Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Мустаҳкам маънавий тизим

 839 total views,  4 views today

Бугун халқаро муносабатлар глобаллашув жараёнларининг ниҳоятда чуқурлашиб кетаётгани билан характерланмоқда. Маданий интеграцион жараёнлар шиддатига бир томондан ривожланиш омили сифатида қаралса, иккинчи тарафдан “оммавий маданият” унсурлари билан зиддиятли тўқнашлар ташвишли ва таҳдидли ҳолатдир. Инчинун, жаҳоннинг айрим давлатлари ва минтақаларида содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг кескинлашуви, турли ижтимоий инқирозларнинг вужудга келиши халқларнинг маънавий қадриятларини турли таҳдидлардан сақлашга доир ёндашувларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Бинобарин, жамиятда маъна­вий хавфсизликни таъминлаш борасидаги дунё тажрибаси давлат ва жамият бошқарув тизимида миллий қадриятларга маърифий куч сифатида қараш ва уларнинг таъсирчан технологияларини яратишга қаратилган илмий тадқиқотларни мунтазам татбиқ этиб боришни талаб қилади. Президентимиз мазкур муаммоларга баҳо берар экан: “ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда. Мана шундай таҳдид­лар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат”, дея таъкидлайди. Демак, маънавий хавфсизликни таъминлашга доир илмий ёндашувларни такомиллаштиришимиз керак.

Президентимизнинг жорий йил 26 март куни эълон қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маънавий­-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-­амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаётгани, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаётгани билан боғлиқ бир қанча камчиликлар таъкидлаб ўтилди. Зеро, жамиятнинг маънавий хавфсизлик тизими ёшлар руҳияти, салоҳияти ва иродасини ифода қилиб, миллий маданият, тарих, ўзбек давлатчилиги асослари, қадриятлар тўғрисидаги тасаввурни бойитиш баробарида унинг амалий ифодаси намоён бўлиши билан белгиланади.

Ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишини кенгайтириш, ташаб­бусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш белгиланган марраларни кафолатлашга қаратилганлиги билан яхлит тизим фаолиятини тақозо қилади. Бинобарин, ёшлар табиатан интилувчи, бунёд этувчи, турғунликка муросасиз фазилат сифатларига эга шахслар. Айнан ана шундай маънавий куч жамиятни ривож­лантиришга қодир.

Шу пайтгача жамият хавфсизлиги дейилганда, ташқи ҳарбий таҳдид ёки жамият ҳаётини издан чиқариши мумкин бўлган табиий офатлар тушунилган. Бугунги кунда хавфсизлик иқтисодий, ижтимоий, экологик, ҳарбий, сиёсий, информацион, гуманитар соҳаларга бўлинган. Шу жиҳатдан қараганда, айни пайтда гуманитар хавфсизликнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Бу хавфсизлик аҳоли саломатлиги, инсон ҳаёти муҳофазаси, демог­рафик, этник, диний, конфессионал, миллатнинг маънавий салоҳияти, айниқса, ёшлар тарбиясини қамраб олади.

Замонавий жамият хавфсизлигини таъминлашда умумжаҳон ривожланиш тенденцияларининг асосий ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Бу тенденциялар, аввало, ёшларнинг ўсиб бораётган фаол позицияси – инсон омили билан боғлиқ. Ёшлар ўз туйғуларини рўёбга чиқариш баробарида, яратувчанлик ва бунёдкорликка ошиқади. Ўзлигини англаган ўсмирда ор-номус, виждон, бурч, қадр-қиммат каби қадрия­тлар устуворлик касб этади.

Сўнгги йилларда миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил маънавий тизимга айланаётганини таъкидлаш лозим. Мазкур тадбирлар барқарор ижтимоий муносабатлар ривожини таъминловчи барометр сифатида ёшлар фаолиятини янада жонлантириш вазифаларини ўз ичига қамраб олгани билан самарали натижаларни бермоқда. Аҳамиятлиси шундаки, жамиятнинг аксарият қисмини ташкил этувчи ушбу қатламнинг ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатларига жалб этилиши, ҳаётда ўз ўрни ва мавқеларини топа олишлари ривожланиш имкониятларимизни жадаллаштиришга хизмат қилади. Зотан, давлатнинг мавжуд интеллектуал ресурсларидан оқилона фойдаланиши, уни рағбатлантирувчи мотивларини ташкил этиши ва ислоҳотлар самарадорлиги шу кучга суяниши жамиятда рози-ризолик кайфиятининг мустаҳкамланишига олиб келувчи муҳим омиллар қаторига киради. Бинобарин, бу борада, амалдаги маънавий тизимнинг замонавий эҳтиёжларини ифода этувчи “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” “Ёшлар кичик саноат зоналари”, “Лойиҳалар фабрикаси”, “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастури, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, “Беш ташаббус”, “Ёшлар келажаги” жамғармаси, “1+1” “Ёшлар дафтари” каби рағбатлантирувчи технологик дастурлар амалда самарали натижаларини бераётганига гувоҳ бўляпмиз.

