Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тилимизга эътибор ўнинчи даражада(ми?)

 673 total views,  7 views today

“Тафаккур” журналининг

 “Неча йиллардан буён ОАВнинг «…шояд ўзбек тили юксак қадр топса, мунтазам алифбомизга эга бўлсак, имлода якдиликка эришсак», деган орзулари қайси касб эгаси бўлишига қарамай, миллат ва жамият келажагига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни қалам тутишга ундайди.”

2018 йил 1 сонидан.

Бугунги кунда тан оламизми, йўқми, тилимизнинг аҳволи ташвишланарли даражада. Аммо умидимиз сўнгани йўқ. Тилнинг тозалиги, бойлиги ва софлиги унинг яшовчанлигини таъминлайдиган восита бўлиб қолмай, миллатнинг ўзлигини ҳам кафолатлайдиган омил ҳам ҳисобланади. Бу масалада гап кетганда соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқишимиз табиий. Шуни инобатга олиб, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг қарашлари билан ўртоқлашдик.

— Устоз, бир неча бор ижтимоий тармоқларда чиқишларингиз, она тилимиз ҳақида куйиб-пишиб гапирганларингизни қайта-қайта томоша қиламиз. Хўш, ушбу омилни ҳуқуқан ҳимоя қиладиган мезон, яъни “Давлат тили ҳақида”ги Қонун бугун қай аҳволда? Тилнинг софлигини сақлашга хизмат қила оляптими?

— Аввало, айтишим керак ушбу масаладаги суҳбатлар, бу савол юракни ўртайди. Қонунимиз жуда абгор ҳолатда. Қонун дегани аслида кимгадир ниманидир тушунтириб ўтирмайдиган, илтимос қилмайдиган ҳуқуқли ҳужжатдир. Бинобарин, унинг ҳар битта моддасида бажармаса бўлмайдиган амаллар ёзилиши керак. Апрель ойида “Миллий тикланиш” партияси қонунга бир янгилик киритишни, яъни давлат идораларига ҳар қандай мурожаат давлат тилида бўлишини қонунга киритишни кўтариб чиққан эди. Аммо йиғилишда қатнашган 123 нафар депутатнинг 65 таси қарши овоз берди ва қўшимчасига “Давлат идораларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш мумкин”, деган моддани илгари сурди. Бунинг нимаси қонун? Қонун бу — давлат тилининг имтиёзга эгалигини кўрсатиши керак. Японияга бориб, ўзбекча мурожаат қилишим аҳмоқлик-ку. Бизда давлат идорасида ўтирган амалдор япон келса, японча, тожик келса, тожикча гапириши керак деганими, шунда?

Шунингдек, қонуннинг бажарилмаётганига, аввало, бир нечта сабаблар бор. Мисол учун, қонунимиз етарли даражада пухта ишланмаган. Қонунда тавсиявийликдан кўра, мажбурият устувор бўлиши керак эмасми? Бизникида эса бунинг акси, мажбурийлик кўзда тутилмаган ҳам. “Оҳорли” қилиб айтадиган бўлсак, “Давлат ва жамиятда бировнинг мулкини ўғирласа ҳам бўлади, ўғирламаса ҳам бўлади ёки бирон бир ишни бажарса ҳам бўлади, бажармаса ҳам” қабилида. Қонун, биринчи навбатда, мажбурият юклаши керак. Ижро механизми ҳам жуда суст ишлайди. Худди қонун ўзбек тилининг иккинчи даражали тил бўлишига кўниккан муаллифлар томонидан тайёрлангандек. Юридик жиҳатдан давлат тили дея қайд этиш билан иш битмаслиги ҳеч биримизга сир эмас-ку, ахир.

Яна бир кўнгилни хира қиладигани, чет тилларини ўрганиш ва ислоҳ қилиш биринчи даражага кўтарилиб, давлат тили эса иккиламчи бўлиб қоляпти. Бу эса одамлар онгида “Яхши яшаш учун чет тилини билиш керак экан”, деган хулосани шакллантирмоқда.  Гастрабайтерлик кайфияти ҳам шу орқали пайдо бўлди. Гўё, тирикчилик қилиш учун рус тилини билиш керакдай. Тил ўрганишни, ўргатишни, ислоҳ қилишни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасман. Аммо бу ўзбек тилини обрўсизлантиришга йўл очиб бермаслиги керак.

