Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Инновацион ташаббус таълимот калитидир

 196 total views,  2 views today

Инсоният тараққиётида оламшумул туб ўзгариш­ларни вужудга келтирадиган миллионлаб кашфиётлар, мўъжизавий ўзгаришлар (барча соҳаларда) содир бўлганини тарихий манбалар, аниқ-тиниқ, айниқса, илм-фанда янгиликлар кўпайганини яхши биламиз. Буларнинг сон-саноғини билиш учун ўнлаб вагонларга жо бўладиган битиклар ёзиб бериш керак.

Фикри ожизимча, ҳозирги глобал замонда кўплаб йўналиш­ларнинг мажмуи ҳисобланган ўта даҳо шахслар, иқтидорли ва буюк салоҳият соҳиблари хоҳ сиёсий-ҳуқуқий, хоҳ иқтисодий-маънавий, хоҳ илмий-маърифий йўналиш­ларда бўлсин, ҳазрати инсоннинг ТАЪЛИМОТИдан янада равнақ топмоқда.

ТАЪЛИМОТ — бу бироз бўлса-да даҳолик, кашфиётчилик, топқирлик, изланувчан, якуний хулосага келган инсон ақл-заковатининг бир нуқтага жамланган янги новатор билими, замонлар ўтиб, давлат ва жамиятда инқилобий ўзгариш­лар ясайдиган улуғ ва буюк йўналишга айланиши мумкин бўлган таълимотдир.

Таълимот миллийликдан умуммийликни бошлаб берадиган мўъжизавий жараён. Жаҳон тамаддунида жуда кўп­лаб бундай ҳодисалар мўъжизасининг гувоҳи бўлганмиз. Ўзбек феномени (мўъжизаси) ўз тараққиётини бир сония ҳам тўхтатгани йўқ. Унинг асл негизида таълимот — миллий ўзбек мўъжизавий таълимоти ётганини асло унутиб бўлмайди. Мисол тариқасида, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс — Уйғониш даври ўзбек таълимоти билан йўғрилган. IX-XII асрларда ўша Ренессансга тамал тошини улуғ ва буюк алломаларимиз —  Хоразмий, Термизий, Шоший ва бошқа боболаримиз қўйганлигини эътироф этсак, Иккинчи Ренессансга Буюк Темур ва Темурийлар, ҳазрат Алишер Навоий салафлари ўз таълимотлари билан муносиб ҳисса қўшди. Учинчи Ренессанс Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таълимоти асосида ўзининг пойдеворини яратмоқда.

Таълимот — бу жаҳон тамаддунида ўнлаб, юзлаб соҳалар равнақ топишининг қулф-калитини очадиган умумлашмавий илм-фан, таълим-тарбия, сиёсат, халқаро муносабатлар, бир сўз билан айтганда, инсоният аҳлини юксакликка бошловчи жараёнлар мажмуи. Ўзбек таълимотини мукаммал англашимиз учун собиқ Иттифоқ даврига мурожаат қиладиган бўлсак, даҳо сиёсатчи лидерларимизни кўз олдимизга келтирайлик. Кимёгар Обид Содиқов, алкологид кимёси билимдони Собир Юнусов, маданшунос Ҳабиб Абдуллаев, тарихчи-археолог Яҳё Ғуломов, закий файласуф Иброҳим Мўминов, ўзбек алифбоси муаллифи, улуғ педагог Оқилхон Шарофиддиновлар номи, кашфиётлари, таълимоти фақат ичкарида “ёпиқ Иттифоқ”да қолди. Аслида-чи?!

Мустақил давлатимиз ўттиз ёшга тўляпти.  Очиғини айтиш керак, яқин беш йиллик, олтин давр: таълимотлар, мўъжиза, кашфиёт, янгиликларни барча соҳада жорий қилиш даври бўлди ва изчил давом этмоқда. Иқтидорли, салоҳиятли, изланувчи юртдошларимиз учун толе мададкор, уларнинг бошида миллий таълимотимиз асосчиси Президентимиз турибди…

БМТ таълимотига айланган ташаббус

Ўтган ҳафта мамлакатимиз, умуман, минтақамиз ҳаёти учун муҳим бўлган воқеалик юз берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция бир овоздан маъқулланган эди. Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилгани барчангизга маълум.

— Эътиборингизни бош­қа бир жиҳатга қаратмоқчиман, — деди Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов. — Ушбу резолюция жуда қисқа муддатда — салкам 8 ойда ишлаб чиқилиб, БМТга аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланди. Бу Президенти­миз ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қанчалик кенг қўллаб-қувватланаётганининг яна бир далилидир. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу, охирги тўрт йилда Ўзбекистон Президенти ташуббуси билан БМТ томонидан қабул қилинган тўртинчи резолюция бўлди.

