Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Жомбой жиддий ўзгаришлар йўлида

 198 total views,  3 views today

Жомбой туманида 176 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари 38 та. Хонадонлар 31 мингдан ортиқ.  56 та мактаб, 123 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Уларнинг 30 тасини давлат, 15 тасини ДХШ ва 78 тасини  оилавий боғчалар ташкил этади.  14 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва битта кутубхона фаолият кўрсатмоқда. Туман ҳокими Қаюм Собиров билан номлари юқорида санаб ўтилган муассасалар фаолияти ва туман ҳаётига оид бошқа жабҳалардаги ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Аҳоли хизматида бўлган бундай муассасалар фаолияти қандай тартибда ташкил этил­япти, улар хизматидан фуқаролар қониқиш ҳосил қиляптими?

— Янги жорий этилган маҳаллабой ишлаш тизимини амалда қўллаш барча соҳаларда ижобий таъсирини кўрсатяпти. Хўш, бу нималарда ўз аксини топмоқда? Масалан, мавжуд 38 та маҳаллага 38 нафар доимий вакил бириктирилган.  Уларнинг барчаси банк ходимлари орасидан танлаб олинган. 4 та “бошқарув офис”лари — секторларда 5 кишидан жами 20 нафар ходим ишлаяпти. Уларда молия, ғазначилик, миллий банк, пенсия жамғармаси вакиллари иш олиб боришяпти. Бунинг сабаби маҳалла иши, фуқароларнинг кўпгина кундалик ишлари ана шу соҳалардаги ишлар қай даражада ташкил этилаётгани билан боғлиқ. Маҳаллабой ишлаш тизимидаги мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларига туман ҳокимининг  биринчи ўринбосари раҳбарлик қиляпти.

“Темир дафтар”, “Ёшлар ва “Аёллар дафтар”ларига киритилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, жумладан,  ишсизларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. “Бош­қарув офиси” ва маҳаллаларга бириктирилган “доимий вакил”лар ҳамда масъуллар билан биргаликда ҳар бир маҳалланинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳар бир маҳаллада хонадонлар, тадбиркорлик субъектлари ва МФЙ бўйича сўровномалар ўтказилмоқда.

Очиғи, кўрсатилаётган хизматлардан фуқароларимизнинг тўлиқ қониқиш ҳосил қилишларига эришиш  учун ҳали кўплаб ишларни бажариш керак. Тумандаги давлат идоралари, маҳаллалар, барча турдаги соҳалар раҳбарлари, бугун ана шу мақсад йўлида изланишмоқда.

— Туманда  “3 та дафтар” бўйича қилинган амалий ишлар ҳақида гапириб берсангиз?

— Келинг, бу борадаги суҳбатимизни “Темир дафтар”дан бошлайлик.  Бу дафтарга 2 346 та оила киритилганди, уларнинг 1 948 таси чиқарилди, демак, “Темир дафтар”даги рўйхатимизда яна  398 та оила бор. Бу дафтардан чиқарилган 1 948 оиланинг меҳнатга лаёқатли 4224 нафар аъзоси доимий даромад манбаига эга бўлди, жумладан, 981 нафари доимий иш билан таъминланди, 50 нафари тадбиркорлик фаолиятига йўналтирилди. 2460 нафар фуқаронинг эса  ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди. Бугунги кунда “Темир дафтар”да қолган 398  оиланинг 543 нафар меҳнатга лаёқатли аъзосиини ишга жойлаштириш устида сектор раҳбарлари  шуғулланишмоқда.

Аёллар дафтарига дастлаб 2 146 нафар аёл киритилганди. Ҳозиргача улардан 70 нафарининг бандлиги таъминланди, 284 нафарига кредит маблағлари ажратилди,  яна 415 нафар аёлга  рўзғор учун зарур                          асбоб-ускуналар тарқатилди, 332 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, 319 нафар аёлга тиббий ёрдам берилди.  Ёшлар дафтарига                                                                                                 киритилганлардан 837 нафарининг бандлиги таъминланди, 102 нафарига кредит маблағлари ажратилди, 342 нафарига деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари берилди.

