамларнинг аксари бу саволларнинг жавобини билар, аммо бу борада таҳририятимизга ҳам “мактабимиз ёнига светофор ўрнатилиши керак!”, “Светофор йўқлигидан кўнгилсиз ҳодисалар кўпайиб кетди!”, “Светофор ишламай қолди!” қабилидаги кўплаб саволлар келади. Биз буларни умумлаштирган ҳолда вазирликка юборган эдик.

Бу ишга лаёқатсизликми, эътиборсизликми ёки ташкилот бу саволларга жавоб беришга мажбур эмасми?

Вазирликдан яна бир бор юқоридаги саволларга жавоб кутиб қоламиз. Зора, тўғридан-тўғри ОАВ орқали йўлланган саволларга жавоб қайтарса…

Достонбек БАХТИЁРЗОДА