Қайд қилиш лозим, Президент

Шавкат Мирзиёев­нинг БМТдаги фаол саъй-ҳаракати туфайли 20 дан ортиқ халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан тенгсиз ташаб­бусларида илгари сурилган ғояларига кўра, қабул қилинган қарорлар унинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори айни пайтда юксак қадрланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги чиқиши, юксак минбардан туриб она тилимизда нутқ сўзлаши барчамизнинг қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Ватанимиз тарихида бундай юксак минбарда ўзбек тили — Навоий тили ҳеч қачон янграмаган!

“Юртбошимиз ўз нутқида бутун дунёга хавф солаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш йўлида Ўзбекис­тонда олиб борилаётган саъй­-ҳаракатлар мавзусидан ташқари, Янги Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, мажбурий ҳамда болалар меҳнатини тугатиш, камбағалликка қарши курашиш каби йўналишларда эришилаётган катта натижалардан дунё жамоатчилигини хабардор этди”,  дейди шарҳловчи Абдували Сойибназаров. Шу боис ҳам юбилей сессиясида Президент қуйидагича таъкидлади: “Сўзимнинг якунида яна бир фикрни таъкидлашни истардим. Жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтирмоқда. Бу муаммолар, айниқса, пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур. Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси нав­батдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз”.

Истиқболли келажак сари

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Бош котиби, Владимир Норов таъкидлади: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Турли мамлакатлар, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги экспертлар уларнинг долзарбиги, бугунги кун талабига мослиги, мамлакатларимиз дуч келаётган минтақавий ҳамда глобал муаммоларни ҳал қилишдаги амалий аҳамиятини таъкидлашмоқда. Шуни қайд этмоқчиманки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташуббуслари амалий, долзарб ҳамда замонавий характерга эга бўлиб, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларида белгиланган, минтақада барқарор тараққиёт, тинчлик ҳамда хотиржамликни таъминлаш, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган мақсад ҳамда вазифаларини тўлиқ акс эттиради, уларга ҳар томонлама мос келади.

БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш Бош Ассамблея 75-сессияси доирасида бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг учрашувида айтиб ўтганидек, “Пандемия жаҳон ҳамжамияти кўтара олмаган оғир синов бўлди. Дунё ҳамкорлик ва бирдамликни намоён этишга тайёр эмаслигини кўрсатди”. Шундай шароитда ШҲТ аъзолари давлатлари ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳамда бир-бирига ёрдам беришни намоён этди. Айтиш жоизки, Президентимизнинг ҳар бир ғоявий-мафкуравий ташаббуслари, айни пайтда унинг илмий-назарий асосланган ва амалий тадбиқ этиладиган таълимотга айланмоқла. Яқинда ҳозирги тараққиётга мос ва талаб тартиботдан келиб чиққан ҳолда мамлакатда Карантин агентлиги тузилди. Бу тузилма ўнга яқин йўналишлар фаолияти бириктирилиб, яхлит ва бугунги заруратдан келиб чиққан таълимот ҳам пайдо бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий нутқи нафақат юртдошларимиз, балки жаҳоннинг таниқли давлат арбоблари, сиёсатчилар, машҳур олимлар, халқаро экспертлар диққат марказида бўлди. Шу боис ҳам “Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини ўқиб, таҳлил этиш жараёнида унда кўтарилган ҳар бир масала ниҳоятда долзарб ва муҳимлигини чуқур англадим. Шу боис ҳам ушбу тарихий нутқда келтирилган муаммоларни, билдирилган таклифларни, илгари сурилган ғояларни алоҳида-алоҳида тадқиқ этиш мақсадида жамоамизнинг профессор-ўқитувчилари билан фикрлашиб олдик”, — дея қайд қилди Сенат аъзоси, СамДУ ректори Рус­там Холмуродов, Самарқанд давлат университетида сўнгги йилларда дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг СамДУга ташрифлари даражасида муносабатлар йўлга қўйилди. Европа ҳамда Америкадаги қадимий олий таълим даргоҳлари, Россия ва Хитой, Исроил, Ҳиндистон, Туркиядаги қардошлар билан боғланган дўстлик ришталари бугун ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади” .

Юртбошимиз Марказий Осиё келажаги ҳамда бугуни учун ўта муҳим бўлган ташаббусни  илгари сурганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Бу Ўзбекистон раҳбарига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг янада ошишига сабаб бўлди. Ислоҳотчи  ҳамда ташаббускор Шавкат Мирзиёев таълимоти нафақат Марказий Осиё бирдамлиги йўлида, балки бутун Турк дунёсининг бирлашиши орзусида яшашига туртки берди.

Замонавий таҳдидларга қарши таклифлар

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ҳамда касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига урғу берди.

Ўзбекистон раҳбари минтақада ва глобал миқёсда тинч­лик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатару таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббус­ларни илгари сурди. Улар ўз навбатида, албатта, таълимот мақомини олди.

Карим НОРМАТОВ,

ЎзР ИИВ академияси

профессори,

тарих фанлари доктори