— Маҳаллалардаги ихтисос­лаштириш ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Туманда 19 та маҳаллада томорқачилик  ва чорвачилик ўсиш нуқталари сифатида танланган.  Жумладан, фуқароларимиз 30 та лимончилик, 150 та паррандачилик, 140 та чорвачилик, 60 та қуёнчилик, 60 та иссиқхона, 80 та боғдорчилик, 17 та узумчилик,  40 та балиқчилик, 15 та асаларичилик йўналишлари бўйича ташкил этилган кичик меҳнат жамоаларида  фаолият кўрсатишаяпти.

Шу билан бирга туманда экотуризм хизматини шакллантириш мақсадида 30 нафар ташаббускор томонидан ишлаб чиқилган қиймати 19,39 миллиард сўм бўлган лойиҳалар ҳисобига 87 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди. Шу кунга қадар 3,7 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 17 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу тариқа маҳаллий шароитдан келиб чиқилган ҳолда жойларда ихтисослаштирув йўналишларига ўтиляпти.

— Туманнинг географик жойлашуви, қулай инфратузилмаси ва ҳудуддаги мавжуд ресурслардан келиб чиққан ҳолда қандай ўзгаришлар қилиниши кутиляпти?

— Туманимиз географик жиҳатдан жуда ўнғай жойлашган.  Унинг кўҳна Самарқанд билан ёнма-ён эканлиги, ҳудудимиздан зар кокилли Зарафшон дарёсининг ўтгани,  темирйўл ва катта автомагстраль автомобиль йўлининг мавжудлиги  қишлоқларимизда инфратузилманинг ривожланишига ёрдам беради.  Бу саноат, қайта ишлаш, қиш­лоқ хўжалиги, хизмат соҳалари, борингки, турмушнинг ҳар жабҳасида ижобий таъсир кўрсатаётганини англаш қи­йин эмас. Шундай қулайликлар бор экан, энди  ҳамма гап улардан самарали фойдаланишда. Бундай имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларида 5 та энг муҳим ўсиш нуқталари (драйверлари) танлаб олинди.

Унга асосан биз аҳолининг истеъмол талабини қондиришга мўлжалланган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган алоҳида кичик саноат зоналари ташкил этдик. Иккита шундай зонада қиймати 73,7 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа жойлаштириладиган бўлди. Қиймати 47,5 миллиард сўмлик 8 та лойиҳа ишга туширилди ва 175 та янги иш ўрни яратилди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилларга полик ишлаб чиқариш, тикувчилик цехи ташкил этиш, ип-калавадан мато ишлаб чиқариш бўйича режалаштирилган лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 120 та ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган. Йил якунига қадар, яна 2 та қиймати 26,3 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади ва 100 та иш ўрни яратилади.

Натижада, 90 миллиард сўмга қўшимча қиймат яратилиб, бюджетга қўшимча 7,2 милиард сўм тушум ундирилади.  Ана шу ҳаракатнинг ўзидан қўшимча 1 миллион доллар ҳажмида  экспорт операцияси бажарилади. Қорамўйин кичик саноат зонасида 2,6 гектар майдонда ташаббускорлар томонидан қиймати 38,1 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилади ва “Назар” МФЙда 5 га майдонда йўлга қўйилган  “Ёшлар” саноат зонаси ёшлар тадбиркорлигига кенг йўл очилади. Бу эса   90 миллиард сўм қўшимча қиймат яратилишига, бюджетга қўшимча 7,2 миллиард сўм тушум туширилишига имкон яратади. Шу йўл билан  85 та янги иш ўринлари яратилади,  экспорт ҳажми  оширилади.

— Қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини юксалтириш, саноатни, транспорт логистикасини  ривожлантириш истиқболлари айни пайтда нималарда кўринади?

— Бу борада қиймати 144,7 миллиард сўмлик 13 та лойиҳа амалга оширилишини айтиш ўринли. Мисол учун, «Самарқанд консерва» МЧЖ томонидан режалаштирилган қиймати 3 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига 30 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланади ва қадоқланади.  Бу лойиҳанинг ишга туширилиши экспорт ҳажмини 7 миллион долларга ошишига хизмат қилади. Қайта ишлаш саноатини ровожлантириш, соҳадаги барча лойиҳаларнинг ишга туширилиши туфайли  миллиардлаб сўмлик  қўшимча қиймат яратилиши, бюджетга қўшимча равишда катта маблағ туширилиши, юзлаб  янги иш ўринлари яратилишига йўл очади, аҳоли жон бошига кўрсатиладиган озиқ-овқат саноатининг, бу борадаги экспорт ҳажмининг оширилишига хизмат қилади. Хизмат кўрсатиш соҳасида туманда экотуризм ва хизмат кўрсатиш ҳамда сервисни ривожлантириш мақсадида, Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида қиймати 41,1 миллиард сўмлик 22 та ва “Зарафшон” дарёси қирғоғи бўйлаб 8 км масофада 15 та аҳоли дам олиш маскани ташкил этилади.

Бунинг натижасида,  1,6 миллиард сўм қўшимча қиймат яратилади ва бюджетга қўшимча 0,2 миллиард сўм тушум бўлади.    80 та янги иш ўринлари яратилади.  Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 2 334  минг сўмга етказилади. Тошкент-Самарқанд М-39 йўл бўйи ҳудудида 17  км масофада 4,6 га майдонда қиймати 45 миллиард сўмлик 23 та замонавий архитектура талабларига мос хизмат кўрсатиш лойиҳалари ташкил этилади.

Масалан,  ташаббускор Амир Асроров томонидан қиймати 3,3 миллиард сўмлик замонавий савдо мажмуаси ташкил этилади. «Азия Фруитс» МЧЖ томонидан эса қиймати 2,5 миллиард сўмлик хизмат шохобчалари барпо этилади.

2020 йилда саноатни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 74,2 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 127 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, «TURBO HYIGIENIС» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан амалга оширилган “Болалар тагликлари ва нам салфеткалар ишлаб чиқариш” лойиҳасини, “Жомбой оил” МЧЖ томонидан амалга оширилган “Ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш” лойиҳасини бунга мисол қилиб келтириш мумкун. 2021 йилда эса умумий қиймати 271 миллиард сўмлик 10 та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 590 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. «BRADJUS» МЧЖ томонидан олға сурилаётган  “Тез тайёрланувчи лағмон маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси, «Жомбой Голден Фрутс» МЧЖ томонидан амалга ошириладиган “Ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси, «Шелф восток» МЧЖ томонидан йўлга қўйиладиган “Ёқилғи қуйиш шохобчалари учун компрессорлар, аккумлятор блоклари, тақсимлаш колонкалари ишлаб чиқариш” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Деҳқонобод” МФЙда 2021-2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган  «Uzagrologistics centers» МЧЖ томонидан умумий қиймати 53,3 миллион АҚШ доллари бўлган Франциянинг “Rungis Semmaris” компанияси иштирокида Агрологистика маркази ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ва лойиҳанинг  ишга туширилиши натижасида 300 та янги иш ўринлари яратилади.