Давлатимиз раҳбари раис­лигида жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида ўтказган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ўзига хос янги тизимнинг вужудга келишига замин яратмоқда. Жумладан, корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилиши корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилишини, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилишини, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилишини, ходимлари сонининг камида 70 фоизи “Ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилиши ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмаслиги каби қатор имтиёзлар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни ижтимоийлашувига шубҳасиз кенг йўлларни очиб беради.

Тарбия ва тарбияланувчилар ўртасидаги маънавий услублар методологиясини белгилаб олиш ниҳоятда муҳим масала. Аслида, методология белгиланаётган мақсадларга қараб шакллантирилади. Субъект ва объект ўртасида қандай мажбурият ва ваколатлар мавжуд? Биз истаётган қадриятлар пировард натижалари қандай мақсадларга қаратилган? Ҳар бир жамоада маърифатга интилиш, меҳнат қадри, салоҳият эътирофи, ватанпарварлик, садоқат, ҳалоллик, адолат ва жасорат туйғуларини рағбатлантирувчи омиллар яратилганми? Бу масалалар таълимнинг тарбия билан уйғунлигида ўз ифодасини топади.

Маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал қилишнинг ечимларидан бири бу — баркамол шахсни вояга етказишга қаратилган ташкилий ва бошқарув вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалардир. Белгиланган тадбирлар, аввало, инсон ўз фаолияти ва қарорига масъул, эркин, ташаббус­кор етакчи, ишлаб чиқарувчи субъект сифатидаги ролини оширишга хизмат қилади. Бу инсоннинг ҳис-туйғулари, манфаатлари, эҳтиёжлари, билимлари, эътиқоди, фаолият мотивлари, интилишлари, ахлоқий тарбияси, характерини шакллантириш орқали маънавий жасоратга йўл очади.

Бу борада таълим-тарбия тизими самарадорлигини ошириш, унинг узвий уйғунлигини таъминлаш, ноанъанавий тажрибаларни жорий этиш кун тартибида турибди. Қарорда белгиланган вазифалар қаторида мазкур йўналишдаги ишлар кўламини оила, маҳалла, ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамкорлигини кенгайтириш, айни пайтда, лаёқатли мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бундай вазифа таълим тизимида нафақат ғоявий ва молиявий, балки, замонавий ташкилий-структуравий тузилмаларни ўзгартиришни талаб этади.

Замонавий геосиёсий шароитларда Ўзбекистон жамиятининг маънавий салоҳиятини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги ва дин эркинлигига бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий шароитларни яратиш борасида сўнгги йилларда муболағасиз улкан ишлар амалга оширилди. Халқимизнинг тарихий меросини, миллий мада­ният ёдгорликларини муҳофаза қилишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланмоқда. Ислоҳотларнинг амалий натижалари сифатида айтиш лозимки, аксарият ёшларимиз кечаги кунга нисбатан бугун анча фаол, мустақил фикрлашга, масъулият мажбуриятларини ўз зиммасига олишдан чўчимайдиган, илмий ва амалий таклифлари билан жамият ҳаётига иштирок этишга ташна, баъзида қизиққон, шартта бетга айтиб қўядиган феъли билан шижоатини намоён қилади.

Улар жаҳонда мавжуд бўлган деярли барча техника, технология ва фан сирларини эгаллаб келмоқда. Компьютер ва бошқа техника дастгоҳлар улар учун кундалик эҳтиёжга айланган. Кеча коллежни тамомлаган ёшлар замонавий ишлаб чиқариш технология ва ускуналарида машиналар ҳамда турли-туман маиший анжомлар ишлаб чиқаришмоқда. Очиғини айтсам, улардан орқада қолмаслик, замон талабларига мос қадам ташлаш учун яқинроқ бўлишга интиламан. Уларнинг дунёқараши замон ва макон билан ҳамнафас. Бизларга ўхшаб вақтларини тавозе қилишга, хушомад сўзларни термалашга, яна кимларнингдир қавоғига қараб, илтифот кўрсатишларини кутишга тоқатлари йўқ. Ортиқча танбеҳлар улар учун дастак билан тенг, дарров жавобини қайтаради.

Ёшларнинг вақти тиғиз. Эрталаб ўқиш, тушда машғулот, туш ўртасида тилга боради, кечқурун чизма, ўн иккидан кейин ёзма, тонг азонда ишлайди ва яна ўқиш. Муҳаббат, ишқ масалалари махсус кун тартибига киритилмаган, улар меҳнат жараёнлари билан уйғунлашиб кетган. Аслида, ёшларнинг шундай шижоатга тўлаётган иштиёқи юксалаётган миллатнинг ривожидан далолат.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсий фанлар доктори,

профессор