Яна қонунга қайтсам, шу ўринда бир савол туғилади: “Нима қилмоқ керак?” Аввало, қонуннинг бажарилишини таъмин­лашимиз керак. Яъни Олий Мажлис ялпи мажлисларининг кун тартибига қўйилиб, махсус расмий ҳужжат қабул қилиш керак. Қонуннинг қуйидан то энг юқоригача бўлган барча идораларда сўзсиз бажарилиши белгилаб қўйилиши, қонунни бажармаган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан кўрилиши мумкин бўлган ҳуқуқий, маъмурий жазо чоралари аниқ кўрсатилиши ва жавобгар шахслар сифатида туман ҳамда шаҳар раҳбарлари белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

— Унгача шундай яшайверамизми?

— Жамият фаоллашиб, ҳар қандай иқтисодий муаммоларнинг замирида маънавият, миллий ғурур туришини ўйлаб, тушиниб етгунимизча шундай яшашга маҳкуммиз. Чунки кўп­лар ўз назарида аввал қоринни тўйдириб, кейин сиёсат билан шуғулланишга, аввал қоринни тўйдириб, кейин маъна­вият билан шуғулланиш керак дейишади. Йўқ, одамзоднинг аввал боши, кейин қўли, кейин оёғи яралмайди. Аллоҳим одамнинг керакли жойларини бирдан яратади. Қаранг, табиат шундай кўрсатиб қўйибдики, керакли нарсанинг ҳаммасини бирданига қилиш керак. Маънавиятга, маданиятга ва ҳуқуқнинг тўғри бўлишини йўлга қўймас эканмиз, ривожланиш ортга кетаверади. Социализм вақтида “устурма” ва “базис”, деган тушунчалар бўлар эди. “Базис” бирламчи, “устурма” иккиламчи дегани. Ҳозир устурма базисдан юқори туришини бизнинг мисолимизда кўриш мумкин. Яна бир нарсани унутмаслигимиз керакки, ўзининг тилига эга бўлган одам ўз тафаккури ва руҳига эга бўлади. Нимага биз ризқимизни узоқдан излай бошладик? Сабаби, биз тил орқали сингадиган руҳимиз, маънавиятимиз ва тафаккуримиздан узоқлашдик. Ризқини атрофдан териб келадиган халқ эмасдик. Балки, биз бошқаларга ризқ берардик. Бундан 30-40 йил олдин ўзига тўқ хонадонларда Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатлардан келган хизматкорлар бўлар эди. Бугун эса кўпчилик аҳолимиз гастрабайтерга айланди, қолди. Бунинг ҳам асл моҳияти ўзлигимиз ва миллий ғурурга бориб тақалади.

— Тил фақат алоқа воситаси эмас. Балки руҳониятни ҳам шакллантирувчи куч эканини биламиз. Боғча ва мактабларда юқорида таъкидлаганингиздек чет тилларини ўргатиш биринчи даражага кўтарилиши болаларни бошқа руҳ, бошқа ғурур билан тарбиялаб қўймаяптими?

— Ҳамма гап мана шундада. Баъзилар болаларнинг тили ўзбекча чиққани ҳақида ўйламаяпти ҳам. Кейин бу болалар мактабга чиққач, тушунчаларнинг моҳиятини эмас, балки инглизча ёки русча сўзларнинг маъносинигина тушунишга ҳаракат қилади. Ҳа, болаларимиз орасида зеҳнли, кўзида учқун ёниб турадиганлари ҳам бор. Аммо бир-иккита зўр болани деб бутун миллатни “қурбон” қилишга ҳаққимиз йўқ. Биз рус тили ва инглиз тилини она тилимиздан устун қўяверсак, “Эссиз, дунё тили бўлиб бораётган инглиз ёки рус бўлиб туғилмаган эканман-да. Шунча ҳаракат қилиб ўрганмасдим. Тилимиз ҳам миллатимиз ҳам иккинчи ёки ўнинчи даражали экан-да”, деган ўй шаклланади. Бундай ёшларда эса ватанпарварлик, миллат туйғуси бўлмайди. Миллатни севмагандан кейин, ватан дегани бир ҳовуч тупроқ бўлиб қолади. Россияга борса ҳам ўша тупроқ бор. Ўз юртини севмай, соғинмай яшайверади. Соғинадиганлари эса қулайлик, машҳурлик бўлади. Буларни ҳам бошқа давлатдан топяптими, демак, унда заррача миллий туйғу бўлмайди. Тил “Қаерга боряпсиз?”, “Нима қиляпсиз?” дегандек фақат алоқа восита эмас. Тил юракни, маънавиятни, руҳни шакллантирадиган муҳим воситадир. Биз мана шуни ҳисобга олмаяпмиз. Ўзга тилларга бирламчи ўринни бераверсак, ғуруримизни йўқотамиз. Қош кўзимиз қоп-қора бўлгани ва ўзбекман деб қийқирган ҳолда ўзбеклигимизни йўқотиб бораверамиз. Бу кетишда бир авлоддан кейин ўзбекман деб қийқирмай ва Навоийдан фахрланмай қўяди. Ҳамма Шекспир билан Толстойга қараб кетаётган бўлади. Улар гарчи Навоийга қарши бўлмаса ҳам. Бу шунчаки ёзиб қўядиган нарса эмас, балки ҳаёт ва мамот масаласи ҳамдир.

