Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Йўқдан йўндириш” технологияси

 699 total views,  3 views today

Баъзи бир туппа-тузук одамлар, қўлидаги нақд нарсалардан ҳам фойдалана олмаётган бир шароитда Андижон шаҳрида туғилган, ҳали қирққа ҳам бормаган Нодирбек Файзуллаев йўқдан бор қилиш бобида устаси фаранглигини амалда кўрсатди ва ҳаш-паш дегунча, масъулияти чекланган жамият ташкил қилишга эришди.

У бир неча йиллар давомида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариб, бозорни обод қиларди. Қандини урсин, бир йигитга битта нима, қирқ ҳунар оз, дейдилар. Шунга амал қилган Нодирбек одамларни ишончига кириш “ҳунар”ини ҳам ўрганиб қўйган эканки, анча-мунча асқотиб қолди. Бироқ у барибир қоқилди: бир йилнинг ўзида унга икки жиноят суди ҳукм ўқиди. У эса билганидан қолмай, бораверди. Кунларнинг бирида асли жалақудуқлик, электр тармоқлари корхонаси ишчиси бўлган Асрор Муллабоев яқинда узатилажак қизи учун мебель олиш ниятида бозорга бордию Нодирнинг тузоғига илинди. – Мебелчи харидорнинг у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб, ахийри ишончига кирди ва Асрор унга кредит олишга кўмаклашадиган бўлди. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат, жайдари тилда айтсак, паспортини қўшқўллаб тутқазди. Нодир ҳам шуни кутиб тургандек, “Ака, сизга бир тийин ҳам зиён келтирмайман, фақат, менинг номимда кредит кўпроқ”, деб алдаб, унинг номидан иш юрита бошлади.

Қарабсизки, емаган сомсага пул тўлаб, Асрор ҳам Нодирбекнинг жиноятига шерик бўлди-қолди. Нодирбек эса бу маҳалда отни қамчилаб, Бухородаги аллақайси ташкилотдан катта юклагич-грейдер сотиб олгани, музокаралар самара бергани борасида бир қанча сохта савдо баённомаларию олди-сотди шартномаларини ясаб ташлади. Имзо керак ўринларига Асрор ўйламай-нетмай, панжарагулчин қўл қўяверди, шоядки, у менга ҳам олинажак пулдан бўнак берар, деб тахминлаган чиқар. Аммо Нодирбек йиллар давомида “тажриба” тўплаб, туя ютса, думи тугул, бир тукини ҳам кўрсатмайдиган даражага келганди.

Топшириш-қабул қилиш далолатномаларини тузиб олгач, у ушбу ҳужжатларни кўтариб, Булоқбошига борди. Бир гуруҳ мансабдорлар ишончига кириб, ўтган йил 20 июлида, гўёки, Асрорга тегишли LW 500 FН маркали юклагичга давлат рақами ва техник паспорт олишга муваффақ бўлди. Кўзинг қани деса, қулоғини кўрсатган тақдирда ҳам одамлар ишончига кира оладиган Нодирбекнинг иши ҳар ерда – нотариал идорада ҳам, бошқа ерда ҳам бароридан келаверадиган бўлди. Юклагич инспекция текширувидан ўтиб, “техник жиҳатдан соз ҳолда” экани, эътироф этилди. Шундан сўнг Нодирбек ва Асрор иккиси ўз юклагичларини баҳолатишга келишди. Келишувга кўра, баҳоловчи ташкилотга биргалашиб мурожаат қилдилар. Юклагич-грейдер 372 миллион 8 минг сўмга баҳоланди.

— Энди нима қиламиз, сўради Асрор.

— Эндими? Энди, яна олға юришда давом этамиз, ака, — тушунтирган бўлди Нодирбек. Дарҳақиқат, улар иккиси акциядорлик тижорат “Алоқабанк”ка мурожаат қилиб, мебель соҳасини ривожлантириш ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини жонлантириш мақсадида кредит сўрашди. 18 ойга, устамаси билан.

Эртаклардаги ака-ука хазина топиб олганларида қанча севинсалар, Нодирбек ва “акахони” ҳам шунча қувонди. Бўлмасам-чи, улар учун банк кредит ажратишга рози бўлди. Улар тақдим этган сохта ҳужжатлардаги юклагич-грейдер гаров таъминоти сифатида рўйхатга олинди. Банк техникани 225 миллион сўм гаров сифатида қабул қилиши мумкинлиги ҳақида хулосани эшитганларида, иккиси қувониб кетишди. Банкнинг 297-сонли шартномасига асосан, Нодирбекка 180 миллион кредит маблағи ажратилди. Нотариал идора гаров шартнома тузиб берди. Пул ҳам олинди. Шундан кейин, кутилмаганда Нодирбек Асрорни “танимай қолди”! Ўзи катта кредит маблағини тўртта масъулияти чекланган жамият ва хусусий корхонага суриб бериб, улардан мебель хомашёси олган бўлса-да, мебель тайёрламасдан, турли йўллар билан мақсадсиз сарфлаб, ўзига ишонилган маблағнинг маълум қисмини ҳавога совурди.

Чув тушган банк гаров тўла-тўкис қайтарилавермагач, ноилож, судга берди. Суд, ўз навбатида, гаров таъминоти сифатидаги юклагични излай бошлади. Орага Мажбурий ижро бюроси тушгач, маълум бўлдики, аслида ушбу муассаса қидираётган техника ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ экан! Худди мана шу тариқа Нодирбекнинг сири фош бўла бошлади. Қонун нозирлари унинг изидан тушди ва қисқа муддатда ушбу фирибгарлик жинояти иссиқ изида очилди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида бўлиб ўтган мажлисда ушбу масала кўриб чиқилди. Барча сохта ҳужжатлар мана шу тариқа тилга кирди ва ҳақиқатни юзага чиқарди. Натижада, якуний суд хулосасига кўра, Нодирбек 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинадиган бўлди, 6 миллион 690 минг сўм жарима ҳам тўлашига тўғри келди. Ўзига ишонгандек ишониб, чув тушган Асрор эса суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазосига тортилди. Банкка етказилган зарар ҳар икки айбланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланганини эшитган мажлис аҳли юртимизда қонун устуворлиги мустаҳкамлигига иқрор бўлди.

Учинчи маротаба жазога тортилаётган, ўзича йўқни йўндириш технологиясини ихтиро қилган Нодирга ва шеригига ушбу ҳолат етарлича сабоқ бўлишига имонимиз комил.

Ойбек ВАЛИЖОНОВ,

Андижон шаҳар

прокуратурасининг катта терговчиси,

Икромжон МАНСУРОВ,журналист