— “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бажарилаётган ишлар аҳолига қулайлик яратиш билан бир қаторда  қишлоқлар архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларни ободонлаштиришга ҳам хизмат қиляпти…

— Туманимизда иккита маҳаллада ушбу дастур асосида иш олиб борилмоқда. Уларда “Темир дафтар”га 63 та оила, “Аёллар дафтари”га 60 нафар аёл ва “Ёшлар дафтари”га 89 нафар ёшлар  киритилган. Бундан ташқари, ҳудудларни баҳолаш натижаларига кўра, туман бўйича шароити  бошқа жойларга нисбатан мураккаброқ бўлган 5 та маҳалла аниқланган. Туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг доимий даромад манбаларини яратиш, қишлоқлар (маҳаллалар)нинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича бажариладиган ишлар кўламини белгилаб олганмиз. Бу ишларнинг асосини ички йўлларни ва ичимлик суви таъми­нотини яхшилаш ташкил этади. Бу йил 31 та қишлоқ ва маҳаллада жами 37,1 км. йўллар таъмирланади. Жумладан, 5 км. йўлда асфальтбетон ва 14 км. тупроқ йўлда шағал ётқизилади. Натижада, тумандаги 16,4 фоиз ички йўлларнинг аҳволи яхшиланади.

Ичимлик суви таъминотини ва оқова сув тармоқларини яхшилаш  мақсадида 5,6 миллиард сўм маблағ сарфланади. 3 та қишлоқ ва маҳаллада жами 21 км. тармоқ ҳамда 2 та иншоот қурилиб, реконструкция қилинади. Натижада, 3 627 нафар аҳолининг  ичимлик суви таъми­ноти яхшиланади.

Ирригация тизимини ривожлантириш, электр ва газ  таъминоти, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш  борасида ҳам бир қатор ишлар режалаштирилган. Жумладан, 51,4 км. электр тармоқлари тортилади ва алмаштирилади, 16 та трансформатор ўрнатилади, 1 020 та таянч ускуналари ҳолати яхшиланади. Натижада, 33 та қишлоқ ва маҳалла аҳолисига электр энергияси барқарор етказиб берилади.

3,2 км. газ тармоқлари ҳамда 4 та газ тақсимлаш пункти таъмир­ланади, аҳолига 1138 та газ балони етказиб берилади. Натижада, 15 та қишлоқ ва маҳаллада аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи қондирилади.

Алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш  учун  400 миллион сўм маблағ сарфланади. 1 та базавий станция қурилади ва таъмирланади. Бир қишлоқ ва маҳалла аҳолиси сифатли алоқа ва интернет хизматларидан баҳраманд бўлади.

— Жомбой тумани таълим соҳасида ҳам илдамлар сафида бўлган. Бугунги кунда ҳам бу ҳақда яхши фикрлар бор…

— Мактабларимизда 32 минг 349 нафар ўқувчи таҳсил олади.  Ўтган йилда 2373 нафар битирувчиларимизнинг 237 нафари ёки 10 фоизи  олий таълим юртларига ўқишга киришди. Аммо буни юқори кўрсаткич деб бўлмайди. Демак, соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Аммо кўзланган мақсадларга қисқа муддатда ёки осон эришиб бўлмайди.  Биз эса Самарқанд Давлат университети билан ҳамкорликни кучайтириш ҳаракатидамиз. Бундан ташқари барча мактабларимизни секторлар кесимида тўлиқ қамраб олиш ва мактаб жамоаси билан дўстона алоқа ўрнатиб, улардаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишга киришганмиз.  Бунинг учун бюджетимизнинг ошириб бажарилган қисми ва саховатли тадбиркор ҳомийларимизнинг маблағларидан бу йўлда самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўқувчиларимизни   қизиққан ва танлаган соҳалари бўйича касбларга қизиқтириб бориш, уларнинг  тумандаги мавжуд ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа ходимлари билан бевосита ишлаш тизимини йўлга қўймоқчимиз. Яна бир муҳим масала шундаки, биз мактаб­ларимизга эл ардоғидаги кишилар ҳамда таниқли тадбиркорлар билан ўқувчиларнинг учрашувларини  ташкил этсак, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб олишлари учун яхши мотивация бўлади.

Абдурасул САТТОРОВ

суҳбатлашди.