— Янги алифбога ўтиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан бирмунча вақт ўтиб, айримлар “кирилл ёзувига қайтсак, бўлмайдими? Шунда қулайликка эришган бўлардик”, дея очиқ гапира бошлади. Нима деб ўйлайсиз, бу лотин алифбосининг ўзбек тилига мос келмаганиданми?

— Айрим одамларнинг лотин ёзуви ўзбек тилига мос эмас, бундан кўра кирилл ёзуви тилимиз табиатига мос деган фикрларига қўшилиб бўлмайди. Янги имло тилимиз қоидаларига мос келмаса, мослаштирайлик. Дунёдаги бирорта ҳам ёзув бирон-бир тилнинг табиатига тўлиқ мос келмайди. Яна бир мулоҳаза, алифбо осмондан тушган илоҳий ҳодиса эмас, балки инсон тафаккури маҳсулидир. Шу жиҳатдан келиб чиқиш мумкинки, ҳеч бир алифбо мукаммал бўлмайди. Ўзи нимага кириллдан лотинга ўтганмиз, деган савол туғилиши табиий. Кириллдан лотинга ўтишдан асосий мақсад туркий халқларни бирлаштириш, уларни таржимонсиз тушунадиган этнос сифатида уюштиришдир. Ҳозирги ҳолатда эса алифбо ўзбекларни бошқалардан узоқлаштиришгагина хизмат қилмоқда. Яна таъкидлайман, янги ўзбек ёзуви қандайдир техник қулайликларга эришишгина эмас, турк дунёси бирлигига эришишдек орзу сабаб пайдо бўлган. Негаки, глобаллашув жараёнида ўзлигимизни бир ёзув ва бир тилли туркий халқлар сифатидагина сақлаб қолишимиз  мумкин.

— “Тафаккур” журналидаги мақолангизда “Имло ва адабий тил меъёрларини бир қадар эркинлаштириш, миллий тилни қолипга солиш эмас, уни табиий ривожлантириш йўлини излаши керак. Шунда адабий тилимиз сунъийликдан кутилади ва сўзлашув тилига яқинлашади”, дегансиз. Чиндан ҳам ўзбек сўзлашув тили ғоят дағаллашиб бораётир. Тилимизни сўзлашув тилига яқинлаштирсак, муддаомизга эриша оламизми?

— Имломизда нуқсонлар кўп. Шу сабаб миллат аҳли орасида сўзни танламай ишлатиш одатий ҳолга айланади. Чунки жамиятнинг интеллектуал-эстетик савияси пасайди. Кўпчилик ўзбек сўзлари қолиб, ёт сўзларни пала-партиш қўллаш касалига чалинган. “Кўприк” ўрнидан “мост”, “чиқит”ни “мусор” ва ҳоказо… шундай “бузуқи” сўзларни жуда кўп ишлатамиз. Бунинг ҳам объектив сабаблари бор. Жумладан, имло қоидаларини тубдан ислоҳ қилиш ва сўзлашув услубига яқинлаштириш керак. Шундагина одамлар грамматик қоидаларни ўрганмай туриб ҳам хатосиз ёза олади. Яна бир гап, тилимизнинг ҳозирги қоидалари бузмасликнинг иложи бўлмаган қонунларга ўхшайди. Чунки улар ўзбек тилининг табиатига эмас, балки шу қоидаларни яратган олимларнинг истагига мослаштирилган. Одатда, тилнинг имло қоидаларини муқим қилишда кўпроқ фонетик тамойилларга амал қилинади. Тилнинг стихияси эса нутқда намоён бўлади. Агар сўзларнинг айтилиши ва ёзилишидаги айричалик энг оз даражага келтирилса, миллатнинг саводхонлиги тез юксалади. Биздаги меъёрий талаблар нутққа хос белгиларни эмас қоида муаллифларининг истакларини акс эттиргани учун ўзбек тили табиатига ётдир.  Тилимиз шу вақтгача ўзбекнинг ўзлиги ва қиёфасини  сақлаб келди. Бугунги глобаллашув жараёнида ҳам ўзлигимиз ва миллий ғуруримизни сақламоқчи бўлсак, аввало, тилимизнинг софлигини сақлаб, доимо бирламчи даражага кўтаришимиз керак.

Муроджон РАҲМАТОВ суҳбатлашди.